Ўғирлаб кетилган мусулмон Юнусов Оқилжоннинг онаси Абдуазимова Рахбархоннинг Президент Ислом Каримовга ёзган мактуби

Ўзбекистон республикаси президенти И.Каримовга;

Нусхалари: БМТ нинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарига;
ЕХХТга; «Хюман Райтс Вотч» ташкилотига;
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонасига;
Англиянинг Ўзбекистондаги элчихонасига;
Ўзбекистон республикаси бош прокурорига;
барча демократик ташкилотларга.

Тошкент вилояти, Қибрай тумани, Қибрай қўрғони, Ўқитувчи кўча,
70-уйда истиқомат қилувчи Абдуазимова Рахбархондан

А Р И З А

Мен, Абдуазимова Рахбархон, Сизларга шуни маълум қиламанки, менинг ўғлим, 1971 йил 6 ноябрда туғилган Юнусов Оқилжон Азизжонович 2004 йил 28 май куни эрталаб соат 11-00 лар чамаси Тошкент вилояти, Қибрай тумани, Қибрай шахарчаси, Ўқитувчи кўчаси, 70-уйдан менга тегишли бўлган давлат рақами 30 J 82 40 2109 ВАЗ русумли тўқ қизил автомашинада чиқиб кетганича қайтиб келмаган.

Биз қидирмаган қариндош–уруғ, таниш–билишлар, касалхоналар, морг ва милиция участкалари қолмади.

Ўғлим йўқолишидан 3–4 кун илгари кетидан қандайдир машина кузатиб юрганини айтган эди. Мен унинг намозхон ҳалол бола бўлгани учун хавотирда эдим. Менинг боламнинг қўлида 188-87-70 рақамли уяли телефони бор эди.

Бедарак кетганидан 6–7 кундан кейин шу рақамга телефон қилсам, бошқа бир бегона эркак жавоб берди. Мен ўзимни тутиб тура олмай, йиғлаб юбордим. «Бу телефон боламники эди, ўзи қани?» — деб сўрасам, у киши: «Бу рақамни мен кеча «Юнител»дан сотиб олдим», — деб жавоб берди.

Уч–тўрт кун ичида қандай қилиб бировга тегишли бўлган рақамни сотиб олиш мумкин? Мен унга ялиниб–ёлвориб, «Бу телефон менинг ўғлимга қарашли бўлган, ўғлим қаердалигини айтинг», десам ҳам, у телефонни ўчириб қўйди. Шу тахлитда телефон яна 3–4 кун ишлаб турди, кейин яна ўчириб қўйишди.

Мен туман ИИБга, прокуратурага, ИИВга хамда МХХга хабар берганман. Мана орадан 42 кун ўтган бўлса ҳам, ҳеч ердан тайинли жавоб йўқ.

Мен уни МХХ ходимлари олиб кетганлигини аниқ айта оламан. Чунки уларга ариза берганимиздан кейин МХХ ходими Сайфуллаев Бахтиёр ўзини терговчи деб таништириб, биздан керакли маълумотларни ёзиб олган эди.

Лекин аризамнинг жавобини билиш учун борганимда, шу терговчини сўраганимизда ҳар сафар у тушлик қилишга кетган бўларди, ёки зарур иши чиқиб колган бўларди. 42 кундан бери сарсон – овора бўлиб кетдик.

МХХ дарвозаси олдида менга ўхшаган яқинларини йўқотган ота–оналар, аёллар кўп экан. Бир аёлнинг айтишича, водий томондан бўлса керак, турмуш ўртоғини қидирмаган жойи қолмабди.

Икки ойдан сўнг уйига телефон қилиб, «Турмуш ўртоғингиз МХХда, келиб кетинг» деб хабар беришибди. «Мана уч ой бўлди, мени терговга чақиришяпти, лекин ҳали турмуш ўртоғимни кўрсатишгани йўқ», — деб айтди.

Мен МХХ ходимларидан, бошлиқларидан ўғлимни нима учун ва қаерда ушлаб туришганини аниқ айтишларини сўрайман. Ўғлимнинг 4 та вояга етмаган фарзанди бор. У ҳеч кимга ёмонлик қилмайди, халол бола.

Сизлардан илтимос, ёрдам беринглар деб, нафақадаги она Абдуазимова Рахбархон.

09.07.2004 йил

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.