Собиқ МХХ агенти: «Каримов Андижон қирғини айбдори»

Икром Ёқубов, собиқ МХХ агенти, Ислом Каримов атрофидагиларга яқин шахс.У «Озодлик» радиосига сенсацион интервью бериб, унда президентни Андижонда қонли хунрезликни амалга ошириш ва бошқа бир қатор жиноятларда айблади.

27 яшар Икром Ёқубов, ТИВ қошидаги мамлакатлар хавфсизлик кенгашида хизмат қилган, ўн йиллик иш стажига эга бўлган Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) собиқ агенти.У Лондонга (Буюк Британия) келиб, шу ерда сиёсий бошпана сўраб¸ ўзини Британия ҳукуматига топширди.

Ёқубов хавфсиз ҳудудга чиқиб олгач, «Озодлик» радиосига интервью берди. Ўзбекистон кучишлатар идораларининг энг ёпиқ ва энг ифлос жойи – МХХда ишлаган собиқ жосус берган ахборотлар тўғрилиги ва шахси аниқлиги ўз тасдиғини топиши учун радио журналистлари икки ой иш олиб боришди.

Ёқубовнинг сўзларига кўра, у Ўзбекистондан шу йилнинг бошида, ортиқ «жаллодга», яъни у айтмоқчи Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга ишлашни истамагани учун қочиб чиққан. У ўз навбатида, вақти- вақти билан ҳукуматга хавфсизлик кенгашининг мамлакатда ва дунёда бўлаётган муҳим воқеалар тўғрисидаги ҳисоботларини етказиб турган.

«Мен Каримов ҳукуматида ишлаган вақтим, жуда улкан миқёсдаги ноқонуний, жирканч ва мудҳиш воқеаларга гувоҳ бўлдим, дейди Ёқубов «Озодлик» радиосига.Қай тарзда одамларга қарши айбномалар уйдиришларига, қандай қилиб оддий одамларни, Исломга эътиқод қўйган инсонларни ўлдириб йўқ қилишларига, қай тахлитда инсонлар қалбида қўрқув яратишларига гувоҳ бўлдим».

Бироқ Ислом Каримов режими томонидан содир этилган энг асосий жиноят, Андижонда 13 майда амалга оширилди, дейди Ёқубов ишонч билан.Ўшанда ҳукумат қўшинлари шаҳар марказига чиққан юзлаб одамларни қириб ташлаган эди.

Бу қонли қирғиннинг асосий айбдори Ислом Каримовдир.У (Каримов) олий ҳарбий мулозимларига Андижонда норозилик билдираётганларга қарши ўт очишга буйруқ берди, дейди Ёқубов «Озодлик» радиосига. Ўша куни, унинг маълумотларига кўра, 1500 нафар инсон ўлдирилган.

Ёқубовнинг маълумотларига кўра, Андижонда Каримов топшириғини бажарган шахс, 1998 йили Ислом Каримов ёрдамида тожик президенти Имомали Раҳмоновга қарши давлат тўнтариши уюштирмоқчи бўлган тожикистонлик исёнкор полковник Маҳмуд Худойбердиевдир. У ўшанда Ўзбекистондан шимолий Тожикистонга танкларда кириб боради, бироқ ҳужум қайтарилади ва у Ўзбекистонга чекинишга мажбур бўлади. Каримов бу воқеага алоқадорлигини инкор этади. Бироқ Душанбе унга ишонмайди.

Ёқубовнинг тасдиқлашича, Андижондаги «яхши хизматлари учун», Худойбердиев Каримов учун яна ҳам қадрлироқ ва яқинроқ шахсга айланади. Айнан унинг қўшинлари Каримов ва унинг қизларини шахсан қўриқлаш билан шуғулланишади, унга шунингдек, Каримов ўлимидан сўнг, унинг тўнғич қизи Гулнорани ҳукумат тепасига олиб келиш вазифаси юкланган. Ёқубовнинг маълумотларига кўра, 70 ёшли Каримов лейкемия касалидан азоб чекмоқда.

Ўзбекистонга халқаро терроризм таҳдиди – бу сохтакорликдир, дейди Ёқубов. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистондаги 1999 ва 2004 йилги портлашларни ўзбек ҳукуматининг ўзи уюштирган ва бошқарган.Мақсад кейинчалик исломчиларни айблаш, мухолифатни жиноятчи қилиб кўрсатиш ва Ғарб кўмагини олиш бўлган. Аслида эса, Ёқубовнинг сўзларига кўра, Ўзбекистондаги барча экстремистик ва террористик ташкилотлар, жумладан Ўзбекистон Ислом Ҳаракати (ЎИҲ) ёки Акромийлар дея аталган ташкилотларнинг бари, МХХ маҳсулидир.

«Акром Йўлдош («Акромия» лидери) ва Тоҳир Йўлдош (ЎИҲ лидери) – булар, МХХ томонидан махсус тайёрланган шахслардир», — дейди Ёқубов. «ЎИҲ аслида Ислом Каримовнинг буйруғи билан МХХ томонидан ташкил этилган. Тоҳир Йўлдош эса Каримовга энг яқин одамлардан бири ва у Каримов буйруқларини бажариб келади».

Айнан Тоҳир Йўлдош, дея қўшимча қилади Икром Ёқубов, 2001 йили Каримовга қарши ҳақиқий урушни бошламоқчи бўлган ЎИҲ ҳарбий йўлбошчиси Жума Намангонийни ўлдирган. Ўшанда Афғонистонда АҚШнинг ҳарбий кампанияси бошлаб юборилган эди. Бу қотиллик Тоҳир Йўлдошга ЎИҲнинг ягона лидери бўлиш ва бутун ҳаракатни Оқ сарой иродасига бўйсундириш имконини берди.

Каримов режимини фош қилиш, Икром Ёқубовнинг сўзларига кўра, унинг ҳаётига таҳдид солиши мумкин. У яқин орада унга «Интерпол» линияси орқали қидирув эълон қилинишини кутмоқда. Агар у мамлакатга топшириладиган бўлса, уни муқаррар ўлим жазоси кутади. Бироқ, унинг сўзларига кўра, Каримов ва унинг режими ҳақида бор ҳақиқатни айтиш вақти келди.

Uznews.net

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.