Жамолиддин Қурбонов: Укамнинг террорчи эканига ишонмайман
АҚШнинг Бойсе шаҳрида террорчиларга кўмаклашганликда гумонланиб қўлга олинган Фазлиддин Қурбоновнинг акаси Жамолиддин укасининг террорчилиги ҳақидаги иддаолар туҳматдан бошқа нарса эмас, деб ҳисоблайди.
АҚШга 3,5 йил муқаддам қочқин сифатида борган тошкентлик Фазлиддин Қурбонов 16 май куни Айдаҳо штатининг Бойсе шаҳрида ноқонуний тарзда портловчи модда сақлаганлик ва террорчилик ташкилотига ёрдам кўрсатганликда гумонланиб, қўлга олинганди. Ҳозир Бойседаги ҳибсхонада сақланаётган Қурбонов иши юзасидан суд шу йилнинг 2 июл куни бошланиши кутилмоқда.
Айни пайтда Ўзбекистон хорижида бўлган 32 ёшли Жамолиддин “Жараён” мухбири билан суҳбат чоғида гўдаклигидан бери ёнидан айрилмаган укасига нисбатан қўйилаётган айбловлар ўзи учун ўхшовсиз туюлаётганини таъкидлади.
Фазлиддиннинг очиқ, самимий ва бошқа дин вакилларига нисбатан чидамли йигит бўлганини айтган Жамолиддин укаси кейинги пайтларда юк машинаси ҳайдагани учун террорчилар у ёқда турсин, ўз яқинлари билан ҳам хотиржам гаплашиш учун вақт тополмаганини айтади.
– Баъзан машинасига юк ортаётганда беш-ўн минут вақти бўлиб қолса, телефон қилиб, биз билан гаплашарди. Йўлда бўлган бошқа пайтларда чалғимаслик учун телефонда ҳам гаплашмасди, компютер орқали ҳам мулоқот қилмасди. Бунақа пайтда ҳатто ота-онам қўнғироқ қилган пайтда ҳам телефонини кўтармасди, – дейди Жамолиддин.
Жамолиддин Қурбонов укасининг хавфсизлик хизматлари эътиборига тушиб қолишига оид бир мулоҳазани ҳам баён қилди. Унинг айтишича, яқинлари яхшироқ яшаши учун кўпроқ даромад топиш илинжида бўлган Фазлиддин Америкада юк машинаси ҳайдовчиси бўлишга қарор қилади. Танишларидан бири бу ишга жойлашиш учун унга Калорадо штати маркази Денверга бориб, Жамшид исмли ўзбек йигитига учрашни маслаҳат беради. Денверга борган Фазлиддин юк машиналарни ижарага берувчи корхонада ишловчи Жамшидга учрайди. Жамшид унга юк машинасини ҳайдаш учун махсус ўқиш ва ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш лозимлигини айтганидан кейин Фазлиддин Бойсега қайтиб кетади.
Тақрибан ярим йилдан кейин юк машинаси ҳайдаш ҳуқуқини берувчи гувоҳномага эга бўлган Фазлиддин трекларни ижарага берувчи корхонанинг ўзи билан гаплашган ходими Жамшид (Мухторов – Жараён) террорчиларга алоқадорликда гумонланиб қўлга олинганидан хабар топади ва Денверга қайтиб бормайди.
Эслатиб ўтамиз, 35 ёшли ўзбекистонлик Жамшид Мухторов ўтган йилнинг январ ойида Чикаго аэропортида Истанбулга учиб кетаётган пайтда АҚШ махсус хизмати ходимлари томонидан қўлга олинганди.
Беш йилдан буён АҚШда яшаб келаётган бу ўзбек қочқинига террорчи гуруҳларга моддий ёрдам берганлик ва улар сафига қўшилишга уринганлик айби қўйилганди. Мухторов иши юзасидан суд 2012 йил ёзида бўлиб ўтиши керак эди, бироқ мазкур маҳкама бўлган-бўлмагани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.
Жамолиддин Қурбонов укаси Фазлиддин ана шу Жамшид Мухторов билан учрашганидан кейин махсус хизматлар нишонига айланган бўлиши мумкинлигини тахмин қилади.
Жамолиддин укасининг қўли очиқ йигит бўлганини ҳам қўшимча қилади.
– Бирор-бир киши 50 долларми, 100 долларми – ёрдам сўраб мурожаат қилса, ўйлаб ўтирмай, бериб юбораверарди. Шунақа одати бор эди ўзи. Балки уни шундай қилиб, “подставка” қилган бўлишлари ҳам мумкин. Лекин мен унинг террорчиларга қўшилиб кетганига мутлақо ишонмайман, – деди Жамолиддин Қурбонов.
Унинг айтишича, ота-онаси АҚШдан диний озчилик вакили (улар Тошкентдаёқ насроний динига кирганлар) ўлароқ бошпана олган.
Бир муддат ўзи ҳам черковга қатнаб юрган Фазлиддин “кейин яна намоз ўқий бошлаган бўлса-да, ота-онам билан дин борасида тортишмасди”, дейди Жамолиддин.
Жамолиддиннинг айтишича, укаси одамларни динига кўра ажратмай, ҳаммага қўлидан келганча ёрдам бериб келган.
Fikr bildirish