Шуҳрат Аҳмаджонов: Мўътабар Тожибоеванинг 2000 – 2002 йиллардаги курашидан лавҳалар

Фото. Муътабар Тожибоева Ўзбекистон Бош прокуратураси олдида бир ўзи пикет қилаётган пайти. Тошкент, 2003 йил баҳори. Муаллиф фотоси.

 

Агар ўлганингиздан кейин сизни дарҳол эсдан чиқаришларини хоҳламасангиз, ё ўқиса арзийдиган нарсаларни ёзинг, ёки ёзса арзийдиган ишлар қилинг. [1, 16-б.]

Бенджамин  Франклин (1706-1790)

Шуҳрат АҲМАДЖОНОВ

Мен архивимдаги мақолаларим ва маълумотларни қараб чиқиш давомида Мўътабар Тожибоева 2002 йил 27 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Рашид Қодиров номига ёзган Тушунтириш хатини ўқидим. Хат жуда кўп фактлар асосида қизиқарли қилиб ёзилган.

Ўзбекистонимизда полициявий бошқарув қандай амалга оширилаётгани ва кучишлатар органлар, айниқса Миллий хавфсизлик хизмати фаолиятига доир кўпгина аниқ фактлар хатда берилган. Ватанимиздаги бошқарув ўзгармагани ва бу муаммолар долзарб бўлиб қолаётгани учун ушбу Тушунтириш хатини ўқувчиларимиз эътиборига ўзгаришсиз ҳавола қилмоқдаман.

Уни Мўътабар Тожибоева 2003 йил 4 сентябрида Тошкентда Freedom House (Озодлик Уйи) ваколатхонасида ўтказган матбуот анжуманида тарқатган эди. Матбуот анжуманида қатнашган журналистлар ва фаоллар қаторида мен ҳам битта нусхасини олгандим. Уни бетма-бет қилиб компютерга киритиб, почтамга ва дискка ёзиб қўйган эдим.

Мўътабар Тожибоева 2005 йил 7 октябр куни ҳибсга олиниб, туҳмат билан ЎзР Жиноят Кодексининг 18 та моддаси билан айбдор деб сохта суд жараёнини ўтказиш ва 2006 йил 6 март куни 8 йилга қамаш ҳақидаги суд ҳукмини чиқариш орқали полициявий режим ундан қасос олишга ҳаракат қилганди.

Мен Мўътабархоннинг ушбу “Тушунтириш хати”ни [2]-мақола кўринишида 2006 йил 6 феврал куни www.uzbekcongress.org сайтида лотин алифбосида чоп эттиргандим. Лекин бу ва бошқа кўпгина мақолаларимни сайтда топа олмайсиз.

Сабаби қуйидагичадир:

Адашмасам, 2008 йилда Хитойдаги “номаълум кимса” www.uzbekcongress.org сайти номини сотиб олибди. Бугунги кунда ушбу сайтни очсангиз ярим яланғоч жувоннинг рангли суратини кўришингиз мумкин.

Халқаро бизнес қонунларига кўра сиз ўзингизга зарур номни маълум бир йилларга, масалан юз йилга пул тўлаб сотиб олмоғингиз керак. Акс ҳолда сизга айтмай бошқа бир кимса бу номни сотиб олиши ва сайтингизнинг шу номдаги фаолиятини тўхтаттириб қўйиши мумкин. (Адашмасам, худди шунга ўхшаш сабаб билан “Эрк” демократик партияси сайтининг аввалги www.uzbekistanerk.com номи www.uzbekistanerk.org бўлиб ўзгарди.)

Маълумки, Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Шанхай Ҳамкорлик Кенгаши доирасида Хитой ва Россия махсус хизмат органлари билан келишган ҳолда қизғин яширин фаолият олиб бормоқда. www.uzbekcongress.org сайтига берилган зарба худди мана шу “ҳамкорлик” натижасидир, деб ўйлайман. Албатта, Хитой томонидагилар бундай ишни текинга қилмайди. МХХ ўзбек халқининг миллиардлаб доллари устидан ҳукмронлик қилаётгани сабабли бунақанги ишларни амалга ошириш учун маблағ МХХ учун муаммо эмас.

Бугунги кунда www.uzbekcongress.org сайти www.turonzamin.org номи остида давом этмоқда. Билишимча, сайт раҳбари ушбу номни 250 (!) йилга сотиб олган, яъни келгуси 250 йилда фойдаланиш учун ушбу номга пул тўлаб қўйган.

Махсус хизмат органлари ана шу йўл билан www.uzbekcongress.org сайтидаги кўпгина мақолаларим ва китобларимни ўчириб юборишди.

Яхшиямки айрим мақолалар ва китобларимни электрон почтамга ташлаб қўйган эканман. Бугунги кунда улардан айримларини тиклаяпман. Мен 2003 йилда Мўътабарнинг Тушунтириш хати матнини бетма-бет қилиб компютерга киритгандим ва почтамга жойлаштиргандим.

Мана шу йўл билан Мўътабар Тожибоева 2002 йил 27 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Рашид Қодиров номига ёзган Тушунтириш хатини тиклаб, сизнинг эътиборингизга ҳавола қилмоқдаман. Хат рус тилидаги кирил алифбосида, яъни ўзбекча Қ, Ғ, Ҳ, Ў ҳарфларисиз терилган экан, ушбу ҳарфларни жой-жойига ёзиб қўйдим.

“Ўтюраклар” клуби раҳбари, мустақил журналист Муътабар Тожибоеванинг Ўзбекистон Республикаси бош прокурори Рашид Қодиров номига ёзилган ва 2002 йил 25 ноябрь куни Республика прокуратурасидан текширув учун борган Баҳодир Пўлатовга ва 2003 йил апрель ойида Ҳиммат Оқбутаев раҳбарлигида Фарғонага текширув учун борган 5 кишидан иборат махсус комиссия вакилларига ҳавола қилган вилоятдаги ҳуқуқ тартибот идоралари раҳбарлари ҳақидаги тушунтириш хати

Ўзбекистон Республикаси бош прокурори
Рашид Қодировга

“Ўтюраклар” клуби раҳбари, мустақил
журналист Муътабар Тожибоевадан

ТУШУНТИРИШ ХАТИ

Мен ушбу тушунтириш хатини ёзиб шуни маълум қиламанки, мен мустақил журналист сифатида инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланар эдим. Шунингдек Ҳалқ Демократик партияси Марғилон шаҳар Кенгашининг қарори билан БПТ ташкилоти қошида 2000 йил 17 январь куни  «Биз жамиятимизда учрайдиган ҳар қандай иллатга қарши курашамиз – Биз огоҳмиз!” шиори остида фаолият юритувчи “Ўтюраклар” Клуби ташкил этдик.

Клубнинг мақсад фаолияти Ўзбекистон Республикасини янада равнақ топишига ҳисса қўшиш, мамлакатимизни ҳуқуқий даражада ривожланган демократик давлатлар сафига қўшилиш учун ҳисса қўшишдан иборат эди. (“Ўтюраклар” Клубининг 2000 – 2001 йилларги фаолияти ёритилган 27 вароқли хисобот нусхасини ҳавола қиламан).

2001 йилнинг бошларида эса “Огоҳ бўлайлик” деб номланган китобчамни чоп эттирдим. Бу китобчада асосан ташқи душманнинг таъсиридан, хавфидан кўра, ички душманлар хавфли бўлиши, агар амалдаги қонунлар ишласа, ҳар бир касб эгаси, айниқса ҳар бир амалдор ўз виждони олдида Ўзбекистонни мустақиллигини ривожлантириш учун қанчалар ҳисса қўшаётгани юзасидан бахслашишга қийналмаса, виждони олдида пок бўлса ана ўшанда оддий ҳалқ адолатсизлик туфайли азоб чекмаслигини айтиб, ҳар бир касб эгаларини ўз ватани озод ва ободлиги учун хисса қўшишга чақирган эдим. Зеро ҳалқ очликка, қийинчиликка чидайди, аммо лекин адолатсизликка чидамайди. (Китобчани ҳавола қиламан).

Шунингдек Республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларида “Ўтюраклар” Клубининг Давлат сиёсатини қўллаб қувватлаш ва қонунларни амалда ишлашини йўлга қўйиш ниятида олиб бораётган амалий ишлари юзасидан махсус очерклар, мақолалар, радиорепортажлар, махсус кўрсатувлар тайёрлаб кенг жамоатчилика тарғиб қилганлар. (Мақолалардан қисман ҳавола қиламан).

2002 йилдан бошлаб Ҳалқаро миқёсдаги Инсон ҳуқуқлари жамиятининг аъзоси сифатида фаолиятимни кучайтирдим. Унгача ҳам ҳалқаро матбуотлар «ББС», “Озодлик”, “Америка овози” ва “Эрон” радиолари орқали жамиятимиздаги иллатлар ҳақида мақолалар ва радиорепортажлар берар ва ушбу кўтарилган муаммоларни ижобий ҳал этилиши учун курашардим.

Лекин энг ачинарлиси охирги пайтларда айнан фуқароларни ижтимоий, ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиши керак бўлган маҳаллий хокимиятлар ҳамда маъмурий органлар томонидан ҳуқуқлари паймол этилган фуқароларни мурожаат қилишлари кўпайиб кетди, яъни фуқароларни қонуний манфаатларини ҳимоя қилиши керак бўлган ушбу идоралар рахбарлари ва ходимлари айби билан Фарғона ҳалқи жабр чека бошлади.

Хунрезлик шунчалар кучайдики, фуқароларни ҳуқуқини ҳимоя қилишим кучайиши муносабати билан мени ўлдиришга, тухмат билан жиноят иши қўзғатишга, шаъним, қадр қимматимни оёқ ости қилишга астойдил харакат қила бошладилар.

2002 йил 13 февраль куни Марғилон шаҳридан Тошкентга Инсон ҳуқуқлари масаласи бўйича Ҳалқаро семинарда иштирок этиш учун кетаётган енгил автомашиналарни Марғилон шаҳар ИИБ Янги Марғилон шаҳарчаси бошлиғи Нурматов Абдусаттор «УВД бошлиғини яъни 01ни топшириғи билан давлат сиёсатига қарши бўлган, ўта хавфли экстремистлар тутилсин” деб топшириқ берган.

Тошкентнинг «Эркин” постида ушбу 10 нафар фаолларни (улар орасида белорус ва корейс миллатига мансублари ҳам бор эди) тутишиб, экстремистлар деб расмийлаштирмоқчи бўлганлар.

14 февраль куни Тошкентдан қайтишимда яна мени ва 3 нафар фаолларни ҳам Данғара туманининг Чағали постида кечаси 23ларда экстремистлар деб тутишиб, кечаси 3 гача постда тутиб туришган ва улар бу кирдикорларини “Марғилон шахар прокурорининг топшириғи билан қилдик” деб прокуратурага юкламоқчи бўлганлар.

Бу можоро Ҳалқаро ташкилотлар, элчихоналар ва ҳалқаро матбуотларда мухокама қилиниб, Инсон ҳуқуқлари Ҳалқаро Жамияти хукумат рахбарларидан ва Фарғона вилоят рахбарларидан айбдорларни жазолашни сўраб ёзма мурожаатлар қилган. Менинг ўзим ҳам Вилоят ИИБ рахбарларига талабнома ёзиб Нурматов Абдусаттор ва унга топшириқ берган рахбарини топиб жазолашни, бизга етказилган моддий ва маънавий зарарни ундиришни сўрадим. Лекин ИИБ рахбари топшириғи билан “вилоят ИИБдаги махсус инспекция шуғулланяпти” деб жавоб беришдию, натижаси бўлмади.

2002 йил 1 июль куни кечаси 22 ларда ЙПХ ходимлари ноқонуний тарзда мени тутиб Киргули ИИБга олиб боришди.

(ИЗОҲ: Ушбу Киргули туман ИИБ мулозимлари томонидан қонунни топташ, тепалаш мақсадида журналистга қилинган тайзиқ ва қийноқлар ҳақида БМТ Бош котибининг махсус маърузачиси Тео Ван Бовеннинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида қийноқлар борасидаги хисоботида алоҳида тўхталиб ўтган ва АҚШда чоп этиладиган матбуот нашрларида ва интернет сайтларида ҳам ёритилган).

Киргули туман ИИБ бошлиғи Акрам Ботиров шаъним, қадр, қимматимни оёқ ости қилиб мени ўша журналист Мўътабар Тожибоева эканлигимга шаъма қилиб вилоят ИИБ бошлиқ ўринбосари Абдухамид Абдуллаев гувоҳлигида мени оғизга олиб бўлмас сўзлар билан ҳақорат қилди. Сўнгра шахсимни тасдиқловчи паспортим, Ҳалқаро журналистлигимни билдирувчи журналистик гувоҳномам, диктофоним ва фуқароларнинг аризалари, барча буюмларимни ноқонуний тарзда ошёвий далил сифатида олиб қўйиб, мени ИИБ бошлиғи ўринбосари Сайфиддин Тиллаев аёвсиз калтаклаб, ҳақоратлаб хибсга тиқдилар.

На оила аъзоларим, на мени кечаси билан қидириб келган шерикларимга мени хибсда сақлаётганликларини айтмаганлар, яъни кечаси 23да “жигули автомашинага ўтириб кетди” деб алдашган.

Улар мени ўлдириб юборишни режалаштирган эдилар. Лекин ИИБ бошлиғи Акрам Ботиров хонасида эканимда «қизимга телефон қилиб олай, бироздан кейин бораман деб, акс ҳолда уйда ёлғиз ўзи хавотир олади” деб илтимос қилиб шу куни Фарғонада бўлган ҳалқаро журналист Бобомурод Абдуллаевга қўнғироқ қилиб, “мени ноқонуний тарзда Киргули ИИБга тутиб келтиришди” деб хабар беришга улгурдим холос.

Бобомурод Абдуллаев интернет сайтлари орқали ҳалқаро ташкилотлар ва элчихоналарни, ҳалқаро журналистларни мени хибсга олинганлигим ҳақида хабардор қилган. Мени хибсга олинганлигимдан хабардор бўлганлар дарҳол Киргули ИИБга қўнғироқ қилиб, ҳатто Бобомурод Абдуллаев ва Абдусалом Эргашев етиб келиб мени хибсга олинишим сабабини тушунтиришни талаб қилганлар.

5 сентябрь куни Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судида маъмурий ҳуқуқбузарлик масалам кўрилиб мени айбсиз эканлигим, менга тухмат қилиб, қалбаки хужжатлар тайёрлаганликлари аниқланиб ИИБ ходимларининг ноқонуний харакатлари юзасидан ЖКнинг 206-моддаси билан Киргули туман прокуратураси жиноят иши қўзғади.

(Изоҳ: Ушбу қўзғатилган жиноят иши юзасидан терговни негадир жиноят содир этилган жой прокуратураси эмас, балки Фарғона шаҳар прокуратураси терговчиси олиб борди. Терговчи Ғайрат Эгамбердиев биронта юзлаштирув тергови ўтказмасдан Киргули ИИБ ходимлари харакатларида жиноят аломати йўқ дея жиноят ишини 2002 йил 26 ноябрда ноқонуний тарзда тугатди. Вилоят прокурорининг ўринбосари Маъруф Усмонов ушбу тугатилган жиноят ишини қонуний тугатилган деб хулоса берди).

Бундан ташқари 2001 йил май ойида вилоят прокуратурасига ёзган аризам бўйича Фарғона вилоят ИИБ бошлиғи Аминжон Тошхўжаевнинг қариндоши Рахим Эргашевга ЖКнинг 168-моддаси 1-банди билан10 июль куни жиноят иши қўзғатилди. Лекин Охунбобоев тумани ИИБ тергов бўлими бошлиғи Мансур Суярқулов терговни сифатсиз ва қонунга таянмаган ҳолда олиб бориб фактларга жиддий ёндашмади.

Натижада терговчига маълум бўлган ва у эътиборга олмаётган фактлар юзасидан вилоят хўжалик судига даъво ариза билан мурожаат қилишга мажбур бўлдик. Шундан сўнг Эргашев Рахимга вилоят хўжалик судининг 2001 йил 25-сентябрь кунги ажрими билан ЎзРЖКнинг 168-моддаси 3 қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилди.

Терговчи барибир фактларга жиддий ёндашмасдан терговни қониқарсиз тарзда давом эттираётганлиги учун вилоят прокуратураси ҳузуридаги солиқ сохасидаги жиноятларга қарши курашиш департаментига 18 сентябрь 2001 йил куни талабнома ёздим. Ушбу талабнома юзасидан солиқ департаменти 28 ноябрь куни ЎзРЖКнинг 184-моддаси 3-қисми билан Эргашев Рахимга нисбатан жиноят иши қўзғади.

Шунда ҳам терговчи Суярқулов 7 ой давомида чаласаводлик билан терговни ўтказди. Судя билан жиноий тил бириктириб хужжатларни ўғирлаганлиги ва тергов харакатларини қонуний олиб бормаганлиги учун Суярқулов хизмат вазифасидан четлатилди деб мени талабномамга вилоят ИИБ бошлиғи А.Тошхўжаев жавоб берди, лекин Суярқулов бугунги кунда Тошкент шаҳар ИИБда терговчи лавозимида ишламоқда.

2002 йил 10 январь куни судга чиққан ушбу материал ҳанузгача ҳал этилмай келинмоқда. Жумладан Охунбобоев туман ЖИБ суд раиси Маъруф Қаюмов ноқонуний тарзда судланувчини 2002 йил 28 апрель куни хибсдан озод қилган ва иш материаллари орасидан 72 вароқ қимматли хужжатларни терговчи билан биргаликда ўғирлаб олиб қўйиб ноқонуний ажрим чиқарган бўлса, 2002 йил июль ойидан бошлаб Олтиариқ туман ЖИБ суд раиси Тожиддин Вахобов ҳам фақат қонун бузиш билан банд бўлди.Унинг айби билан 14 октябрь куни суд биноси олдида қонуний йўл билан пикет ўтказишга мажбур бўлдик.

Мана шу жиноят иши қасддан ноқонуий тарзда 2 йилдан буён чўзилиб келаётганлигини сабаби мени иқтисодий жиҳатдан оғир аҳволга солиш ва оддий ҳалқни ҳимоячилигимдан воз кечтиришдир. Лекин мени адолатсизликка қарши курашиш йўлимдан ҳеч қандай куч қайтара олмайди

(ИЗОҲ: Ушбу жиноят ишини Вилоят ИИБ тергов бошқармасида яна бир ёқлама тергов қилиб, мен томондан келтирилган важларга яна умуман эътибор қилинмади ва сўроқ қилиниши керак бўлган 30 дан ортиқ асосий гувоҳлар яна сўроқ қилинмади).

Айнан ўзим ҳимоя қилаётган юзлаб ҳуқуқлари паймол этилаётган фуқаролар билан биргаликда 8 декабрь Конституция байрами куни Ўзбекистон Республикасида Конституция ва қонунлар деярли ишламаётганлиги юзасидан Тошкентда Олий мажлис биноси рўпарасида эрталаб соат 10 да Фарғоналик юзлаб ҳуқуқи паймол этилган фуқаролар билан биргаликда қонуний йўл билан пикет ўтказишга қарор қилдик.

Пикет ўтказишимизга сабаб бўлган омиллар ҳақида эса 8-ноябрь куни Тошкентга ташриф буюрган АҚШнинг Давлат Котиби жаноб Лорн Крайнер билан бўлган расмий учрашувда ёзган мурожаатномамни ўқидим ва мамлакатга ташриф буюрган барча чет эллик дипломатларга тарқатдим. Ўзбекистондаги барча элчихоналар, ҳалқаро ташкилотлар, ҳалқаро матбуотларга маълум қилиб, мурожаатномамни интернетда, ҳалқаро матбуотларда ёритдик.

19 ноябрь куни эса АҚШ элчихонаси рахбарлари билан ўтказилган бриффингда 8 декабрь куни ўтказилажак пикет ҳақида, унинг ўтказилишига сабаб бўлган омиллар ҳақида мисоллар далиллар билан гапирдим ва Ўзбекистон Республикаси хукумати рахбарларидан Фарғонадаги аҳвол юзасидан жиддий бир қарор қабул қилишларини қатъий талаб қилишни ва ижросини назоратга олишни сўрадим.

Чунки Фарғона вилоятида айнан инсон ҳимояси билан шуғулланиши керак бўлган ташкилотларни бошқараётган карчалонлар айби туфайли инсон ҳуқуқлари, аёл ҳуқуқи, бола ҳуқуқи паймол бўлмоқда. Вазият бағоят оғирлашиб кетмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис депутати Алишер Отабоев бошқараётган ҳокимият тизими давлатни хонавайрон қилгувчи, фуқаронинг қонини сургувчи газандалар тўдасига айланган. Бу идорадалигилар негадир(?) ўзларига шунчалар ишонадиларки, Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан умуман ҳисоблашмайдилар.

Миллий хавфсизлик хизмати тизимидагиларнинг қонхўр, қотилларга айланганликлари, қотилларни фақатгина ижрочиларигина қамалганликлари;

(ИЗОҲ: МХХ идораларида ишлаб жиноят содир этган муттаҳамлар қилган жиноятлари учун «жазоланиб» ёғли корхоналарнинг ёғли лавозимларига тайинланиб «жазоланадилар».

Жумладан:

Фуқароларни ўлдиришга топшириқ берган ўша пайтдаги вилоят МХХ бошқарма бошлиғи Алишер Ғофуров ҳозирги кунда (2002 йилда, А.Ш.) Қувасой «Кварц” ҳиссадорлик жамияти директорининг режим бўйича ўринбосари, МХХ бошқармасининг бўлим бошлиғи лавозимида ишлаган Файзулла Зоҳидов Фарғона ёғ-мой комбинати директорининг режим бўйича ўринбосари лавозимларига, Андижон МХХ идорасида ишлаган яна бир айбдорни «жазони ўташ учун» Қўқон ёғ-мой комбинатига режим бўйича директор ўринбосари вазифасига тайинланганлар)

Марғилон МХХ идораси раҳбар ва ходимлари томонидан 1999 йил 15 апрель куни Ҳасан Умаралиевни, 2001 йилнинг 30 сентябрь куни Хуршид Ориповни ваҳшиёна ўлдирилганлик фактлари ҳанузгача ёпиб келинаётганлиги, вилоятга янги келган МХХ бошқарма раҳбарлари ҳам фуқароларнинг мурожаатларига умуман назар писанд қилмасдан жавоб бермасликлари туфайли Миллий хавфсизлик тизими жаҳон ҳамжамияти олдида обрўсизланиб бўлди.

Аминжон Тошхўжаев бошқараётган Ички Ишлар тизими ёлғончилар, ўғри каззоблар тўдасига айланган. Ёлғончилик эса зўрлик бошланган жойда кучаяди. Мамлакатни пароканда қиладиган куч ҳам ёлғондир.

Жиноят ишлари, фуқаролик ишлари судларида эса аҳвол бағоят аянчли. Судьялар ўзлари қонун, ўзлари Олий Мажлис. Ҳар бир суд процесси давомида ўзлари истаган қонунга истаганларича ўзгартириш киритадилар.

Судьялар орасида айнан Фарғона вилоятидаги судьялар орасида виждонлиси, ҳалоли-поклик билан инсон тақдирини ҳал этиб дуо олишни ўйлайдигани бор десам хато қилган бўламан.

Мана шундай зўравонларнинг, маҳаллий мафиянинг қурбони бўлган халқ вакиллари прокуратура тизимига мурожаат қилар ва прокуратура баҳолиқудрат ҳуқуқи паймол этилаётган фуқароларнинг қонуний ҳуқуқини ҳимоя қилар эди, яъни оддий халқ прокуратуранинг ҳимоясида эди. Лекин аяган кўзга чўп тушар деганларидек охирги пайтларда прокуратура ҳам юқорида санаб ўтганим халқнинг нафратига, қарғишига қолаётган ташкилотлар сафидан ўрин олиб қолди. Вилоят прокуратурасида, шаҳар ва туман прокуратураларида ҳам умуман халқнинг дарди билан қизиқмай қўйдилар. Уларнинг берадиган жавоблари «важингиз тасдиғини топмади». Натижада оддий халқ энди кимга боришини, дардига кимдан даво сўрашни билмай қолди.

Бунингдек ҳолатлар вилоятда авж олиб кетганлиги боис халқ вакиллари адолатсизликка қарши курашиш учун ривожланган демократик давлатлар сингари тинч йўл билан ўз норозиликларини билдириб жаҳон ҳамжамиятини, ҳукумат раҳбарлари эътиборини Фарғона вилоятига қаратишга қарор қилдик ва 8 декабрь (2002 йил, А.Ш.) куни Олий Мажлис биноси рўпарасида юзлаб Фарғоналиклар пикетга чиқамиз.

Энди эса 2002 йил 7 ноябрь кунги мурожаатномамда Фарғона вилоятида порахўрлик, коррупция ва маҳаллийчилик чуқур илдиз отиб халқни қонини сўраётганлиги, халқ давлатга эмас, қонунларга итоат этмаётган амалдорларга қарши исён кўтариб пикетлар, норозилик намойишларига чиқмоқчи эканликлари ҳақида фактлар, далиллар билан исботлаб бераман.

Вилоят Миллий Хавфсизлик идорасига алоқадор жиноятлар:

Миллий хавфсизлик хизмати вакиллари томонидан диний экстремизмга, терроризмга умуман алоқаси бўлмаган фуқароларни «ваҳобий», «хизб-ут-таҳрир» диний оқимга аьзоликда айблаш учун қийнашлари, ҳаттоки ўлдиришлари, ҳақиқий диний экстремизмни қўллаб-қувватловчиларни эса ҳимоя қилишлари:

Марғилон шаҳар миллий хавфсизлик хизмати худудий идораси ходимлари 1999 йилнинг 15 апрель куни 1961 йил 29 январь куни туғилган Умаралиев Хасан Эркиновични қийнаб ўлдирдилар. Унинг ўлими юзасидан Фарғона вилоят суд тиббий экспертиза бюроси томонидан 1999 йил 16 апрель кунги расмийлаштирилган 131 сонли «Ўлим ҳақидаги шифокорлар гувохномаси»да (Врачебное свидетельство о смерти) «Юқори нафас йўлларини озиқ овқат қолдиқлари билан беркилиши натижасидаги механик аэфикция» деб бахоланди.

2001 йил 30 сентябрь куни 26 ёшли Хуршиджон Домлажонович Ориповни қийнаб ўлдирдилар ва 2002 йил 3 апрель кунги расмийлаштирилган II-FR № 0051746 сонли “Ўлим ҳақидаги гувоҳнома”га “Юрак қон томирини ўткир етишмовчилиги” деб ёздилар.

2001 йил ноябрь ойида Алимуҳаммад Мамадалиевни уриб, азоблаб, қийнаб ўлдирганлар. Ўлдирилган Алимуҳаммад Мамадалиевни оила-аъзолари сайъи ҳаракати билан МХХдан қилган қотиллик жинояти бўйича 3 киши қонуний чора олиб, жиноий жавобгарликка тортилди. Лекин Умаралиев Ҳасан, Хуршид Орипов масаласи ҳанузгача очилмай келмоқда.

Охунбобоев туман Дурмон қишлоғидаги ўнлаб МХХдан жабр чеккан оилалар МХХ, Ички Ишлар тизимидагиларнинг тинимсиз ўтказаётган тайзиқларидан ҳимоя қилишни ва ҳуқуқларини тиклашга ёрдам беришни сўраб мурожаат қилдилар.

Жумладан:

1. Охунбобоев тумани Дўрмон қишлоғи Ғ.Ғулом кўчаси 1-уйда яшовчи Ҳожиматов Абдужалил – 2001 йил 31 октябрь куни Марғилон МХХ ходимлари Абдужалилга жисмоний ва руҳий тайзиқ ўтказиб истималаб касал ётган жойидан олиб кетиб «хизб-ут-тахрир» норасмий уюшма аъзосиман» деб ёзиб берасан дейишган. Уйини прокурор санкциясисиз тинтув қилишган. 2001 йил 24 декабрь кунигача 56 кун ноқонуний тарзда ҳибсда сақлашган. (А.Ҳожиматовни Республика бош прокурори Р.Қодиров номига ёзган ариза ва тушунтириш хатини илова қиламан).

2. Дўрмон қишлоғи С.Рахимов кўчаси 27 уйда яшовчи Аҳмадалиев Абдулатиф – Марғилон МХХ ходимлари 2001 йил 4 ноябрь куни Абдуллатифни МХХ идорасига олиб кетиб тинимсиз, аёвсиз равишда калтаклашган ва «хизб-ут-тахрир» диний оқим аъзосиман» деган мазмунда ёзиб берасан деб зўрлашган. У «қилмаган ишимни қилдим деб ёзмайман» деб туриб олганида аёвсиз калтаклаб қўлини синдиришган. (А.Аҳмадалиевни ариза ва тушунтириш хатини илова қиламан).

3. Дўрмон қишлоғи Ғофур Ғулом кўчаси 9 уйда яшовчи Ҳомидов Алломиддин – Марғилон МХХ идорасига участка нозири «бир иш бор» деб алдаб олиб чиқиб кетган. Бу воқеа 2001 йил 1 ноябрь куни бўлган. МХХда Алломиддинни ечинтириб чўнтагига варақа тиқиб кейин «хизб-ут-тахрир» диний оқимни аъзосиман» деган мазмунда ёзиб берасан деб зўрлашган. Алломиддин кўнмагач аёвсиз калтаклашган, шунда ҳам ёзмаса орқа пешовига арматура тиқишган. Эртаси куни шу жараённи такрорлашган. Ёмғир ёғаётган пайтда темирга боғлаб қўйиб уришган. Арматура тиққандан сўнг қон кетса, қонни Алломиддинни пайтавасига арттириб, қон юқи пайтавани оғзига тиқишган.

Алломиддинни 8 ноябргача тутиб туриб «хизбут»ликни бўйнига олишга мажбурлашган. Алломиддинни аҳволи 8 ноябрь куни ғоятда оғирлашгач шифохонага ётмасликни, акс ҳолда ўзига қийин бўлишини тайинлаб қўйиб юборишган.

Алломиддин эртасигаёқ оғир аҳволда шифохонага ётқизилган. У ерда оғир аҳволда 19 кун ётган. 19 кундан кейин оғир аҳволдаги беморни касалхонадан чиқариб юборишган. Суд тиббий экспертизаси Алломиддинни экспертизадан ўтказиб енгил тан жароҳати деб хулоса берган.

А.Ҳомидов билан БМТнинг вакили Тео Ван Бовен учрашган ва ҳисобот докладига киритган (А.Ҳомидовни ариза ва тушунтириш хатини илова қиламан).

4. Дўрмон қишлоғи Тинчлик кўчаси 2-уйда яшовчи Алишер Сулаймонов – 2001 йил 31 октябрь куни участка нозири Муҳаммадсмусо Алишерни Марғилон МХХ идорасига олиб боради. МХХ ходимлари «хизб-ут-тахрир» диний оқимга аъзоман» деган мазмунда ёзиб берасан деб аёвсиз калтаклашган.

Дўрмонлик ота-оналар фарзандларига берилаётган азобга дош бера олмай тўполон кўтаришса, Охунбобоев туман ИИБ ходимлари маъмурий ҳуқуқбузар деб расмийлаштиришган ва Охунбобоев туман Жиноят ишлари бўйича суд раиси Маъруф Қаюмов 10 сутка қамоқа ва 5145 сўм жарима ундиришга суд қарорини чиқарган. Кейин тўполон кучайиб кетгач 8 кунда чиқариб юборилган. (А.Сулаймоновни ариза ва тушунтириш хатини илова қиламан).

5. Дўрмон қишлоғи С.Рахимов кўчаси 26 уйда яшовчи Мавлонов Ҳадятулло – 2001 йил 31 октябрь куни участка нозир Ҳадятуллони алдаб олиб кетиб Марғилон МХХ идорасига олиб борган.

МХХ ходимлари Ҳадятуллони ниқоб кийган ҳолда аёвсиз калтаклашган ва «хизб-ут-тахрир» диний оқимга аъзоман» деган мазмунда ёзишга мажбур қилган. Ҳадятуллога нисбатан сохта ҳужжат тайёрлаб суд қарори билан 10 суткага қамоққа ва 5145 сўм жарима қилинган. Жанжал кучайиб кетгач 8 кунда қамоқдан чиқариб юборилган. (Х.Мавлоновни ариза ва тушунтириш хатини илова қиламан).

6. Дўрмон қишлоғи Бобир кўчаси 2-уйда яшовчи Сулаймонов Оятилло – 2001 йил 2 ноябрь куни участка нозири Марғилон шаҳар МХХ идорасига олиб борган. МХХ идораси ходимлари Оятиллони «хизб-ут-тахрир» диний оқим аъзосиман» деган мазмунда ёзиб берасан деб зўрлашган. МХХ ходимлари Оятиллога руҳий ва жизмоний тайзиқ ўтказиб «Абдужалил Ҳожиматов мени «хизб-ут-тахрир» диний оқими бўйича ўқитган» деб ёзиб беришга мажбурлашган. (О.Сулаймоновни ариза ва тушунтириш хатини илова қиламан).

7. Дўрмон қишлоғи С.Рахимов кўчаси 24-уйда яшовчи Жалолов Абдурахимни 2001 йил 2 ноябрь куни Марғилон МХХ идорасига олиб бориб «хизб-ут-тахрир» диний оқимга аъзоликда айблаб, шуни ёзиб берасан деб зўрлашган, руҳий ва жисмоний тайзиқ ўтказганлар. Сохта ҳужжат билан 10 сутка қамоқ ва 5145 сўм жаримага суд қарор қилган. Лекин 8 кунда қўйиб юборилган. (А.Жалоловни ариза ва тушунтириш хатини илова қиламан).

8. Дўрмон қишлоғи Тинчлик кўчаси 14-уйда яшовчи Ҳомидов Абдурахмонни 2001 йил 4 ноябрь куни Марғилон МХХ идорасига олиб боришган ва руҳий, жисмоний тайзиқ ўтказиб «хизб-ут-тахрир» диний оқимга аъзоман» деган мазмунда ёзиб берасан деб зўрлашган, аёвсиз калтаклашган. (А.Ҳомидовни ариза ва тушунтириш хатини илова қиламан).

9. Дўрмон қишлоғи Дўрмон кўчаси 32-уйда яшовчи Рахмонов Муҳаммадодилни 2001 йил 4 ноябрь куни эрталаб соат 6-30 ларда участка нозири Марғилон МХХ идорасига олиб бориб «хизб-ут-тахрир» диний оқимга аъзоликда айблаб, тан олиб ёзиб беришни талаб қилиб, аёвсиз калтаклаб, уришган. Рахмоновни хонадонини прокурор санкциясисиз тинтувдан ўтказилган. (М.Рахмоновни ариза ва тушунтириш хатини илова қиламан).

10. Дўрмон қишлоғи Тинчлик кўчаси 15-уйда яшовчи Ҳомидов Абдуғаффор – «Хизб-ут-тахрир» диний оқимга адашиб кирган ва кечирим сўраб қайтган. 2001 йил 4 ноябрь куни Марғилон МХХ идорасига олиб бориб аёвсиз калтаклаб жуда ҳам оғир азоблар бериб «хизб-ут-тахрир» диний оқим аъзосиман» деган мазмунда ёзиб берасан деб зўрлашган. (А.Ҳомидовни ариза ва тушунтириш хатини илова қиламан).

11. Дўрмон қишлоғи Дурмон кўчаси 15-уйда яшаган Алимуҳаммад Мамадалиевни 4 ноябрь 2001 йилда Марғилон МХХ идорасига олиб бориб уриб ўлдиришган ва ўлигини ҳам таҳқирлаб каналга ташлашган. Алимуҳаммадни оиласидагилар ўғлини ўлимида айбдор бўлган қолган МХХ раҳбарларини ҳам зудлик билан жазолашни талаб қилмоқда.

Алимуҳаммад Мамадалиевнинг отаси Ғуломака билан БМТнинг махсус маърузачиси Тео Ван Бовен учрашган ва ҳисобот докладига киритган. (Ғ.Мамадалиевни ариза ва тушунтириш хатини илова қиламан).

12. Олтиариқ тумани Полосон қишлоқ фуқаролар йиғини Баҳор кўчаси 22-уйда яшовчи Тўйчиҳожи Каримов Олтиариқ туман МХХ бўлими собиқ бошлиғи Кавлонов ва ходими Баҳром Қамбаровларнинг (бугунги кунда вилоят МХХ вдораси ходими) айби билан 1997 йилнинг 24 апрель куни акаси Нуъмонжон Мамасолиевнинг ўз жонига қасд қилиб ўлганлиги учун ушбу айбдорларга чора кўриш учун ёрдам беришни сўраган. (Т.Каримовни ариза ва тушунтириш хатини илова қиламан).

13. Марғилон шаҳридаги Собир Рахимов кўчаси 14-уйда яшовчи Джамолдинов Обиджон оиласи МХХ идорасидагиларнинг жинояти туфайли жабр тортаётганлигини маълум килган. (О.Джамолдиновни ариза ва тушунтириш хатини илова қиламан).

14. Марғилон шаҳридаги Ширин номли 3-боғча гимназия мудираси Ҳидоятова Муҳайёхон МХХ идораси вакиллари хоҳиш-истаги билан вазифасидан четлатилган.

МХХ идорасидагилар нафақат ўзлари қонунни бузадилар, балки қонунбузарларни ҳам қўллаб-қувватлаб ҳомийлик қиладилар:

Ж у м л а д а н:

1. Қонунни оёқ ости қилиб, ёшларни маънавий баркамол инсонлар эмас, маиший бузуқлик сари етаклаётган Фарғона тиббиёт билим юрти директори Барно Исмоилова ноқонуний ишдан бўшатилган бўлим бошлиғи Б.Олимовани ишдан бўшатиш учун вилоят МХХ дан топшириқ беришган деб судда очиқ-ойдин кўргазма берди.

2. Қува туманидаги 20-умумтаълим ўрта мактабнинг меҳнат жамоасига 29-мактаб директори бўлиб ишлаб молиявий қонунбузилишлар содир этган Улфат Расуловани жамоанинг норозилигига қарамасдан директор лавозимига тасдиқлаган ва очиқ-ошкора У.Расулова МХХ орқали ишга олинганлигини Халқ таълими тизимидагилар баён қилмоқдалар. Бунинг натижасида бутун меҳнат жамоасининг норозилик кайфиятлари кучайган. У.Расулова директор ўринбосари, завуч ва бошқа раҳбар лавозимдагиларни бўшатиб, айнан директор ўринбосари лавозимига «ваҳобий» диний оқимига аъзо бўлиб рўйхатда турган ўқитувчини тасдиқлаган. (20-мактаб ўқитувчиларининг ариза ва тушунтириш хатларини илова қиламан).

3. Олтиариқ тумани Полосон қишлоғи Иккитут маҳалласи фаоллари диний экстремизм, терроризмни тарғиб этгувчи Жума Номонгоний, Тоҳир Йўлдошларнинг Фарғонадаги энг кучли шериклари Полосон қишлоғида яшовчи Муродил Мусаевнинг давлат тузумига қарши олиб бораётган фаолияти ва унинг давлат идораларидаги шериклари-ю, ҳомийлари ҳақида асосли далиллар ва тасдиқловчи ҳужжатлар билан мурожаат қилинганида мана 8 йилки ҳанузгача давлат идораларидаги давлатга қарши бўлган кимсаларнинг бу кирдикорларини хаспушлаб келинмоқда. (Иккитут маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари аризаларини илова қиламан).

4. Полосон қишлоғида яшовчи Аюбжон Янгибоев оиласи давлат тузумига қарши бўлган кучларга қарши курашгани учун унинг оила аъзоларини айнан МХХ дагиларнинг сайъи ҳаракати билан диний экстремист, ваҳобий тамғаси илиниб, матбуотларда туҳмат мақолалар чоп этилган ва охир-оқибат ўзлари фош бўлишган. (А.Янгибоев оила аъзолари ариза ва тушунтириш хатларини илова қиламан).

Юқоридаги МХХ идорасига алоқадор масалалар ва вилоятнинг сиёсий-ижтимоий-иқтисодий аҳволи оғирлашганига сабаб бўлаётган омиллар, диний экстремизмни тарғиб қилувчилар ва уларнинг ҳомийлари ҳақидаги барча ҳужжатларни илова қилган ҳолда 2002 йил 3 сентябрь, 20 сентябрь, 24 сентябрь кунлари МХХ бошқарма раҳбарлари номига ёзма тарзда талабнома ва асословчи ҳужжатларни топширдим. Лекин вилоят МХХ раҳбар ходимлари Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва Конституцияни беҳурмат қилиб, унга бўйсунмай ҳанузгача жавоб бергани йўқ.

(ИЗОҲ: МХХ Фарғона вилоят бошқарма бошлиғи Х.Турдалиевга алоқадор фактлар: Х.Турдалиев 2002 йил декабрь ойида ўзининг 010 рақамли хизматчи Нексия автомашинасида Марғилон шаҳрида кетаётганида ҳайдовчиси авария содир этган ва фуқарони уриб юборган. Фуқаро тан жароҳати олган, лекин авария регистрация қилинмаган.

МХХ вилоят бошқармаси бошлиғи Х.Турдалиев Фарғонада иш бошлагач биринчи ўринда ўз ёнига Ватанга, ҳуқуматга ва Қонунларга садоқатли эмас, балки ўзига садоқатли, синовдан ўтган сафдошларини тиққан, яъни Наманганда МХХ бошқарма бошлиғи вазифасида ишлаган пайтидаги 30-40 та ўзига садоқат билан бўйсунгувчи кадрларини Фарғонага олиб келиб, энг нуфузли лавозимларни бўлиб берди.

Яқинда вилоят МХХ бошқармасидан ноқонуний тарзда телефон сўзлашувларини назоратга олиниши керак бўлган телефон рақамлари рўйхатини Фарғона телеком раҳбарларига берганлар. Телеком идорасидагилар уларнинг ноқонуний талабларига кунмагач, учакишиб телеком бошлиғи ўринбосари Ҳалимжон Холматовга нисбатан 82 минг сўм камомад билан жиноят иши қўзғаганлар. Сўроққа чақирилган телеком ходимлари кўзи ўнгида бошига қоп кийгизилган одамларни олиб кириб уларнинг қўз ўнгида коп кийдирилган фуқароларни аёвсиз калтаклаганлар ва телеком ходимларига нисбатан руҳий тазйиқ ўтказганлар.)

Ички Ишлар тизимидагиларнинг жиноятчиликка қарши курашиш байроғи остида ашаддий жиноятчилар ва қотилларга айланганликлари:

Аввало вилоят Ички Ишлар бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Аминжон Тошхўжаевнинг кирдикорлари юзасидан Вилоят Ички Ишлар бошқармасида раҳбар лавозимларда ишловчи А.Тошхўжаевнинг хурмача килиқларидан безор бўлган масъул ходимларнинг берган маълумотларини ҳавола этсам:

Яқин йилларда МХХ Фарғона вилоят бошқармасида Қурбон Боймуродов раҳбарлик қилган эди. Унинг давлат уйини ўқитувчи бўлган хотини номига хусусийлаштирилганликда айблаб Фарғонада қилган меҳнатлари инобатга олинмай ишдан бўшатилганди. Чунки унинг Фарғона вилоятидаги вилоятни бошқараётган бошқа раҳбарларга нисбатан «тозароқ» эканлиги кимларгадир ёқмаганди.

Аминжон Тошхўжаевнинг кирдикорларини эса хислат деб қабул қилишга ҳамма кўниккан. Фарғона вилояти Ички Ишлар тизимидагиларнинг жиноятлари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов номига ва бошқа ташкилотларга кунига ўнлаб оқиб бораётган фуқароларнинг шикоят ва аризаларини оқибатсиз қолиб кетмоқда.

Дарҳақиқат Аминжон Тошхўжаевнинг ҳимоячилари жуда кучли. Шунинг учун ҳам ўзининг хурмача қилиқларини истаганича қанот ёйдирмоқда. Натижада:

Фарғона Нефтебазаси директори Зоҳиджон Андапўлатов ҳибсга олинди ва у Нефтебазадан «доля» (“улуш”, А.Ш.) олиб турган барча карчалонлар рўйхатини терговга ҳавола қилди.

Рўйхатда деярли барча раҳбарлар фамилияси ва нефтебазадан уларга берилган «доля»лар миқдори аниқ кўрсатилганди. Зоҳид Андапўлатов фош этган фактлар орасида Аминжон Тошхўжаевга алоқадор қандай далиллар фош этилганди?

З.Андупулатов Фарғона Қўқон йўналишидаги Тоштемир ҳожи ресторани яқинидаги Аминжон Тошхўжаевнинг ўз номига расмийлаштирилмаган хусусий заправкасини қуриб берган ва асбоб ускуналарни ҳам ўз ҳисобидан таъминлаган. Заправкани қурган усталар ҳам нефтебазадан ойлик маош олганлар. Заправка қурилишида Фарғона шаҳар ИИБ бошлиқ ўринбосари милиция подполковниги Алмат Ҳомидов бош-қош бўлган. Лекин МХХ Фарғона вилоят бошқармасида олиб борилган тергов ҳаракатлари мавҳумлигича қолди.

МХХ Фарғона вилоят бошқармасининг Ички Ишлар тизими
раҳбарининг жиноий кирдикорларини хаспушлаши яна давом этмоқда.

Яқинда Фарғона вилоят жиноят ишлари бўйича судида Фарғона вилоят ИИБнинг иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга қарши курашиш бўлимининг курилиш бўйича катта инспектори вазифасида ишлаган милиция подполковниги Ғанижон Маматқуловни суди бўлиб ўтди ва у 10 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинди. У 5 миллион сўм пора олганликда айбланган. Коррупцияга, порахўрликка қарши курашувчи масъул ходим қайси жинояти учун судланди?

Унинг жиноий шериклари бормиди?

Аминжон Тошхўжаевнинг буйруғи билан вилоят ИИБнинг кадрлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи Абдуҳамид Абдуллаев Ғанижон Маматқуловни нафақага чиқариш учун ҳужжат тайёрлаган. Нафақага чиқишдек балони вақтинча даф қилиш учун Маматқулов Тошхўжаевга 12 минг АҚШ доллари пора берди ва лавозимида қолди деб вилоятда гап тарқалди.

Лекин Ғанижон Маматқулов шу кундан бошлаб вилоят ИИБга умуман ишга келмаган ва А.Тошхўжаевнинг Охунбобоев тумани Карнайчи қишлоғида қураётган кошонасида 2 ой қурилишга раҳбарлик қилган. У 5 миллион сўм пора олиб қўлга тушган паллада ҳам РШБга ишга бормаганди.

А.Тошхўжаевнинг янги битказган ва яна 2 та чекни сотиб олиб қураётган қурилишида вилоятнинг деярли барча қурилиш ташкилотлари камарбастадирлар ва бераётган курилиш материалларини расмийлаштирмайдилар, чунки биладиларки барибир пулини ололмайдилар.

Ҳаттоки Охунбобоев туманидаги қурилиш ташкилотлари раҳбарларига керакли қурилиш материалларини бермаганлари учун Ички Ишлар тизимидагилар томонидан тайзиқлар ўтказилган.

Тошхўжаевнинг Фарғона шаҳар Охунбобоев даҳаси Кассирский кўчасида яшовчи 6 ёшли ўғилчасининг онаси Шавкатхонни уйида 3 та хизматкор ишлайди. Шавкатхонни уйини қурилиш ташкилотлари 6 миллион сўмга ўз ҳисобларидан ремонт қилиб бердилар. Ички Ишлар бошқармасининг 1 та хизмат автомашинаси Шавкатхоннинг хизматида.

(ИЗОҲ: Яқинда Тошхўжаев Шавкатхонга янги Нексия -2 автпомашинаси совга қилди. Уни вилоят ИИБ коррупцияга ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ходими милиция подполковниги Абдуқаҳҳор Юнусов Шавкатхонга олиб келиб берди.)

Тошхўжаев вилоят Ички Ишлар бошқармасининг аввалги раҳбарига давлат томонидан берилган хизмат уйини Фарғона ёғ-мой комбинатининг «куланка раҳбари» ҳисобланмиш акаси Умархўжанинг ўқитувчи хотини номига, яъни 50 фоиз арзон нархда хусусийлаштириб олган.

Айтганча Фарғона ёғ-мой комбинати билан Тошхўжаевнинг манфаатли алоқаси ҳақида бир мисол:

Фарғона ёғ-мой комбинатининг бош ҳисобчиси Соҳиб Мўминовнинг 1985 йил 25 октябрь куни туғилган наркоман ва Фарғона шаҳар Ёрмозор Академик лицейидан ўқишдан ҳайдалган ўғли Озод Мўминов 2002 йил 23 июль куни Фарғона вилоят ҳокими Алишер Отабоевнинг қайин синглиси -Фарғона университети проректори Гулжаҳон Қосимованинг автомашинасидан ҳеч қандай сертификати ҳужжати бўлмаган 6575 АҚШ долларини ўғирлаган ва шу куни енгилтабиатли тенгдошлари билан ўғирланган пулни совура бошлаган. Айнан шу куни кучли дозада героин қабул қилиб оғир аҳволда шифохонага келтирилган.

Лекин Озод Мўминов томонидан ўғирланиб Фарғона ёғ-мой комбинатининг бош ҳисобчиси Сойиб Мўминов томонидан Гулжаҳон Қосимовага 6575 АҚШ доллари ўша пайтдаёқ қайтариб берилган бўлсада, бу ўғриликка умуман алоқаси бўлмаган Г.Қосимованинг Махмуд Қосимов кўчаси 25-уйида давлат маблағи ҳисобига олиб борилаётган қурилиш ишларида ишчи бўлиб ишлаётган бир камбағал бечоранинг ўғли Фарғона шаҳар Ҳамзаобод кўчаси 211-уйда яшовчи эппилепция хасталиги билан касалланган Умиджон Қамбаровни суд хукмига кўра 9 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилиниб, жазони қаттиқ тартибли калонияларда ўташлик белгиланган.

Ёғ-мой комбинатининг бош ҳисобчиси Сойиб Мўминовнинг наркоман ўғлига эса ҳеч қандай жазо берилмади. Чунки у ёғ-мой комбинатининг бош ҳисобчиси ўғли-да. (Қамбаров Умиднинг ота-онаси аризаси ва тушунтириш хатини илова қиламан).

Тошхўжаев қурилиш қилиш ва уй сотиб олиш дардига мубтало бўлган. Вилоят ИИБ бошлиқнинг аввалги 1-ўринбосари вазифасида ишлаган Сатторовга давлат томонидан берилган хизмат уйи, яъни Фарғона шаҳар Навоий кўчасидаги 3-хонали уйини ўз номига расмийлаштириб олган. Ўғли Ўткир учун эса Фарғона шаҳар Советский кўчасидан ҳовли сотиб олган.

Тошхўжаев нафақат «ишбилармон» раҳбар, балким «қалами ўткир ижодкор» ҳамдир. Тошхўжаев ва Мутал Қодирни ижод маҳсулотлари бўлмиш «Ажал шарпалари» номли 2 қисмдан иборат 2 том китобни «Давр минбари» газетаси обунаси учун тўпланган пул эвазига ҳар бир томини 3000 тадан жаъми 6000 нусхада чаласаводлик билан ёзилган гиж-биж хатоларга йуғрилган ҳолда чоп этилган китобни ҳар бир донасини 500 сўмдан мажбурий тарзда нақд пулга сотилган. Китоб савдосидан тушган 3 миллион сўм пулни қанчаси кимни чўнтагига тушганини эса Аминжон Тошхўжаев, Баҳром Обиджон ва Мутал Қодирлар биладилар холос.

Қалбакиликдан чўчимаган Тошхўжаев ўғли Анвархонга қалбаки диплом олиб берган. Қалбаки диплом билан Анвархон ички ҳарбий қўшинда ишлаб туриб лейтенант унвони олган. Ҳозирда Анвархон вилоят ИИБ ИПХ бошқармасида ёғли лавозимда, яъни автомашиналарга номер берувчи вазифасида ишламоқда.

Анвархон енгил автомашинасида кетаётиб Марғилон шаҳар ДОЗ идораси яқинидаги милиция постида қуйилган тўсиққа жуда катга тезликда келиб авария содир этган. Автомашина пачоқланиб кетган. Лекин ҳеч қаерда расмийлаштирилмасдан бости-бости қилинган. Анвархонга эса Фарғона ун комбинатининг директори Абдусамат «бало-қазодан қутулгани ва ўзи соғ қолгани учун» Янги Нексия автомашинаси совға қилган.

Фарғона ун комбинатини ҳам Аминжон Тошхўжаев авлоди эгаллаган. Асосий ёғли лавозимлардан бирига малакаси йўқ, тажрибасиз, ҳеч қандай маълумотга эга бўлмаган ўз укасини жойлаб қўйган.

Ички Ишлар тизимида барча лавозимлар сотилади. Жумладан: Ҳалим Абдуллажонов Аминжон Тошхўжаевга 2 минг АҚШ доллари миқдорида пора бериб, коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлимига ишга ўтган. Хоҳласа ишга боради, хоҳламаса йук. У қисқа вақтда «Нексия» автомашинаси сотиб олган ва ноқонуний тарзда кўчани ҳам ҳовлисига қўшиб олган. Қўшниларнинг унинг хурмача қилиқларидан безор бўлиб мурожаат қилмаган ташкилотлари қолмади. Отингни сот-молингни сот Аминжон Тошхўжаевнинг эркатойи бўл, шунда сени мушугингни пишт дейдиган мард топилмайди.

ИИБда нуфузли лавозимда ишлаган милиция подполковниги Набиев Ботир 2000 йилнинг июнь ойида ўзининг жиноий шериклари билан босқинчилик жинояти содир этиб Марғилон шаҳар Зуҳро кўчаси 31-уй 22-хонадонида яшовчи Тожибоева Иродани кундуз куни уйда ёш гўдак фарзандлари билан ёлғизлигини билиб хизмат гувоҳномасини кўрсатган ва уйига бостириб кириб гўдак фарзандларини ўлдириш билан қўрқитиб Иродани ўзини салафан пакет билан бўғиб, қўлига кишан солиб қийнаб 2500 АҚШ доллари пулини олиб чиқиб кетишган. Ирода бу босқинчилик жинояти ҳақида Ички Ишлар тизими раҳбарларига мурожаат қилганида негадир Аминжон Тошхўжаев бу жиноятни хаспушлаган.

Ушбу жиноят ҳақида Фарғона вилоят прокурорига 2002 йилнинг март ойида «Ўтюраклар» клубининг 2000-2001 йилги ҳисоботи нусхасини ҳавола қилганимдан сўнг шу куниёқ Набиев Ботир ва унинг жиноий шерикларига ушбу босқинчилик жинояти бўйича жиноят иши очилди ва 2003 йил январь ойида Тошлоқ туман ЖИБ судида муҳокама қилиниб «гувоҳномали босқинчи» жиноий жавобгарликка тортилди.

Аминжон Тошхўжаевнинг жияни Рустам Тўраев ўзининг жиноий шериклари билан Охунбобоев тумани Гиштмон маҳалласи Янги чек кўчасида яшовчи Раҳимқуловлар оиласига босқинчилик қилиб 2001 йил 3 июль куни кирганлар ва хонадон аъзоси вояга етмаган Ирода Собировани номусига тажовуз қилганлар. Бу жиноят бости-бости қилинган. (Раҳимқулова Озодани аризасини илова қиламан).

Вилоят ИИБ ОПС раҳбари Худоёров Шаҳобиддиннинг кирдикорлари:

– ОПС (охранно-патрульная служба – қўриқлаш-патрул хизмати, А.Ш.) ремонти учун участка нозирларидан пул йиғиб олган. ИИБдан краска (бўёқ, А.Ш.) олиб ўз уйи ремонтига ишлатган. Фарғона шаҳар ИИБдаги учта участка нозирлари бошлиқларидан: жумладан Илҳом Эргашев ва Яна 2 та ст. (катта, А.Ш.) участка нозири номига ИИБдан моддий ёрдам пули олиб, яъни уларнинг ведомостдаги имзосини сохталаштириб улар ўрнига ўзи имзо чекиб олган ва «Тошкентдан келган меҳмонлар учун сарфлашга» деб баҳона қилган.

Охунбобоев мавзесидаги бозорчани ичидаги қураётган хусусий магазинда қамоқдаги маъмурий жавобгарларни ишлатяпти. ОПС ходимлари уларга конвойлик қиляптилар.

Худоёров тўй қилганида Ёзъёвон ОПС бошлиғи Рўзимат тўйга 4 той 72 минг сўмлик пахта олиб берган. Учкўприк туман ОПС раҳбарига қўй буюрган экан, у сўйилган қўйдан олиб келса кўпчилик орасида роса ҳақорат ҳилган. Қўқон шаҳар ОПС бошлиғи тўй ароғини кўтарган.

Тошлоқ туман ОПС бошлиғи шахсий автомашинаси учун 100 минг сўмлик запчаст олиб берган.

– 2002 йил 8 март байрамида аёл ходималарни табриклаш учун деб ведомостдаги ҳамма участковойлардан пул йиғиб олиб ҳеч кимга совға бермай ўзи узлаштириб юборган.

– Хотини номига фермер хўжалиги ташкил этиб кун бўйи шу хўжалик иши билан банд, ёғ-мой комбинати, ун комбинатидан тинимсиз ем олади.

– Ризамухамедова Лилия Фарғона шаҳар ИИБда катта инспектор бўлиб ишларди. Республика Ички Ишлар Вазирлиги буйруғи билан эгаллаб турган лавозимига нолойиқ деб хулоса чиқарса, уни Худоёров бошқармага ОПСга ишга олган.

Бувайда тумани Ички Ишлар бўлимидагиларнинг кирдикорлари:

1. Бувайда тумани Жалоер қишлоғида яшаган Шокир Ориповни 2000 йил 2 июнь куни Бувайда туман ИИБ жиноятчиликка қарши курашиш бўлими бошлиғи Шавкат Одилов уриб ўлдирган ва жазоланмаган. (Ориповлар оила аъзоларини бош прокурор номига ёзган ариза ва тушунтириш хатини илова қиламан).

2. Бувайда тумани Додхо маҳалласида яшаган Шаҳобиддин исмли машина устасини Бувайда туман ИИБ ходимлари уриб ўлдирганлар ва жазоланмаганлар.

3. Бувайда тумани йўл-патрул хизмати (ЙПХ) бошлиғи Холдоралини пистолети билан унинг набираси қўшнисини ўғлини отиб ўлдирганлиги ҳолати бости-бости қилинган.

4. Бувайда тумани ИИБ ходимларининг жуда кўп жиноятларини билгани учун 27 май 2002 йил куни олдиндан жиноий тил бириктириб ички Ишлар бўлимидагилар Жалоер қишлоғида яшовчи Умурзаков Ғанишерга туҳмат уюштириб прокурор санкциясисиз қамаганлар. (Умурзакова Соҳибанинг ариза ва тушунтириш хатини илова қиламан).

5. Бувайда тумани Жалоер қишлоғида яшовчи Холматов Одилжонни 2002 йил 19 сентябрь куни автомашина авария қилган ва ҳайдовчи қочиб кетган. Қўнғирот қишлоғилик автомашина ҳайдовчисининг бу жинояти бўйича Ички Ишлар бўлимидагилар ҳеч қандай чора кўрмаган, ҳаттоки шуғулланмаганлар ҳам. (Холматовлар оила аъзоларининг ариза ва тушунтириш хатларини илова қиламан).

6. Бувайда тумани Жалоер қишлоғида яшовчи Жўраева Санобарни 13 октябрь куни (2002 йил, А.Ш.) Абдурахим ва Мавлуда исмли эр-хотин бозорчилар уришган ва Жўраева Санобарни қаматамиз дейишган. Уларнинг аризаси бўйича Жўраевага Ички Ишлар бўлимидагилар жиноят иши қўзғаганлар ва туҳмат уюштириб қалбаки ҳужжатлар қилганлар. (Жўраевани аризаси ва тушунтириш хатини илова қиламан).

Киргули туман Ички Ишлар булимидагиларнинг кирдикорлари:

1. 2002 йил 1 август куни кечаси 23-ларда особо опасный (жуда хавфли, А.Ш.) рецидивист, 2 марта қотиллик жинояти содир этиб қамалган, Қосимохунованинг собиқ турмуш ўртоғи Аҳад Ашуров Киргули туман Лермонтов кўчаси 7-уйнинг 26-хонадонида яшовчи Қосимохунова Судобахонни хонадонига бостириб кириб Қосимохунова ва унинг вояга етмаган ўғлини пичоқлаган ва ўлдириш билан қўрқитган. Киргули туман ИИБдагилар Аҳад Ашуровдан олган поралари эвазига босқинчи, икки кишини пичоқлаган Аҳад Ашуровни эмас, Қосимохунованинг вояга етмаган ўғлини жиноятчи деб топилган ва айбсиз-айбдор гудак туҳмат билан судланди. (Қосимохунова аризасини илова қиламан).

2. Киргули туманида 16 июль (2002 йил, А.Ш.) куни қотиллик жинояти содир этилган. Бу жиноятни Тошлок туманида яшовчи Исмоилов Дилшодни Киргули туман ИИБга олиб бориб икки кун тинимсиз 8 нафар милиционер калтаклаб, агар қотиллик жиноятини бўйнига олмаса героин ва наша билан қамашларини айтиб қўрқитишган. Қотиллик жинояти содир этилган пайтда Тошлоқ туманида бўлган ва уни ўша пайтда кўрган гувоҳлар бор бўлишига қарамай аввал маъмурий жавобгар қилиб қамаб олиб, кейин туҳмат билан қотиллик жиноятини Исмоилов бўйнига қўйганлар. Суд жараёнида Исмоиловни қотил эмаслиги гувоҳларнинг кўргазмалари билан исботланган бўлсада, у 18 йилга қамалди. (Исмоилов Дилшоднинг отаси Исмоилов Исроилни ариза ва тушунтириш хатини илова қиламан).

3. Киргули туман Тургунева кўчаси 9-уй 17-хонадонда яшовчи Рахимова Гулнора Киргули туман Ички Ишлар бўлимига ва туман прокуратурасига жуда кўп марта маҳалладаги аҳвол ҳақида ариза ёзган. Лекин улар ҳеч қандай чора ҳам кўрмаган, жавоб ҳам бермаган. (Рахимова Гулнорани аризасини илова қиламан).

4. Киргули туман Ички Ишлар бўлими бошлиғи ўринбосари Сайфиддин Тиллаев Киргули туман Дўстлик кўчаси 34 уйда яшовчи қўшмачи Санамхон Тешабоевани уйида қўшмачихона ташкил этган. У ерда пропискасиз бошқа вилоятлардан келган 12-13-14-15 ёшли гўдак қизларни пулдор эркакларга қўшиб бериб, маишат авжига чиққан пайтида Ички Ишлар бўлими ходимлари хонадонга бостириб кириб эркакни бор будини талон-тарош қилишни йўлга қўйганлар. Бу ҳақда маҳалла фаоллари ҳаттоки вилоят Миллий хавфсизлик хизмати идорасига ҳам талабнома билан чиққанлар. Лекин натижасиз.

5. Киргули туман ИИБ бошлиғи ўринбосари Сайфиддин Тиллаев Стальников кўчаси 5-уйда яшовчи самогонфурушни ўз ҳимоясида сақлайди ва сотилган самогон пулидан ҳисса олади.

6. Киргули тумани ИИБ бошлиқ ўринбосари Сайфиддин Тиллаев Киргули тумани Фарғона кўчаси 40-уйнинг 2-3-4 хонадонига эгалик қилиш билан бирга 1-хонадонда яшовчи Одина Турсуновани уйига эгалик қилиш учун 2002 йил июль ойи охирида кечаси 1 ларда участка нозири, Хуршид исмли посбони билан уйига бостириб кириб, прокурор санкциясисиз уйини тинтув қилган ва Турсунова Одинани, уни қутқармоқчи бўлган Дурдонани, Исломбекларни аёвсиз калтаклашган. Эртаси куни Тиллаевни хотини Сабохон ва қизи Мадина яна Турсуновани уйига Тиллаев билан биргаликда бостириб кириб хонадондагиларни аёвсиз калтаклаганлар.

7. 2002 йил 17 сентябрь куни Марғилон шаҳар Қирқҳовуз кўчаси 40-уйда яшовчи Турсунова Одинани ота-онаси Маъмиржон, Шарофатхон, Дилшодбек, Гули, Иброҳимжонлар Одинахон билан Киргулидаги уйларига боришса «уйни бизга бўшатиб кет» деб Тиллаев Саша исмли боксёрга Турсунов Маъмиржонни калтаклатган. ИИБ бошлиғи Акрам Ботировга ўринбосарини кирдикорларини айтиб арз қилган фуқароларни ҳақоратлаб ҳайдаган. Турсуновларни «ТИКО автомашинасида ваҳобий варақаси олиб келгансан, яхшиликча уйни бўшатиб кетмасанг қаматамиз» деб қўрқитишган.

8. Киргули туман ИИБ участка нозири Умид Тўрақулов Қирғизистон Республикаси фуқароси, пропискада бўлмаган чет эл фуқароси Ўш вилояти Ноукат туманилик 22-24 ёшли аёл билан Киргули тумани Тинчлик кўчаси 21-уйда қонунсиз яшайди. Ўз фарзандларини эса ташлаб қўйган.

9. Вилоят Ички Ишлар бошқармасига, вилоят ҳокимиятига, Киргули туман ИИБга, Вилоят ИПХ (ички, менимча йўл, патрул хизмати, А.Ш.) бошқармасига 2001 йил 18 сентябрь куни Эргашевлар мафияси ҳақида талабнома ёзганман. Лекин ҳеч бири жавоб бермаган.

10. 2002 йил 1 июль куни мени Киргули туман территориясида Киргули постида ИПХ ходими Сайнаев Йўлчибой ва отдел охрана (қўриқлаш хшҳмати, А.Ш.) ходими Равшан Тиллаев ноқонуний тутиб ИИБга олиб боришган. Мени ноқонуний тутиб ИИБга олиб борган Нефть вазири ҳамда Нефтьни қайта ишлаш заводи бош директори Сайидахмедовларнинг жияни ИПХ ходими Сайнаев Йулчибой 2001 йил 24 ноябрь куни кеч соат 21ларда фуқаро А.Джалолиддиновни ноқонуний тутилганда ва тутилишини ноқонунийлигини исботламоқчи бўлганида курсантлар Қобил Юсупов ва Назир Юсуповларга Сайнаев Йўлчибой “тили узун бўлиб қолибди, бир адабини бериб қўйинглар” деб курсантларга жиноий раҳбарлик қилган.

Кейинчалик курсантларга жиноят иши қўзғатилиб суд ҳукми билан 2 йилга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси берилган. Лекин Сайнаевни «нефть қироллари” бўлган тоғалари сарфлаган маблағлари эвазига Сайнаев ҳеч қандай чора олмаган. (Қобил Юсупов ва Назир Юсуповаларни аризаларини илова қиламан).

(ИЗОҲ: Фарғона Нефтни қайта ишлаш заводидан қунда, кун ора вилоятдаги маъмурий оргаилар вакиллари бошчилигида тонна-тонна бензин ноқонунинй олиб чиқилиб, амалдорларнинг заправкаларига тарқатилади. 31 январь қуни эса ФНПЗ (Ферганский нефте переработывающий завод – Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи,А.Ш.), нинг 13-цех бошлиғи Одил Кенжаев бошчилигида амалдор “раҳбаралари”дан яширин ҳолда ўзбошимчалик билан 10 тонна бензин олиб чиқиб кетшшётганида “ўзбошимчалар” қўлга олинган ва давлат мулкини талон-тарож қилган жиноий гуруҳга шу қуниёқ жиноят иши қўзғатилган

Олтиариқ туман Ички Ишлар бўлимидагиларнинг кирдикорлари

1. 2002 йил 1 июль куни Олтиариқ туманида содир этилган қотиллик жиноятини камбағалларни бўйнига қўйиш учун Олтиариқ туман ИИБ ходимлари сохта ҳужжатлар қилиб Повулгон қишлоғилик Мамажонов Қобил, Усмонов Ғайрат, Исмоилов Миркомил, Қодиров Исроил, Маматов Тўйчибой, Турсунов Ориф, Азимов Эмин, Ибрагимов Бахтиёр, Акбаров Мўмин, Акбаров Равшан, Турсунов Шамсиддин, Турсунов Ҳусниддин ва Орифжонов Ҳамдамларни 4-9 июль кунлари маъмурий жавобгар қилиб расмийлаштирганлар ва Олтиариқ туман жиноят ишлари суди раиси Тожиддин Ваҳобов уларни 10 суткага қамаб, ИИБдагиларни фуқароларга руҳий ва жисмоний тайзиқ ўтказишларига имконият яратиб берган.

2. 2002 йил 1 июль куни Олтиариқ туманида содир этилган қотиллик жиноятини ва 2001 йил февралда содир этилмаган ва ҳеч қандай рўйхатга олинмаган номусга тегиш жиноятини Турсунов Шамсиддин ва Ҳусниддинлар зиммасига уларни калтаклаш, рухий ва жисмоний тайзиқлар ўтказиш натижасида тинимсиз калтаклаб қўйишган. Турсунов Шамсиддин ва Ҳусниддинларга нисбатан қилинган тайзиқлар юзасидан БМТнинг махсус маърузачиси Тео Ван Бовен ўз ҳисобот докладида алоҳида тўхталган. (Ака-ука Турсуновларнинг отаси Эсон Турсунов аризаси ва тушунтириш хатини илова қиламан).

3. Олтиариқ туман ИИБ ходимлари Фарғона тумани Чекшура ҚФЙ (қишлоқ фуқаролар йиғини, А.Ш.) Киргизшура кўчаси 1-уйда яшовчи Мадумарова Қимматхон ва унинг қизи Зулхуморни ҳақорат қилиб, таҳқирлаб, ёлғон кўргазмалар беришга мажбурлаб, Эргашева Зулхуморни ИИБ биносида ноқонуний 2 кеча-ю кундуз ушлаб туриб Турсуновларга туҳмат қилиб «зўрлаб номусимга тегишди» деб ёлғон кўргазмалар беришга мажбурлашган. (Мадумарова Қимматхон ва Эргашева Зулхуморларнинг ариза ва тушунтириш хатларини илова қиламан).

4. Олтиариқ туманида қотиллик жинояти содир этилгандан сўнг, яъни 2-3 июль куни (2002 йил, А.Ш.) одам ўлдириб қамалган ва қамоқхонадан яқинда қайтган Ҳожибеков Эгамберди изсиз ғойиб бўлган. Бу ҳолатга ИИБ раҳбарлари қизиқиб ҳам кўрмаганлар.

5. 2002 йил тахминан 5-6 июль куни Олтиариқ тумани ИИБ раҳбарлари топшириғига асосан ИИБ ходими Етмишев Повулгон кишлоғи участка нозири ва бошқа милиция ходимлари билан биргаликда Етмишев бошқарувидаги «Дамас» автомашинасига Жанубий Фарғона каналидан оқиб келган, шахси номаълум бўлган эркак киши ўлигини таҳқирлаб қопга солиб, автомашинага юклаб шимолий Катта Фарғона каналига ташлаб юборишган.

6. Олтиариқ туман ҳокимиятида 2002 йил 27 август куни бўлиб ўтган фаоллар йиғилишида Ҳамза шаҳар Маданият МФЙ (маҳалла фуқаролар йиғини, А.Ш.) раиси Мавжуда Отақулова сўзга чиқиб туман ИИБ раҳбарлари ва ходимларининг маиший бузуқликлари, Ҳамза шаҳрида махсус қўшмачихоналар ва фоҳишахоналар ташкил этганликлари, шунингдек жиноятчиликни авж олдираётган асосий айбдорлар эканлиги ҳақида гапиргач, айнан шу куни ИИБ раҳбарлари маҳаллага келиб маҳалла аҳлига ва МФЙ раиси Отақуловага тайзиқ ўтказганлар. Халқни қўрқитиб қўйиш мақсадида умуман айбсиз бўлган фуқаро Ўтанов Баҳодирни калтаклаб олиб кетиб ҳибсга тиққанлар.

Ушбу воқеадан сўнг Ҳамза шаҳар Навоий МФЙ раиси ва маҳалла фаоллари Олтиариқ туман ИИБдаги раҳбар ходимларнинг маиший бузуқликлари, бунинг эвазига Олтиариқ туманида жиноятчиликнинг авжига чиқиб кетганлиги, айнан Олтиариқда қонунни ҳимоя қилгувчи ташкилотлар раҳбарлари ўзлари жиноятчи эканликлари ҳақида «Ўтюраклар» клубига ариза билан мурожаат қилишган.

Бунингдек жиноятларга чек қўйиш учун 30 август (2002 йил, А.Ш.) куни вилоятдаги барча маъмурий органларга 31 август куни норозилик намойиши ўтказишимизни билдириб расмий билдирги ёздик. 31 август куни вилоят ИИБ бошлиғи А.Тошхўжаев раҳбарлигида Олтиариқда йиғилиш ўтказилди. Милиция органини обрўсига путур етказган маиший бузуқ кимсалар қаттиқ жазоланишларига Тошхўжаев ваъда берди. Лекин Олтиариқдаги аянчли аҳвол ҳақида вилоятнинг барча маъмурий органлари раҳбарлари номига ёзган талабномамизга ҳеч қандай жавоб ҳам берилмади, ўзгариш ҳам бўлмади. (МФЙ раиси Отақулова Мавжуда ва маҳалла фаоллари томонидан ёзилган аризани илова қиламан).

7. Олтиариқ тумани Полосон қишлоғи Ибн-Сино кўчаси 95-уйда яшовчи Алимқулов Ҳолиқназар 2000 йил 30 октябрь куни ўз қари онасини аёвсиз калтаклаб урган. Онаси 12 кун касалхонада оғир аҳволда ётган. Лекин ИИБга бу ҳақда ариза бериб чора кўриш сўралганда участка нозири Шуҳрат Собиров ҳужжатларни қилган, лекин ҳеч қандай чора кўрилмаган. Шундан сўнг кампир ўлиб қолган.

8. 2001 йилнинг ёз ойларида Алимқулов Ҳолиқназар ўз ўғли билан мулк талашиб ўғлига тайзиқ ўтказган ва калтаклаган. ИИБ бошлиғидан ёрдам беришини сўраб борса милиция бўлими бошлиғи Хонкелдиев Азим Алимқуловни ҳақ эканлигини билсада Азимжонни дадасини оёғи остида йиқилтириб эмгалаткизган. Эртаси куни Азимжон ўзини осиб қўйган. Реанимацияда ётган, лекин сирлари фош бўлиб қолишидан чўчиган ИИБдаги карчалонлар Азимжонни руҳий касалликлар шифохонасига жойламоқчи бўлганлар.

9. Алимқулов Азимжон фуқаролик судига даъво ариза билан мурожаат қилиб, отаси билан тортишаётган мулкини қонунийлигини белгилаб олмоқчи бўлганда Риштон туманлараро фуқаролик суди 6 ой ичида масалани қонуний ҳал этмаган.

Шу пайтда Ҳолиқназар Алимқулов Олтиариқ туман ИИБдагилар билан жиноий тил бириктириб, 3-гуруҳ ногирони бўлган, чап қўли ишламайдиган Азимжонни дадасини, угай онасини ва 3 та 15-17 ва 18 ёшли қизларини урди деб расмийлаштириб медицина экспертирзасидан ёлғон хулоса ёздириб олиб Азимжонга жиноят иши қўзғашган ва Азимжон ноҳақдан судланган. (Алимқулов Азимжоннинг ариза ва тушунтириш хатини илова қиламан).

10. 2002 йил 23 май куни кечаси соат 23 ларда Олтиариқ туман ИИБ ЙПХ (йўл-патрул хизмати, А.Ш.) нозири Фарҳод Тожиев ўзи маст ҳолатда ИИБда посбонлар сардори томонидан тузилган график бўйича МФЙдан вакил Р.Қодиров ва Ҳомид Ахмадқуловлар билан биргаликда навбатчи бўлиб турган посбон Адҳам Абдурасулов мотоциклини тортиб олиб қўйиб, ваколатга эга бўлмаган ҳамширадан посбонни мастлиги ҳақида қалбаки ҳужжат расмийлаштириб беришини сўраган.

Ҳамшира М.Аҳророва кечаси 1 ларда маст бўлмаган посбонни маст деб расмийлаштирган. Ҳамширанинг ноқонуний ҳаракати юзасидан мониторинг ва журналистик суриштирув ўтказилганда Олтиариқ туман Соғликни сақлаш бўлими врачи Мамир Акбаров ва ҳамшира М.Аҳроровага 10 июл (2002 йил, А.Ш.)даги 107-сонли буйруқ билан хайфсан жазоси берилган.

Олтиариқ туман ИИБ ЙПХ бошлиғи Фарҳодни акаси Тожиев Бахтиёр посбонга «30 минг сўм штраф тўласанггина мотоциклингни суд орқали оласан» деган. ИИБ ИПХ томонидан октябрь ойида, яъни 100 кундан сўнг маъмурий жавобгарлик бўйича қалбаки ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ижро қилиш учун 30 минг сўм жарима тўлаш учун қарор чиқарган. ИИБ муддати ўтганлигини ҳисобга олиб ҳужжатларни қабул қилмасдан қайтариб берган.

Абдурасулов туман прокурорига мурожаат қилса прокурор Ғайрат Умурзақов фуқарони умуман қабул қилмаган. Қабул қилган Анвар Тешабоев эса посбонга «ўзинг айбдор экансан» деб жавоб бериш билан чекланган. Ушбу масала юзасидан айбдорларга қонуний чора кўришни сўраб 31 август куни А.Тошхўжаевга ариза ва тегишли ҳужжатлар ҳавола қилинган. Лекин ИИБдаги жиноятчиларни мушугини пишт дея оладиган мард топилганича йўқ. (Адҳам Абдурасуловни аризасини илова қиламан)

Прокуратура тизимидагиларнинг қонунлар бажарилишини назорат қилиш ўрнига қонунбузарларни ҳимоячисига айланиб қолганликлари:

1. Марғилон шаҳар Б.Марғилоний кўчаси 9-уй 39-хонадонда яшовчи Ҳомидова Салимахонни Республика бош прокурори номига ёзган ариза ва тушунтириш хатини ҳавола қиламан. Унда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Фарғона вилоят Назорат тафтиш бошқармаси раҳбари Баҳром Мирзаев, тафтишчи Мусо Қодиров, Вилоят молия бошқармаси бошлиғи Мухтор Маннонов, Тошлоқ туман Молия бўлими мудири Аваз Рахмонов ва Тошлоқ туман Халқ таълими бўлими мудираси Латофат Эргашеваларнинг жиноий тил бириктириб жуда катта миқдордаги давлат бюджети маблағларини талон тарож қилганликлари, уларнинг бу жиноятларини Тошлоқ туман прокурори Комил Бойматов, вилоят прокурорининг ўринбосарлари Маъруф Усмонов ва Муродил Қурбоновлар қай тарзда бости-бости қилганликлари баён қилинган.

2. Ижтимоий таъминот тизимидаги корчалонларнинг айби билн аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож бўлган қатлами — ногиронларнинг ҳуқуқлари қасддан паймол этилаётганлик ҳолати бўйича Ижтимоий таъминот вазири Оқил Обидов, ИЭР инспектори Анвар Турдиев, Фарғона вилоят ТМЭК раҳбари Муҳаммад Умриддинов, масъул раҳбарлар А.Абдукабиров ва М.Сойиповларнинг жиноий кирдикорларини хаспушлаш учун Республика «Адолат» газетасининг таъмагир журналисти Солиҳ Қаҳҳор билан тил бириктирган вилоят прокуратурасининг иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга қарши курашиш бўлими бошлиғи Эркин Ғофуров, бўлим катга терговчиси Муҳаммад Абдуллажоновларнинг кирдикорлари юзасидан

а) Тошлоқ тумани Арабмозор қишлоғида яшовчи ногирон Сойибназар Умурзаков;

б) Тошлоқ тумани, Навоий ширкат хўжалиги 1-бригадасида яшовчи Эргашой Қодирова;

в) Тошлоқ тумани, Тошлоқ посёлкаси Улуғбек кўчаси 15-уйда яшовчи Абдусамад Латипов;

г) Тошлоқ тумани, Тошлоқ посёлкаси Ибн-сино кўчаси 29-уйда яшовчи Рауф Умаров;

д) Тошлоқ тумани, Тошпўлатов кўчаси 49-уйда яшовчи Тошхўжаева Қаноатхон;

е) Тошлоқ тумани, Яккатут жамоа хўжалигида яшовчи Ёқубова Шаҳзода;

ж) Тошлоқ тумани, Янгиқишлоқ маҳалласида яшовчи Юлдашева Шоира;

з) Тошлоқ тумани, Тошлоқ шаҳарчасида яшовчи Неъматҳожи Шералиев;

и) Тошлоқ тумани, Садда ҚФЙ Баланд кўприк маҳалласида яшовчи Абдужаббор Ашуров;

к) Тошлоқ тумани, Огаҳий кўчаси 67-уйда яшовчи Ахмедов Жўра;

л) Тошлоқ тумани, Қумариқ ҚФЙда яшовчи Эминов Нуриддин,

м) Олтиариқ тумани Бирлик кўчаси 19-уйда яшовчи Ҳамролиева Раҳимахонларнинг ариза ва тушунтириш хатлари орқали хабар топасиз.

3. Солиқ тизимидагиларнинг манфаатпарастлиги туфайли тадбиркор-ишбилармонларнинг хонавайрон бўлаётганликлари факти юзасидан Фарғона вилоят прокурорининг ўринбосари Маъруф Усмоновнинг Республика прокуратурасида масъул лавозимда ишлаган пайтида қонунни топтаб, тепалаб тадбиркорнинг мол-мулки, барча имкониятидан ноқонуний равишда маҳрум қилганлик ҳолати, ушбу ноқонуний ишлар сабаб тадбиркор ўзининг жуда катта миқдордаги мулкига ҳанузгача эгалик қила олмаётганлиги ҳақида Олтиариқ тумани «Ўрта-Осиё» тайёрлов савдо жамоа хўжалиги аъзоларидан Абдуҳалил Маматов, Охунбобоев кўчаси 19-уйда яшовчи Холлиқулота Ахронқуловларининг Республика бош прокурори номига ёзган ариза ва тушунтириш хатларида билиб оласиз.

4. Вилоят прокурорининг иқтисодий жиноятлар ва коррупцуияга қарши курашиш бўлими бошлиғи Эркин Ғофуров ва Тошлоқ туман прокурори Комил Бойматовларнинг кирдикорлари ҳақида Учкўприк туманилик адвокат А.Файзуллаевнинг ариза ва тушунтириш хатида танишасиз.

5. Марғилон шаҳар прокуратурасининг терговчиси Муқим Пўлатовнинг қонунни қасддан топтаб жиноят содир этган фуқароларни ҳимоясига олганлик, айбсиз фуқароларга тайзиқ ўтказиб жиноят иши қўзғаганлик фактлари ва уларнинг оила аъзоларига ҳам тайзиқлар ўтказганлик ҳолати бўйича Марғилон телеком ходими Солиева Нигоранинг ариза ва тушунтириш хатида тўлиқ танишасиз.

6. Паймол этилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишни сўраб мурожаат қилган фуқароларнинг ижтимоий ҳимоячиси ҳисобланмиш касаба уюшмалари кенгашлари томонидан айнан мурожаат қилган фуқароларнинг ҳуқуқлари ва яна такрораран паймол этилаётганлиги ҳаидаги факт бўйича Вилоят Касаба уюшмалари кенгашига қарашли тармоқларда ишловчи пиёниста ҳуқуқшунос Қаҳрамон Мелиқўзевнинг жиноий кирдикорлари ҳақида Тошлоқ тумани Садда қишлоғи Навбаҳор кўчаси 16-уйда яшовчи Ахмедова Зуҳра, Какир ҚФЙ С.Мирзаев кўчаси 44-уйда яшовчи Солиева Манзура, Садда қишлоғи Муқимий кўчаси 84-уйда яшовчи Исмоил Қодировларнинг ариза ва тушунтириш хатларида танишасиз.

Шунингдек уларнинг тушунтириш хатларида «Сув келтирган хори-зор, кўза синдирган азиз» халқ мақолининг исботи тариқасида бу фуқароларнинг ҳуқуқларини «Ўтюраклар» клуби томонидан тиклангандан сўнг газетада гўёки бу ишларни Тошлоқ туман прокуратураси ва касаба уюшмаси томонидан қилинган деб ёлғон мақола ва бу мақолага раддия беришни сўраб ёзилган талабномага Вилоят прокурорининг ўринбосари Муродил Қурбоновнинг ўта кулгили жавобларини ҳам ҳавола қиламан.

7. Ҳокимият тизимидагиларнинг «ўзим хон – куланкам майдон» қабилида ноқонуний қарорлар ва фармойишлар чиқариши, бунинг натижасида давлат мулки ҳисобланмиш ерларни талон-тарож қилаётганлиги факти юзасидан Олтиариқ тумани «Соҳибназар» хусусий фирма раҳбари Абдуҳамид Сатторовнинг, Полосон қишлоғида яшовчи Алимқулов Азимжоннинг ариза ва тушунтириш хатларида танишасиз.

8. Қишлоқ хўжалиги тизимида пахта майдонларини ўз манфаати йўлида талон-тарож қилиш эвазига қўшиб ёзишлар ва бошқа жиноятлар авж олганлиги, минерал ўғитларни четга ноқонуний йўллар билан сотилаётганлиги, техникаларни талон-тарож қилаётганлиги фактларини Фарғона вилоят прокурорининг ўринбосари Муродил Қурбонов ва Олтиариқ туман прокурори Ғайрат Умурзаковлар бости-бости қилишган.

Аслида бугунги кунда ҳар икки ҳолат бўйича давлат мулкига кўз олайтирган амалдор карчалонларнинг кирдикорларини фош этгувчи пакет ҳужжатлар, Қирғизистон Республикасига ноқонуний тарзда олиб чиқиб кетилаётган тонна-тонна минерал ўғитлар ҳужжатлари, пахта майдонларига қовун-тарвуз ва бошқа экинлар экилганлик ҳолатлари акс этган ва ширкат хўжалиги раҳбарларидан ерларни сотиб олган фуқаролар билан қилинган суҳбатлар акс этган видокассета ва Олтиариқ тумани Нуробод ширкат хўжалиги раҳбарларининг ўз манфаатини кўзлаши натижасида давлат мулки ерларни ва техникаларни талон-тарож қилинаётганлик ҳолати бўйича ширкат хўжалигининг собиқ аъзолари Ҳамза шаҳри Пропирка маҳалласида яшовчи Ҳусанов Рўзматжон, Полосон қишлоғи Озода кўчаси 3-уйда яшовчи Улуғбек Мусаев, Полосон қишлоғида яшовчи Азам Азизов, Повулгон ҚФЙ Қорабоев кўчаси 21-уйда яшовчи Ҳомидова Юлдузхоннинг ариза ва тушунтириш хатларида, шунингдек вилоят ҳокимининг топшириғи билан 2001 йил пахта мавсумида қўшиб ёзиш жиноятлари содир этилганлиги ҳақидаги «Энг узун, энг узоқ ва энг қиммат мавсум» номли интернет сайтлари учун тайёрланган мақоламни ҳавола қиламан.

Шу билан биргаликда ушбу жинотларни бости-бости қилган Олтиариқ туманининг чаласавод прокурори Ғайрат Умурзаковнинг 2002 йил 10 ноябрь кунги 139ш-02 рақамли менга йўллаган жавоб хатини муҳокама учун ҳавола қиламан.

9. Олтиариқ туманининг бу чаласавод прокурори Ғайрат Умурзақов ўз ишига пухта ва ақлли.

У ўзининг саводсиз терговчиси Бахтиёр Пўлатов билан биргаликда жуда кўп жиноий ҳаракатлар қилган ва қилиб келмоқда.

Жумладан:

1. Олтиариқ тумани Ҳамза шаҳар Навоий кўчаси 24-а уйнинг 31-хонадонида яшовчи 15 ёшли вояга етмаган гўдак Сагатова Севарани зўрлаб, қўрқитиш йўли билан номусига теккан Отабек Мадалиевдан олган пораси эвазига вояга етмаган гўдакни зўрлаб номусига тегиш жиноятини 2001 йилдан буён ҳанузгача бости-бости қилиб келмоқда. Сагатова Севаранинг онаси Сагатова Фотимага агар бирон жойга ариза билан мурожаат қилгудек бўлса наркотик модда ёки варақа билан қамаб юбориши ҳақида айтиб қўрқитиб келишмоқда.

2. Олтиариқ тумани Каримов жамоа хўжалиги «Жонбек» кўчаси 23-уйда яшовчи Назарова Жумагулни хонадонига ён қўшниси Салим Қурбонов босқинчилик қилиб кириб ўлдириш билан қўрқитиб номусига текканлиги, бу ҳолатни тинимсиз такрорлаганлиги ва ҳозирда Назарова Жумагул фарзанд кўрганлиги, Салим Қурбоновга чора кўришни сўраб Республика прокуратурасига ёзган аризасини вилоят прокуратурасида ва Олтиариқ туман прокуратурасида бости-бости қилинганлигини ёзган.

3. Босқинчилик ва номусга тегиш жиноятларини хаспушлаган Ғайрат Умурзаков 2002 йил 1 июлда содир этилган қотиллик жиноятини тезроқ ёпиш мақсадида, яъни қотиллик жинояти содир этиш мотивини қидириб умуман номусга тегиш бўйича ариза бермаган Фарғона туманилик фуқаро Зулхумор Эргашевага тайзиқ ўтказиб, қўрқитиб «Турсунов Шамсиддин ва Ҳусниддинлар 2001 йил февраль ойида номусимга тегишган эди» деган мазмунда ариза ёзиб берасан деб зўрлаган ва мажбурий ёзилган аризага асосланган ҳолда 2002 йилнинг июл ойида номусга тегиш жиноятини ҳам ака-укалар зиммасига юклаган ва туҳмат билан қамалиб кетишларига сабаб бўлган.

4. (ИЗОҲ: Яқинда Олтиариқ туман прокуратурасини Ҳамза шаҳар Навоий МФЙ судга беришни режалаштирган ва суд жараёнида «Ўтюраклар» клуби томонидан қилинган ишларни газетада «мен қилдим» мазмунда мақола чоп этган «Давр овози» газетаси ва район прокурори Ғайрат Умурзаковларни «Ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир»ликлари масаласи муҳокама қилинади).

имзо
Мўътабар Тожибоева,
«Ўтюраклар» клуби раҳбари,
мустақил журналист

27 ноябрь 2002 йил”

P.S. Ватандошларимга илтимосим.

Мўътабар Тожибоева Тушунтириш хати бошида келтирган маълумотлар ва кўп йиллик тажрибамга кўра қуйидаги хавф бор:

Ўзбекистон кучишлатар органлари, айниқса Миллий хавфсизлик хизмати органларининг ноқонуний ишлари ва жиноятларини фош этувчи бундай хатлар ва мақолаларни МХХ сайтлардан йўқотиш чора-тадбирларини кўрган ва бу ноқонуний ишини давом эттирмоқда.

Шу сабабли бу ва бунга ўхшаш муҳим мақолаларни сайтлардан флэшкага ёзиб яширинча сақлаб қўйишни ватандошларимдан илтимос қиламан. Токи бу ҳақиқатни бугунги ва эртанги авлодларимиз ўқиш имкониятига эга бўлишсин. Тарихимизда ўтган буюк сиймоларнинг китобларини, жумладан Бобораҳим Машраб (1653-1711) девонини айрим ватанпарвар ҳаттотлар кечалари шам ёруғида кўчириб олиб, биз – авлодларга етказишган.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР

1. От А до Я: 300 лeт амeриканского афоризма (А дан Я гача: амeрика афоризмига 300 йил) /Состав., прeдисл., пeр. с англ. А.Ливeрганта. – М.: ТEРРА Книжний клуб, 1998. – 208 с.
Франклин, Бенджамин (1706-1790) – АҚШлик ёзувчи, файласуф, олим, давлат арбоби.

2. Тожибоевани нега қамашди? Иккинчи далил.

ТОЖИБОЕВА М. Фуқаровий бўйсунмаслик сиёсий акцияси. 2003 йил 4 сентябр. (М.Тожибоева ушбу Мурожаатномани Freedom House нинг Тошкент ваколатхонасида 2003 йил 4 сентябр куни матбуот анжумани пайтида тарқатди). –

http://www.turonzamin.org/congress3/tajibayeva_aksiya.html (www.turonzamin.org ARXIV 2006.06.02);

http://www.turonzamin.org/congress3/tajibayeva_aksiya.html (www.turonzamin.org “Turonzamin” журнали, 2006 йил, 3(15-сон).

E-mail: ahmadus54@gmail.com
2011 йил 11 феврал.
АҚШ, Бойси шаҳри

http://yangidunyo.com/?p=17286

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.