Тўрабой Жўрабоев жиноят ишидаги қонунга зид ишлар
31 май куни ғайриқонуний ҳибсга олиниб, Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми “а” банди ва 168-моддаси 1-қисми билан айбланган Тўрабой (Набижон) Жўрабоевнинг ҳимоячиси Р.Худайқулов 18 июнь куни Ғаллаорол туман Ички ишлар бўлими тергов бўлими катта терговчиси А.Роҳатов номига илтимоснома киритиб, ҳимоясидаги Жўрабоевга нисбатан қўзғатилган жиноят иши юзасидан терговни қонун доирасида олиб боришини талаб қилган.
“Ҳимоям остидаги Жўрабоев Тўрабойга нисбатан жиноят иши юзасидан олиб борилаётган тергов ҳаракатлари давомида Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 22 “Ҳақиқатни аниқлаш” моддаси бўйича терговчи жиноят юз берганлигини, унинг содир этилишида ким айбдорлигини, шунингдек у билан боғлиқ барча ҳолатларни аниқлаши шарт.
Иш бўйича ҳақиқатни аниқлаш учун фақат ушбу Кодексда назарда тутилган тартибда топилган, текширилган ва баҳоланган маълумотлардан фойдаланиш мумкин. Гумон қилинувчидан, айбланувчидан, судланувчидан, жабрланувчидан, гувоҳдан ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслардан зўрлаш, қўрқитиш, ҳуқуқларини чеклаш ва қонунга хилоф бўлган ўзгача чоралар билан кўрсатувлар олишга ҳаракат қилиш ман этилади.
Иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқилиши керак. Ишда юзага келадиган ҳар қандай масалани ҳал қилишда айбланувчини ёки судланувчини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган, шунингдек унинг жавобгарлигини ҳам енгиллаштирадиган, ҳам оғирлаштирадиган ҳолатлар аниқланиши ва ҳисобга олиниши лозим” деб белгилаб қўйилган қонун талабини бузиб Тўрабой Жўрабоевни иши юзасидан у келтирган важларини синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқмасдан, уни оқлайдиган, жавобгарлигини енгиллаштирадиган ҳолатларни аниқлаш ва ҳисобга олиши лозим бўлса-да, қонуннинг ушбу талабини бажармасдан тергов ҳаракатларини фақат айблов йўналишида олиб бораётганлигини таъкидлаб, ушбу қонун талабига риоя қилган холда тергов ҳаракатларини ҳар томонлама, тўла ва холисона олиб боришингизни сўрайман”.
Ушбу талабномага илова қилинган Тўрабой Жўрабоевнинг терговчи А.Роҳатовга ва Ғаллаорол туман прокурори П.Нарзиев номига ёзган шикоят хатида ўзига қўйилган ҳар бир айбловнинг туҳмат эканлигини исботловчи фактларни бирма- бир санаб ўтган ва унинг бу далилларини исботловчи инсонлар ва далилларни таъкидлаб ўтган ва ушбу келтирилган фактлар бўйича тергов ҳаракатлари ўтказишларини ўтиниб сўраган.
У ўзининг шу кунгача бунингдек ариза билан мурожаат қилмаганини сабаби тариқасида бунингдек ҳуқуқи борлигини билмаганлида эканлигида, адвокати Р.Худойқулов унинг қонуний ҳуқуқи ва манфаатлари борлигини тушунтириб берганидан кейин у ўзининг ҳимояси учун ариза билан тергов органинга мурожаат қилганини ёзган ва ЖПКнинг 22 моддаси талабига кўра ушбу аризасида келтирилган важларни ҳам объектив, ҳам ҳар томонлама текшириб кўришларини сўраган.
Бундан кўриниб турибдики, Тўрабой Жўрабоевнинг гумонланувчи, айбланувчи тариқасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари тергов органи томонидан тушунтирилмаган ва унинг келтирган важлари умуман инобатга олинмаган..
19 июль куни адвокатнинг илтимосномаси ва Тўрабой Жўрабоевнинг шикоят аризасини рад қилиш ҳақида терговчи А.Роҳатов қарор чиқарган. У ўзининг қарорида “Адвокат Р.Худайқуловнинг илтимосномаси ҳамда Жўрабоев Тўрабойнинг шикоят хати тергов давомида тўпланган далиллар билан тўғри келмаслиги, Жўрабоев Тўрабой шикоят хати билан ўзини жиноий жавобгарликдан қутқариб қолиш мақсадида терговни чўзишга ҳаракат қилаётганлиги ҳамда дастлаб шу каби маълумотларни терговга тақдим қилмасдан, адвокат Р.Худайқуловни адвокат сифатида олганидан кейин тақдим қилаётгани сабабли унинг ҳамда адвокат Р.Худайқуловнинг келтирган важлари диққатга сазовар эмаслиги учун рад этилиши лозим” деган.
Тўрабой Жўрабоев ушбу илтимосномаси ва шикоят хати инобатга олинмагандан кейин буткул тушкунликка тушган ва охирги кўргазмасида:
“Менга эълон қилинган айбловдаги Ҳамраев Баҳодирга нисбатан товламачилик қилганлик, Ҳакимов Сувонга нисбатан фирибгарлик қилганлик ва Бозоров Алишер ва бошқа тадбиркорларга нисбатан товламачилик қилганликдаги айбловга тўлиқ иқрорман (гарчи ушбу жиноятларни содир этмаган бўлсам-да), улардан кечирим сўрайман.
Жиноят ишининг ушбу қисмларида назарда тутилган қилмишларим Олий Мажлис Сенатининг амнистия тўғрисидаги актларининг таъсир доирасига тушганлиги учун ушба ҳолатларга амнистия акти қўлланилишига розиман ва ишнинг ушбу қисмини амнистия акти асосида тугатишларингизни сўрайман. Лекин айбловдаги қолган ҳолатларга иқрор эмасман…
Менга қўйилган айбловдаги учта ҳолатга иқрорлик билдириб, ушбу ҳолатлар бўйича амнистия акти қўлланишига нисбатан рози бўлган бўлсам-да, ҳар уччала жиноятларни содир этмаганман. Шундай бўлса-да қилмаган жиноятларни қилдим ва амнистия қўлланишига розилик беришимни сабаби биринчидан, ҳозирги кунда ёшим 75да, тортишишга куч-қувватим йўқ, иккинчидан, 2013 йил 31 майдан қамоқда ўтирибман, қамоқда ўтириб тушиниб етдимки, барибир мени ҳеч ким эшитмас экан, чунки шу бугунги кунгача менинг важларим инобатга олинмасдан, тергов ҳаракатлари, фақат айблов йўналишида олиб борилмоқда, қолаверса мен шунга амин бўлдимки, қанчалик ҳақиқатни чиқаришга уринмай, барибир кучим етмас экан. Менинг ҳолатимда амнистия қўлланилиши мақсадга мувофиқ, лекин айбловдаги қолган уч ҳолат бўйича мен курашишга мажбурман”.
Кўриниб турибдики, тергов органи Тўрабой Жўрабоевга нисбатан жиноят ишида айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш тўғрисидаги қарорда ва айблов ҳулосасида содир этилган жиноятнинг вақти умуман кўрсатилмаслиги оқибатида Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 82 моддаси 2 қисми, яъни айблаш учун асослардан бири бўлмиш содир этилган жиноятнинг вақтини тўлиқ аниқлаш талаблари бузилиб, айблаш учун асослардан бири умуман аниқланмаган.
Барча жабрланувчилар ўз кўргазмаларида фақатгина тахминий муддатларда пул берганликларини кўрсатиб ўтишган бўлиб, лекин қайси йилнинг қайси ойида ва қайси бир кунида ва соатида пул берганликлари ҳақида бирор-бир аниқ сўзни айтишмаган. Яъни дастлабки тергов Жўрабоевга айб эълон қилиш жараёнида содир этилган жиноятларнинг аниқ кунини аниқлаш ўрнига тахминий ҳолат билан чегараланган. Қонун эса тахмин билан фикр юритишни ман этади.
Бу ҳолат Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 463–моддасида айблов ҳукми чиқариш асослари 1–бандида батафсил кўрсатилиши билан бирга Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1997 йил 2–май кунги “Суд ҳукми тўғрисида”ги қарорининг 4–бандида атрофлича кўрсатилган. Бу бандда “судланувчи томонидан терговда ёки судда айбини бўйнига олиш ҳолати у иш бўйича тўпланган ҳамда судда текширилган бошқа далиллар билан холисона тасдиқлангандагина айблов ҳукми чиқаришга асос бўла олади.
Бу талаб айблов ҳукми тахминларга асосланган бўлиши мумкин эмаслиги ва судланувчининг айбдорлиги суд муҳокамаси жараёнида исботланган тақдирдагина чиқарилиши лозимлиги ҳақидаги 463–моддаси мазмунидан келиб чиқади” деб кўрсатилган. Ўз–ўзидан кўринадики, тергов органи томонидан қабул қилинган ва амалда мажбурий ҳисобланган ушбу талабни бажармаган.
Суд ушбу ишни ўз иш юритувига олган вақтида ЖПКни 396–моддаси – жиноий ишни судда кўриш учун тайинлаш чоғида аниқланиши лозим бўлган ҳолатларни, яъни жиноят ишини иш юритувига қабул қилиб олгандан сўнг жиноят иши билан танишиб чиқиб, ишни суд мажлисида кўриш учун етарли асослар мавжуд ёки мавжуд эмаслигини, иш бўйича ўтказилган дастлабки тергов жараёнида Ўзбекистон Республикаси ЖПК талабларига риоя қилинганми ёки йўқми, айблов хулосаси Ўзбекистон Республикаси ЖПК талабларига мувофиқ тузилганлигини чуқур ўрганиб чиқиши, сўнгра “Жиноят ишини судда кўриш учун тайинлаш ҳақида қарор” ажрим чиқариши керак.
Тўрабой Жўрабоевга нисбатан қўзғатилган “Жиноят ишини судда кўриш учун тайинлаш ҳақида қарор” қабул қилишга тўсқинлик қилувчи қуйидаги қўпол процессуал қонунбузарликларга эътибор қаратиб ишни кўриш учун қабул қилмаслиги ва бу ҳақда ажрим чиқариши керак эди.
– Ишни тугатиш ёки тўхтатишга сабаб бўладиган ҳолатлар етарлича мавжудлиги;
– Ишнинг суд мажлисида кўрилиши учун асослар етарли эмаслиги;
– Суриштирув ва дастлабки тергов ўтказиш пайтида ушбу Кодекснинг кўплаб моддалари талаблари ўта қўпол равишда бузилганлиги;
– Айблов хулосаси ушбу Кодекснинг талабларига мувофиқ тузилмаганлиги.
Кўриниб турибдики дастлабки тергов органи ушбу жиноят иши бўйича айб эълон қилиш вақтида ўта шошма-шошарликларга йўл қўйиб жиддий процессуал хатоликларни келтириб чиқарган. Юқорида санаб ўтилган процессуал қонунбузарликлар ва ўта қўпол ҳатолар туфайли ЖПК талабларига кўра Жиноят Ишлари бўйича Ғаллаорол туман судининг судьяси Илҳом Розиқовнинг “Жиноят ишини судда кўриш учун тайинлаш ҳақидаги қарор” ғайриқонуний эканлиги боис ушбу қарорни бекор қилиш ҳақида қарор қабул қилиниши керак бўлади.
Бундан ташқари, ЖПКнинг 379–моддаси – “Айблов хулосаси” моддасида “Айблов хулосаси тавсиф асослантириш ва хулоса қисмларидан иборат бўлади. Тавсиф қисмида дастлабки терговда аниқланган холатлар: Жабрланувчи, шунингдек айбланувчи тўғрисидаги маълумотлар, айбланувчининг айбдорлигини тасдиқловчи далиллар, айбланувчининг ўзини ҳимоя қилиш учун келтирган важлари ва уларни текшириш натижалари баён қилинади” дейилган.
Лекин айблов хулосаси ҳам, 18–июль кунги “Айбловни тўлдириш ҳақидаги қарори”ни ҳам расмийлаштиришда ушбу қонун талабларига риоя қилинмаган.
Тергов органининг ушбу жиноят иши бўйича жиддий процессуал хатоликларга йўл қўйиб, ЖПКнинг 361–моддасини 2 ва 3–қисмларига ва 379–моддасига риоя қилмаган ҳолати мавжуд. Яъни айбланувчига нисбатан “Жиноят ишига айбланувчи тариқасида жалб қилиш тўғрисидаги қарор”ни қабул қилишдан аввал 361–моддани 2–қисми талабидан келиб чиқиб, жиноят вақтини тўла–тўкис аниқлаб, акс эттирилиши лозим эди.
Бу ерда ҳам тергов нафақат ЖПК нормаларига, балки Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2003 йил 19–декабрдаги «Гумон қилинувчи ва айбланувчини ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлашга оид қонунларни қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги 17–сонли қарорининг 10–банди талабларига риоя қилмаганлигини, яъни бу бандда айтилишича, «судларнинг эътибори ЖПКнинг гумон қилинувчига, айбланувчига унинг ҳимоячи олиш, айнан нимада гумон қилинаётганлиги ёки айбланаётганлигини, маҳкумга эса у қандай жиноят содир этганликда айбдор деб топилганлигини билиш ҳуқуқини кафолотловчи 46-48 модда талабларига қатъий риоя қилиниши зарурлигига қаратилсин.
Шунинг учун, жиноий ишда гумон қилинувчи, айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш ҳақидаги қарорда, айблов хулосасида ва суд ҳукмида ЖПКнинг 360,361,379,467-моддаларида назарда тутилган ҳолатлар аниқ баён этилиши керак» деб кўрсатилган.
ЖПКнинг 384-моддаси “Айблов хулосаси билан келган жиноят иши юзасидан прокурор ҳал қилиши лозим бўлган масалалар” моддасига қўра прокурор ёки унинг ўринбосари терговчидан айблов хулосаси билан келган жиноят ишини ўрганиб чиқиши ва:
– айбланувчи зиммасига қўйилаётган қилмиш содир этилган ёки этилмаганлигини ва бу қилмишда жиноят таркиби бор-йўқлигини;
– қўйилган айб ишдаги мавжуд далиллар билан асослантирилган асослантирилмаганлигини;
– айбловни ёки ишни тугатишга сабаб бўладиган ҳолатлар бор-йўқлигини;
– айбланувчининг қилмишларига тўғри ёки нотўғри тавсиф берилганлигини;
– тергов синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона ўтказилган-ўтказилмаганлигини барча важлар текширилганлигини ва ҳимоянинг илтимосномалари кўриб чиқилганлигини;
– айблов хулосаси ушбу Кодекснинг 379 ва 380-моддаларида назарда тутилган талабларга мувофиқ тузилган-тузилмаганлигини;
– суриштирувчи ва терговчи ушбу Кодекснинг бошқа талабларига риоя қилган-қилмаганлигини текшириши шарт.
Прокурор ёки унинг ўринбосари айблов хулосаси билан келган жиноят ишини кўпи билан беш суткада кўриб чиқиши ва қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилиши шарт:
1) ишни судга юбориш учун асослар мавжуд деб топиб, айблов хулосасини тасдиқлаш;
2) ўз қарори билан айблов мазмунидан айрим бандларни чиқариб ташлаш, енгилроқ жиноятни назарда тутувчи қонунни қўллаш ва шу ўзгартиришлар билан айблов хулосасини тасдиқлаш;
3) қўшимча тергов ўтказиш учун ишни ўз кўрсатмалари билан терговчига қайтариш;
4) ишни юритишни тўхтатиш;
5) ишни тугатиш.
6) амнистия актига асосан жиноят ишини тугатиш тўғрисида судга илтимоснома киритиш;
Башарти айбловни тўлдириш ёки уни оғирлаштириш томонига ёхуд ҳақиқий ҳолатларга кўра аввалги айбловдан жиддий фарқ қиладиган томонга ўзгартириш талаб қилинса, прокурор ёки унинг ўринбосари қўшимча ёки ўзгартирилган айб эълон қилиш учун ишни қўшимча терговга қайтаради.
Ушбу қонун моддасидан кўриниб турибдики, жиноят иши билан танишган прокурор ушбу жиноят ишини тергови давомида ва айблов хулосасини тузиш пайтида йўл қўйилган ўта қўпол хатоларни инобатга олган ҳолда қонуний қарор қабул қилиши керак эди, лекин прокурор жиноят ишини юритишда қўпол процессуал хатоликларга йўл қўйилганлигини кўриб туриб, ушбу жиноят ишини ғайриқонуний тарзда судда кўриш учун жўнатган.
Жорий йилнинг 5 август куни Жиноят ишлари бўйича Ғаллаорол туман судида судья Илҳом Розиқов раислигида ушбу жиноят ишини кўриш бошланди. Лекин суд нимагадир ушбу жиддий қонунбузилишларга эътибор қаратмасдан, жиноят ишидаги камчиликларни бартараф этмасдан ишни кўришни бошлаган.
Судья ҳам прокурор сингари Т.Джўрабоевга нисбатан қўйилган айбловлар нақадар саводсизларча, онгсизларча қўйилганлиги, тергов харакатлари фақатгина бир томонлама олиб борилганлигини кўра била туриб, суд жараёнида амалдорларнинг ўта оғир жиноятлар содир этганликлари ҳақидаги маълумотларни фош қилишидан қўрқиб, суд жараёнини ҳам бир томонлама олиб бормоқда.
Тўрабой Жўрабоевга нисбатан 30 май куни жиноят иши қўзғатилган, лекин 22 май куни, яъни жиноят иши қўзғатилишидан 8 кун аввал Ғаллаорол туман прокурорининг ордерига асосланган ҳолда Ғаллаорол туман Ички Ишлар бўлими ходимлари томонидан унинг хонадонида ғайриқонуний тинтув ўтказилган ва Жўрабоевга тегишли бўлган, унинг жиноят содир этмаганлигини исботловчи дисклар, диктофон, ҳужжатлар сақланаётган папкалар олиб кетилган.
Лекин ушбу далилий ошёлар жиноят ишига қўшилмаган ва бу харакати билан дастлабки тергов органи қўпол қонунбузилишига сабаб бўлган. Аслида ЖПКнинг 87– (“Далиллар тўплаш”) моддасига асосан тинтув пайтида олинган далилий ашёлар жиноят ишига қўшилиши шарт.
ЖПКнинг 438–моддаси талабларидан келиб чиқиб, Тўрабой Жўрабоев ва унинг адвокатлари суд жараёни пайтида уни 165-моддаси 2-қисми “а” банди ва 168-моддаси 1-қисмидаги жиноятларни содир этмаганлигини исботловчи, 22-май кунги ғайриқонуний тинтув пайтида Жўрабоевнинг уйидан олинган юқорида санаб ўтилган дисклар, диктофон ва ҳужжатларни нима учун жиноят иши материаллари орасига қўшмаганлиги сабабини аниқлаш ва бу далилларни судга чақиртириб олиб, уларни муҳокама қилишини суддан талаб қилишган.
Лекин ушбу оғзаки илтимосномани судья суд мажлисида муҳокама қилмаган ва бу ҳақда ажрим чиқармаган. Аслида Тўрабой Жўрабоевнинг уйидан олиб чиқиб кетилган далилий ашёларни жиноят ишига қўшилмаганлиги сабабини аниқлаш учун Ғаллаорол туман Ички Ишлар Бўлими тергов бўлими катта терговчиси А.Роҳатовни сўроқ қилиш учун судга чақиртириш масаласини ҳал қилиши шарт.
Мўътабар Тожибоева,
“Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари
Fikr bildirish