Набижон Жўрабоев беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди
Товламачилик ва фирибгарликда айбланган ғаллаороллик 75 ёшли отахон Набижон (Тўрабой) Жўрабоев беш йилга озодликдан маҳрум қилинди.
Бу ҳақда “Жараён”га 27 август куни маълум қилган манбага кўра, Набижон (Тўрабой) Жўрабоев устидан сўнгги суд маҳкамаси 23 август, жума куни Жиноят ишлари бўйича Ғаллаорол туман судида бўлиб ўтган ва ўша куни судья кекса отахонни беш йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган.
Набижон (Тўрабой) Жўрабоев устидан ўтказилган суд маҳкамасига оид бошқа тафсилотлар ҳозирча бизга номаълумлигича қолмоқда.
Эслатиб ўтсак, бундан бир неча кун аввал “Жараён” мухбири билан телефон орқали суҳбатда бўлган Набижон (Тўрабой) Жўрабоевнинг рафиқаси Феруза Маматова навбатдаги суд маҳкамаси 24 августга белгиланганини маълум қилганди.
Мухбиримизнинг Феруза Маматова билан телефон орқали боғланишга қилган урунишлари ижобий самара бермади. “Жараён” суҳбатлашган кишиларга кўра, аёлнинг қўл телефони бир неча кундан бери ўчиқ бўлаяпти.
– Феруза ҳақида ҳеч ким, ҳеч нарса билмаяпти. Биз унинг тақдиридан жуда ҳам хавотирланаяпмиз. Ҳеч ким унинг қаерда эканини билмаяпти, – деди “Жараён”га Набижон (Тўрабой) Жўрабоев ишини яқиндан ўрганиб, унга ҳуқуқий кўмак кўрсатиб келаётган “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева.
Шу ўринда қайд этиш жоизки, ҳуқуқ фаолининг Феруза Маматова тақдиридан хавотирланиши бежиз эмас. Бундан аввал сайтимиз мухбири билан гаплашган Маматова Ғаллаорол туман ҳуқуқ-тартибот идораси ходимлари унга таҳдид қилганларини, шунинг учун у узоқ вақт давомида ҳеч ким, шу жумладан журналистлар билан ҳам алоқага чиқа олмаганини айтганди.
““Телефонингни синдириб ташла”, дейишди. “Ҳаммага Наби акани яхши, деб айтасан, агар бировга телефон қилсанг ёки ошналари билан гаплашсанг, сени ҳам қамаймиз олиб бориб”, дейишди. “Бирор жойга мурожаат қилсанг, ҳаммаси бизни қўлимизда”, дейишди. Қўрқдим “Наби акага бирор нарса қилишади”, деб”, деган эди бундан бир ярим ой аввал “Жараён” мухбири билан телефон суҳбатда Феруза Маматова.
Устига-устак, суд жараёни бошлангандан кейин Феруза Маматованинг ўзига ҳам жиноий иш қўзғатилиш хавфи пайдо бўлганди.
– Жўрабоевни хонадонига жорий йилнинг 31 май куни тонгда келиб, уни алдов йўли билан уйидан олиб кетганлардан бири – Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармасининг Уюшган жиноятчиликка карши-курашиш ва Жиноят қидирув бошқармаси вакили Абдувоҳидов Шаҳоб суд жараёнини тўлалигича назорат қилиб борган. Жўрабоевнинг қамоқда қолишидан манфаатдор бўлган бу кимса суд пайтида жабрланувчилар ва гувоҳларни кўргазмалари ва саволларга бераётган алғов-далғов жавобларидан очиқ ошкора жаҳлланиб, уларни ўз назоратида ушлаб турган.
Чунки гувоҳлар ва жабрланувчилар судда кўргазма бериш пайтида адвокатларни ва Тўрабой акани сўроқ саволларига жавоб бера олмаганлар. Баъзи бир гувоҳлар ва жабрланувчилар вилоят ИИБдан келган Адувоҳидов Шаҳоб уларни Набижон акага қарши кўргазма беришга мажбур қилганини ва ҳозир ҳам уларни қўрқитаётганлигини айтишган. Ҳақиқатдан ҳам Абдувоҳидов Шаҳоб суд пайтида суд бўлаётган хонанинг ташқарисида туриб, жабрланувчилар ва гувоҳларга терговда берган кўргазмасидан қайтмаслик, акс ҳолда, аҳволларига маймунлар йиғлаши ҳақида айтиб қўрқитиб келган.
10 август – шанба куни кечки соат 18ларда Феруза Маматовани Ғаллаорол туман Ички ишлар бўлимига чақиртиришган. Ички ишлар бўлимида Феруза Маматова билан яна ўша – Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармасининг Уюшган жиноятчиликка карши-курашиш ва Жиноят қидирув бошқармаси вакили Абдувоҳидов Шаҳоб “суҳбат” ўтказган. “Эринг бизни қўлимизда, нимага Интернетга берасан?”, деб дўқ пўписа қилган.
14 август куни суд соат 15да бошланган. Лекин унгача кундуз соат 12да участка нозири Феруза Маматовага яна Абдувоҳидов Шаҳоб билан суҳбатдан ўтиш учун Ғаллаорол туман Ички ишлар бўлимига бориши кераклигини айтган. Маматова Ички ишлар идорасига 12ларда борган ва Абдувоҳидовнинг қабул қилишини кутиб ўтирган.
Шу пайт Абдувоҳидовнинг кабинетидан жабрланувчи Нурматов Мирзааҳмад (“Ғаллаоролтумангаз” идораси ходими) чиқиб кетган, ундан кейин кабинетга яна бир жабрланувчи – Қувондиқов Аброр кириб кетган. У ҳам чиқиб кетганидан кейин Абдувоҳидов Шаҳоб кабинетга таклиф қилинган Феруза Маматовадан унинг мобил телефони номерини сўраган ва у телефон номерини айтганидан кейин чиқиб кетаверишини айтган, холос.
Лекин энг қизиғи кейин содир бўлган. Судда қолган жабрланувчилар ва гувоҳларни кўргазмалари эшитилиб бўлингандан кейин жабрланувчи Нурматов Мирзааҳмад Феруза Маматова Интернет орқали Нурматовни шарманда қилувчи, туҳмат материалларни тарқатганлиги учун унга нисбатан қонуний чора кўришни, яъни Феруза Маматовага нисбатан жиноят иши қўзғатишни талаб қилиб, судга шикоят аризаси топширган.
Жўрабоев адвокатларидан суднинг ишига ҳалақит бериб, ҳақиқатни рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилаётган, гувоҳлар, жабрланувчиларни қаттиқ назорат остига олиб турган ва хотини Феруза Маматовага қарши фитнани бошқараётган Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармасининг Уюшган жиноятчиликка карши- курашиш ва Жиноят қидирув бошқармаси вакили Абдувоҳидов Шаҳобга нисбатан чора кўришни сўраб, судга мурожаат қилишларини илтимос қилган” дейди суд жараёнини кузатиб бораётган Мўътабар Тожибоева.
Эслатиб ўтсак, 22 май куни маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари асл исми Тўрабой бўлган, чор-атрофдагилар эса Набижон деб таниган жиззахлик 75 ёшли оқсоқол Набижон Жўрабоев уйида тинтув ўтказиб, унинг паспорти, тегишли идораларга ёзган шикоятлари, бошқа ёззишмалари сақланаётан папкалари, диктофони ва дискларини олиб кетишганди. Бундан бир неча кун ўтиб эса, яъни 31 май куни Жўрабоев ўз уйидан ноқонуний равишда олиб кетилганди.
Кейинчалик эса Жўрабоевга товламачилик ва фирибгарлик айби қўйилиб, унинг устидан суд маҳкамаси жорий йилнинг 5 август куни Жиноят ишлари бўйича Ғаллаорол туман судида бошланганди. Бироқ бир неча суд маҳкамаларида гувоҳлар бирин-кетин даъволаридан воз кеча бошлагандилар.
Аммо “Жараён”нинг Ғаллаоролдаги манбаларига кўра, гувоҳлардан баъзилари маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари айрим ходимларининг дастаги билан яна ўз сўзидан тонишга ҳозир бўлиб тургандилар.
“Жараён” Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туман Ички ишлар бўлимида сақланган Набижон (Тўрабой) Жўрабоев ҳибсда сақланганидан йигирма кун ўтгачгина яқинлари билан кўриштирилгани ва тергов изоляторида унинг аҳволи оғирлашгани ҳақида маълум қилганди.
Набижон (Тўрабой) Жўрабоев хориж оммавий ахборот воситалари, ҳусусан, “Озодлик” радиосининг фаол суҳбатдошларидан бири бўлиб, у киши Жиззах вилоятида содир бўлаётган адолатсизликлар ҳақида журналистларга ўз муносабатини билдириб келган. Шунингдек, Жўрабоев маҳаллий аҳоли орасида ҳуқуқлари қўпол равишда бузилаётган оддий инсонларнинг ҳақларини ҳимоя қилиш билан ҳам кенг танилганди.
Бундан аввал, “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари, Жўрабоев Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидаги адолатсизликлар, коррупция жиноятлари, ҳусусан, маҳаллий ҳоким Илҳом Эшонқулов томонидан содир этилаётган жиноятларга қарши курашиб, бонг уриб келгани, ва айнан инсон ҳақлари учун курашганлиги боисидан ҳам қамоққа олингани ва қийноқларга дучор қилингани ҳақида гапирганди.
“Жараён” ғаллаороллик мустақил ҳуқуқ фаоли Набижон (Тўрабой) Жўрабоев ва унинг оила аъзолари тақдирини яқиндан кузатиб, бу ҳақда ўз ўқувчиларини хабардор қилишда давом этади.
София ДАВРОНОВА
Fikr bildirish