Ҳуқуқ фаоли Рустамов судга боришдан бош тортди
Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси вакили Шуҳрат Рустамов 18 октябрь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судидан телефон орқали чақириқ олган, бироқ у ерга бормаган.
Бу ҳақда “Жараён”га ҳуқуқ фаолининг ўзи маълум қилди.
– Соат 12 да телефон қилишди. “Соат 3 га етиб келинг, ишингизни кўрамиз. Айблов эълон қилинган, хулосасини олгансан, подписка бергансан”, дейишди.
Мен: “Биринчидан, судга тайёр эмасман, иккинчидан, ҳеч қанақа подписка берган эмасман ва айблов хулосаси билан танишган ҳам эмасман”, дедим. Судга бормадим, лекин шу айтилган гапларимни ёзиб, битта телеграмма юбордим, – деди Шуҳрат Рустамов.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 30 май куни Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман Ички ишлар бошқармаси Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси фаоли Шуҳрат Рустамовга нисбатан мамлакат Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) бўйича жиноят иши очган эди.
Бундан 23 август куни хабар топган Рустамовнинг айтишича, мазкур иш Жиззах вилояти Зомин туман прокуратурасининг сўрови билан очилган экан.
– Менинг ишим жиззахлик фермер Алиқул Саримсоқовнинг иши билан боғлиқ эди, битта қарор чиқарган эди. Менга тегишли қисмини бу ёққа юборган. 24 августда президентга шикоят аризаси ёзиб юборганимдан кейин бу иш тақатақ тўхтаган эди. Бу ерда танганинг бошқа томони бор. Алиқулга кеча ҳукм чиқаришиб, уч йил шартли жазо беришди-ку.
Энди мен ҳам шу ишда “шерик” бўлганим учун менга ҳам бирорта жазо тайинлаши керак-да булар. Конституциянинг 18-моддасидаги “тенг ҳуқуқлик” талабига риоя қилиш учун шунақа қилиши керак-да. Лекин мен бормадим, чунки айблов хулосасини олмаганман ва ҳеч қанақа процессуал ҳаракатлар, тергов ҳам бўлган эмас, – дейди Шуҳрат Рустамов.
Ҳуқуқ фаолининг айтишича, агар ўзига нисбатан маҳкама ҳукм чиқармаса, у ҳолда Алиқул Саримсоқовга чиқарилган Зомин туман судининг ҳукми ноқонуний бўлиб қолади.
Зоминлик фермер Алиқул Саримсоқов Ўзбекистон Жиноят Кодексининг учта моддаси – 139-модда (“Туҳмат”), 140-модда (“Ҳақорат”) ва 159-модда (“Ўзбекистон Республикаси Конституцион тузумига тажовуз”) бўйича айбланиб, маҳкамага тортилган эди.
14 октябр куни Зомин туман суди Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоя альянси аъзоси, собиқ фермер Алиқул Саримсоқовни айбдор деб топди ва уч йил шартли қамоқ жазосига ҳукм қилди.
– Алиқул Саримсоқов 2009 йилда ҳам сохта айбловлар билан қамалган эди. Лекин амнистияга тушиб, озодликка чиқди. У адолатни қарор топтириш учун мендан ҳуқуқий ёрдам сўради ва мен уни ҳимоя қилдим.
Шунинг ортидан Зомин туман прокурорию ҳокимлари менинг ҳам таъзиримни бериб қўйиш мақсадида мана шу иш очилган эди. Бугун ноқонуний ишларини давом эттириб, повестка йўқ, қарор йўқ, айблов йўқ – чақиришиб, суд қилишмоқчи, – дейди Шуҳрат Рустамов.
Альянс фаоли Шуҳрат Рустамов ўзига нисбатан “ҳақиқий иш тутган бирор судья қамоқ жазоси тайинлай олмаслиги”ни айтади.
– Мени “туҳмат”, “ҳақорат” билан ҳам, 159-модда билан ҳам қамата олмайди, агар судьялар ҳақиқий иш қилса. Лекин подлог бўлса, бўлиши мумкин. Масалан, менга: “Адвокатинг билан бирга делони ўрганиб чиққансан, судебний протоколга қўл қўйишдан бош тортгансан”, дейишаяпти. Қанақа протокол? Менинг ҳеч қанақа адвокатим бўлмаган, давлат тарафидан тайинланган адвокатдан ўша куниёқ отказ қилганман, протоколни кўрмаганман. Мана шуларнинг ҳаммаси подлог, – дейди ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамов.
Эслатамиз, ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамов ўтган йилнинг ёзида ҳам туҳматда айбланиб, маҳкамага тортилган ва суд залидан озод қилинган эди.
2012 йилнинг ноябрида эса у ўнга яқин ҳуқуқ фаоли билан Тошкентда йиғин ўтказмоқчи бўлган чоғида ҳибсга олиниб, Шайхонтоҳур туман Ички ишлар бошқармасининг вақтинча сақлаш ҳибсхонасида бир муддат ушлаб турилиб, сўнгра қўйиб юборилганди.
Ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамов сўнгги пайтларда Ўзбекистон ҳукуматига мухолиф доира вакиллари ва уларнинг яқинлари ҳамда ҳуқуқ фаолларининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилаётгани ортидан ўзига нисбатан босимлар тобора кучайиб бораётганини урғулади.
Гулнора РАВШАН
Fikr bildirish