Халқаро анжуманга киритилмаган Нобель мукофоти номинантлари. (Қийноқлар ороли асираси – Зулмат қаърида. № 20)

* * *

ЖИГАРЛАРИМ БИЛАН ДИЙДОРЛАШДИМ

Бир куни ишдан қайтиб келсам, Нафиса мени четга тортди. “Однохлебкам” Раъно опа уни менга элчи қилиб жўнатибди: “Мен энди Мўътабар билан бирга ўтирмайман. Бунинг сабаблари бир талай. Биринчидан, унга  передача ҳам, учрашув ҳам берилмаслиги ҳақида эшитдим. Бундан ташқари, ким Тожибоева билан яқин муносабатда бўлса, ўша маҳкума жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантиришди. Шунинг учун Мўътабарга етказсангиз, биздан айри ўтирсин” – дея ўз  талабини тайинлаб айтиб юборибди.

Маҳалладошим бўлган бу аёлнинг гапларидан жуда қаттиқ дилим оғриди. Не қилай, майли, мени деб ўзгалар жабр кўришмасин, деган ўйда, ўзимни тортдим, улар билан бирга ўтирмай қўйдим ўша гапдан кейин. Улардан ажралганман, сумкамда эса деярли ҳеч нарса қолмаган ҳисоб.

Чунки мен изоляторда эканлигимда, қаровсиз қолган сумкамдан қолган-қутган нарсаларимни ҳам  ўмаришган экан. Айниқса, Рустам билан қариндош эмаслигимизни эшитган ўғриларга жон кирган кўринади…

Мен бу пайтда ортидан ҳеч ким келмайдиган Раъно билан Кумушга қўшилдим. Раъно наманганлик, Кумуш эса фарғоналик. Биз бирга ўтирамиз, нарсаларимдан қолган-қутгани қуритилган кўкат ва қалампир, шуларни тузлаб, нонга қўшиб еймиз, холос. 

Шундай кунларнинг бирида – 10 август куни кутилмаганда мени узоқ муддатли учрашувга чақириб қолишди. Бу хушхабарни эшитган Кумуш ўзимдан ҳам ортиқ қувонди.

Севинчи ичига сиғмай Раъно опа эшитадиган овозда қичқирди: “Вой ўлмасам, учрашувга чиқмайди деб сизни ҳайдашганди, энди нима бўлади? Ошлар олиб чиқинг-а, ўзим тарқатаман” – дерди қочирим қилиб.

Маҳаррам опам билан укам Расулжон узоқ муддатли учрашувга келишибди. Аслида бир неча кундан буён мен билан учрашишни талаб қилаётган бўлишларига қарамасдан, бўш жой йўқлигини баҳона қилиб уларнинг талабини рад қилишаётган экан. Мана, ниҳоят  учрашув беришди. Айрилиқ азобида эзилган жигарлар ниҳоят дийдорлашдик.

Қамоқхонада иккита учрашув биноси бор: улардан бири эски, иккинчиси янги қурилган.

Маҳкумалар учрашув бинолари ҳақида менга гапириб беришганда, эски ва янги учрашув биноларидаги энг четга жойлашган саккизинчи ва ўнинчи учрашув хоналарига видеокамералар ўрнатилганлигини алоҳида таъкидлашган эди. Уларнинг айтишича, камера ўрнатилган бу учрашув хоналарига қора рўйхатда турувчи маҳкумалар киритилади, холос. Билишимча, бу хоналарда бўлган суҳбатлар юзасидан бир неча марта маҳкумалар сўроқ-савол қилинган.

Ҳатто бир маҳкуманинг турмуш ўртоғига учрашувга келиб кетганидан кейин, хотини билан учрашув пайтида гапирган гапларидан келиб чиқиб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган экан.

Шу хоналарга киргизишмаса гўрга эди, деган ҳадикда эдим. Қайда, кўнгил сезган экан, эски учрашув биносидаги айнан ўша ўнинчи хонасига олиб киришса бўладими мени. Хоналар бўш эмас, деган баҳона билан учрашув бермаётган бўлишларига қарамасдан, биз кирган бинода фақатгина тўртта оила учрашувга кирган. Қолган олтита хонани эса печатлаб, муҳрлаб, ёпиб ташланганининг гувоҳи бўлдик.

Биздан икки кун олдин учрашувга кирган оиладагилар ошхонада қулоғимизга: “Кеча эрталабдан кечгача нотаниш эркаклар мана шу сиз кирган хонага қандайдир симлар олиб кириб, нималардир ўрнатишди. Бирор гапни гапиришда эҳтиёт бўлингизлар”, – дея секингина шипшитиб қўйишди.

Маҳкума Диля опа эса: “Мўътабар, асли бу хонага видеокамера ўрнатилганини биламиз, лекин сизлар учрашувга киришларингиздан олдин яна нималардир қилишди-да”, – дея огоҳлантирди мени.

Оила-аъзоларим олиб келган нарсаларни учрашувга киришларидан олдин тинтиб, аралаш-қуралаш қилиб ташлаганлари етмагандек, учрашувимиз давомида биз ўтирган хонага ДПНК бошлиқ ўринбосари Светлана Петровна ва НВН бошлиғи Елена Шабановалар тинимсиз кириб-чиқишар, нарсаларимизни тинтиб кетишарди. Энди нарсаларни жой-жойига қўйиб, тамадди қиламиз десак, яна сўроқсиз хонага тезкор бўлим вакиллари бостириб келишар, яна қайта тинтув бошланар, нарсаларни ҳар қаёққа сочиш такрорланарди.

Учрашувимизнинг иккинчи куни хонамизга НВН бошлиғи Лашкарёва билан тезкор бўлим ходими Гули Аҳмаджоновналар кириб келишди. Муҳрланган қўшни хонанинг муҳрини бузганликда айблаб, менга айб қўймоқчи бўлишди.

Бундай босимларда мақсад, бизни учрашувни тўхтатиш экан. Ниҳоят, мақсадларини маълум қилишди. Учрашув тўхтатилсин, дейишди. Биз улар айтган хона яқинига бориб ярми деворга, ярми эшикка ёпиштирилган қоғозга синчиклаб қарадик: 10 июль кунги муҳр урилган қоғоз эшикка ёпиштирилган куйи шундоққина турибди. Фақат унинг устидан 11 июль муддати билан муҳр босилган.  Қоғознинг бир томони эса ёпиштирилмаган.

– Бу учрашув биносида кечадан буён тўрттагина оила учрашди. Оилаларнинг биттаси  бугун эрталаб чиқиб кетди. Айни дамда учта оила шу ердалигини барчамиз, сиз ҳам, биз ҳам биламиз.

Лекин менга шуниси таажжубланарлики, нега энди қолган иккита оила вакилларидан эмас, аслида ёпиштирилмаган бу муҳрни суғириб олганликда айнан менинг синглим – Мўътабар Тожибоевадан гумон қилаётганларингизнинг ўзиёқ шубҳали мен учун. Аввало мана шу масалага ойдинлик киритиш муҳим эмасмикин? – деди адвокат опам Гули Аҳмаджоновна ва Елена Лашкарёвага қараб маънодор оҳангда. – Сизларга шуни ҳам маълум қилишим керакки, сумкамда маҳкума Тожибоева билан адвокат сифатида учрашиш учун ордерим ҳам мавжуд.

Мабодо маҳкума Мўътабар Тожибоевани  интизомий жавобгарликка тортиш учун бирор-бир ҳаракат қилиш тараддудида бўлсангиз, албатта бунда менинг иштирокимни  таъминлашларингиз шарт. Акс ҳолда бугунги қонунбузилишлар ҳақида керакли органларга маълум қилишга мажбур бўламан. Қаранг-а, бир кун олдинги муҳр турган бир пайтда, иккинчи бир муҳрни ёпиштирилибди. Буни сабабини тўлиқ тушунтириб беришларингизни  талаб қиламан.

Ҳа, қўлида ҳуқуқшунос деган дипломи бор, ўз касбининг устаси бўлганлар билан мулоқот қилганда сергак тортади-да ҳар қандай инсон. Адвокат опамнинг дона-дона қилиб гапириши сабаб бўлдими, ё катта хатога йўл қўйганликларини англаб қолишдими, билмадим, ҳартугул учрашувимизни тўхтатишга ҳаддилари сиғмади. Менга қарши бирор ҳужжат расмийлаштиришга ҳам журъат қилишмади.

Учрашувимиз давомида опам мана шу қамоқхонадан Муқаддам Қаҳҳорова исмли маҳкума аёл номидан Насиба синглимни уйига хат борганлигини айтди.

У маҳкума аёл ўз хатида зудлик билан керакли нарсаларни, ҳаттоки чўмилиш кийимидан тортиб, қимматбахо шоколадлар, кийим-кечаклар, тефаль чойнаккача юборишларини талаб қилган экан.

Мактабда ўқийдиган ўн уч ёшли жияним Назокатнинг номига юборилган бу  хатда: «Агар бошқаларни имкони бўлмаса, жон Назокат, тезлик билан мен сўраган нарсаларни ҳаммасини ўзинг менга юбор», – дейилган экан мактуб охирида.

– Ўша хатнинг ўзи қани, опа, кўрсатинг менга? – сўрадим юрагим ҳапқириб.

– Олиб келганман хатни, сумкамда турибди. Бу ерга киритишмайди-ку хатларни, шунинг учун олиб киролмадим олдингга, – деди опам афсус билан.

– Опа, у ҳолда учрашув тугаши билан ордер орқали зудлик билан яна учрашув олинг. Ўша хатни албатта олиб келишингиз шарт учрашувга, тушундингизми? – дея қайта-қайта тайинладим.

Ачинарлиси шунда эди-ки, учрашув тугагандан кейин на опамга учрашув беришди, на мен ўша хатни кўролдим.

Кейинчалик опамнинг менга маълум қилишича, опам адвокат сифатида учрашув беришларини талаб қилса: «Марҳамат қилиб ордерингизни беринг бизга», – дейишибди муассаса раҳбарлари.

Опам сумкасидан мен билан учрашиш учун олиб келган ордерини тополмабди, ордерни нусхаси эса уйда қолган экан.

Сумкасини тинтишганидан гумонсираган опам бошқа ҳужжатларини ҳам текшириб кўрмоқчи бўлиб, қараса, айнан Қаҳҳорова Муқаддам номидан менинг жияним Назокатни номига юборилган хат ҳам изсиз ғойиб бўлган экан. Аниқроғи, муассаса вакиллари ўша хатни ва адвокатлик ордерини ўғирлаб қўйишган экан.

Бу хат муассаса вакиллари қўлига тушганини кейинчалик, менга қамоқхонадан бошқа маҳкумалар номидан хат чиқарганлик айби билан қоралаб, изоляторга қамаш учун ҳаракат бошлаганларида хабар топдим.

Лекин улардан олдин ўзим суриштира-суриштира, еттинчи отряддаги Андижонлик Қаҳҳорова Муқаддам опани топиб, гаплашганим сабабли бу ҳолат бўйича ҳам менга айб қўя олмадилар…

Учрашувдан қайтганимдан кейин юрагимдаги оғриқлар бироз тарқагандек бўлди. Учрашувдан олиб чиққан пиширилган овқатларни озгина-озгинадан бир нечта маҳкумаларга тарқатдик.

Бир маҳал нотаниш бир маҳкума келиб, боғбон Хосият Мўминова учрашувдан олиб чиққан нарсаларимдан унга ҳам беришимни талаб қилаётганлигини айтди.

Хосият Мўминова асли қўқонлик. Қотиллиги учун қамалган. Бутун умри қамоқда ўтаётган  бу аёлнинг кўпчилик маҳкумаларни қўрқитиб, нарсаларини тортиб олиши, кун кўриши ҳақида эшитгандим.

Мен унинг номидан келган маҳкумага: «Бориб, айтиб қўйинг Хосият Мўминовага, Мўътабар Тожибоеванинг сиздан қарзи йўқ экан денг», – дедим. 

“Элчи” маҳкума ортига қайтиб кетгач, атрофимдаги бир-икки нафар аёллар  энди Хосият менга кун бермаслигини айтишди. Мен эса ҳар сафаргидек, бошга тушганни кўз кўради, деб қўйдим ўзимча…

* * *

СИГЕРЕТ ҲАМ БЕРАСАН – 2000 ДОЛЛАР ҲАМ!

Бригадир Қўчқорова Сурайё – Сурхандарё вилоятидан. Гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланганлиги учун онаси иккиси бирга қамалган. Ўзининг мақтанишига қараганда, онасини жиноят устида ўзи қўлга тушириб берган экан. Қошлари қора, қорамағиздан келган бу аёл “промзона”да бўладиган ҳар қандай жирканч ишларга бош-қош экан.

Одина Раҳмоновна менга қараб ўшқириб хақорат қилганида, унга жўр бўлиб ўшқирган Сурайё бугун жилпанглаганча  ёнимга келиб, саломлашди-да, Кумушга қараб: «Опа, айтинг ҳалигини» – деб нари кетди.

– Нимани айтишингиз керак эди? – деб сўрадим ёнимда ўтирган Кумушдан.

– Сурайё таклиф киритяпти: агар ҳар ойда тўрт пачкадан PINE ёки беш пачкадан PALLMAL сигарети бериб турсангиз, меҳнат қилишингиз шарт бўлмасмиш, –  деди Кумуш Сурайёнинг ортидан тезгина бир қараб оларкан, – Ишга келиб, шунчаки ўтириб кетавераркансиз. Сизни ўрнингизга бошқа одам ишлармиш. Бировнинг  қилган ишига сизга ойлик маош ёзилармиш. “Бугун эса уч пачка PINE берсалар бўлади, чунки август ойида тўлиқ ишламай, узоқ муддатли учрашувга чиқиб келдилар”, – деб айтяпти.

– Унга айтиб қўйинг, менинг фойдам учун ҳеч қандай махинация қилишнинг кераги йўқ. Унга берадиган сигаретим ҳам йўқ, – дедим жаҳлим чиқиб.

– Мен аллақачон сигаретингиз борлигини айтиб бўлдим-да, энди нима бўлади? – деди Кумуш ҳадиксираб.

– Сиз мени “однохлебкам”мисиз ўзи? Мен билан бирга ўтириб, бир дастурхондан туз тотасизу, яна нега менда нима бор, нима йўқлиги ҳақида бировларга ҳисобот берасиз? Ўша уч пачка сигаретга ейиш учун қанча нарса олишимиз мумкин? Уйимиздагиларни “передача” олиб келишларига ҳали бир ойдан ортиқ вақт бор. Қандай кун кўрамиз унга-бунга тарқатаверсак борини? – дедим ундан астойдил хафа бўлиб.

– Кечиринг, – деди Кумуш  хижолатомуз, қандай айтиб қўйганимни ўзим ҳам билмай қолдим-да.

– Бундан кейин оғзингизга эҳтиёт бўласиз, –  дедим таъкидлаб, – мендан бесўроқ ҳеч кимга ҳеч нарсани айтмайсиз. Нимам бор, нимам йўқлигини ҳеч кимга оғирлиги тушмасин.

– Сурайёга нима дей энди? – хавотиромуз сўради у.

– Адашган эканман, сигарети бор экану, аммо бировга берадиган қарзи экан, деб айтинг, – дедим ўргатиб.

– Лекин энди у қўймайди, барибир олади сиздан, – афсус билан бош чайқади Кумуш.

– Берсам, оладими? – дедим жиддий.

– Уни характерини билмайсиз-да, – гуллаб қўйганидан минг бир пушаймонлиги шундоққина сезилиб турарди унинг овозидан.

Кумуш билан бўлиб ўтган суҳбатдан кейин, Сурайё ёнимга келиб тиз чўкди-да,  ялтоқланиб гап бошлади:

– Мўътабар опа, Кумуш опа айтгандир, мен бу ерда бригадирманми, демак, кўп нарса менга боғлиқ. Шунинг учун келишиб, ҳар ойда Кумуш опа айтган сигаретларни бериб турсангиз, қийналиб ишлашингизни ҳожати қолмайди. Сизни ўрнингизга бошқалар ишлайди, хақ эса сизга ёзилади.

– Ким ишлайди, масалан, мени ўрнимга? – сўрадим.

– Масалан, – деди у атрофга ола-зарак бўлиб, – анави ўз қизини ўлдирган наманганлик Мирзаева Одина ишлайди. У бирор бир одамга дод-вой қилса ҳам, ҳеч ким унга қулоқ солмайди. Чунки, биласизми, у ўйнашининг гапига кириб, ўн уч ёшли қизчасини ўлдирганлиги ёзилган ҳукмида. Шунга уни ҳамма ёмон кўради.

– Боласини, эрини ёки отасини ўлдириб келганлар бу ерда истаганча топилади-ку, нимага энди фақатгина Одинадан нафратланишади? – сўрадим қизиқсиниб.

– Чунки у айнан ўйнашининг гапи билан маст ҳолатда, ичиб олиб, ўлдирган қизини. Қизи: «Аяжон, ўлдирманг, ўлдирманг мени…» – деб роса ялиниб йиғласа ҳам, пичоқни тиқиб-тиқиб ташлаган экан, – деди  Сурайё лабларини беписанд буриб.

– Демак, мен ишламайман, лекин ойлик маош олавераман, шундайми? Ўрнимга ўша Одина ишлайди-а? Ойликни ким олади? – яна сўрадим талмовсирагандек.

– Ойликни сиз оласиз, албатта, – деди Сурайё сигаретларнинг илинжида юзлари ёришиб.

– Мени шу нарсага кўнади деб ўйлаяпсизми? – дедим мен ҳам афтимни беписанд буриштириб, – Керакмас, ортидан биров хабар олмайдиган маҳкумани ишлатиб, уни ўрнига ойлик олмайман.

– Опажон, бу ерда кўпчилик шундай қилади, агар билсангиз, – деди ўлжасидан ажралиб қолишдан чўчиган Сурайё шошилиб.

– Мен кўпчиликка ўхшамайман. Йўқ, менга бундай меҳрибончиликнинг кераги йўқ, – дея гапга нуқта қўйдим.

– Майли, ўзингиз биласиз, – деди у бўшашиб, –  унда менга уч пачкагина PINE сигарет бериб туринг қарзга. “Передача” олишим билан қайтараман.

– Сиз “передача” оласизми? – сўрадим ўсмоқчилаб.

– Ҳа, дарров етказишдими “передача” олмаслигимни? Тўғри, мени ўзимга ҳеч ким “передача” қилмайди. Лекин мени “однохлебкам”нинг уйидагилар мени номимга “передача” киритишади шу ойни охиригача. Ўшанда қайтараман сигаретингизни, – деди  Сурайё ялингудек бўлиб.

– Эсиз, менда сигарет йўқ эди, – дедим бепарво.

– Нимага алдайсиз? Кумуш опа айтди-ку, сигаретингиз кўп экан, – деди у ҳам без бўлиб.

– Кўп. Лекин уларни эгаларига беришим керак. Мени ҳам бир-иккитасидан қарзим бор эди, – дедим ёлғондан.

– Қўйсангиз-чи, Мўътабар опа, алдаманг. Сизга қасам ичиб айтаман, ойнинг охирида “передача” олишим билан қайтариб бераман, – очиқчасига ёлворишга ўтди у.

– Майли, – дедим иложсизликдан, – унда сизга фақатгина қарзга бераман. Эсингизда турсин-а, ойнинг охирида, албатта, қайтариб берасиз.

– Хўп опажон, албатта, қайтариб бераман. Лекин ҳозир қўллаб турганингиз учун ҳам, бу гал ойлигингизни яхшилаб ёзиб бераман.

Хавотирланманг. Аслида “промзона”да ишлайдиган сиздақанги “контрол”да турган “осуждённый”ларни юриш-туриши ҳақида, асосан, мендан сўрашади Штабдагилар ҳам, бошқа ёқдан келганлар ҳам. Ўшанда сизни мақтаб гапираман, хўпми? Бундай характеристика резкага фойда беришини биласизми? Мени қўмагим билан УДО, ИРга кетганлар қанча! – Сурайё лаби-лабига тегмай миннатдорчилик билдира бошлади. Сигарет унганидан севиниб, боши осмонга етганди уни.

Мен Сурайёга сигарет бердим, лекин энди уни қайтариб ололмаслигимни ҳам билардим. Лекин, не қилайки, “бир неча йилдан буён ўтирибман, ортимдан биров келмайди” деб дийдиё қиладиган маҳкумаларга раҳмим келаверади, кўнгли бўшман.

“Землячка”нгизман дея ялтоқланадиганлардан бири – «Ласточка», “зонанинг участковойи” лақаблари эгаси – Фарғона вилоятининг Боғдод туманилик Нажмитдинова Муқаддам – икки метрлик, вазни бир юз йигирма килограмм эди.

Буқадек келадиган айблов хукмига асосан «ўта хавфли рецидивист» деб топилган маҳкума  олдимга келиб, ўтириб олди. «Мени меҳмон қилинг», – деди шарттакиларча. «Зонанинг участка нозири» лақабига ҳам эга бўлган бу безбет аёлни меҳмон қилишга ҳушим йўқ эди-ю, бироқ шунга мажбур бўлдим. У кета туриб, ўзи билан пастга тушишимни, зарур гапи борлигини айтди менга.

Ташқарига чиққанимизда: “Биласизми, опа, мен Сбродова билан яхшиман, уни она дейман, яхши кўради она дейишимни. Мен онам билан гаплашдим, агар унчамунча чиқимига рози бўлсангиз, сизни нарушениеларингизни ечиб, навбатдаги амнистияга тушадиган қилиб беради.

Бунинг учун каттагинага эришингиз керак бўлади, – деди қат-қат осилиб турган қорнини селкиллатиб. – Шу бугуноқ уйингиздагиларга: “Мана шу хатни олиб борган одамдан зудлик билан 2000 доллар бериб юборинглар. Озодликка чиқишим муддатининг қисқариши мана шу пулни беришларингизга боғлиқ”, – деб хат ёзинг. Яқинларингизга ялининг, ёлворинг, хуллас, пулни ундиринг, шунда марра сизники, у ёғи озодлик деяверинг!

У шундай оҳангда гапирардики, гўё озодликни олдимга нақд қилиб қўйди бир пастда.

– Ўзингиз мен каби маҳкума бўлсангиз, мен ёзиб берган бундай мазмундаги хатни қандай қилиб ташқарига,  оила аъзоларимга олиб бориб берасиз? – сўрадим ҳайрон бўлиб.

У саволимга жавоб қилмади. Мийиғида кулиб қўйди-да, ўнг қўлининг икки бармоғи билан икки елкасига устма-уст икки-уч ураркан, маъноли қараш қилди менга. Унинг “пагон” ишорасини қилганидан, тушундимки, демак, оила аъзоларим олдига муассаса вакиллари, погонлилардан бири боришига шаъма қилмоқда эди у.

– Мен учун қайғураётганингиз учун раҳмат, – дедим унга гарчи сохта бўлса-да, миннатдорчилик билдириб, – Аммо биласиз, менинг ишим сиёсий иш. Сбродовани қўлида эмас ҳеч нима.

– Сиз мени “онам”ни билмас экансиз. Соппа-соғ маҳкумани ўлим тўшагида деб ҳужжат расмийлаштириб, чиқариб юборишга ҳам, ўлиб қолган, ҳеч кими йўқ маҳкумаларни ғариблар гўристонига кўмдириб ташлаб, озодликка чиқди деб, ҳужжат расмийлаштиришга ҳам қодир, менинг “онам”, – деди «Ласточка» оғиз кўпиртириб.

– Гапингиз ростми? – дедим гўё унга ишонқирамаётган кишидек, – Агар айтганларингиз тўғри бўлса, бу ҳақда жиддийроқ ўйлаб кўриш керак…               

«Ласточка»нинг гапига қараганда,  ҳар ойда ўн пачкадан PINE сигарет бериб турсам, ишга чиқишимнинг ҳожати ҳам қолмасмиш. Ўрнимга бошқа маҳкума ишга чиқаверармиш.

«Ласточка» зона бўйича “санрейд” бошлиғи эди. Ҳар куни бир мартадан отрядларга текширишга кириб, ўзи сингари маҳкума аёлларни ҳақоратлаб, “ифлослар” деб сўкиб чиқиб кетарди. Маҳкумалар эса унга қарши оғиз очишолмасди. Мабодо оғиз очгудек бўлишса,  отряд “санитария талабларига жавоб бермагани учун” уч суткадан беш суткагача жазо чораси сифатида навбатчиликка қўйиларди.

Бизнинг юқорида бўлиб ўтган суҳбатимиздан кейин отрядимизнинг тозалигини текшириш учун кирадиган Муқаддам деярли ҳар куни албатта бирор жойни ифлос деб топар ва бор овози билан қичқириб мендан сўрарди: «Она, нима дейсиз, ёзайми-ёзмайми?! Сиз нима десангиз шуни қиламан!” 

Мен унга: “Арзимаган нарса экан-ку, ёзмай қўя қолинг. Ўзингиз каби  маҳкумаларни қўллаб-қувватланг, “землячка””, – дея жавоб қилардим ҳар сафар. У гапимга қулоқ тутган кишидек, “нарушение” ёзмаганлигини айтиб, чиқиб кетарди.

* * *

ДИЛДОРА АЛИМБЕКОВА БИЛАН ҚАМОҚХОНАДАГИ УЧРАШУВ

20 август куни тонгги соат олтида ишга кетиб, кундузги учда қайтиб келдим. Қайтиб келганимиздан кейин, мени кундузги соат учдан кечаси ўнгача, олти соат давомида ДПНКга биноси олдига навбатчилик қилишга қўйишди.

Навбатчиликда турган пайтимда “зам.полит” Зулфия Олмасбековнани хонасидан у билан биргаликда чиқиб, клуб томонга кетаётган «Тадбиркор аёл» Республика нодавлат ташкилоти раҳбари Дилдора Алимбековага кўзим тушди.

Уни кўрдим-да, чиқишини кутиб турдим, агар у мен билан мулоқот қилишга қўрқмасдан гаплашса, ташқаридаги ҳаммаслакларимга у орқали бирор маълумот чиқаришни ният қилдим.

Сабаби Дилдора Алимбекова ҳам, мен ҳам 2005 йилнинг апрел ойида “Тинчлик учун 1000 аёл” Халқаро ташкилотига ҳамда Халқаро Нобель мукофотининг Номинантлигига тасдиқлангандик. Бизнинг умумий танишларимиз бор эди.

У Клубдан чиқиб, ДПНК орқали ташқарига чиқмоқчи бўлганида, мен унга қараб: «Дилдора, яхшимисиз?» – дедим.               У менга ҳайрат билан тикилди. Бироқ танимади.

«Мен Мўътабар Тожибоеваман», – дегандим, хаёлимда, у титраб кетгандек бўлди. Чунки мени устимда афтодаҳол чит кўйлак, бошимда оқ косинка…

У «Дунёни ўзгартираётган 1000 аёл» номли китобда чиққан Мўътабар Тожибоева билан қаршисида турган аёлни солиштириб кўрдими, билмадим, ҳар ҳолда менга узоқ тикилиб қолди.

Кейин бирдан хушёр тортиб:  «Яхши қолинг, яхши қолинг» – деганча, ортидан биров қувлагандек,  шошилиб чиқиб кетди.

– Сиз бу опани қаердан танийсиз? – деганча Дилдора билан бир дақиқалик мулоқотимдан хабар топган «Ласточка» югуриб  олдимга келди.

– Танийман-да, – дедим паришонхотирлик билан.

– Шунақа танишларингиз бор экан, нима қиласиз бу ерда қийналиб юриб? – гап кавлаштирди у.

– Нима қилай? Токли симлар билан ўралган темир панжараларга ўзимни урайми? – дедим хомуш.

– «Онам» рози, ҳамма  “нарушения”ларингизни ечиш учун оила аъзоларингиз икки минг доллар юборишса, ечиб берар экан. Сизда учта “тюремное нарушение”, иккита зонани “нарушение”лари бор экан. Ҳаммаси бўлиб бешта, – деди «Ласточка» бармоқларини ҳисоб-китоб қилиб кўрсатаркан, – Аслида, ҳар бир “нарушение”ни ечиш учун беш юз доллардан тўланиши керак-ку-я, лекин сизнинг иккита «огоҳлантириш»ингиз учун беш юз доллардан тўласангиз етади, дейишди. Айтилган пулни оилангиздагилар тезроқ олиб келишса, яқинда амнистия эълон қилиниб қолинса, тамом, озодликка чиқиб турибсиз-да.

– Муқаддам, сизнинг бу таклифингизни мен ўйлаб кўрдим. Мен сиёсий маҳкумаман, Сбродовани тиши ўтмайди мени ишимга. Бундан ташқари, менинг оила аъзоларимда бунақа пул йўқ тўлашга, – дедим-да, нари кетдим.

Айнан ўша куни Нажмидинова Муқаддам маст ҳолатда навбатчиликка келган НВН бошлиғи Лашкарева Еленани бутун бошли бешинчи отряд маҳкумалари гувоҳлигида “алкаш” деб ҳақорат қилгани  учун уни етти суткага жазо изоляторига қамашди.                                                               

* * *

НОБЕЛЬ МУКОФОТИ НОМИНАНТИ ЎЗБЕКИСТОНЛИК ЎН АЁЛ

Нобель мукофоти таъсис этилган 1901 йилдан буён фақат ўн икки нафар аёлгина бу мукофотни олишга муваффақ бўлганлар. Европарламентнинг швейцариялик депутати Габи Вермонтга бу рақам эркак лауреатларникидан анча оз кўринди.

Габи Вермонт 2005 йилда турли тоифага мансуб бўлган ва катта танлов йўли билан барча мамлакатлардан танлаб олинган ва Нобель мукофотига номинантликка тасдиқланган минг нафар аёлни Нобель мукофотига номзод қилиб кўрсатиш ташаббуси билан чиқди. Бу ғоя Нобель қўмитаси ва халқаро ташкилотлар томонидан қўллаб – қувватланди.

Нобель мукофотининг номинантлигига қуйидаги тамойиллар асосида номзодлар кўрсатилган:

Инсон Ҳуқуқлари, болалар ва ногиронлар ҳамда турли ижтимоий гуруҳлар манфаатлари борасида фаол ҳаракат қилаётган, қашшоқликка ва унинг омилларига, зўравонликка, ирқий, синфий ва этник камситишга қарши курашаётган, ҳарбий жиноятларни ҳужжатлаштираётган аёллар.

Қабул қилинган тартибга биноан, номзоди кўрсатилган минг нафар аёлдан уч нафари қуръа ташлаш йўли билан танлаб олиниб, бир миллион уч юз минг доллар миқдоридаги мукофотни қабул қилиб олиш учун Ослога боради. Лекин мукофот пул билан олинмайди.

Бу маблағ аёллар ташкилотларини қўллаб–қувватлаш махсус жамғармасига ўтказилади.

* * *

Нобель мукофотининг номинанти сифатида тасдиқланган ва энди Нобель мукофотига номзод 1000 аёл рўйхатига Ўзбекистондан ўн нафар аёллар киритилгандик.

* * *

ХАЛҚАРО АНЖУМАНГА КИРИТИЛМАГАН НОБЕЛЬ МУКОФОТИ НОМИНАНТЛАРИ

Ўзбекистонлик Нобель мукофоти номзодлари рўйхати:

1. Мўътабар Тожибоева мустақил журналист, ҳуқуқ ҳимоячиси, “Ўтюраклар Клуби” Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари;

2. Салима Қодирова Самарқандлик таниқли адвокат;

3. Тамара Чикунова “Оналар ўлим жазосига қарши” ташкилоти раҳбари;

4. Татьяна Ливанова “Болалар ва катталар” нодавлат ташкилоти раҳбари;

5. Адиба Муҳаммаджонова Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари;

6. Дилдора Алимбекова Республика “Тадбиркор аёл” уюшмаси раисаси;

7. Дилором Муҳсинова Тошкент шаҳар хокимлигидан;

8. Раъно Юсупова Инсон ҳуқуқлари кликинаси вакиласи.

9. Соҳиба Эргашева “Тадбиркор аёл” уюшмасининг Фарғона вилояти бўлими раҳбари;

10. Саригул Баходирова Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси Олима аёллар миллий кўмитаси вакили

* * *

2005 йилнинг 29 май куни Тошкентдаги “Интерконтиненталь” меҳмонхонасида “Нобель мукофотига номзод 1000 аёл” лойиҳасига киритилган ўзбекистонлик ва хорижлик аёллар иштирокидаги тантанали маросим ўтказилиши керак эди.

Швейцариянинг ушбу лойиҳаси доирасидаги тадбирда Ўзбекистон, Украина, Озарбайжон, Арманистон, Қозоғистон, Тожикистондан Нобель мукофотига номзод сифатида кўрсатилаётган аёллар ва бир гуруҳ меҳмонлар иштирок этдилар.

Ушбу анжуманга таклиф қилинган меҳмонлар “Интерконтиненталь” меҳмонхонасига борган пайтларида меҳмонхона маъмурлари уларга бу ерда режаланган тадбир ўтмаслигини, бекор қилинганини ва “Вива” хусусий меҳмонхонасига ўтказилишини айтишган. Меҳмонхонанинг ярим ертўладаги барида “П” шаклида қўйилган стол атрофида қирқ нафардан иборат иштирокчилар тўпланган. Бошқа давлатлардан келган меҳмонларнинг исм – шарифлари ёрлиқлар билан кўрсатилган. Бошқа мамлакатлардан иштирок этаётган Номинантларни расман таништириб, уларга сўз бердилар. Фақатгина Ўзбекистонлик аёлларга бундай муносабат қилинмади.

Ушбу тадбирга тасодифан бориб қолган “Озодлик” радиоси мухбиригина қатнашган холос. Ушбу ўтказилган тантанали маросим ҳақида 2005 йилнинг 30 июнь куни “Озодлик” радиоси мухбири, журналист Ферузанинг “Нобель мукофотига номзод ўзбекистонлик аёллар нега жим?” номли мақоласи орқали танишиш мумкин.

“Тадбир иштирокчиси, Украина парламенти Омбудсмани Нина Корпочёва аёллар ҳуқуқларининг бузилиши, траффик муаммолари юзасидан ўз мамлакатида ва бошқа давлатларда олиб борган мониторинги ҳақида гапириб берди. У мониторинг жараёнида аёллар ва наркотик моддалар траффиги қурбони бўлаётган ўзбек аёлларини ҳам учратганига тўхталди.

“Таиланд қамоқхонасида икки йилдан ортиқ муддатга жазога ҳукм қилинган ўзбек аёлини учратдим. Бу аёл жазо муддати тугашига олти ой қолганида ўзини осиб қўйди. Айтмоқчиманки, траффик қурбони бўлаётганлар орасида ўзбек аёллари кўп. Улар Бирлашган Араб Амирликлари, Малайзия, Исроил ва бошқа давлатларда учрайди. Уларнинг муаммоларини ҳал қилиш ўзбек ҳамкасбларимиз эътиборида бўлиши керак”, – деди Н.Корпочёва.

Тадбирдан кейин бу тантанали маросим ўтказилиш жойи нега ўзгартирилгани сабаблари ойдинлашди. Тадбир ташкилотчилари ушбу тадбирни ўтказишга ҳукумат томонидан тўсиқлар бўлгани, ҳатто хорижлик баъзи меҳмонларга хабар берилмагани, кўпгина нодавлат ташкилотлари вакилларининг анжуманда қатнашишига рухсат этилмаганини маълум қилдилар.

Ферганару ахборот агентлигининг журналисти Андрей Кудряшов ҳам 2005 йилнинг 3 июль кунги Нобель мукофотига номзод аёллар билан ўтказилиши режаланган тадбир ва Ўзбекистонлик мукофотга номзод аёллар тақдирига бағишланган Ўзбекистонлик аёллар ҳукумат тазйиқига бардош бера олсалар, 2005 йилда Нобель мукофотини олишлари мумкин” номли мақоласида атрофлича тўхталганди.

* * *

ҲУКУМАТ ТАН ОЛМАГАН НОБЕЛЬ МУКОФОТИ НОМИНАНТИ

Тантана охиридагина залда ўзбекистонлик аёллар ҳам борлиги эсга келди. Уларнинг сони ўн нафар эмас, тўрт нафар экан. Уларнинг ҳам исм–шарифлари айтилмади. Сўзга чиқар эканлар, ўзбекистонлик аёллар нимадандир хижолатда эдилар

…Анжуман вақтида “Андижон воқеаларида иштирок этган аёллар ва болалар тақдири, улар дуч келган муаммолари билан қизиқдингизми?”, дея тадбирда иштирок этаётган ўзбекистонлик номзодларга берган саволига улар жавоб қайтаришга улгурмади.

Чунки Тошкент вилояти ҳокимлигидан келган вакил аёл ўзбекистонлик номзодларга бундай савол бериш ўринсиз эканини, чунки улар бор-йўғи аёллар муаммолари, жумладан, тадбиркорлик масалалари билангина шуғулланишларини таъкидлади.

Ўзбекистонлик номзодларнинг Андижон воқеаларига муносабат билдирмагани борасида гапирар экан, Нина Корпочёва ҳар бир кишида ўз фуқаролик позицияси бўлиши лозимлиги, энг асосийси, ўз ватанини севган киши кечаётган жараёнларга бефарқ бўлмаслиги зарурлигини таъкидлади.

Ушбу тадбирда Нобель мукофотига номзодлардан бири Мўътабар Тожибоева бу тадбирда иштирок этмади.

“Бугунги тадбирга мен қўйилмаслигимни аввалдан билар эдим. Чунки ҳукуматнинг менга нисбатан давом этиб келаётган ноқонуний хатти-ҳаракатларини фош қилишим мумкин эди”, – деди Мўътабар Тожибоева…”

Ушбу тадбир иштирокчиси, Нина Корпочёва Нобель мукофотига номзод Ўзбекистонлик аёлларнинг Андижон воқеаларига муносабат билдирмаганликларини танқид қиларкан, мана шу тадбирда қатнашиши кўзда тутилган Ўзбекистонлик номзодлардан яна бири, мен – Мўътабар Тожибоевани тадбирга яқинлаштирилмаганим сабаби “Андижон қатлиоми” эканлиги, шунинг учун ҳам бошимга  не кулфатлар ёғилганидан бехабар эди.

Менинг “айбим” шунда эдики, Андижон фожиалари содир бўлишидан анча олдин, 2004 йилда ҳибсга олинган йигирма уч нафар ишбилармон-тадбиркорларга нисбатан қўлланилаётган қийноқлар, адолатсизликлар Андижон аҳолиси сабр-косасини тўлдириб бораётганини ортидан юзага келаётган сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий муаммолар бўйича журналистик суришируви ҳамда мониторинг ўтказганимда ва далилларни тўплаганимда эди.

Журналистик текширув ва мониторинглар натижасида тўплаган, қўлга киритган  далилларим, хужжатларимда акс этган ҳақиқат билан Ўзбекистон ҳукуматининг Андижон фожиасига берган баҳоси орасида ер ила осмонча фарқ бор эди.

Айнан шунинг учун ҳам қўлга киритилган рад қилиб бўлмас далил, исботлардан фойдаланиб, «Ўзбекистонлик ишбилармон ва тадбиркорларга қарши ҳужум кучайиб, улар қийноққа солинмоқда» дея номланган баёнот қабул қилгандик ва 2005 йил 4 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов номига телеграмма, бошқа ўнлаб давлат бошқарув идораларига буюртма хатлар тариқасида тақдим қилгандик.

Ўзбекистон хукуматига жўнатган телеграммаси ва буюртма хатларида келтирилган далиллар хукуматнинг ёлғонларини фош қилиб қўйганлиги учун ҳам телеграмма ва буюртма хатларни жўнатгандан ўн кун ўтиб, яъни 15 апрель куни мени Тошкентда катта йўл бўйида ўғирлаб кетиб, таҳқирлаб, хўрлагандилар ва Андижондаги ишларга тумшуғимни тиқмасликни, акс ҳолда тирик қолмаслигимни айтиб, таҳдид, шантажлар қилгандилар.

* * *

НОБЕЛЬ МУКОФОТИ НОМИНАНТИ ТАМАРА ЧИКУНОВА ЭЪТИРОЗЛАРИ

Номинантлар билан суҳбатда шу нарса маълум бўлдики, номзоди Нобель мукофотига кўрсатилган ўзбекистонлик аёлларга нисбатан маҳаллий ҳукумат тизимлари, жумладан, прокуратура томонидан босим кўрсатила бошланган. Уларга таҳдид қилинган, фарзандлари ва қариндошлари тўғрисида маълумотлар йиғилган. Ҳукумат вакиллари аёллардан ўз номзодларини олиб ташлашларини талаб қилганлар. Вилоят ҳокимияти ва ҳуқуқ–тартибот тизими ходимлари аёлларнинг тантанага боришларига тўсқинлик қилганлар.

Номзодлардан бири – “Оналар ўлим жазосига қарши” ташкилоти раҳбари Тамара Чикуновани эса тадбир ўтказилиши ҳақида огоҳлантирмаганлар ҳам.

Халқаро дастурнинг 1000peacewomen.org расмий сайтига кирганимизда “ўзбекистонлик аёллар тазйиқлардан қўрқиб ўз исм–шарифларини матбуотда ёритмасликни илтимос қилганлари” тўғрисида хабар топдик.

– “Мен бундай ҳолатдан ғазабдаман”, – деди Тамара Чикунова. – “Қоидага кўра, Нобель мукофотига номзодлар номлари Халқаро Кенгаш тасдиқлагунга қадар сир сақланади.

1000 нафар номзоднинг рўйхати чоп этилди, рўйхатда ривожланган демократия мамлакатларидан ташқари Бурунди, Гаити, Папуа ва Янги Гвинея каби давлатлардан номзоди кўрсатилган аёлларнинг исмлари бор. Бу мамлакатларда уларни миллий қаҳрамон сифатида алқамоқдалар.

Ўзбекистонлик номзодлар рўйхати эса, номзодлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида чоп этилмагани ёзилган. Бу ёввойиликдир. Масалан Афғонистондан Нобель мукофотига менинг дугонам Жойя Малалай номзоди кўрсатилган. У Толиблар ҳукуматига қарши чиқиб, уларнинг жаҳолатини қоралаган. Паранжисини ташлагани учун уни тошбўрон қилмоқчи бўлганлар. Ҳозир у халқаро аксилтеррор кучлари ҳимоясида яшамоқда. Наҳотки у ўзбекистонлик номзод аёлларга нисбатан хавфсизроқ яшаётган бўлса”?

Тамара Чикуновага кўра, Ўзбекистон раҳбарияти ҳукуматга мойил бўлмаган аёлларга Нобель мукофоти берилиши билан уларнинг сиёсий обрўси ошиб кетишидан ташвишланмоқда.

– “Ўзбекистондан Нобель мукофотига номзоди кўрсатилган аёлларнинг рўйхатини чоп этмаслик Швейцарияда ўтган мувофиқлаштириш кенгаши йиғилишида келишилган.

Бу қарор кенгашга бир неча аёл “муайян қийинчиликлар туғилгани” боис ўз номзодларини олиб ташлаш тўғрисида ариза билан мурожаат қилганларидан сўнг қабул қилинган”, – деди “Фарғона.Ру” мухбирига дастурни минтақавий вакили Марина Пикулина. – “Лекин бу қоидага зид эмас.

Ўзбекистон ҳукумати ва Аёллар қўмитаси дастуримизнинг мақсадини тушуниб етмаётир. Бунинг натижасида расмийлар дастуримизни қўллаб–қувватлашдан бош тортмоқдалар. Дастур сиёсий мухолифатни қувватлаш мақсадини эмас, аёлларнинг тинчликпарвар ҳаракатини ривожлантириш мақсадини кўзлайди”.

– “Менимча, бу дастурни амалга ошириш вақти ноқулай пайтга тўғри келиб қолди”, – дейди Марина Пикулина. – “Фикримча, агар дастур жамиятни қарама–қарши гуруҳга бўлган 13-майдаги Андижон воқеаларидан олдинроқ амалга ошганда Ўзбекистон ҳукумати мойиллик билдирган бўлар эди…»

Марина Пикулинага кўра, у яқин кунларда Нобель мукофотига номзодини кўрсатишга розилик сўраб, 10 аёлга яна қайта мурожаат қилишга мажбур бўлади.

Ўзбекистонлик номзодлар рўйхати яқин икки ҳафтадан сўнг дастур веб–саҳифасида эълон қилиниши мумкин. Энди бу рўйхатнинг пайдо бўлишини мухолифат ҳам, ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам, ҳукумат тизимлари ҳам қизиқиш билан кутадилар.

Давоми бор.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan