Дилмурод Худойқул: Абутов ниқобини ечмоқдами ёки бу мақола нега Понадан ўчирилди?
М.Абутов ниқобини ечмоқда
Дилмурод Худойқул
Манба: «Пона.уз»
Чет-элларга кимлар нима сабаб билан келганлар, билиш мушкул. Ҳозир юзига кўринмас ниқоб тақиб олганлар кўпайиб кетди. Ким қайси ниқобни тақиб олган?
Бироқ инсонларнинг ҳатти ҳаракатлари, гап сўзлари уларнинг аслида ким эканликларини вақт ўтган сари ошкор этиб бораверади. Вақт шундай бир ҳакам сифатидаги воситадир.
Шу кунларда сиёсатшунос Камолиддин Раббимов «Жорий мусулмон дунёсининг фундаментал муаммоси – ҳокимият авторитаризми», номли мақола ёзди. Унинг мақоласининг мазмуни, моҳияти мусулмон давлатларида демократияни ўрнатишга тарғибдан иборатдир.
Бу фикримнинг исботи сифатида унинг мақоласидан кўчирма келтираман. Раббимов шундай деб ёзади: «Ҳеч бўлмаганида ўта муҳим бўлган 5, 6 мусулмон давлатларида мустаҳкам демократиянинг шаклланиши, ушбу давлатлар ҳукуматларининг ҳалқаро сиёсатдаги ҳатти ҳаракатида жиддий бурилиш ясаб, бутун дунёда геосиёсий вазиятни анча ўзгаришига олиб келиб, мусулмон дунёси ўзининг глобал манфаатларини ҳимоя қилишда сифат жиҳатидан янги даражага кўтарилган бўлар эди». Иқтибос тугади.
У мақоласининг бошқа ерида юқоридаги фикрларига ҳамоҳанг: «Либерал демократия, менинг назаримда, ҳар тарафлама ислом ва мусулмонлар учун фойдалидир», дейди. Кўриниб турибдики, Раббимов Мусулмон дунёсидаги муаммоларга ечим сифатида демократияни тақдим этмоқда. Айтиш керакки, Раббимов шу фикрини исботлашга ҳаракат қилиб, мақоласида узундан узоқ маълумотларни кетирган бўлсада, лекин мақола моҳияти бу билан ўзгармаган.
М.Абутов ўз навбатида, К.Раббимовнинг ёзган мақоласини тўлиқ қўллаб-қувватлаб, миннатдорчилик билдирди. У ҳам узун мақола ёзган бўлсада, моҳияти ўша, Раббимовники билан бир хил. Бу дегани унинг «Мен ҳам демократия тарафдориман», деганидир. Менга шундай фикр келадики, М.Абутов аллақачон юзидаги ислом ниқобини ечиб ташлаб, ҳақиқий кўринишини намоён қилибди. Бироқ айнан шундай, деб айбламайман. Сабаби, балки у ҳаёт синовларига дош беролмаётгандир. Унга кимлардир, нималардир тайзиқ ўтказаётгандир. Шу ўринда алоҳида таъкидлайман, мен М.Абутовни ҳам, К.Раббимовни ҳам танимайман.
Мен К.Раббимовнинг мақоласига нисбатан мулоҳазаларимни билдириб, унинг бу қарашлари тўғри эмаслигини имкон қадар билдирдим. М.Абутов мен ёзганларимни ўқиб чиқиб: «…На мантиққа ва на Исломий асосга таянмаган саёз гаплардан иборатдир», деб ёзибди. Қаери саёзлигини айтмаган. Ваҳоланки, мен мақоламда ўзимнинг фикрларимни эмас, аксинча, Қуръони каримдан, ҳурматли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф домланинг фикрларидан келиб чиқиб, кўчирмалар келтириб ёзганман. Бундан келиб чиқадики, М.Абутов учун шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф домланинг фикрлари ҳам, Қуръони карим ҳам қандайдир саёз гаплардан иборат экан.
Шу ўринда менда савол туғилади. Мусулмон дунёсидаги муаммолар Раббимов, М.Абутовларни нима учун қаттиқ қизиқтириб қолди экан? Буни тагида нима ётибди экан? Ҳолбуки, улар шавқ билан тарғиб қилаётган демократия дунёсининг муаммолари мусулмон дунёсиникидан кўп бўлса кўп, лекин кам эмаску!
Бошқа томондан, исломий илмингиз етарли бўлмагани учун сиз иккалангизга ҳеч ким Исломнинг муҳим масалалари ҳақида талашиб тортишиш ҳуқуқини бермаган.
Сизлар кимсизлар? Мен ҳали шайх М.Абутов, шайх К.Раббимов, деб бирор жойда эшитганим ёки ўқиганим йўқ. Ким сизларга ҳаддингиздан ошишга рухсат берди? Бундай масалалар юзасидан фикр айтадиган ўзининг одамлари бор. Бу уларнинг ҳаққи ҳисобланади. Улар деганим етук уламолардир. Террорчи Каримовнинг «Янги дунё» сайтига мақола юбориб турибсиз, ҳеч нарса демадик. Энди очиқчасига Исломга қарши курашга ўтдингизми?
Яна такрорлайман, демократия тузумини мендан олдин Америка ва Оврўпанинг дунё тан олган, кўплаб китоблар ёзган йирик мутафаккирлари аллақачон рад этиб бўлганлар. Кўплаб мисоллар келтиришим мумкин. Сизларнинг улар олдида ҳеч қандай вазнингиз йўқ-ку. Хафа бўлмангу, иккалангиз ҳам исломий илмга эга эмассиз. Буни ўзингиз ҳам тан оласиз. Ҳатто, дунёвий илмни ҳам етарли олмаганингиз билиниб турибди.
Салоҳиддин деганнинг айни шу масала юзасидан ҳатти ҳаракатларининг оқибати нима бўлди? Ибрат олмайсизми? Бугунги кунда ёш бола ҳам сайт ташкил қилиб, отасига ақл ўргатишни билади. Бу одобсизликдир. Яна сизларга эслатаман, бу дунё ва охиратдаги барча саволларга, хусусан, сизларнинг ҳам саволларингизга Қуръони каримда жавоб берилган. Мусулмон киши саволларига жавобни Қурьони каримдан излайди, демократиядан эмас.
Ҳамманинг ўзини ўрни, даражаси бўлади. Сиз иккалангизга маслаҳатим илм ўрганинглар. Аллоҳ сизларга юқоридаги каби масалалар устида бош қотириш иқтидорини бермаган. Ўз даражангизни билинг. Ҳаммамиз ҳам ўз иқтидоримиз, имкониятларимиз доирасида ҳаракат қилишга мажбурмиз.
М.Абутов мақоласида: «Бу мавзуда жиддий, фикрли биродарлардан, жиддий ва фикр мулоҳазаларини кутиб қоламан», дебди. Сизни саволларингизга аллақачон жавоб берилган. Сизга, ҳаммамизга ҳам «Ислам нури», «Хикмат нури», «Мусулмон Ўзбекистон», «Ислом овози» каби сайтларини доимо ўқиб, ўрганиб боришингизни тавсия қиламан. Ўша илм манбаларида саволларингизга етарлича жавоб берилган.
Яна бир эслатма, Шайх Абдуллоҳ ибн Абдуррохман ал-Жибрин демократияни куфр оқими деганлар. Фикримча, куфрни кўтариб чопиш диндан қайтиш ҳисобланади. Диндан қайтиш муртадликдир. Аллоҳ барчамизни ҳидоятидан адаштирмасин.
Дилмурод Худойқул
Fikr bildirish