Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари учун текширув

2012 йилнинг 19 сентябрь куни Швеция жамоатчилик телевидениесида “Миссия: Текшириш” туркумидан бўлган ахборот-таҳлилий дастури ва “TeliaSonera ва ўзбекча фирибгарлик” ҳужжатли фильми премьераси бўлиб ўтган пайтда мазкур иш бўйича текширувлар эндигина бошланганди.

SVT Göteborg телекомпаниясидан бўлган швед журналистлари Свен Бергман, Фредрик Лорен и Йоахим Дифвермарк биринчи фильмда TeliaSonera телекоммуникацион ширкати нафақат Ўзбекистон, балки постсовет ҳудудидаги бошқа мамлакатлар махсус хизматлари билан қандай ҳамкорлик қилаётгани ва уларга ўз мижозлари телефон сўзлашувларини бевосита тинглаш имконини бераётганини намойиш этгандилар.

Текширув ўтказган Фредрик Лорен ҳамда унинг икки ҳамкасби Свен Бергман ва Йоахим Дифвермарк эришилган натижалар билан чекланиб қолмадилар – ҳозирда улар TeliaSonera ширкати билан боғлиқ ҳолда Ўзбекистон ҳукумати томонидан инсон ҳуқуқларининг бузилиши ва “пул ювиш”га оид иш бўйича ўз ишларини давом эттирмоқдалар.

Фильм муаллифлари текширув олиб бориб, TeliaSonera “Ўзбекистондаги маҳаллий ҳамкор” деб номланмиш Takilant ширкатига 500 миллион АҚШ доллари тўлагани, бунинг эвазига 3G-лицензия, частоталар ва телефон рақамлари серияларини қўлга киритгани, бу швед ширкатига Ўзбекистонда иш бошлаш имкониятини берганини аниқлаганлар. TeliaSonera раҳбарияти Ўзбекистонда қонун доирасида ишлагани ва у ердаги инсон ҳуқуқлари бузилишига оид бирор-бир ҳолат уларга маълум эмаслигини билдирган.

22 май куни чет эллик агентлар билан ким ва қай йўсинда музокара олиб бориши ва Гулнора Каримова (Ўзбекистон президентининг Ислом Каримовнинг тўнғич қизи – Жараён) ўз банк ҳисобларига миллионлаб доллар пора олиш-олмаслиги ҳақида навбатдаги кўрсатув эфирга узатилди. Кўрсатувда намойиш этилишича, асл исмини очиқлашни истамаган ва ўзини “Александр” деб таништирган киши Гулнора Каримованинг дастхати ва унинг коррупцион битимга алоқадорлигини акс эттирган айрим ҳужжатларнинг оригиналини журналистларга юборган.

Швед журналистларининг заҳматли меҳнатлари туфайли мазкур кўрсатув ва ҳужжатли фильм 2013 йилнинг 5 май куни ҳар йили ўтказиб туриладиган Circom (Европадаги халқаро ягона аудиовизуал тармоқ) танловининг бош совринига сазовор бўлди. Б фильм энг яхши журналистик текширув йўналиши бўйича ҳам ғолиб, деб топилди. «Ўтюраклар клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти журналистларни бу ютуқ билан табриклайди.

TeliaSonera ва Гулнора Каримов ўртасидаги олди-бердиларни текширишда энг бошдан иштирок этган швед журналистларидан бири Фредрик Лорен “Жараён”га эксклюзив интервью берди.

Жараён: Ўзбекистондаги коррупция юзасидан текширув бошлашга сизни нима ундади?

Фредрик Лорен: Сўнгги 10 йил ичида мен МРБ (Марказий разведка бошқармаси) ва жаҳон террори ҳақида материаллар тайёрладим. Бу давр мобайнида мен Ислом Каримов режими ва унинг Америка хавфсизлик хизматлари билан ҳамкорлиги ҳамда таъқиб технологияларидан фойдаланиш ҳақида кўп янги нарсаларни ўргандим. Ғарбдаги кўп мамлакатлар Ўзбекистон каби коррупциялашган режимларга ўз таъқиб технологияларини етказиб беради ва инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни эътиборсиз қолдиради.

Биз Швеция телекоммуникацион ширкатлари фаолиятига разм солиб кўрмоқчи бўлдик ва TeliaSonera Ўзбекистонда хизмат кўрсатаётгани, у ерда расмийлар сиёсий мухолифат вакиллари ва ҳуқуқ ҳимоячиларига қарши уларнинг технологияларидан фойдаланаётганини аниқладик.

Жараён: Ўзбекистондаги вазият ҳақида нималарни билардингиз?

Фредрик Лорен: 2005 йилдан буён биз Ўзбекистондаги вазиятни анча яхши ўргандик. Халқаро ташкилотлар ҳисоботларидан биз у ерда сиёсий мухолифат вакилларига нисбатан тез-тез қийноқ қўлланилиши ёки ноқонуний ҳибсга олишлар ҳақида билиб олдик. Биз одамлар қўрқитилаётганини, уларнинг телефон сўзлашувлари тингланаётганини, телефон орқали айтганлари ёки электрон почта орқали ёзганлари сабабли улар маҳкамаларда таъқиб қилинаётганини ўргандик.

Тадқиқот чоғида TeliaSonera Ўзбекистон махсус хизматларига ўз тармоқларидан ва маълумотлар омборидан суд қарорисиз ёки тинтув учун ордерсиз тўла фойдаланиш имкониятини бериб қўйганини аниқладик. 2012 йил апрелида TeliaSonera лицензия олиш учун ўзбек диктатори Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримовага 500 миллион АҚШ доллари тўлаганини исботлаган биринчи кўрсатувимиз намойишидан сўнг Швецияда бу ширкатнинг раиси ва бош директори истеъфо беришга мажбур бўлишди.

Жараён: Гулнора Каримова ва TeliaSonera мавзусини ўрганиш чоғида ўзингиз учун қандай фактларни кашф этдингиз?

Фредрик Лорен: Инсон ҳуқуқларининг бузилишини ўрганаётган пайтимизда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари вазияти бўйича энг ёмон мамлакат бўлибгина қолмай, дунёдаги энг коррупциялашган мамлакатлардан бири эканини ҳам билардик, албатта. TeliaSonera Ўзбекистон бозорига қай йўл билан кирганини текшира бошлаганимизда биз Гулнора Каримова ва унинг 26 ёшли ҳамкори Гаяне Авакян билан боғланган занжирни кўрдик. Авакян ўша пайтда Гибралтарда рўйхатдан ўтган офшор ширкатининг директори бўлиб, бу ширкатга TeliaSonera лицензия олиш ва Ўзбекистонда ишлаш имкониятига эга бўлиш учун 500 миллион АҚШ доллари тўлаганди. Текширувимиз натижаси ўлароқ 2012 йил сентябрида намойиш қилинган кўрсатув юзага келди, сўнгра эса 2012 йилнинг декабрида кейинги дастурни тайёрладик.

Жараён: Фильм устида ишлаш чоғида қандай натижаларга эришишни кўзлагандингиз?

Фредрик Лорен: Командамизнинг мақсади фактларни тақдим этиш эди ва мен жамоатчилик бу фактларга муносабат билдириши лозим, деб ўйлайман.

Жараён: Гулнора ва TeliaSonera ҳақида маълумот йиғиш пайтида қандай муаммоларга дуч келдингиз?

Фредрик Лорен: Аввало,бизга Ўзбекистондан маълумот олиш жуда қийин бўлди, чунки биз у ерга боролмасдик ва бу унчалар хавфсиз эмасди. Манбаларимиз ва бизга маълумот йиғишда ёрдам берган одамлар шарофати билан ишимиз осонлашди. Шу ўринда ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистлар ва бизга ёрдам берган барча ўзбекистонликларга катта раҳмат айтмоқчиман! Шунга қарамай, биз бу каби текширув олиб бориш хавфли эканини биламиз, айниқса, Швециядан бошпана олган кишиларга нисбатан яқинда амалга оширилган суиқасдлардан кейин.

Жараён: Бу ишни давом эттириш ва ҳақиқатни излаш учун сизга нима ёки ким куч бағишлади? Бу журналистик бурчингизнинг бир қисмими?

Фредрик Лорен: Мен журналистик бурчимизнинг бир қисми демократия ва инсон ҳуқуқларини олға суриш, деб ўйлайман. Аммо бу ҳам ишимизнинг бир қисми бўлиб ҳисобланади.

Жараён: Сиз шахсингизни ошкор қилишдан қўрқмадингизми?

Фредрик Лорен: Биз швед журналистларимиз– биз очиқ ишлаймиз. Биз ўз ишимизда шаффофлик жудам муҳим, деб ҳисоблаймиз. Албатта, биз манбаларимизни ҳимоя қиламиз ва уларга оид шахсий маълумотларни ошкор қилмаймиз.

Жараён: Мукофот олганингизда кўнглингиздан нималар кечди? Бу Каримов оиласининг бошқа фирибгарликлари ҳақидаги текширувларни давом эттириш истагингизни кучайтирдими ёки аксинча?

Фредрик Лорен: Европадаги энг муҳим теледастур учун бериладиган мукофотни олиш кишига хуш ёқади, албатта. Мен бунақа мукофотларни бериб, бу каби дастурлар устида ишлаётган одамларни янада рағбатлантириб туриш зарур, деб ҳисоблайман. Аммо энг аҳамиятлиси, менинг фикримча, CIRCOM бу мукофотни ғарб мамлакатлари диктаторлар билан алоқа қилиш асносида ўт билан ўйнашаётганлари ва инсонлар ҳаётини хавф остига қўяётганлари ҳақидаги муҳим ва жиддий мавзуга йўналтирилган дастурга бергани бўлди.

Жараён: Нима деб ўйлайсиз, мукофот топширилганидан ва бу ҳужжатли фильмга нисбатан катта қизиқиш уйғонганидан кейин Европа сиёсатчилари ва ҳукуматлари томонидан Ўзбекистон расмийларига нисбатан сезиларли босим бўлармикин? Европа Иттифоқи ўз санкцияларини қайта жорий қилармикин?

Фредрик Лорен: Менҳозирнинг ўзида босим анча кучли бўлаяпти, деб ўйлайман. Гулнора Каримованинг Швеция ва Швейцария банкларидаги ҳисобида бўлган 700 миллион долларга яқин пули конфискация қилинган. Бундан ташқари, ҳозир Швеция ва Швейцарияда дунёдаги ўндан ортиқ мамлакат билан ҳамкорликда иккита катта полиция текшируви олиб борилаяпти.

Жараён: Ўзбекистондаги диктаторлик режими мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари бузилишига кўз юмаётган хорижий инвесторлар билан коррупцион келишувлардан миллионлаган еврога эга бўлаяпти. Бундан буён Ўзбекистондаги коррупцияни фош қилиш ҳамда сўз эркинлиги ва қонун устиворлиги билан боғлиқ аянчли вазиятни ўнглаш учун қандай усуллар ишга солиниши мумкин?

Фредрик Лорен: Мен ғарб мамлакатлари ва ширкатларининг режим билан алоқасини текшириш ва фош қилиш жуда муҳим, деб ҳисоблайман. Масалан, биз инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммоларни ҳамда телекоммуникацион ширкатлар ўз хизматларидан фойдаланиш учун махсус хизматларга тўла имконият яратиб берганларини ошкор қилаяпмиз. Бошқа журналистлар Ўзбекистондаги болалар меҳнатини тадқиқ қилаяптилар. Кўп иш қилинаяпти ва мен бу Ўзбекистондаги вазият яхши томонга ўзгаришига ёрдам беради, деб умид қиламан.

Жараён: Гулнора Каримова ўз блогида (https://gkarimova.wordpress.com/2013/03/12/60/#more-60) у Бекзод Ахмедовни билмаслигини ва TeliaSonera билан бўлган келишув ҳақида эшитмаганини ёзган. Сиз бунга қандай изоҳ берган бўлардингиз?

Фредрик Лорен: Мен Гулнора Интернетда ўз блоги ва Twitter орқали ахборот уруши олиб бораяпти, деб ўйлайман. У бу коррупцион келишувларга мутлақо алоқаси йўқлигини таъкидлайди ва мен буни олқишлайман. Биз уни бир йилдан бери интервьюга таклиф қиламиз ва унга бир нечта жиддий журналистик савол беришдан мамнун бўлган бўлардик.

Жараён: Гулнора Каримовага тегишли кўчмас мулк мавзусини батафсилроқ ўрганишга қизиқиш борми сизларда?

Фредрик Лорен: Биз бу ишни қилаяпмиз! Биз унинг мулкида доир бир неча текширувлар ўтказдик ва унинг Париждаги, Сен-Тропедаги ва бошқа жойлардаги уйлари тўғрисида маълумотларни ёйинладик.

Жараён: Бу йил TeliaSonera «Евровидение» халқаро танловининг асосий ҳомийси бўлди, айни пайтда улар кўплаб мамлакатлардаги диктаторлик режимларини қўллаб-қувватламоқдалар. Сизнингча, бу демократия ва инсон ҳуқуқлари тўғрисида кўп ва хўп гапирадиган Европа Иттифоқи учун таҳқирланиш ва обрўсизланиш бўлиб ҳисобланмайдими?

Фредрик Лорен: Мен TeliaSonera жавоб бериши лозим бўлган жуда кўп саволлар бор, деб ўйлайман. Аммо улар бу саволлардан кўра рекламага эътибор қаратишни кўпроқ маъқул кўрадилар.

Жараён: TeliaSonera бош директори коррупция ёки пул ювиш табу бўлиб ҳисобланиши ва инсон ҳуқуқлари улар учун катта аҳамият касб этишини таъкидламоқда. Бу ҳақиқатан шундайми?

Фредрик Лорен: 22 май куни эфирга чиққан сўнгги дастуримизда TeliaSonera ўтган йилдан буён ўз ширкатларидаги вазиятни ёки Евросиёдаги ҳамкорларига нисбатан муносабатни ўзгартириш учун ҳеч нарса қилмаганини ҳамда улар буни қандай тўхтатиш ҳақида тасаввурга ҳам эга эмасликларини кўриш мумкин.

Жараён: Аммо улар бу ҳамкорликка чек қўйишга ҳозирмилар? Улар қандай йўл тутишлари лозим?

Фредрик Лорен: Буларнинг ҳаммасига чек қўйиш унчалик қийин иш эмас. Агар улар Ўзбекистонда пул ишлашни истаётган бўлсалар, улар конкрет қарорлар қабул қилишлари ҳамда БМТ инсон ҳуқуқлари низоми қоидалари ва демократиянинг қабул қилинган стандартлари асосида ўйнашлари керак бўлади. Албатта, жиноятларни очиш чоғида полицияга ёрдам бериш муҳим, бироқ полиция ҳар бир конкрет ҳолат бўйича тегишли ҳужжатларга эга бўлиши лозим. Уларнинг сиёсий мухолифларни таъқиб қилиш мақсадида бутун телекоммуникация тизимидан тўла фойдаланишига эса йўл қўйиб бўлмайди.

Ғарбдаги демократик мамлакатларда, масалан, Франция, Швеция ёки Буюк Британияда полиция конкрет телефон сўзлашувини тинглашни истаётгани ҳақида талабнома билан судга мурожаат қилади. Ўзбекистонда полиция бутун тармоқдан чекловсиз тўла фойдаланиш имкониятига эга бўлмаслиги керак. Токи TeliaSonera бу тизимнинг бир қисми бўлиб қолаётган экан, улар бу саволларга жавоб беришга мажбурлар.

Мен TeliaSonera президент Ислом Каримовга “йўқ” дея олиш йўлини топиши керак, деб ўйлайман. Улар сиёсий мухолифат вакиллари, журналистлар ёки ҳуқуқ ҳимоячиларини таъқиб қилишнинг бир қисми бўлиш ўзлари учун тўғри келмаслигини тушунишлари керак.

Жараён: Жаноб Лорен, интервью учун раҳмат.

Марина ЛЕБЕДЕВА

TeliaSonera ҳақида батафсил қуйидаги манбалардан ўқишингиз мумкин:

1. http://www.fergananews.com/teliasonera

2. http://www.circom-regional.eu/component/content/article/60-prix/627-prix-circomsupport-materials-for-press-releases

3. http://www.rferl.org/search/search.aspx?k=teliasonera&p=2#article

4. http://www.jarayon.com/ru/index.php/component/k2/item/53-teliasonera

5. http://www.icij.org/resources/if-money-was-your-object-when-you-went-journalism-you-are-wrong-industry

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.