Стефания Кулаева: Миллатчиликдан ҳадиксираш Кремлни ирқчиликка қарши қўрқа-писа ҳаракат қилишга мажбур қилмоқда
Бирюлёводаги тартибсизликлардан сўнг Москвада ўзбекистонлик ва озарбайжонлик муҳожирлар ўлдириб кетилди.
16 октябрь, чоршанба куни қатор омммавий ахборот воситалари Шарқий Бирюлёвода 51 ёшли эркакнинг пичоқланган жасади топилганини маълум қилди.
“15 октябрь куни 6-Радиальная кўчасида жойлашган Царицино ва Покровская станциялари навбатчиларидан Курская темир йўлидаги икки станция орасидан эркак киши жасади топилгани ҳақида маълумот келиб тушган. Воқеа жойига келган полициячилар танасининг кўплаб жойига тиғ урилган ўзбекистонлик эркак жасадини топганлар”, дея хабар қилди “РИА Новости” ахборот агентлиги.
Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари воқеанинг бошқа тафсилотларини ҳозирча очиқлаганлари йўқ.
16 октябрь куни Москвада озарбайжонлик 27 ёшли меҳнат муҳожири Руслан Гарахайлиннинг ҳам жасади топилди.
Кузатувчилар Ўзбекистон ва Озарбайжон фуқароларининг ўлдирилиши маҳаллий рус миллатчилари ва тақирбошларнинг иши, улар ўлдирилган 25 ёшли Егор Шчербаков учун шу йўл билан ўч олмоқдалар, деб ҳисоблайдилар.
Эслатиб ўтамиз, 11 ноябрга ўтар кечаси Москванинг Ғарбий Бирюлёво мавзеида чавақланиш оқибатида 25 ёшли москвалик йигит Егор Шчербаков жон таслим қилганди. У юрагига пичоқ урилгани оқибатида нобуд бўлган.
15 октябрь куни полициячилар Москва яқинидаги Коломна шаҳрида Егор Шчербаковни ўлдирганликда гумонланаётган 30 ёшли озарбайжонлик Ўрхан Зейналовни қўлга олишган. Зейналов мазкур жиноятни содир қилганлигига иқрор бўлган.
Егор Шчербаковнинг ўлимидан сўнг Ғарбий Бирюлёвода мавзеда яшовчи кишилар ва маҳаллий миллатчилар иштирокида норозилик акцияси бўлиб ўтди. Улар ҳуқуқ-тартибот идораларидан нафақат Шербаковнинг қотилини топиб, жазолашни, балки мавзеда яшаётган барча меҳнат муҳожирларини чиғириқдан ўтказишни талаб қилиб чиқишди.
Бу норозилик намойиши тартибсизликка айланиб кетди. Бир гуруҳ ёшлар миллатчилик шиорларини ҳайқириб айтиб, машиналарни ағдариб, мавзедаги “Бирюза” савдо маркази ҳамда асосан марказий осиёликлар ва кавказликлар ишлайдиган сабзавот базасига ҳужум қилдилар.
13 октябрь куни Ғарбий Бирюлёвода содир бўлган тартибсизликлар оқибатида 23 киши жароҳатланди, уларнинг 8 нафари полициячилардир. Москвада ўтказилган рейдлар натижасида 1200 нафар меҳнат муҳожири қўлга олинди, уларнинг орасида ўзбекистонликлар ҳам бор.
Москвада содир бўлган воқеалар юзасидан “Жараён” Санкт-Петербургдаги “Мемориал” аксилдискриминацион маркази дастурлар раҳбари Стефания Кулаевага изоҳ сўраб мурожаат қилди.
Жараён: Кулаева хоним, Егор Шчербаков ўлими юзасидан тергов якунига етиб, суд бўлиб ўтмаган бўлса-да, ҳамма айб яна Марказий Осиё ва Кавказдан келганлар зиммасига юкланди. Оммавий ахборот воситалари, ҳукуматни ёқлайдиган ва мухолифатдаги сиёсатчилар ҳам ҳамма айбни меҳнат муҳожирларига тўнкамоқда.
15 октябрь куни дунё мусулмонлари муқаддас Қурбон ҳайитини нишонланаётган пайтда хакерлар Россиядаги асосий исломий сайтларга ҳужум қилиб, уларга оғзига Қуръон китоби солиб қўйилган тўнғиз калласи суратини жойлаштирдилар. Бу воқеалар бир кун ўтгач, Москвада бир ўзбекистонлик ва яна бир озарбайжонлик ўлдириб кетилгани маълум бўлди.
Сизнингча, Россиядаги бу воқеалар оқибатда нимага олиб келиши мумкин?
Стефания Кулаева: Бирюлёвода содир бўлган воқеа фожиадир. Қотил ким бўлишидан қатъий назар, Шчербаковнинг ўлгани фожиадир. Бу ўлим баҳонасида амалга оширилган исён ва босқин фожиадир. Сабзавот омборининг ҳам, савдо марказининг ҳам бу ёш йигитнинг ўлимига ҳеч қандай алоқаси йўқлиги аввал-бошданоқ ҳаммага маълум эди. Аммо полиция бўлими олдидаги “йиғин”дан (одамлар жиноятни текшириш ва олдини олишни талаб қилишини, ҳар ҳолда, изоҳласа бўлади) бошланган тартибсизликлар тез орада барча “рус бўлмаганлар”га қарши босқинга айланиб кетди.
Ваҳоланки, сабзавот базаси ходимларини бирон нарсада айблаш учун ҳеч қанақа сабаб йўқ эди ва бўлиши ҳам мумкин эмасди (қўлга олинган гумонланувчи таксичи бўлиб чиққан). Биз ўзбек муҳожири ўлими тафсилотларини ҳали билмаймиз, бироқ Бирюлёводаги босқин видеоси, “уларни сўйиш керак” деган қичқириқлар (шу жумладан кўплаб аёлларнинг қичқириқлари!!!) ва шу кабилар ҳужум ирқчилик асосида содир этилгани ҳақидаги тахминнинг ҳақиқатга яқин эканини кўрсатади. Бунинг қабатида сайтларга ҳужум анчайин шўхликдан кўринади…
Жараён: Сизнингча, бугунги кунда Россия жамияти миграция масаласини нима учун бу қадар оғир олмоқда? Бунда Россия расмийларининг ҳозирги пайтда олиб бораётган сиёсати асосий роль ўйнаяпти, деб ҳисоблайсизми?
Стефания Кулаева:Расмийлар сиёсатида қарама-қаршиликлар мавжуд. Бизда ҳокимият бизнес билан чатишиб кетган, демакки, у миграциядан манфаатдор. Бироқ кўз ўнгимизда мамлакатдаги асосий норасмий сиёсий кучга айланаёзган миллатчилик олдидаги қўрқув расмийларни ирқчиликка қарши курашда қўрқа-писа ҳаракат қилишга – босқиндан кейин юзлаб босқинчиларни эмас, балки минглаб меҳнат муҳожирларини қўлга олишга, уйдирилган баҳоналар билан сабзавот базасини ёпишга (бу, шубҳасиз, шаҳарликлар ва Бирюлёво мавзеида истиқомат қилувчилар зарарига бўлади, эндиликда улар озиқ-овқат маҳсулотларини арзон-гаров сотиб ололмайдилар), “ноқонуний муҳожирлар” дейилаётганларга қарши қатағонни кучайтиришга мажбур қилмоқда.
Шунга қарамай, ҳамма айбни фақат расмийларга тўнкаш анойилик бўларди. Ирқчилик, ксенофобия, муҳожирларга нисбатан асоссиз нафрат Россия жамиятидаги жуда кўплаб одамлар йўлиққан касалликдир.
Бунинг бадалини фақат келгиндилар эмас, россияликларнинг ўзлари ҳам тўлашларига тўғри келади. Қўрқаманки, бу бемаъни қўрқув, ҳасад, нафрат ва тажовузкорлик учун жуда катта бадал тўлашга тўғри келади. Биз ХХ асрдаги хатоларни такрорламасдан, тарих сабоқларини англашимиз ва қабул қилишимиз керак…
“Сова” ахборот-таҳлилий маркази маълумотларига кўра, “2012 йили Россияда қурбонлар гуруҳи ичида иккинчи ва “этник” мансубиятга кўра қурбон бўлганлар орасида эса биринчи ўринга Марказий Осиёдан келганлар чиққан, учинчи ўринни қора танлилар эгаллаган”.
Қайд этиш жоизки, сўнгги бир неча йил ичида оммавий ахборот воситалари Россияда Тожикистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Африка, Вьетнам ва Туркия фуқаролари шафқатсизларча ўлдириб кетилганига оид хабарлар билан тўлиб кетди.
Уларнинг баъзиларини ёдга олсак.
2008 йил охирида Москва жанубий-ғарбида худди Егор Шчербаков каби ҳеч қанақа айби бўлмаган қозоғистонлик йигит, Россия Нефть ва газ институти талабаси Ерлан Айтимов шафқатсизларча ўлдириб кетилганди. У атиги 18 ёшда эди.
Ерлан автобус бекати олдида тез ёрдам етиб келгунича жон берган. Шифокорлар ёш йигит пичоқ бевосита жигарига бориб санчилгани туфайли кўп қон йўқотиш оқибатида жон таслим қилганини қайд этганлар.
Ерлан Айтимовни яхши билган одамлар у жуда тинчликсевар инсон бўлганини, ҳеч қачон қонунга қарши иш тутмаганини айтадилар. Аксинча, асли остоналик бу йигит мусиқа, спорт, граффитига қизиқадиган жуда истеъдодли инсон бўлган. Ерланнинг яқинлари у ўқишни жуда ҳам яхши кўргани ва яхши билим олиш мақсадида Москвага келганини айтишган. Ерлан Айтимов онасининг ёлғиз ўғли эди.
Ўшанда Москва ҳуқуқ-тартибот идоралари қозоғистонлик талаба рус миллатчилари ёки тақирбошлар томонидан ўлдирилган бўлиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилишмаганди. Уларнинг маълумотларига кўра, қозоғистонлик талаба ўлдирилган мавзеда, яъни Москва жанубий-ғарбида марказий осиёлик ва кавказликларга нисбатан ҳужумлар кўп кузатилган.
Мазкур ҳодиса юзасидан очилган иш ими-жимида унут бўлиб кетди. Москвада ваҳшийларча ўлдириб кетилган қозоғистонлик талаба иши қандай якун топганидан жамоатчилик ҳалигача хабарсиз.
Ўша йили Москванинг Шимолий маъмурий округида 35 ёшли вьетнамлик аёлга ҳужум қилинганди. Гувоҳларнинг айтишларича, бир гуруҳ ёш йигитлар ҳеч бир сабабсиз аёлга ҳужум қилиб, унинг кўкраги ва буйнига бир неча маротаба пичоқ санчганлар. Вьетнамлик аёл Москвадаги кийим-кечак бозорларидан бирида ишлаган. Полиция мутасаддилари ўшанда аёл миллий низо туфайли ўлдирилган бўлиши мумкинлигини билдиргандилар.
2008 йили Россия пойтахтида икки нафар ўзбекистонлик ўлдириб кетилганди. Эр-хотин маҳаллий ЖЭКларнинг бирида фаррош бўлиб ишлаган. Славянча қиёфали уч йигит сим чивиқ билан аввал 47 ёшли Ўктам Равоевни, сўнг эса 41 ёшли Матлуба Ахлядовани савалаганлар, сўнг эса улар танасига бир неча бор пичоқ урганлар. Эркак ўша жойнинг ўзида жон берган, аёл эса касалхонага олиб кетилаётганда жон таслим қилган. Уларнинг уч нафар фарзанди етим қолган.
Ҳуқуқ фаоллари Россияда миллий адоват асосидаги жиноятлар кўпайиб бораётгани юзасидан бир неча бор хавотир билдирганлар. Аммо, уларга кўра, одатда бундай жиноятлар кенг жамоатчилик ва мамлакат расмийлари эътиборига камдан-кам ҳолатларда тушади.
Мубина САФАРОВА
Fikr bildirish