Мўътабар Тожибоева: Мен МИЛЛАТИМГА хиёнат қила олмайман!

Мен 2009 йилда Ҳиллари Клинтон ва Мишель Обама хонимлардан АҚШ Давлат Департаментининг “Жасоратли аёл” мукофотини олганимда, менга қўшилиб миллатдошларимнинг ҳам боши кўкка етганди.

Ўшанда бу мукофот инсон ҳуқуқи геосиёсий манфаатлардан устун эканлигининг исботи сифатида қалбларда умид уйғотганди.

Менга бу мукофотнинг топширилиши баробарида дунёнинг турли бурчакларидаги миллатдошларим диктатура устидан қилинган ғалаба деб қувонган бўлсалар, Ислом Каримов ва унинг югурдаклари талвасага тушгандилар.

Чунки бу мукофот жаҳон диктаторлари орасида етакчиларидан бўлган Каримов ҳукумати учун кучли зарба, диктатура режими сиёсий зўравонлиги ва қатағони қурбонлари учун эса жуда қадрли эди.

Мен Америка Давлат Департаментининг «Жасоратли аёл» мукофотига муносиб топилганимни Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларига риоя қилиниши йўлида қилган хизматларим, демократия ғояларига содиқ колганим, ўз ҳаётимни хавф остига қўйиб Ўзбекистон қамоқхонасида соғлигимни йўқотганимнинг эътирофи деб билганман.

Америка Қўшма Штатлари ҳукумати бутун жаҳонда тарғиб этаётган ва кенг ёйилишига ҳаракат қилаётган умуминсоний қадриятлар бўлмиш инсоннинг яшаш, эркин ва ҳур умр кўриш ҳуқуқи таъминланишига Ўзбекистонда эришиш йўлида қўшган ҳиссам учун мукофот деб билганман.

Бугун эса мана шу нуфузли мукофотни минглаб ўзбекларни хонавайрон қилган июнь қирғини пайтида вақтинчалик ҳукуматни бошқарган Қирғизистон президенти Роза Ўтинбоевага берилиши ханузгача Қирғизистонда давом этаётган миллатчилик қурбонлари бўлаётган ўзбек халқига нисбатан ҳақоратдек янгради.

АҚШ Давлат департаменти Роза Ўтинбоевани мукофотлаш ҳақидаги хабарни тарқатишидан бир кун олдин 3 март куни ЕХҲТ раиси, Литва Ташқи ишлар вазири Аудронюс Ажубалис Ўш ва Бишкекка қилган сафаридан сўнг Қирғизистонда миллатлараро муносабатларнинг янада мураккаблашиб кетиши хавфи борлигидан хавотир билдириб: ”Мени, айниқса, дискриминация, қувғин ва тазйиқ қилиш, инсон ҳуқуқларининг қўпол тарзда бузилиши ташвишлантиряпти”, – деб айтди.

Ўзбек миллатига мансуб чақалоқлар, аёллар ва кекса инсонларни ўзбеклиги учун шафқатсизларча снайперлардан отиб ўлдирилиши, сўйилиши, тириклайин ёқиб юборилиши, ёш-ёш қизчаларнинг кўзи қонга тўлган оломон томонидан жинсий зўрланишининг олдини олмаган, хомиладаги чақалок ўзбек зурриёди бўлгани сабаблигина суғуриб олиниб, копток қилиб тепилганидан ларзага тушмаган аёлни қандай қилиб жасоратли дейиш мумкин?

Таърифлашга тил ожиз бундай ваҳшийликларни бошидан ўтказиб, бугунгача ўзига кела олмаётган Қирғизистоннинг ўзбек миллатига мансуб фуқаролари холидан ҳеч бўлмаса бир марта хабар олмаган, қўл остидаги зўравонлар олдида “ўзбек маҳалласи” номини тилга олишдан қўрққан бу аёл қайси жасорати учун бундай нуфузли мукофотга лойиқ топилди?

Бугун Қирғизистонда МИЛЛАТДОШЛАРИМни аёвсиз қирғин қилинишига томошабин бўлган, хонавайрон бўлган халқимга жўнатилган ёрдамларни ўзлаштирилишига кўз юмган, “этник тозалаш”га барҳам бермаган, ЎЗБЕГИМни қийнаётган зўравонларни бугунги кунгача тўхтата олмаган Қирғизистон раҳбарига “Жасоратли аёл” мукофотининг тақдим қилиши, халқимнинг АҚШга, чинакам адолат ва ҳақиқатга бўлган ишончини, умидини ўлдирди.

Мен Роза Ўтинбоева билан бир сафда мукофотдош бўлишни ХАЛҚИМ, МИЛЛАТИМ учун ХАҚОРАТ деб биламан.

Қўли қонга ботган, ўтмишдаги ижобий ишларига қора бўёқ сурган бу аёл билан бир сафда бўлишдан ор қиламан ва шу боис менга 2009 йилда топширилган АҚШ Давлат Департаментининг “Жасоратли аёл” мукофотидан воз кечишим ҳақида дилда алам, кўзда ёш билан маълум қиламан.

Мўътабар Тожибоева
“Ўтюраклар Клуби» Инсон ҳуқуқларини
ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари,
“Мартин Энналс” номидаги Инсон ҳуқуқи
ҳимоячилари Олий мукофоти ва Франция
Республикасининг “Озодлик, Тенглик,
Биродарлик” мукофоти совриндори

7 март 2011 йил

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan