Сиздан ўғлимни қийнамасликни, майиб-мажруҳ қилмаслигингизни, тахқирламаслигингизни, ўлдириб қўймаслигингизни ўтинаман
Сиздан бир мазлума она сифатида қўл остингиздаги махбусларни, мазлумларни жумладан менинг ўғлим Хусниддинни қийноққа солмаслигингизни, майиб-мажруҳ қилмаслигингизни, тахқирламаслигингизни, ўлдириб қўймаслигингизни ўтинаман.
Аллоҳнинг бандаларига қандай муомала қилсангиз худди ўшанақа муомалани албатта ўзингиз ва болаларингиз ҳам кўрасизлар. Ҳеч кимнинг ҳаққи ҳеч кимда қолиб кетмайди. Ҳеч бир зулм жавобсиз қолмайди. Яхшилик ҳам мукофотсиз қолмайди.
Имом Обидхон қори Назаровнинг рафиқаси Миннура Насриддинованинг
хукумат идоралари ва жамоатчиликка мурожаати
Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик
хизмати раиси Рустам Иноятовга
Нусхаси: Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига
Ўзбекистон телевидениесига
Инсон хукуки ташкилотларига
ОАВга
Насриддинова Миннурадан
(Тошкент, С. Рахимов тумани, Ниёзов кўчаси, 3/54-55, тел: 49-36-19)
А Р ИЗ А
Хусниддин Назаров, имом Обидхон қорининг ўғли
Хурматли Раис жаноблари. Сизга ўғлим Назаров Хусниддинни сизнинг ташкилотингиз томонидан ўғирлаб кетилгани муносабати билан яна хат ёзаяпман.
Сизнинг номингизга 15 июн куни юборган талабнома хатимга мана икки ойга яқин вақт ўтди жавоб бермадингиз. Хатимга сизнинг ўрнингизга Миллий хавфсизлик хизмати Тошкент шахар Бошқармаси ходими Алимухамедов Ш. имзоси билан 2004 йил, 4 июл куни жавоб келди.
Унда «Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати Тошкент шахар Бошқармаси ходимлари фуқаро Назаров Х. О. ни хибсга олмаган» деган қисқа жумла бор. Мен хатга жавобни сиздан кутаяпман. Нима учун Республика МХХси рахбарига ёзилган хатга шаҳар Бошқармасининг бир ходими жавоб ёзади?
Мен сизга ёзган у ва ундан олдинги хатларимда ўғлим Назаров Хусниддинни 2004 йил 16 май куни шом намозига кетаётганда уйимиз олдидан ўғирлаб кетишганини ва мен бу ишни сиз бошчилик қилаётган ташкилот ходимлари томонидан амалга оширилган деб билишимни айтдим. Аммо ҳеч бир натижа бўлмади. Сиз менга бирор марта жавоб бермадингиз.
Мен сизга яна хат ёзиб ўғлимни қайтариб беришингизни ёки у ҳақда бирор маълумот беришингизни талаб қиламан.
Менинг даъволаримдан бири шуки, С.Рахимов туман ички ишлар ходимлари Хусниддиннинг 188-89-66 рақамли сотовий телефонидан кимларга боғланилганини текшириб кўришди. Ундан кимга қилинган ва унга кимлар телефон қилганини суриштиришди. Мутлақо бу ишга алоқаси йўқ одамларни чақириб тергов ўтказишди.
Бироқ, Хусниддин шом намозига чиқиб кетишидан олдин унга ким телефон қилганлиги ҳалигача номаълум ва сирлигича қолаяпти. Унга ўша куни соат 19-30 билан 19-45 орасида кимдир телефон қилиб, пул қарз бериб туришни сўраган. У бироз иккиланиб туриб, «Ҳўп майли хозир учрашамиз сиз билан», деб чиқиб кетган. Аммо шундан кейин қайтиб келмади.
Унга 2004 йил 16 май шом намози олдидан яъни, кеч соат 19-30 билан 19-45 орасида телефон қилиб, уни чақириб олган одам ким эди? Буни албатта сизлар биласизлар. Уни сизлар уюштиргансизлар. Бўлмаса нима учун буни аниқламаяпсизлар? Ички ишлар ходимлари Хусниддин боғланган телефонларнинг ҳаммасини кўтариб текширишган.
Аммо у йўқолган куни қилинган телефон рақамларини текширишмаган. Нима учун? Бунинг сабаби сизларга маълум. Биз телефон станциясига бориб ўша 2004 йил, 16 май куни Хусниддиннинг телефонига қилинган телефон рақамларини билиб беришни сўрадик. Аммо улар буни беришдан бош тортдилар. Улар буни фақат хукумат органларининг ходимларигагина беришларини айтишди.
Сизлар ўша кунги телефон номерларини нима учун кўтармаяпсизлар ва нега бу ҳақдаги маълумотни мендан яшираяпсизлар?
Кеча 2004 йил, 14 август куни Ўзбекистон телевидениеси орқали Назаров Хусниддиннинг сурати кўрсатилиб, унинг йўқолиб қолгани эълон қилинди. Мен бу холатдан қўрқувга тушаяпман. Сизлар ўғлимга бирор ёмонлик қилишга қасд қилдингларми? Уни майиб–мажруҳ қилиб ёки ўлдириб бирор ерга ташлаб кетишни режа қилганмисизлар?…
Биламан, сизлар қонунга риоя қилмаяпсизлар. Аммо Худодан ҳам қўрқмайсизларми? Нима учун бир бечора онага ва бегуноҳ болага, унинг оила аъзоларига бунчалик зулм ўтказасизлар? Ахир биз сизларга ҳеч бир ёмонлик қилганимиз йўқ–ку!
Агар Обидхон қори сизларнинг ғайриқонуний талабингизни бажармасдан, яъни МХХ билан махфий ҳамкорлик қилишдан бош тортиб, сизларнинг ғазабингизни келтирган бўлса, марҳамат уни топиб, ўзини жазоланглар! Нима учун унинг ўғлидан, қариндошларидан ўч олаяпсизлар??!
Бу қайси тоифанинг қонунига тўғри келади? Ўғриларнингми? Менимча ўғрилар ҳам сизларнинг ишингизни қораласа керак. Чунки ўғриликни ўғрилар қилади. Аммо давлат ўғри бўлиши мумкин эмас-ку. Давлат очиқ–ойдин иш қилиши керак эмасми?
Сизларга ва бутун оламга эшиттириб айтаман: бизнинг оила давлатга қарши куч ишлатишга асло рози бўлмаган ва бўлмайди. Бунақа портлатишлар, қуролли хужумларни Обидхон қори доимо қоралаб келганлар. Хусниддин ҳам отасининг тарбиясини олган.
Унинг ҳеч қандай айби йўқ сизларнинг олдингизда! Агар у бирор ғайриқонуний ҳатти–харакат қилганида, албатта сизлар уни аямаган бўлардингиз, ошкора ушлаб қамаган бўлардингиз. У шунинг учун ҳам ўзини эҳтиёт қилиб юрган, ҳеч қанақа тоифага қўшилмаган. Бироқ сизлар ундан отаси учун ўч олаётганингизни бутун мамлакат, бутун дунё билиб, тушуниб турибди.
Иймоним комилки, бизнинг оилани мусулмон дунёси ҳам, Ғарб дунёси ҳам қонундан ташқари ишларга ҳеч қандай алоқамиз йўқлигини яхши билади. Обидхон қорининг, демак бизнинг ягона айбимиз – мусулмонларга сизлар ўтказаётган қатағонларни қоралаймиз.
Сизлар биздан айнан мана шу учун ўч олаяпсизлар. Аммо бундан нима натижага эришиб бўлади?? Бунақа қўполлик, қўрқитув, зулм билан сизлар мақсадингизга ҳеч қачон ета олмайсизлар-ку. Нима учун сизлар шу оддий ҳақиқатни тушунишни истамаяпсизлар, мен шунга ҳайронман.
Сизларга катта фойда келтирадиган маслахат шуки, Хусниддинни ва бошқа ҳамма ўғирланганларни қўйиб юборинглар. Қамоқдагиларни озод қилинглар. Шунда ютуқ сизларда бўлади, иншоаллоҳ. Бу биз мазлумлар учун ҳам, ҳалқ учун ҳам, давлат учун ҳам яхши йўл. Ахир яхшиликка яхшилик қайтишига нимага ишонмаяпсизлар? Ёки ёмонлик билан яхшилик хосил бўлади деб ўйлайсизларми?
Мен энг аввало ўзимга кейин бошқаларга, жумладан Сизга, сизнинг ходимларингизга, хукуматнинг ҳамма аъзоларига иймон–хидоят, инсоф, раҳм–шафқат тилайман. Аллох ҳаммамизни яхши ниятларимизга фақат яхши йўллар билан эришишни насиб қилсин.
Сиздан бир мазлума она сифатида қўл остингиздаги махбусларни, мазлумларни жумладан менинг ўғлим Хусниддинни қийноққа солмаслигингизни, майиб-мажруҳ қилмаслигингизни, тахқирламаслигингизни, ўлдириб қўймаслигингизни ўтинаман.
Аллоҳнинг бандаларига қандай муомала қилсангиз худди ўшанақа муомалани албатта ўзингиз ва болаларингиз ҳам кўрасизлар. Ҳеч кимнинг ҳаққи ҳеч кимда қолиб кетмайди. Ҳеч бир зулм жавобсиз қолмайди. Яхшилик ҳам мукофотсиз қолмайди. Сиздан ўғлимни тез кунлар ичида озод қилиб юборишингизни кутиб,
Насриддинова Миннура
Назаров Хусниддиннинг онаси, Обидхон қори Назаровнинг рафиқаси
2004 йил, 15 август
Хатга 15 июн куни МХХ раисига ёзилган хат илова қилинмоқда
Fikr bildirish