Туркманистон элитаси: “Дунёни сув босса, ўрдакка не ғам…”
Бу мамлакат бошқа собиқ совет республикаларидан кескин фарқ қилади. Ўзгача бетарафлик йўли, автократия ва миллий мафкуранинг ўзига хос кўриниши.
Ҳокимият қўрқиб қолган фуқароларига нисбатан ҳудди Сталин, Ким Ир Сен ва Қаддафи режимларига ўхшаб муносабат қилади. Табиий газнинг жуда катта заҳираси туркманистонликларни бахтлироқ қилиб қўйгани йўқ. Бошқа юртларда тинч ва фаровон ҳаёт излайдиганлар сони эса унчалик кўп эмас.
Юртда қолганлар эса ёпиқ мамлакатда, оддий инсон ҳуқуқлари учун курашиш ҳақида ҳам ўйламай яшаб келмоқдалар: қамоқда чиригандан кўра, ўз ватанида эрксиз бўлиб яшаган маъқулроқ.
“Жараён” мамлакатдаги фуқаролик жамияти фаоли билан суҳбатлашишга муваффақ бўлди. Таҳририят хавфсизлик нуқтаи назаридан унинг исмини ошкор қилмайди.
Биз бундан кейин ҳам Туркманистондаги вазият борасида ўз қарашига эга бўлган фуқаролик жамияти фаоллари билан интервьюларни чоп этишда давом этамиз.
Жараён: Мамлакатда 2007 йили президентлар алмашганидан сўнг қандай ўзгаришлар содир бўлди?
Туркманистондаги фуқаролик жамияти фаоли: Мен учун тезлиги жуда паст бўлса ҳам, аммо ойига ишлаб турган интернет ва мобил алоқа борлигининг ўзи бир ижобий ҳолдир. Оддий одамлар мамлакат бўйлаб сафар қилишда аввал мавжуд бўлган паспорт назоратининг бекор қилинишидан ҳам анча енгил тортди. Мамлакат шимолидаги Тошовуз шаҳрига бориб-келиш анча эркин бўлиб қолди. Аввал бу шаҳарга фақат рухсатнома билан бориш мумкин эди.
Шабҳасиз кўз билан кўриш мумкин бўлган ўзгаришлар – бу портретларнинг алмаштирилганидир, бироқ уларнинг сони ҳамда бино ва газеталардаги ўлчамлари сезиларли равишда катталашди. Шунингдек, электрон панно-портретлар ҳам пайдо бўлди. Кўчаларда ҳозирча ҳайкаллар йўқ. Туркманбоши Сапармурод Ниёзовнинг “Олтин аср” даври ўрнига “Тикланиш” (нимани тиклаганларини аниқлаштирганлари йўқ) даври келди, сўнг эса Арқадағ (“Туркманлар таянчи” мақоми) Қурбонқули Бердимуҳаммедовнинг “Куч-қудрат ва бахт-саодат” даври келди. Бу эса – ҳақиқий шизофрениянинг (руҳий касалликнинг бир тури) сўнгги кўринишидир.
Асосий камчилик – бу юқори ва қуйи мартабали давлат раҳбарларининг жазога тортилмай қолаётганидир. Мамлакатда коррупция авжига чиққан. Ҳаттоки фаррош бўлиб ишга кириш учун ҳам каттагина пора бериш керак.
Коррупция бозори авжида ва унда миллионлаб долларлар айланмоқда. Мен фақат бир фактни келтираман, холос. Ашхободда болани рус мактабига жойлаштириш учун мактаб директорлари 500-1000 АҚШ доллари миқдорида пора талаб қилаяптилар, Тошовузда эса 2000 доллар! Расмийлар халқ хўжалигининг бошқа соҳаларида қандай миқдордаги пора олаётганларини эса фақат тахмин қилиш мумкин, холос.
Мамлакатни президент оиласи ва унинг ҳамқишлоқлари бошқармоқдалар. Унинг оила аъзолари, шу жумладан, янги оила аъзоларининг (тўйлардан сўнг) ҳам иштаҳалари карнай. Сўнгги пайтларда беадаблик энг юксак даражага чиқди.
Ҳаттоки таътил кунлари бюджет ташкилотларининг ходимлари, талаба ва ўқувчиларни йиғиб, оилавий тижорий объектлар (серҳашам ресторанлар, бир кунлик ўйин-кулги 500 доллар турадиган яхт-клублар, яқинда очилиши кутилаётган яна бир “қувонч” – кўп қаватли гараж-парковка) очишаяпти. Ўргатилган цирк ҳайвонлари даражасигача етказилган “халқ” эса, кундан-кунга бойиб бораётган президент оиласи учун ҳурсанд эканлигини намойиш қилишга мажбур.
Кун кечириш учун зарур бўлган нарсаларнинг энг оз миқдори эса анчага ошди. Аввал ўртача оила ойига юз долларга яшай оларди. Бозорда доллар 24 минг манат, расман эса 5 минг манат турарди. Иккинчи президент даврида эса 1 долларни сунъий равишда 14 минг манатга тенглаштириб қўйишди. Кейин пул ислоҳотини ўтказишди. Ҳозир доллар тахминан 3 манат (2.843) га тенг. Юқори ликвидли товар ва маҳсулотларга бўлган нархларнинг қимматлиги эса бозор президент клани томонидан монополиялаштирилганига боғлиқ.
Халқнинг норозилик кўрсаткичи ва амалдаги режимга бўлган ҳукмини қиёслашда кўриш мумкин. Биринчи президентни ҳурмат билан ёдга олишади: амалдорлар қўрқиб туришган, ҳозир эса – йўқ. Бунда мисол қилиб туркман халқ маталини келтириш мумкин: биринчиси – “тулки”, иккинчиси – “кулги”.
Мамлакат шартли равишда очиқ бўлди, холос: чеки кўринмайдиган анжуманлар, амалий натижага эга бўлмаган чет элликлар иштирокидаги форумлар. Талабаларни “чаре” дея номланган тадбирларда ўтқизиб қўйиб қийнаб юборишди. Аввалига иккинчи президент уни тантанали равишда, мусиқа ва рақс билан кутиб олишларидан воз кечганди, кейин эса аҳоли буни оммавий равишда бажара бошлади.
Ҳукумат аъзоларини ҳудди мактаб ўқувчисидек бошини пастга туширган ҳолда турғизиб қўйиб, титраб-қақшаб блокнотларига буйруқларни ёздиришдек камситиш модасини Ниёзов киритганди. Бердимуҳаммедов эса бу ҳақоратомуз анъанани фожиавий беьманилик даражасигача олиб чиқди. Кичик ва кенгайтирилган мажлисларда, давлат раҳбарига яқин ва узоқ сафарлари чоғида ҳамроҳлик қилиш пайтида юқори лавозимли амалдорлар турли позаларда, турган, ўтирган, юриб кетаётган ва ҳаракатланаётган ҳолатларида ҳам титраб-қалтираб президентнинг буюк ваҳийликларини қоғозга тушириб боришга мажбурлар.
Бундан ташқари, “сарой одоб-аҳлоқ қоидалари ва протоколга” кўра, ҳеч ким президентнинг юзига қарашга ҳақли эмас ва ҳамма унинг олдида бошини пастга эгиб туриши шарт. Ҳамма байрамларда ҳукумат аъзолари ва куч ишлатар тузилмалари раҳбарларининг президентга бир хил яшил қоғозга ўралган оқ атиргуллар тақдим этиши эса одамнинг кўйнини айнитиш даражасигача етказди.
Устига-устак, ўз подшосига содиқ бўлган амалдорлар тўхтамай, югириб-елиб, қўлини кўксига қўйган ва чуқур таъзим қилган ҳолда гулдасталарни Бердимуҳммедовга олиб кирадилар. Президентнинг гулдасталарни қўлига олмаслиги эса аввалдан одат бўлган. Газеталар эса бутунлай мамлакатнинг турли бурчакларидан миннатдор халқ йўллаган табрикномаларини чоп қилишга ўрганиб қолган катта табрик откриткаларига айланиб бўлди.
Мактабда таҳсил олиш қайтадан ўн йиллик, олий ўқув юртида эса беш йиллик қилиб қўйилгани хўжакўрсинга қилинган иш бўлиб, ҳеч қандай мазмунга эга эмас. Ҳозир эса улар шошилинч ва тайёргарликсиз ўн икки йиллик мажбурий таълимни қайта жорий қилишаяпти.
Биз “экологик” бўҳронларнинг навбатдаги кенг ёйилган кўламини кузатаяпмиз. Одамларга ёзда жуда қийин бўлаяпти. Ниёзов ҳамма жойда дарахталарни кесишни, уларнинг ўрнига пальма (қуриб қолди) ва қишин-ёзин кўкариб турадиган дарахталарни экишни буюрганди. Бердимуҳаммедов эса қишин-ёзин кўкариб турадиган дарахтларни экиш ишларини беъманилик даражасигача етказди ва япроқли дарахтларни йўқ қилиш ҳақида буйруқ берди. Бу айниқса жорий йил авжига чиқди. Бу дарахтлар шаҳарларнинг ўпкаси ҳисобланарди. Мутахассисларга кўра, игнабаргли дарахтларнинг оқиб чиқиб қотиб қоладиган шираси ва улар ажратадиган эфир мойи иссиқда канцерогенга айланиб, инсоннинг заҳарланишига олиб келади.
Жараён: Сиёсий маҳбусларнинг сони ҳақида бирор маълумот борми? Уларнинг тақдири ҳақида тўхталсангиз.
Туркманистондаги фуқаролик жамияти фаоли: Ҳеч қандай сонлар йўқ, албатта. Асосан бу 2002 йили Ниёзовга “суиқасд” пайтида (аксари тасодифан) қўлга олинган кишилардир. Ўша пайтда фитнани амалга оширишмоқчи эди. Қамоққа эса умуман айби бўлмаган кишилар тушиб қолди, улар ҳозиргача қўрқинчли туркман қамоқхоналарида сақланмоқдалар. Масалан, Тошовузда яшайдиган бир киши ўзбек чегарасига мухолифатчи Иқлимовнинг қариндошини олиб кетаётган қўшнисининг машинасига чиқиб, уйигача етиб олмоқчи бўлган. Қўшнисини халқ душмани оила аъзоларига шерикликда айблаб, қўлга олишганда эса, у бечора айбсиз йўловчига ҳам туҳмат қилишга мажбур бўлган. Шўрликнинг қўшниси бўлган ҳайдовчи машинасида кимни олиб кетаётганидан хабари ҳам бўлмаган. Ўшанда уюшган жиноят содир этилгани исботлаш керак бўлган ва бунинг оқибатида кимлардир янги погонларга эга бўлиб қолган. Ўшаларнинг иккаласи ҳам ҳозиргача қамоқда ўтирибди…
“Суиқасдчилар”нинг ҳеч қайси бири озодликка чиқарилгани йўқ. Катта жиноят содир қилмаган ўғриваччалар, наркоманлар ва шунга ўхшашлар кейинги амнистия эълон қилингунга қадар навбатдаги амнистия асосида озодликка чиқадилар. Шунинг учун ҳам расмийлар амнистия қўлланилган маҳбуслар рўйхатини эълон қилмай қўйдилар.
Жараён: Яқинда москвалик ҳуқуқ ҳимоячиси Виталий Пономарёв Россия махфий хизматлари туркман мухолифатчиларини қидираётгани ҳақида маълум қилди. Жумладан, унинг хатида айни пайтда Болгарияда яшайдиган Аннадурди Ҳожиев ҳақида ҳам гап кетган. Туркманистон ва Россия махфий хизматларининг ўзаро алоқалари қандай ва нима сабабдан Россия махфий хизматлари Туркманистон каби авторитар мамлакатнинг илтимосини ҳалиям бажариб келаяпти? Ҳожиевдан ташқари туркманлар россиялик ҳамкасбларидан бошқа мухолифатчилар – Ҳудойберди Ўрозов, Нурмуҳаммад Ханамов, Сапармурод ва Парахат Иқлимоқларни ҳам топиб беришларини сўрашган. Бу инсонлар ҳақида туркман халқининг фикри қандай?
Туркманистондаги фуқаролик жамияти фаоли: Менимча, уларни кўпчилик эсламайди ва билмайди ҳам. Туркманистон ва Россия махфий хизматлари эса бундан-буён ҳам ҳамкорлик қилишда давом этадилар. Давлат хавфсизлиги манфаатларини ҳимоя қилиш, коррупция ва миллий манфаатларга хиёнат қилаётганлар билан курашиш қийин иш. Ундан кўра, диссидентлар кетидан қувиб, ўзини ишлаётгандек кўрсатиш осонроқдир.
Юқорида исмларини айтиб ўтган одамларга келсак. Мен уларни ҳақиқий мухолифатчилар деб ҳисобламайман. Улар биринчи президентга яқин кишилар бўлиб, ўз вақтида Ниёзовнинг ғазабига учрагач, мажбуран “мухолифатчилар” га айланиб қолгандилар ва иккинчи президент даврида ҳам улар ўз мақомларини сақлаб қолдилар.
Борис Шихмуродов шахси ҳақида бирор нарса дейиш жуда қийин. У Ниёзов қиёфасида илоҳ яратишда жуда фаол иштирок этган ва унга содиқона хизмат қилган. Шихмуродов Туркманистонда аксилинсоний сиёсий тизимнинг яратувчиларидан бири. (Борис Шихмуродов – Туркманистон собиқ ташқи ишлар вазири. Президент Ниёзовга суиқасд қилишда айбланиб, бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилиганди. У қамоқда ўлгани ҳақида тахминлар мавжуд – Жараён).
Жараён: Ҳозирги президент бошқа мамлакатлар ҳукуматлари, БМТ тузилмалари ва халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотларининг ўзига қаратилган танқидларига нисбатан муносабат билдирадими? БМТ ва ЕХҲТ нинг Туркманистондаги ваколатхоналари мамлакатда инсон ҳуқуқларининг таъминланиши учун қандай фойдали ишларни амалга ошираяпти?
Туркманистондаги фуқаролик жамияти фаоли: Президент бунга тупирган ва ҳозиргача тупириб келмоқда! Айтганларим жуда қўпол туюлиши мумкин, тушунаман, аммо бу сўзлар арқадағнинг турли танқидларга нисбатан муносабатини тўлиқ ифодалаб бериши мумкин. У нафақат туркман халқи, балки бошқалар устидан ҳам ҳукмронлик қилаётганига ишонади. Халқ Ғарб ва халқаро нодавлат ташкилотлари амалдаги режимни тинчгина урушиши, аммо унга қарши ҳеч нарса қилоломаслигига амин бўлиб бўлди. “Бундан ҳам ёмонроқ даврлар бўлган, аммо бундан-да маразроғи бўлмаган!”.
БМТнинг ваколатхонаси бизда доимо режимга декоратив қўшимча бўлиб келган, холос. ЕХҲТнинг миссияси аввалига жуда яхши фаолият юритди, аммо 2004 йили унинг ажойиб раҳбари Параскива Бедеско мамлакатдан қувилгач, ваколатхона Туркманистон Миллий хавфсизлик вазирлигининг филиалига айланиб қолди. Бедесконинг Туркманистондаги инсон ҳуқуқларининг бузилиши ҳақидаги ҳисоботи унинг бу мамлакатдаги фаолиятига якун ясади. Бундан расмий Ашхобод ғазабга келди. Шундан бери Ғарб мамлакатларининг инсон ҳуқуқларига риоя қилиш ҳақидаги ҳадиксираган чақириқлари режимни кам қизиқтирадиган бўлиб қолган.
ЕХҲТ ваколатхонаси паст кетиб, ўзига муносиб бўлмаган равишда иш тутаяпти. Ваколатхона ҳеч кимга ёрдам бермайди, оддий фуқароларни қабул қилмайди. Бу ташкилот юристида Миллий хавфсизлик вазирлиги погонлари борга ўхшайди. Мен ўз ҳуқуқлари бузилишидан шикоят қилиб, бу ташкилотга мурожаат қилган кишиларни биламан. Бу ташкилот ходимлари ўша кишиларга жавобан мамлакат ички ишларига аралашмасликларини айтиб келишади.
Бундан ташқари ташкилотнинг дипломатик корпуси ҳам жуда кулгули кўринади, унинг вакиллари ҳамма “чаре” ва президентни кўкларга кўтариш тадбирларида иштирок этишга мажбурлар. Бундан ташқари, улар ўзларини собиқ совет маконидаги энг иноқ дипкоманда дея ҳисоблашди. Бердимуҳаммедовнинг туғилган куни эса уларни эрталабки соат 5 да Туркманбоши шаҳрига президент етиб келишидан бир неча соат аввал келишга ва уларнинг ҳар бирини давлат раҳбарига 150 та атиргулдан совға қилишга мажбур қилишди.
Жараён: Арқадағнинг ҳозирги геосиёсий дўстлари кимлар?
Туркманистондаги фуқаролик жамияти фаоли: Пул бераётган Хитой. Ниёзов даврида мамлакатнинг қарзи бўлмаган, ҳозир – миллиардлаб қарзи бор.
Жараён: Ашхобод ва мамлакатнинг бошқа жойларида норозилик кайфияти юқорими?
Туркманистондаги фуқаролик жамияти фаоли: Одамлар ғазабланадилар, ҳазил қиладилар, бироқ норозилик билдирмайдилар.
Жараён: Баъзилар мамлакатда ҳамон Руҳнома (собиқ президент Сапармурод Ниёзов томонидан ёзилиб, “муқаддас” саналиб келган китоб) нинг давлат ғоясига ўз таъсирини ўтказишда давом этаётгани ҳақида гапирса, бошқалар мамлакатда Исломнинг таъсири кучайиб бораётганини айтишмоқда. Туркманистонда ҳақиқий мусулмон, насроний ёки яҳудий бўлиш қийинми?
Туркманистондаги фуқаролик жамияти фаоли: Ҳозир ҳаммасини пул ҳал қилаяпти. Биринчи президент даврида: “Давлат – бу мен” принципи бирламчи эди, иккинчи президент даврида эса: “Биздан кейин сув тошса ҳам майли”, деган принцип амал қилмоқда. Ниёзов даврида чет эллик пудратчилар ҳашаматли турар-жой бинолари, иқтисод объектларини қуриш бўйича сифатли ишни амалга ошириб келгандилар, ҳозир эса қурилишнинг ҳамма босқичларида ўғрилик содир бўлаяпти. Шунинг учун ҳам мамлакат шаҳарларида оқ мармардан қурилган “тобут” барпо қилиниб, расмий оммавий ахборот воситалари уларга тасанно айтишдан нарига ўтмаяпти.
Бу йил Руҳномани мактаб дастуридан олиб ташлашди. Бердимуҳаммедов эса ўзининг соғлиқ ҳақидаги китобларини чиқаришда давом этади ва ўйлашимча, келажакда айнан ана шу китоблар Руҳноманинг ўрнини босади. Туркманларнинг диндор бўлиб кетганини кузатганим йўқ. Ҳақиқий мусулмонларни асосан ўзбеклар ташкил қилади. Бироқ, нима бўлганда ҳам Ислом – давлат мафкурасининг асосий рақибидир. Режим бошқа динларнинг жиловини тортиб туради ва истаган пайти Ислом ва бошқа дин вакилларининг диний фаоллигини йўқ қилиб юбориши мумкин.
Мен диндорларга қарши қаратилган қатағонлар ҳақида ҳали кўп маротаба эшитишимизга аминман. Ниёзов Руҳнома парчаларини масжидларга жойлаштириб, бунинг билан мусулмонларни хўрлаб келди. Бердимуҳаммедов ҳозирча бундай қилишгача боргани йўқ, аммо унинг ўз-ўзидан завқланиш даражасини фақат вақт кўрсатиши мумкин. Ҳозир эса Сириядаги туркман-террорчилари ҳақидаги мақолалардан сўнг боадаб диний уюшмаларга ҳам босим ўтказиш бошланди.
Жараён: Давлат органларида туркман миллатига мансуб бўлмаган кишилар кўпчиликни ташкил қиладими?
Туркманистондаги фуқаролик жамияти фаоли: Туркманистонда давлат миллатчилиги ҳукмронлик қилмоқда. Иккинчи президент теке уруғига мансуб. Шунинг учун оз бўлса ҳам муҳим ҳисобланган лавозимларни айнан мана шу уруғ вакиллари эгаллаб келмоқда. Ниёзов даврида ўзбеклар жон сақлаб қолиш учун паспортларида миллатларини ўзгартиришга мажбур бўлгандилар, аммо бу уларга кўп ҳам ёрдам бергани йўқ. Шу сабабли, мамлакатда нафақат этник миллат вакилларининг, балки бошқа уруғдан келиб чиққан туркманларнинг ҳам ҳуқуқлари бузилаяпти. Мамлакатни текеликлар бошқаришаяпти ва бунинг охир-оқибати кўринмайдиганга ўхшайди.
Жараён: Суҳбат учун Сизга катта раҳмат.
Туркманистондаги фуқаролик жамияти фаоли билан Лола АНАЯТОВА суҳбатлашди.
Fikr bildirish