Шукуржон Абдураҳмонова: Солижон азобланмасин десанглар, унинг номини эсламанглар
Жорий йилнинг 3 октябрь куни мустақил журналист Солижон Абдураҳмонов соғлиғи ёмонлашгани туфайли Қаршидаги 64/51-колониясидан Тошкентдаги “Сангород”га кўчирилган.
Пайшанба, 17 октябрь куни мустақил журналист ва ҳуқуқ фаоли Солижон Абдураҳмоновнинг яқинлари у билан учрашиш ҳамда дори-дармон ва егулик бериш учун УЯ 64/18-қамоқхона шифохонасига (бу жой эл орасида “Сангород” деб аталади) борганлар.
Бироқ журналистнинг қариндошларига Солижон Абдураҳмонов 15 суткага жазо изоляторига ташлангани ва 1 ноябргача ўша ерда бўлишини айтганлар.
Бу ҳақда 17 октябрь куни Солижон Абдураҳмоновнинг рафиқаси Шукуржон Абдураҳмонова “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ассоциацияси раҳбари Мўътабар Тожибоевага телефон орқали маълум қилган.
– Сизлардан илтимос, турмуш ўртоғимнинг ҳимояси учун ҳаракат қилишни тўхтатинглар. Чунки Солижон Абдураҳмонов ҳимояси учун қанча ҳаракат қилинса, унга нисбатан қўлланилаётган қийноқлар ҳам шунча кучаймоқда.Сизлардан илтимос, Солижон Абдураҳмонов азобланмасин, қийналмасин десанглар, уни номини эсламанглар, – деди йиғлаб Солижон Абдураҳмоновнинг рафиқаси Шукуржон Абдураҳмонова Мўътабар Тожибоева билан телефон орқали суҳбат чоғида.
Шукуржон опа сўзларига кўра, колония раҳбарияти Солижон Абдураҳмоновнинг яқинларига у билан учрашишга рухсат бермаган. Улардан ошқозон яраси дардини тортаётган журналист учун ўта зарур дори-дармонларни ҳам, озиқ-овқатларни ҳам қабул қилмаганлар.
Мўътабар Тожибоева ошқозон ярасидан азобланаётган ва эҳтимолки, жарроҳлик амалиётига эҳтиёжи бўлган Солижон Абдураҳмоновнинг жазо изоляторига ташланишини инсонийликка мутлақо зид хатти-ҳаракат, деб ҳисоблайди.
– Жазони ижро этиш муассасалари ички тартиб-қоидасига кўра, изоляторга қамалиши кўзда тутилган маҳкумни муассаса бош врачи ўз назоратидан ўтказиши лозим ва қачонки, бош врач маҳкумнинг мутлақо соғлом эканига кафолат бериб, “изоляторга қамаш мумкин” деган ҳужжатга имзо чекиб берганидан кейингина уни изоляторга қамашлари мумкин.
Ўзбекистон қамоқхоналарида маҳкумларга етарли ва сифатли озиқ-овқат берилмаслиги важидан кўпинча оч-наҳор қолиниши туфайли маҳкумларнинг кўпчилиги ошқозон-ичак касаллигига чалинади. Жазо изоляторида эса бундан ҳам баттар. Изоляторда фақат уч маҳал овқат – эрталабки нонушта, тушлик ва кечки овқат берилади, холос. Қолган пайтда маҳкумга на сув, на чой, на ейиш учун бирор таом берилади.
Жазо изоляторида маҳкумлар саҳар соат 5 да уйқудан туришга мажбур қилинади. Темир кушетка эрталаб 5 да йиғиштирилиб, деворга қулфлаб қўйилади. Бундан ташқари, Ўзбекистон қамоқхоналаридаги жазо изоляторлари бетондан қилинган бўлиб, полидан захнинг ҳиди уфуриб туради. Ҳар бир камерада биттадан темир стул қўйилган бўлиб, маҳкумнинг кун бўйи беш дақиқа бўлса-да, ётишига йўл қўйилмайди.
Ҳожатхона камеранинг ичида бўлиб, маҳкумлар қўлини чайиш учун ҳожатхона трубасидан оқаётган сувдан фойдалана оладилар, холос. Яъни маҳкумлар ташқарига юз-қўлларини ювиш учун бир марта – эрта тонгдагина олиб чиқилади. Изоляторга қамалган маҳкумлар фақат бир қават кийим-бош билан сақланадилар, холос. Фақат ҳаво ҳаддан ташқари совиб кетганидагина иссиқ кийимга рухсат беришади. Бўм-бўш изоляторда ётган маҳкумлар кунига икки марта махсус текширувдан ўтказилади. Хасталаниб, аҳволи ёмонлашиб қолган маҳкумга медицина ёрдами кўрсатилмайди.
Бугунги кунда ошқозон яраси билан оғриётган Солижон Абдураҳмонов худди мана шундай вазиятда сақланмоқда. Оила аъзолари эса унинг ҳимояси учун бонг урмаслигимизни, Солижон Абдураҳмонов номини унутишимизни ўтиниб сўраяптилар. Бундан кўриниб турибдики, айнан бугун ҳар доимгидан ҳам баралла, бор овоз билан Солижон Абдураҳмоновнинг озод этилишини талаб қилишимиз керак. Агар бугун бонг урмасак, эртага кеч бўлади, – деди ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоева.
Шунингдек, Тожибоева хоним ўзбек расмийлари журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Солижон Абдураҳмоновни йил охирида эълон қилиниши мумкин бўлган амнистияга туширмаслик мақсадида шу кунда ундан қамоқхона ички тартиб-қоидаларини қўпол тарзда ва доимий равишда бузувчи «тартиббузар» ясаётганларини қўшимча қилди.
63 ёшли Солижон Абдураҳмонов Uznews.net ахборот хизмати журналисти бўлиб ишлаган ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти билан шуғулланган. У 2008 йили Қорақалпоғистон мухтор республикаси пойтахти Нукус шаҳрида йирик миқдорда гиёҳванд модда сақлаганлик ва тарқатганликда айбланиб, қўлга олинганди.
Маҳкама чоғида Солижон Абдураҳмоновнинг айби исбот этилмаганига қарамай, ўзбек суди уни 10 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган. Инсон ҳуқуқлари муҳофазаси билан шуғулланувчи обрўли халқаро ташкилотлар журналистга қарши ишни уйдирилган, деб ҳисоблайдилар.
Бугунги кунгача Солижон Абдураҳмонов сақланган Қарши колонияси раҳбарияти журналистни у қилмаган турли тартиббузарликлар учун бир неча бор жазо изоляторига ташлаган. Шу тариқа, ўзбек расмийлари бир неча йил мобайнида унинг амнистия орқали озодликка чиқишига тўсқинлик қилиб келмоқдалар.
Шу йилнинг 8 октябрь куни Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти матбуот варақчаси эълон қилган, унда Солижон Абдураҳмоновнинг бир колониядан бошқасига кўчирилиши америкалик сенаторларнинг ўзбекистонлик сиёсий маҳбуслар ишига аралашгани билан боғлиқлиги айтилганди.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг июнь ойида АҚШ Сенатининг 12 аъзоси президент Ислом Каримовга мактуб йўллаб, узоқ муддатларга озодликдан маҳрум қилинган уч нафар сиёсий маҳбус – ҳуқуқ фаоли Аъзам Турғунов, қорақалпоғистонлик журналист Солижон Абдураҳмонов ва тошкентлик журналист Дилмурод Саййид вазияти юзасидан хавотир изҳор қилганди.
“Жараён” таҳририяти
Fikr bildirish