Туркияда инсон ҳуқуқлари бўйича Халқаро конгресс иш бошлади

Истанбул бир ҳафтага дунёнинг инсон ҳуқуқлари бўйича марказига айланди. Бу ерга Инсон ҳуқуқлари учун халқаро федерацияси томонидан ўтказилаётган 38-конгресс доирасида учрашиш ва фикр алмашиш учун дунёнинг 130 мамлакатидан 200 дан зиёд нодавлат ташкилоти вакиллари келишди.

Пайшанба, 23 май куни Истанбулда Инсон ҳуқуқлари учун халқаро федерациясининг (FIDH) “Сиёсий ўтиш жараёнлари ва инсон ҳуқуқлари: тажриба ва хатарлар” дея номланган беш кунлик 38-конгресси ўз ишини бошлади.

Мазкур тадбирда 400 нафар таниқли ҳуқуқ фаоли иштирок этади. Улар орасида 2003 йили Нобел мукофотига сазовор бўлган эронлик Ширин Ибодий, покистонлик Асма Жаҳонгир, БМТнинг диний эркинликлар бўйича 2004-2012 йиллардаги махсус ҳисоботчиси ва Туниснинг Сайлов комиссияси президенти Камел Жандубийлар бор.

Конгресс ишида Халқаро жиноий суд президенти Сон Санхён ва унинг Бош прокурори Фату Бенсуда ҳам иштирок этиши кўзда тутилган.

Анжуманнинг очилиш маросимида Туркия бош вазири ўринбосари Бешир Аталай иштирок этиши кутилмоқда, тадбирнинг ёпилишига эса мамлакат президенти Абдулла Гул ташриф буюради.

“Туркия йўл айрилиғида турибди. Конгрессимиз бу мамлакатда жуда вақтида ўтказилаяпти ва биз келажак беш кунга режалаштирган учрашувларимиз фуқаролик жамияти вакилларига ўз фикрини эркин ифодалаш ҳуқуқи, этник озчиликлар ва адлия ҳуқуқи бўйича истиқболдаги вазифаларни яхшироқ англаб олишларига кўмаклашади, деб умид қиламиз”, – дея билдирди FIDH президенти Суэр Белхассен.

Яқинда Туркияда касаба уюшмаларининг 22 нафар фаоли ва Инсон ҳуқуқлари бўйича ассоциациянинг (IHD) 8 нафар етакчиси ҳибсдан озод қилинди. Бу эса мамлакат ҳукуматининг Туркиядаги инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилашга ҳозир эканлигидан далолат беради.

Энди навбат сохта айбловлар билан қамоқда қолаётган барча ҳуқуқшунослар, журналистлар ва ҳуқуқ фаолларини озод қилишга келди. Туркия ўз тараққиётининг муҳим босқичида турибди ҳамда Мағриб ва Яқин Шарқ мамлакатлари бу мамлакатдаги вазиятни диққат билан кузатиб бораяпти. Туркия уларга ўрнак бўлиши керак, деб ҳисоблайди FIDH вакиллари.

Шу сабабдан 24 апрель куни FIDH вакиллари мамлакат бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғонга мактуб топширдилар. Унда ҳукумат Туркиядаги вазият бу мамлакат аъзо бўлган қатор халқаро шартномаларга мувофиқ бўлиши учун саккизта чорани кўришга чақирилган.

FIDH халқаро нодавлат ташкилоти бўлиб, унинг таркибига 100 дан ошиқ мамлакатдан 164 та инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти аъзодир. FIDH ҳар уч йилда ўз конгрессларини ўтказиб келади, унда федерацияга аъзо ташкилотлар биргаликда иш стратегиясини аниқлаб, FIDHнинг халқаро бюроси аъзоларини сайлайдилар.

Францияда жойлашган “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти Инсон ҳуқуқлари учун халқаро федерациясига (FIDH) 2013 йилнинг 21 январь куни аъзо бўлган.

Туркиядаги конгрессда “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоеванинг ҳам нутқ сўзлаши кутилмоқда.

– 24 май куни мен ўта репрессив мамлакатларда қандай қилиб ишлаш кераклиги, қандай қилиб турли кучлар – нодавлат ташкилотлар, журналистлар, архивчилар ўртасида ўзаро альянс ташкил қилиш мумкинлиги ва бу кишиларнинг ўзаро ҳамжиҳатлиги ишлаш умуман мумкин бўлмаган шароитда қандай қилиб ёрдам бериши мумкинлиги ҳақида гапираман, ташкилотимиз тажрибаси билан ўртоқлашаман. Шу билан бирга, мен конгресс кунлари Ўзбекистон қамоқхоналаридаги сиёсий маҳбусларнинг озод этилиши бўйича мактубга имзо йиғиш ишини ҳам давом эттирмоқчиман, – деди Мўътабар Тожибоева.

Туркия бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғонга йўлланган мактуб билан мана бу ерда танишишингиз мумкин:

http://download.files.namba.kg/files/67672511

FIDH президенти Суэр Белхассеннинг “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева номига йўллаган мактуби билан эса мана бу ерда танишишингиз мумкин:

http://download.files.namba.kg/files/67672571

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.