Мўътабар Тожибоева ва Ўзбекистон ҳукумати мулоқоти
Ҳурматли хонимлар ва жаноблар!
Мен сизларга ўртамизда бошланган мулоқот ҳамда Ўзбекистонда фуқароларни сиёсий, журналистик фаолияти учун таъқиб қилиш сиёсати мавжуд бўлганлигини тан олганликларингиз учун ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Ҳа, бу таъқиблар ортидан кўплаб инсонлар Она Ватанини тарк этишга мажбур бўлдилар.
Бизнинг ўзаро мулоқотимиз – умумий мақсадлар йўлида бошланган катта қадамдир: биз ҳар қандай кўринишдаги экстремизмга қаршилик кўрсата оладиган, одамлар қўрқув нималигини унутиб бахтли яшаш имкониятига эга бўладиган мамлакат бирлигига асос солиш билан бирга унинг харакатларини очиқ, эркин ва ривожланган жамият томон йўналтиришга ўз ҳиссамизни қўшиш ниятидамиз.
Мен мамлакатдаги президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида олиб борилаётган ислоҳатларни хурсандчилик билан кузатаман. Жумладан 2018 йил 25 октябрдаги чет элдаги ватандошлар билан ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги қарор мени қаттиқ рухлантирди. Ўйлайманки, давлат раҳбарининг ўзи бизларни сўзлардан амалга ўтишга ундамоқда.
1. Шуни маълум қилмоқчиманки, чет мамлакатларда яшаётган, Ўзбекистон ҳаётига бефарқ бўлмаган, мамлакатни бугунги иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий жараёнларида фаол иштирок этиб, Ватан тараққиётига ўз муносиб хиссасини қўшишга тайёр бўлган, юқори малакали мутахассислардан иборат сиёсий эмиграция вакиллари бирлашиб, расмий Тошкент билан мулоқот олиб борувчи гуруҳ ташкил этдик.
2. Биз Сиздан ният холислиги ва мулоқатимизнинг ҳақиқий эканлигига далил сифатида 2018 йил 8 декабрь куни нишонланадиган Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганлигига 25 йилтўлиши муносабати билан бўладиган тантанага гуруҳимиз таркибига кирувчи – хуқуқ ҳимоячи Мўътабар Тожибоева, журналистлар Галима Бухарбоева ва Матлуба Азаматоваларни қатнашишлари учун ташкилий масалаларни ҳал қилишингизни сўраймиз.
Биз Тошкентда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 70 йиллигига бағишланган тантаналарда ҳам иштирок этишни режалаштирганмиз (10-декабрда).
3. Тошкентда ташрифимиз доирасида биз Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев билан учрашишни истаймиз.
Бизнинг гуруҳимиз вакилларини мамлакат президенти томонидан қабул қилиниши Ўзбекистонда ҳақиқий ўзгаришлар содир бўлишининг катта далили бўлади. Мамлакатдаги энг Олий ҳокимият халққа жиддий муносабатда бўлиши жамият билан мулоқат бизлар каби мустақил матбуот ҳамда фуқаролик жамияти вакиллари орқалигина амалга ошиши мумкинлигини таъкидлайди.
4. Бизлар мамлакатга ташрифимиз давомида Тошкентда Ўзбекистондаги фуқаролик жамияти етакчиларини, ҳукумат расмийлари ва дипломатик корпуслар вакиллари иштирокида давра суҳбати ўтказишни кўзда тутганмиз
Давра суҳбатининг мавзуси: «Эски деворнинг тинчлик йўли билан қулаши: Ўзбекистон жамияти бирлиги». Биз ўтмишга қайтмаслик учун нималар қилишимиз кераклиги, бугунги кун ва келажак ҳақида фикрлашамиз…
Биз ҳаётнинг ўтмишдаги аччиқ сабоқлари – ҳақиқатнинг муҳимлиги, Коррупция ва ёлғонга тоқатсизлик, бу балога нафақат Ўзбекистон Республикаси давлати, балки баъзи фуқаролик жамияти ҳамда муҳолифати ҳам гирифтор бўлганлиги ҳақида мухокамалар қиламиз.
5. Умид қиламизки, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ички қоидаларига мувофиқ Галима Бухарбоеванинг ноябрь ойи охиригача аккредитациядан ўтказиш ҳақида ижобий қарор қабул қилади. Юқорида эслатиб ўтилган президент Шавкат Мирзиёев қарорида таъкидланганидай шу асосда у вақтинчалик яшаб турган жойи Қозоғистонда (Олма-ота шаҳрида ) виза олиш имконига эга бўлади.
Шунингдек, Парижда (Франция) Ўзбекистон визасини олиш учун менга ҳамда Швецияда яшовчи Матлуба Азаматовага Швецияга яқин бўлган Ўзбекистон Республикаси элчихонаси орқали виза олишимиз борасида амалий ёрдам кўрсатишларингизни сўрайман. (Бизнинг ташрифимиз фақат шу гуруҳ таркибига боғлиқ. Бизнинг Сизлар билан ўзаро мулоқотимизни амалга ошиши учун ҳаммамиз виза олишимиз зарур).
6. Мамлакатга ташриф буюришни режалаган ҳар учаламизнинг бадарғалик давримизда Ўзбекистондаги яқинларимиз, жумладан ота-оналаримиз, жигарларимиз оламдан ўтишди. Ташриф чоғида биз уларнинг қабрларини ҳам зиёрат қилишни ва оила аъзоларимиз, яқинларимиз билан учрашишни кўнглимизга тукканмиз.
Унумли ҳамкорлик ва муваффақиятли мулокот умидида
Мўътабар Тожибоева
4 ноябрь, 2018 йил
Париж, Франция
This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.
Fikr bildirish