Латвия президенти матбуот хизмати маълумотига кўра, 17 октябрь куни соат 12.40 да мустақил Латвия рамзи бўлиб ҳисобланмиш ва мамлакат мустақиллиги учун ҳалок бўлган курашчилар хотираси учун қўйилмиш “Озодлик” ҳайкали пойига гулчамбар қўйиш режаланган. Мазкур воқеа икки давлат раҳбари учрашувида айниқса Ўзбекистон президенти учун муҳим жиҳат бўлиб ҳисобланади.
Ўзбекистонни қарийб чорак асрдан буён бошқариб келаётган Ислом Каримов Марказий Осиёнинг энг истиқболли мамлакатларидан бирини аҳолини қўрқув ва мутеъликда ушлаб туришга имкон берувчи полиция давлатига айлантирди. Бу мамлакатда сўз эркинлиги йўқ, фуқаролик жамияти вакилларини қатағон қилиш эса одатий ҳолга айланган. Аҳолининг прогрессив қатламига қарши сиёсий сабабга кўра очилган, пировардида диний экстремизм ва террорчиликка оид айбловлар жо бўлмиш жиноий ишлар оммавий кўриниш касб этган.
Мамлакатда мустақил ҳакамлик институтининг йўқлиги расмийларнинг айбсиз одамларга нисбатан айблов ҳукмлари чиқаришларига имкон яратган. Мамлакат пенитенциар муассасаларида маҳкумларни қийнаш, таҳқирлаш, уларга нисбатан куч ишлатиш мунтазам характерга эга. Ўз миссиясини тўлақонли бажара олиш имкони йўқлиги туфайли Халқаро Қизил Хоч қўмитасининг Тошкентдаги ваколатхонаси Ўзбекистон қамоқхоналарига ташрифни тўхтатишга қарор қилган. Тамоман қашшоқ ҳолга келтирилган меҳнатга лаёқатли аҳолининг катта қисми қўшни мамлакатлардан иш қидиришга мажбур бўлмоқда ва кўп ҳолларда 21-аср қулларига айланиб қолмоқда.
“Озодлик” ҳайкали пойига гул қўйишнинг эътиборли жиҳати шундаки, замонамизнинг энг қаттол диктаторларидан бири бўлган Ислом Каримов бу маросимда иштирок этиш орқали мамлакат мустақиллиги йўлида шаҳид бўлган ўн минглаб латишлар хотирасини булғайди. 2004 йил майидан буён Европа Иттифоқи аъзо бўлиб ҳисобланмиш Латвия элининг эркин ва демократик ҳаёти аждодлар қони ва тортган азоб-уқубати эвазига бунёд бўлган.
Латвия мустақиллиги учун курашган инсонлар хотирасини ҳурматлаган ҳолда, “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ассоциацияси истибдодга қарши кураш рамзи бўлмиш “Озодлик” ҳайкали олдидаги табаррук ерда 21-асрнинг энг золим ва шафқатсиз ҳукмдорларидан бири туришини ножоиз иш, деб билади.
Эркинлик ва демократия эталони бўлиб ҳисобланувчи Европа Иттифоқи, Марказий Осиёдаги ўз геосиёсий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, баъзан ўзининг асосий принципларига зид келувчи хатти-ҳаракатларни амалга оширмоқда. 2011 йилнинг январь ойида Брюсселда Ислом Каримовнинг Еврокомиссия раиси Жозе Баррозу ва НАТО бош котиби Андерс Фог Расмуссен билан ёпиқ эшиклар ортидаги учрашувлари бўлиб ўтганди.
Биз бугунги кунда Европа давлатида, демократик мамлакатда диктатор Ислом Каримовнинг қабул қилинишини унинг авторитар режими билан ўйнашиш, деб баҳолаймиз. Бу, бизнинг фикримизча, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятнинг янада хароблашувига олиб келади.
2012 йил якунларига кўра ўзаро мол айланмаси 246 миллион АҚШ долларини ташкил этган мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий алоқаларни таҳлил қиларкан, ташкилотдаги соҳа мутахассислари икки давлат лидерлари учрашувига таъсир кўрсатмиш маълумотнинг ҳаққонийлигига шубҳа қила бошладилар. Мамлакатлар ўртасидаги мол айланмаси ҳажмининг бу қадар кичиклиги ҳамда Каримовдаги агорафобия ва таъқиб васвасасини эътиборга олган ҳолда, уни бунингдек олис сафарга ундаган ҳақиқий сабаблар ҳақида фақат тахмин қилиш мумкин, холос.
Мутахассисларимиз фикрича, икки давлат раҳбари ўртасида мазкур учрашув ўтказилишига туртки бўлган дастлабки сабаблардан бири “TeliaSonera” телекоммуникацион ширкатининг Ўзбекистондаги “Coscom” мобил операторини сотиб олиши бўйича Швеция бош прокуратураси томонидан олиб борилаётган текширув бўлиб ҳисобланади. Олиб борилаётган текширувларга Ўзбекистон уяли алоқа бозорига чиқишда “TeliaSonera” томонидан мамлакат раҳбариятига пора берилгани ҳақида оммавий ахборот воситаларида ёйинланган хабарлар сабаб бўлганди.
Пора миқдори 300 миллион АҚШ долларидан кўпроқни ташкил қилади, ишдаги асосий фигурантлардан бири эса Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова бўлиб ҳисобланади. Банкларида бу жанжал билан алоқадор бўлиши мумкин бўлган ҳисоб рақамлари топилмиш Швейцарияда ҳам расмийлар ўз текширувини олиб бормоқдалар.
Гулнора Каримова ва “TeliaSonera” иштирокидаги шов-шувли ишни ўрганиш чоғида текширув ҳадлари анча кенгайди, фигурантлар сони эса тобора кўпайиб бормоқда. Швейцария ва Франция полицияси Каримовага тегишли кўчмас мулк объектларида тинтувлар ўтказди, ишда эса Латвия изи пайдо бўлди. Маълумотларга кўра, айрим пул ўтказмалари Латвиянинг “ParexBank”и орқали амалга оширилган экан.
Бу шов-шувли текширув Ўзбекистон обрўсига анчагина путур етказди, Гулнора Каримова эса ҳибсга олинишдан қўрқиб, Ўзбекистондан қарийб чиқолмайдиган бўлиб қолди. Унинг WordPress блог-платформаси ва Twitter микроблогидаги ўз саҳифаларини йўқ қилгани ҳам шу билан изоҳланади. Бу саҳифаларда ўзбек диктаторининг тўнғич қизи турли соҳалардаги ўз алоқалари ҳақида батафсил ёзганди. Гулнора Каримова билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш кун тартибида турган асосий масалалардан бири бўлиб ҳисобланади.
“Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти Ислом Каримовнинг Европа мамлакатларида қабул қилиниши уни Европа Иттифоқи мамлакатлари билан тенг ҳуқуқли ҳамкорга айлантиргани ҳолда, бу одам томонидан олиб борилаётган сиёсатнинг маъқулланиши ўлароқ кўрилади, деб ҳисоблайди. Биз бу сиёсатни авторитар мамлакатлар мустаҳкамланишига сабаб бўлувчи мунофиқона сиёсат, деб ҳисоблаймиз.
Биз Латвия Республикаси ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотларини диктатор президент Ислом Каримовнинг “Озодлик” ҳайкали пойига гулчамбар қўйиш маросимида иштирок этишига йўл қўймасликка чақирамиз, чунки бу ҳаракат мамлакат мустақиллиги учун жон фидо қилган ўн минглаб курашчининг ёрқин хотирасини булғайди.
Биз Латвия президенти Андрис Берзиньшга (Andris Bērziņš) Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан режаланган учрашув чоғида инсон ҳуқуқлари, сўз эркинлигига риоя қилиниши масалаларига алоҳида эътибор қаратишни ҳамда Ўзбекистон қамоқхоналарида қолаётган виждон тутқунлари тақдирига оид масалани кўтариб чиқишни тавсия қиламиз.
Мўътабар Тожибаева,
“Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ассоциацияси раҳбари
16 октябрь 2013 йил
Париж, Франция
Fikr bildirish