ЖҲҚ: Асқаров иши қайта кўрилсин

Бош қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси 2010 йил июн ойида Жалолобод вилоятининг Бозорқўрғон туманида тартибсизликларни уюштирганликда ва милиция ходимини ўлдирганликда айбланиб, бир умрга қамалган ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров ишини қайта кўриб чиқиш илтимоси билан 27  феврал куни Қирғизистон Бош прокуратурасига мурожаат жўнатди.

Мурожаат матнининг нусхалари Қирғизистон президенти, Қирғизистоннинг АҚШдаги ва АҚШнинг Қирғизистондаги элчиларига, АҚШ Давлат департаменти ва ЕХҲТга жўнатилган.

Мурожаатда айтилишича, этник ўзбек бўлган Азимжон Асқаровнинг гуноҳсиз эканини тасдиқловчи камида тўрт гувоҳ бор. Бу гувоҳлар Азимжон Асқаров  2010 йилнинг 13 июлида соат 7.30 дан 9 гача ҳамда 9.30 да милиция ходими ўлдирилган ҳудуддан анча узоқда бўлганини айтганлар.

Бундан ташқари, Асқаровга нисбатан суд жараёни қонунбузарликлар билан ўтказилган, ҳуқуқ фаолининг ўзи эса тергов давомида қийноқларга солинганини билдирган.

“Мана шу  ҳолатларнинг барчаси Қирғизистон Жиноий-процессуал кодексининг 384 ва 385-моддаларига биноан Асқаров иши қайта кўриб чиқилишига асос бўлади”, дейилади мурожаатда.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш мақсадида  Бош прокуратурадан ишни Асқаров тергов қилинган Жалолобод прокуратурасига эмас, мустақил тергов гуруҳига топширилишини илтимос қилган. Шунингдек, Асқаров иши судда адолатли кўриб чиқилишини таъминлаш сўралган.

«Асқаров кўлга олиниб, милиция унинг хибс қилганини расмийлаштиргунича орадан бир кун ўтган, бу факт унинг бир сутка давомида ноқонуний ҳибс қилинганидан далолат беради. Кейинги уч кун давомида журналистга адвокат билан учрашишга рухсат берилмаган.

Асқаров, шунингдек, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасига, уни судгача бўлган тергов жараёнида ва суд жараёнида ўзини калтаклаганларини ва қийноққа солганларини билдирган.

Қийноқлар тўғрисидаги баёнот журналистни кўздан кечирган врач томонидан тасдиқланган ва у ўз хулосасида Асқаров  “афтидан, ҳибс  оқибатида ва ҳибсхонада сақланиш вақтида оғир ва узоқ вақт мобайнида жисмоний тан жароҳатларини олган”ини қайд этган. Биз Сиздан бу баёнотлар етарли даражада ўрганилишини таъминлашни ва мазкур қонунбузарликлар қайта такрорланмаслигини кафолатлашни илтимос қиламиз”, дейилади мурожаатда.

Қирғизистон Бош прокуратураси расмийси Сейитжан Апишев Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси мурожаати 28 феврал куни факс орқали қабул қилиб олинганини тасдиқлади, бироқ мазкур мурожаат юзасидан фикр билдира олмаслигини айтди. Сайитжан Апишевга кўра, Азимжон Асқаров масаласидаги ҳар бир мурожаат  Бош прокуратуранинг Халқаро бўлимидан тасдиқланган ҳолда олиниши лозим.

“Шунинг учун ҳам Бош прокуратурага расмий сўровнома юборишни тавсия қиламиз. Сўровнома жавоби икки ҳафтадан сўнг ёзма равишда берилади”, деб билдирди Бош прокуратура расмийси.

“Жараён” мухбири бу масала юзасидан бишкеклик таниқли ҳуқуқ фаоли Азиза Абдурасуловадан фикр билдиришни илтимос қилди.

“Албатта, бу нарса Асқаров иши қайта кўриб чиқилиши учун жуда катта асос бўла олади, – дея гап бошлади Азиза Абдурасулова. – Қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари ҳукуматга Ўш воқеасида судланган  бир қатор одамларнинг айбсизлиги ҳақидаги фактларни тақдим этишга ҳаракат қилдилар. Бироқ ҳукумат ҳуқуқ фаолларининг овозига қулоқ солмади.  Бугунги кунда ҳукумат халқаро ҳамжамиятнинг овозини эшитмаслик учун қулоғини беркитиб олди.

Ҳукумат “балки тергов нотўғри ўтказилгандир, балки суд жараёни қонунбузарликлар билан ўтгандир, шунинг учун ҳам нотўғри ҳукм чиқарилгандир”, деган шубҳаларни эътиборга олмаган ҳолда, Азимжон Асқаров масаласида қирғиз суди адолатли қарор чиқарди, деган позицияни халқаро ҳамжамиятга овоза қилмоқда.

Азиза Абдурасулова сўзида давом этар экан,  Азимжон Асқаров иши Қирғизистоннинг амалдаги ҳукумати учун сиёсий принципиал масалага айланиб қолди, деган фикрни билдирди:

– Қирғизистон принципиал равишда судларда нотўғри ҳукмлар ўқилганини тан олишни истамаётир. Маслан, бир ҳафта олдин, феврал ойининг ўрталарида БМТнинг  Миллий озчиликлар масалалари бўйича қўмитаси Женевада Қирғизистон ҳисоботини муҳокама қилди. Қирғизистон делегацияси таркибига Азимжон Асқаров  судланган пайтда Жалолобод вилоят прокуратурасида ишлаган Нурлан исмли ходим ҳам киритилган.

Мен шундан хулоса қилаяпманки, демак, Қирғизистон ҳукумати БМТ ташкилотида биринчилардан бўлиб Азимжон Асқаров масаласи кўтарилишини билган. Шунинг учун бу ишни олиб борган прокурор делегация таркибига қўшилган. У Асқаровнинг айбдорлигини исботловчи далил-исботларни келтира олмаган, фақат Асқаров Жиноят кодексининг қайси моддалари билан судланганини айтиб ўтган, холос.

Қирғизистоннинг БМТдаги вакили лавозимини эгаллаб турган Исақова хоним эса қўмитада: “Бизнинг Қирғизистон судлари чиқарган қарорларни ҳурмат қилишга мажбурсизлар”, дея баёнот берган. Бу делегациянинг хатти-ҳаракати Қирғизистоннинг Ўш воқеасида айбланиб судланганларга нисбатан принципиал сиёсий  позициясини англатади. Шундан келиб чиққан ҳолда, мен Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси илтимоси амалга ошади, деб ўйламайман, -деди Азиза Абдурасулова.

Жалолободлик ҳуқуқ ҳимоячиси Абдумалик Шарипов эса бу борада оптимистик нуқтаи назарда эканини айтди.  Ҳуқуқ фаолига кўра, Жалолободда Азимжон Асқаровнинг гуноҳсиз эканини тасдиқловчи гувоҳлар Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси баёнотида келтирилган рақамдан анча кўп.

– Биз бу гувоҳларнинг кўрсатмаларини ёзиб олиб, нотариус орқали тасдиқлатиб, Асқаровнинг  адвокатларига тақдим этганмиз. Аммо суд жараёнига ҳимоя томонининг бирорта ҳам гувоҳи киритилмаган. Айблов ҳукми фақат қораловчи томоннинг иддаолари асосида ўқилган.  Агар Асқаров иши қайта судда кўриладиган бўлса, ўнлаб гувоҳлар унинг гуноҳсиз эканини тасдиқлаши ва у озодликка чиқарилиши мумкин. Бунинг учун фақат адолатли судлов таъминланиши лозим, -деди  Абдумалик Шарипов.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси баёнотида Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев ўтган йилнинг декабр ойида Германияга қилган ташрифи чоғида канцлер Ангела Меркел билан учрашар экан, Азимжон Асқаров иши қайта кўриб чиқилишидан манфатдор эканини айтгани эслатиб ўтилган.

Аммо Германия сафаридан қайтган президент Атамбаев  2012 йилнинг  24 декабрида  матбуот вакиллари билан учрашиб, Асқаров масаласида берилган саволларга жаҳл аралаш жавоб берар экан, жумладан, қуйидагиларни айтган эди:

– Журналистлар, нодавлат ташкилотларининг мурожаатларидан ташқари менга битта-иккита гувоҳни кўрсатинглар-чи? Бу иш мен президент бўлгунимга қадар якунланган. Лекин ҳар доим гапни Асқаровдан бошлайсизлар.  Ўтган сафар Германия президентига: “Агар суд қарори чиқса, сизлардан  бошқа биров мана шу суд қарорни бекор қиласан, деб талаб қила оладими?” деб савол бердим. Нега энди президент Атамбаев қонунни бузиб, қарор қабул қилиши керак? Бизда ҳам қонун бор. “Суд қарорини президент бекор қилсин” деб талаб қилаётганлар Қирғизистонни менсимайдиганлардир, – деган эди Алмазбек Атамбаев.

Жалолобод вилоятининг Бозорқўрғон туманидан бўлган этник ўзбек ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров 2010 йилда ўзи яшаб турган туманда тартибсизликларни уюштириш ва милиция ходимини ўлдиришда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

Халқаро ҳамжамият Азимжон Асқаров ишини сиёсийлаштирилган ва сохталаштирилган, деб эътироф этган. Халқаро ташкилотлар  Қирғизистон ҳукуматига Азимжон Асқаров ишини қайта кўриб чиқиш ва уни озод этиш талаби билан кўп маротаба мурожаат қилган. Бироқ  расмий Бишкек бу  мурожаатларни шу кунгача эътиборга олган эмас.

Азимжон Асқаров  умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганидан сўнг бир қатор халқаро ташкилотларнинг сўз эркинлиги,  инсон ҳуқуқлари учун курашиб, виждон тутқунига айланган шахсларга бериладиган нуфузли мукофотларига сазовор бўлган.

 

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.