Нима, менга ҳамма нарса мумкин деб ўйлаяпсанми? (Қийноқлар ороли асираси – Зулмат қаърида. № 19)

* * *

АМАЛДА ИШЛАМАЙДИГАН КОНСТИТУЦИЯ!

Жиноят-ижроия кодексининг 9-моддасига асосан маҳкумлар бирмунча ҳуқуқларга эгалар:

Ушбу ҳуқуқларнинг биринчиси, жазони ўташ тартиби ва шартлари тўғрисида: ўз ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳақида ахборот олиш ҳуқуқига эга эканликлари ёзилган.

Лекин қамоқхонада маҳкумаларнинг мажбуриятлари ҳақида тушунтирилади, холос. Уларнинг ҳуқуқлари ҳақида лом-мим дейилмайди. Бу тушунтиришлар ҳам қонун талабларида олиб борилмайди.

Қамоқхонадаги маҳкумларнинг жазони ижро этувчи муассаса маъмуриятига ва жазони ижро этиш муассасаларида қонунчиликка риоя этилиши юзасидан назорат қилувчи прокурор номига ёзилган шикоятлар ҳеч қачон кўзланган манзилига етиб бормайди.

Айнан бошқа органларга жазони ижро этиш муассасасидаги қонунбузилишлар юзасидан ёзилган ариза ва шикоятларга ҳам  маҳкумалар ҳеч қачон ёзма жавоб олмайдилар. Аксинча, шикоят ёзганлари учун жазо изоляторига ёки карцерга қамаладилар.

Маҳкумлар қонун бўйича яна тушунтириш бериш ҳамда ёзишмалар олиб бориш, зарур ҳолларда таржимоннинг хизматидан фойдаланиш; ўқув, бадиий адабиёт ва бошқа хил ахборот материалларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканликлари ҳақида ёзилган.

Аслида эса, буткул тескариси бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонун ҳужжатлари билан маҳкумалар танишишлари, ҳуқуқий билимлари ошиши, шаклланишидан жуда-жуда қўрқадилар.

Масалан, шахсан ўзим билан бўлиб ўтган воқеаларни айтадиган бўлсам, аёллар қамоқхонасининг навбатчилик қисми ёнидаги ҳаворангли катта полотнода Ўзбекистон Республикаси Конституциянинг фуқароларнинг ҳуқуқларини баён қилувчи бир нечта моддалари ёзиб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси

13-модда

«Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади.

Уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.

Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади.

25-модда

Ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга.

Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланиши мумкин эмас.

26-модда

Жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча, у айбдор ҳисобланмайди.

Судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар таъминлаб берилади.

Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас.

Ҳеч кимда унинг розилигисиз тиббий ёки илмий тажрибалар ўтказилиши мумкин эмас.

30-модда

Ўзбекистон Республикасининг барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслари фуқароларга уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини яратиб бериши лозим.

31-модда

Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади.

Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга.

Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди.

35-модда

Ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт.

44-модда

Ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади».

* * *

КОНСТИТУЦИЯ МОДДАЛАРИНИ НЕГА ЁЗАСАН ДАФТАРИНГГА?!

Мен изолятордан чиққанимдан кейин, қамоқхонадаги қонунбузарликларнинг олдини олишни сўраб, юқори идораларга аризалар ёзишда фойдаланиш учун мана шу полотнога ёзиб, осиб қўйилган Конституциянинг моддаларини дафтаримга кўчириб  олдим.

Дафтаримдаги бу ёзув ҳақида менга пойлоқчиликка қўйилган маҳкумалардан бири маъмуриятга хабар берган чоғи, улар яна типирчилаб қолишди.

Отрядимиз билан тушликка кириш учун ярим соатдан буён навбат кутиб турганимиз етмагандек, навбатчи маҳкума ўттиз иккинчи бригадани, яъни бизнинг бригадамиз “каптёрка”чисини бригадага кирган “дубачка”лар ва тартибот бўлимида ишловчи Муҳайё Усановна сўраётгани ҳақида хабар келтирди.

(Каптёркачи – бу отрядлардаги, бригадалардаги маҳкумаларнинг кундалик эҳтиёжлари учун сарфланадиган буюмлари солинган сумкалари сақланадиган омборхона қўриқчиси. Каптёркачилар ҳалоллигига қараб маҳкумалар томонидан сайланадилар)

“Каптёрка”чи Мунира омборхона калитини Муҳайё Усановнага топшириш учун отрядга қараб кетди.

Текширув бўлишини эшитган  маҳкумалар  ваҳимага тушиб қолишди. Улардан  бири тумбочкада бир пайка нони борлигини, агар топиб олишса, изоляторга қамашларини айтса, яна бошқа бири шконкасига ювилган кирларини ёйиб қўйганлигини, агар ўша ёйилган кирларни олиб кетиб, ахлатга ташлашса, бир жуфтгина пайпоғидан айрилишини айтиб, хавотирдан юраклари ёрилаёзди.

Орадан бир неча минутлар ўтгандан кейин қайтган Мунира: – Тожибой, (маҳкумаларни фамилиясини қисқартирилган холатда чақириш зонада одат тусига кирган) сумкаларинг, матрасинг ва тумбочкаларингни тит-пит қилиб ташлашди. Тумбочкадан қандайдир дафтарни топиб, олиб кетишди. “Тезлик билан Штабга борсин”, деб тайинлашди, – деди у менга ҳамдардлик билан тикиларкан.

– Отрядимиз ошхонага кириб кетяпти, овқатланиб бўлиб бораман, –  дегандим: – Йўқ, ҳозироқ бораркансиз, – деди Мунира мени шошириб.

Тушлик ҳам қилмасдан, Штаб томонга қараб боришга мажбур эдим. Нима қилай, ҳозир тамадди қилмасдан борсам, кечки овқатгача оч қоламан. Овқатланиб бўлиб, кейин борсам, муассаса вакилларининг буйруғига бўйсунмади, деб изоляторга қамашади.

Аслида, қонун бўйича, маҳкумалар муассаса вакилларининг қонуний талабларига бўйсунмаганлик учун жазолашлари керак бўлса-да, улар ўзларининг ғайриқонуний буйруқларини бажаришга кўнмаган маҳкумаларга қарши сохта ҳужжатлар расмийлаштириб, сохта айбловлар билан изоляторга ва карцерга қамайверишади. Чунки муассаса вакилларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатларини, қилмишларини  назорат қиладиган ҳеч қандай куч йўқ.

Шуларни ўйлаб, қатордан чиқдим-да, овқат идишимни кўтариб, ДПНКга бордим.

– Штабга чақиришган экан, – дедим “дубачка”га. ДПНК навбатчиси овқат идишимни шу ерга қолдириб кетишимни тайинлади.

“Дубачка” етовида Штабга бордим. Мени зона бошлиғи Светлана Сбродовани кабинетига олиб киришди. У менга тегишли бўлган, Конституциянинг бир нечта моддалари ёзилган дафтаримни у ёқ, бу ёғини варақлаб ўтирарди.

Кабинетга кириб, ўзимни таништирдим. Қандай моддалар билан айбланганимни айтиб, моддаларни бирма-бир санай бошладим.

– Бўлди, бас қилинг, керакмас моддаларингиз, – афтларини бужмайтириб деди Светлана Сбродова, – Қани, менга айтинг-чи, мана бу дафтарга нималарни ёзгансиз? –  у дафтаримни ўзимга узатди.

Дафтарни қўлимга олдим.

– Бу дафтарга Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ўзбек тилидаги баъзи бир моддаларини кўчириб қўйганман, – дедим.

– Бу моддаларни қаердан кўчирдингиз? Нима мақсадда? – сўради у.

– Бу – Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг моддалари. Ҳар бир фуқаро бош қомусимиз ҳисобланмиш Конституцияни билиши керак. Шунинг учун ҳам, Конституциянинг ўта мухим моддаларини дафтаримга кўчириб олдим, – дедим хотиржамлик билан.  

– Сизга Конституция китобини ким берди? – кутилмаган савол берди у.

– Тушунмадим сизни?  – дедим ҳайрон бўлиб.

– Сизга Конституция китобини қайси ходим берди деб сўраяпман? – Светлана Сбродованинг овози дағаллашди.

– Менга Конституция китобини ҳеч бир ходим берган эмас, – дея ҳозиржавоблик қилдим.

– Ходимлар бермаган бўлса,  унда қайси йўл билан китобни қўлга киритдингиз? – таҳдидли оҳангда деди у.

– Менга Конституция китобини ҳеч ким бергани йўқ. Агар менга Конституция китобини берган бўлганларида, “шмон” пайтида китоб чиққан бўларди-ку, шундай эмасми? – дедим унга фикримни тасдиқлаб олиш учун.

– Унда бу моддаларни қаердан ёзиб олдингиз? – Светлана Сбродова кўзи билан дафтарга имо қилди.

– Менинг бу моддаларни дафтаримга ёзиб олганим ҳақида хабар берганлар қаердан олганлигимни айтишмадими? – дедим унинг саволига савол билан.

– Бу ерда фақат биз савол берамиз. Саволга савол билан жавоб беришга сизнинг ҳаққингиз йўқ! – сўз билан силтаб ташлади у.

– Яхши, агар Конституциянинг мана шу моддаларини ёзиб олишимга кўмак берганлар айбдор саналса, унда бутун бошли муассаса айбдор, – дедим жиддий.

– Гапни айлантирмасдан, тўғри жавоб беринг! Конституциянинг бу моддаларини қаердан олдингиз?  Нима учун дафтарингизга буларни ёзиб қўйгансиз? Мақсадингиз нима?  – тоқатлари тоқ бўлди унинг.

– Мен бу моддаларни ДПНК олдидаги катта полотнога ёзиб қўйилган жойидан кўчириб олдим, – дедим “сирим”ни очиб.

– Нима мақсадда кўчириб олдингиз? – Светлана Сбродовани яна ҳужумга ўтди.

– Ахир, булар ҳар куни, ҳар кимга керак бўладиган моддалар-ку, – дедим унга тушунтиришга уриниб. – Айниқса, қамоқдагилар учун бу моддалар сув билан ҳаводек зарур.

Менинг бу гапларимни эшитган Светлана Сбродова бир оз ўйланиб турди-да, дафтарни столи ғаладонига ташлади. Назоратчини чақириб, мени олиб кетишни буюрди.

– Дафтаримни қайтармайсизми? – деб сўрадим Сбродовадан.

– Йўқ, бу ҳақда орзу ҳам қилманг. Дафтарингиз бизда қолади. Бундан кейин, яна шундай ўзбошимчалик қилсангиз, ўзингизга ёмон бўлади, – деб огоҳлантирди у мени.

Конституция моддаларини дафтарга кўчириб олиш қонунга хилоф ёки нотўғри эканлигини исботлаб беришларини сўраб ўтирмадим.

Шуни тушунгандимки, отрядимиз тушлик қилаётган бир пайтда, мен билан суҳбат ўтказишни ихтиёр этишган экан, бундан муддао, тушлик қилишимга йўл бермаслик, то кечки овқатланиш пайтигача оч юришга мажбурлаш эди. Шу боис, ортиқча пачакилашиб ўтиришни ўзимга эп кўрмадим.

Шу воқеадан уч – тўрт кун ўтказиб, яна бошқа бир янги дафтарга Конституциянинг ўша моддаларини кўчириб олдим. Яна тинтув қилиб, дафтарни олиб кетишди. Айғоқчилар дафтаримни йиртиб ташлашгани ҳақида хабар келтиришди. Мен яна кўчириб олдим, улар яна йиртиб ташлашди. Худди мана шундай ҳолат тинимсиз такрорланаверди.

Қачонки, Сбродова вазифасидан четлатилганидан сўнггина, менинг дафтаримга ёзилган Конституция моддаларига қарши кураш тўхтатилди.

* * *

“ПРОМЗОНА”

Жазо изоляторидан чиққан кунимоқ эртадан “промзона”га чиқиб ишлашимни айтишди. (Ишлаб чиқариш зонаси маҳкумалар тилида “промзона” деб аталади).

“Промзона” катта майдонни эгаллаган бўлиб, бир нечта икки қаватли бинолар қад кўтарган. Бу биноларнинг ҳар бир қаватида биттадан бригадалар жойлашган. Бундан ташқари “промзона”нинг омбори, бухгалтерия, ёнғин хавфсизлиги бўлинмаси ҳам шу худудда жойлашган.

Қамоқхонада асосан икки хил тоифадаги ишчилар бор.

Биринчи тоифадагиларга “дневальный” деб аталадилар.  деб аталадилар. Улар – ошхонада, бухгалтерия, штаб, ДПНК, медсанчасть, ҳаммом, вешалак, отрядлар, бригадалар “дневальный”лари, бригадирлар ва бошқа точкаларда ишловчилар киради. Уларнинг ойлик маошлари зона бўйича энг катта маош ҳисобланади.

Чунки бундай вазифада ишлайдиган маҳкумалар нафақат ўз вазифаларини бажаришлари керак, балким, керак пайтда муассаса раҳбарлари учун “қулоқ”лик вазифасини ҳам қойилмақом қилиб бажаришлари даркор.

Иккинчи тоифадаги ишчилар қора ишчилар деб номланиб, бундай ишчилар асосан “промзона”да оддий ишчи сифатида ишлайдилар. Зонада ўн олтита бригада бўлиб, ҳар сменада бригадалардан камида ўттиз – қирқ нафардан ортиқ маҳкумалар меҳнатга жалб этилади.

“Промзона”даги бинолар бир-бирига уланиб қурилган бўлишига карамай, бир бригададаги маҳкумаларни бошқа бригада маҳкумалари билан бино ичида учрашиб, гаплашишларига умуман йўл қўйилмайди.

“Промзона”да асосан иқтисодий жиноятлар содир этган, айблов ҳукмида етказилган зарар суммаси ундирилиши кўрсатилган маҳкумалар ҳамда асосан, ёшидан, соғлиғидан қатъий назар, сиёсий ва диний маҳкумалар ишлашлари мажбурийдир. Бу маҳкумаларни иш жараёнида ҳар ярим соатда бир мартадан текшириб турадилар.

«Ваххабиты» деб кириб келарди бригадага муассаса вакиллари қўлларидаги рўйхатлари билан ва сиёсий, диний маҳкумларни текширувдан ўтказиб, чиқиб кетишади.

Рўйхатдагиларнинг ишга чиқиши ГУИН томонидан қатъий назорат қилинади. Уларни соғлиқлари бузилиб, оғир аҳволда бўлсалар ҳам мажбурий ишга чиқариладилар. Маҳкуманинг қон босими юқори бўлса, тана ҳарорати қирқ даражага етган бўлсагина, уни медицина текширувидан ўтказган шифокорнинг хулосаси билангина дардга чалинган бемор маҳкума уч кунгача ишдан озод қилиниши мумкин.

“Промзона”да асосан қамоқхоналар ва армиялар учун махсус кийим бошлар, матраслар, ёстиқлар, клёнка қоплар, турли-туман олимпиада ва спартакиадалар қатнашчилари учун кийим-бошлар тикилади.

Маҳкумалар «Баркамол авлод», «Умид ниҳоллари» каби кўрик-танловларга керакли нарсаларни тайёрлашда ўн саккиз  соатлаб ишлашга мажбур қилинадилар. Лекин кеча-кундуз, дам олмасдан ишлаётган маҳкумаларга қўшимча озиқ-овқат, лоақал, қайнатилган сув ҳам берилмайди.

Баъзан шартномага асосан тайёрланган матраслар ёки кўрпа, тўшакларни ичига сифатсиз пахта солингани ёки бошқа сабаблар билан яроқсизга айланган тайёр маҳсулотни буюртмачи қабул қилиб олишдан бош тортса, бу матрас, ёстиқ ва бошқа тикиб, тайёрланган буюмлар бузилиб, қайтадан тикилади. Лекин ҳафталаб қаттиқ режим билан ишлаб, бу маҳсулотларни қайтадан тайёрлангани учун маҳкумаларга қўшимча ҳақ тўланмайди.

Сиёсий ва диний маҳкумаларнинг ўта оғир ишларни килишлари эвазига тўланадиган ҳақ кўпинча бир ойга юз сўмдан бошланиб, то саккиз юз – минг сўмгача боради, холос.

Бошқа маҳкумалар билан қора рўйхатдаги маҳкумалар бир хил ишни қилишларига қарамай, бир юмушни бажарган бўлсаларда, масалан дейлик, қотиллик жинояти содир этиб қамалган маҳкумага уч минг сўм ойлик маош ёзилса, сиёсий ва диний маҳкумаларга худди ўша иш учун икки юз – уч юз сўмдан ортиқ иш ҳақи тўланмайди.

Иқтисодий жиноятларни содир этганлиги учун қамалган, ҳукмида қарзни тўлаши кўрсатилган маҳкумаларнинг ишлаб топган пулларидан маълум қисмини ҳукмдаги суммани тўлашга ушлаб қолинади.

“Промзона”даги иш тонгги соат олтида бошланади. Соат ўн иккида ишчи маҳкумалар тушликка чиқадилар. Кундуз кунги соат учда смена алмашади. Иккинчи сменанинг кечки овқатланиши кеч соат олтига тўғри келади.

Шундан сўнг улар ярим тунгача танаффуссиз ишлайдилар. “Промзона”га ишга кириб кетилаётганда маҳкумалар назоратдан ўтказилмайди. “Жилзона”га қайтишда эса албатта кучли текширувдан ўтказадилар. Ярим тунда “промзона”дан қайтган маҳкумаларнинг ювинишлари учун «гигиена хонаси» ва «прачка» очилади. Иккинчи сменада ишлаган маҳкумаларнинг уйқуга ётишлари тунги соат бирларга тўғри келади.

Нонуштага туркумдаги маҳкумаларнинг тўлиқ чиқишларини таъминлаш мақсадида, кечки сменада ишлаган бўлишларидан қатъий назар, барча маҳкумалар тонгги соат олтида мажбурий тарзда турғизиладилар. Тўйиб ухлай олмаган маҳкумалар кун бўйи эзилиб юрадилар. Ана шундай чарчоқ ҳолатда  яна  “промзона”га,  ишга равона бўладилар.

“Промзона”да маҳкумаларнинг сигарет чекиш баҳонасида бироз дам оладиган жойлари – «курилька» бор. У ерда бошқа маҳкумалар соатлаб дам олиб, гаплашиб ўтиришади.

Лекин сиёсий ва диний маҳкумаларни у ерга ўтириб, дам олишига изн бермайдилар. Бундай маҳкумаларнинг «курилька»да ўтирганларини кўришлари билан назоратчилар бор овозлари билан бақириб «Ваҳҳобийлар, “курилька”дан туринглар, тарқалинглар! Бригадага бориб, ишларингни қилинглар!» деб ҳайдаб солишади.

“Промзона”да намозини ўқимоқчи бўлган маҳкумалар бошқа маҳкумаларани “аттачмент” турғизиб кўйиб, намозларини ўқиб оладилар.

“Промзона”да ишчи маҳкумаларга фойдаланиш учун пичоқ, қайчи сингари қаттиқ назоратда турадиган асбоблар махсус журналга расмийлаштириб, берилади.

Сиёсий ва диний маҳкумалар ўзларига топширилган пичоқ ва қайчиларни кўз қорачиғидек асрайдилар. Чунки бу маҳкумалар имзо чекиб фойдаланишга олинган қайчи ва пичоқларни гоҳида муассасага ишлайдиган маҳкумалар ўғирлаб қўйишади ёки яшириб қўйишади.

Кейинчалик бу маҳкумаларни қамоқхона ички-тартиб қоидасини қўпол равишда бузганликда айблаб, яширин тарзда суд қилиб, озодликдан маҳрум қилиш муддатига яна икки – уч йилдан қўшиб берилади.

* * *

НИМА, МЕНГА ҲАММА НАРСА МУМКИН ДЕБ ЎЙЛАЯПСАНМИ?!

Ишга чиққанимда мендан: “Тикувчиликдан хабарингиз борми?” – деб сўрашди. Бу касбдан хабарим йўқлигини айтгандим, қўлимга қайчи бериб қўйишди. Тикилган ёстиқлар четида осилиб қолган ипларни қирқиб, тозалашни топширишди.

Иш билан банд бўлиб ўтиргандим, бир маҳал кириб келган милиция офицери мастер Одина Рахмоновна ҳеч гапдан ҳеч гап йўқ, менга қараб ўшқира  кетди: – Нима, менга ҳамма нарса мумкин деб ўйлаяпсанми?! Нега осонгина ишга ўтириб олдинг?! Нима, сен ойимтилламисан? Сенга тоза иш керакми?! – бир неча кун олдин бошимга темир чўмичи билан урмоқчи бўлган Холида Зокировани сўкиб: “Бунинг ўзи мана шунақа финтакор” – дея рапорт ёзиб  топширган Одина Рахмоновна бугун менга  кўзлари косасидан чиққудек бўлиб бақирарди. – Зонага келганингга ҳали ҳеч қанча бўлмасдан фитналар уюштириб юрибсан! Сенга ким ҳуқуқ берди?!

Жим қараб  турсам, бу Одина Раҳмоновна деганлари ҳали бери менга гал бермайдиган кўринади.

Шартта унинг сўзини бўлдим: – Менга тушунтириброқ гапиринг, илтимос. Қанақа фитна ҳақида гапираяпсиз? Хўш, мен қандай фитнага қўл урган эканман? Кимга ёмонлик қилибманки, мени бу қадар ҳақорат қиласиз, дўқ урасиз? – дедим сўзларимни чертиб-чертиб.

– Холидага туҳмат қилганингга ўзим гувоҳи бўлганман. Яна қанақанги исбот керак сенга? – деди у югурик отдек пишқириб.

– Шунақами? – жиғига тегиш учун атай кулимсирадим – Адашмасам, ўша куни “Иш жойида ҳам тинмасдан ҳамма билан уришади” деб менинг кўз ўнгимда Холида Зокировага қарши рапорт ёзиб топширган ўзингиз эдингиз, агар эгизагингиз бўлмаса. Ё ёлғонми?

– Тур ўрнингдан! – тутақиб кетди Одина Раҳмоновна. – Сен бундай тоза ишларда ишламайсан! Сени жойинг ана – бор, ёстиқларга солинадиган пахтани сарала!

– Бора қолинг, Мўътабархон, айтганларини қилинг… – дея пичирлади ёнгинамда  ишлаётган маҳкума.

– Менга қара, сен! Ҳой, сен нимага у билан гаплашяпсан, нимага?! – Одина Раҳмоновна мен қолиб, гап қотган маҳкумага таҳдид қила кетди. – Умринг қамоқда чириб кетишини истаяпсанми?! – Кейин ҳамма эшитсин учун  тантанавор оҳангда деди: – Кимда-ким қора рўйхатга тушишни истаса бу маҳкума билан мулоқот қилади, уқдингми ҳамманг?!

Бу гапни эшитган ёнимдаги маҳкумалардан иккитаси дарҳол ўрниларидан туриб, нарига бориб ўтиришди.        

– Тур ўрнингдан, анави ахлатларни ичидан пахтасини ажрат! – яна менга қараб амр қилди  Одина Раҳмоновна.

– Туринг, маҳкума Тожибоева, бугундан бошлаб сиз ахлатларнинг ичидан пахталарни топиб, тўплаб, ёстиққа соладиганларга етказиб берасиз, – Одина Раҳмоновнанинг сўзларини тўлдирди бригадир Қўчқорова Сурайё.

– Ахир буларнинг ичидан қандай қилиб пахта топаман?  Ҳаммаси ахлат-ку? – дедим уюм-уюм бўлиб ётган ахлатларга қараб.

– Ўша ахлатларни ичидан топасан пахтасини! – иддао қилди Одина Рахмоновна.

Энди билсам, қамоқхоналар, ҳарбий қисмларга ёстиқ, кўрпа ва матрасларга берган буюртмалар яхши пахталардан эмас, айнан мана шундай ахлатга аралашиб ётган увадалардан тайёрланар экан.

Ҳар сафар маҳкумалар келтирилган чиқиндилардан увадаларни ажратиб олишга мажбур қилинаркан. Буниси-ку ҳали ҳолва, ахлатдан ажратиб олган увадаларни бироз бўлса-да пахтадек юмшоқроқ шаклга келтириш учун уларни оғир калтаклар билан савалаш ҳам керак. Бунинг учун эса жуда катта куч керак бўлади.

Энг ёмони, ахлатга аралашиб ётган увадаларни ажратиш ва савалаш жараёнида ҳисобсиз чангдан нафас олган аксарият маҳкумалар бўғма касалига дучор бўладилар. Бу ҳақда менга илгари айтганларида, ишонмагандим. Мана, энди ўзим ахлат титишга мажбурман. Чанг, тупроққа аралашиб ётган увадаларни ёстиқларга жойлаётган маҳкумалардан бири ёнимга келиб, менга ёрдамлаша бошлади.

– Жойингга қайт, Жамила! – хитоб қилди Одина Рахмоновна, – ўзи тўпласин пахтани.

– Одина Рахмоновна, пахта тўплаб бериш учун ҳар куни уч киши ишларди, – ботинмайгина гап бошлади Жамила отлиғ маҳкума. – Янги келган, олдин бунақа ишларда ишлаб ўрганмаган одам қандай қилиб уч киши зўрға эплайдиган ишни қилади, тушунинг ахир.

– Менга сен ақл ўргатма. Қилади! Сенларга пахтани етказиб, ҳатто, савалаб ҳам беради. Агар уддасидан чиқмаса, унда яна изоляторга равона бўлади, – писанда қилди қонун ҳимоячиси формасини эгнига илиб олган мастер. – Нима, унга раҳминг келяптими? У билан битта камерада ётгинг келиб қолдими?

– Одина Раҳмоновна, бир бошга бир ўлим. Нима, бизни икки марта ўлдирармидингиз? – Жамила ҳам ўз сўзини бермайдиганлардан чиқиб қолди. – Майли, билганингизни қилинг, менга барибир. Буни ўзингиз ҳам жуда ҳам яхши биласиз.

Сўзини тугатар-тугатмас, ишга киришиб кетган Жамила энгашиб: “Сиз номига ишлайверинг, мен ўзим тез-тез йиғиб бераман пахталарни” – дея шивирлаб қўйди менга.

Орадан ўн беш – йигирма дақиқалар чамаси вақт ўтгач, Нигора исмли диний эътиқоди учун қамалган маҳкума ёнимизга келиб қўшилди. Шундай қилиб уч кишилашиб ахлатлар орасидан увадаларни топиб, тўплай бошладик.

Кун бўйи мана шундай чанг тўзонли ахлатлар орасида ишлаганим сабабли, уст-бошим тупроқдан яғири чиқиб кетганди. “Жилзона”га қайтганимда яғирим чиқиб кетгани учун, дарҳол ювиниш учун кетдим. Шундай ҳолда бир неча кун ишладим.

Давоми бор.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.