Гитлер концлагерини эсга солувчи Ўзбекистон Республикаси ГИМНИ! (Қийноқлар ороли асираси – Зулмат қаърида. № 18)

* * *

ҚАМОҚХОНАДАГИ ОММАВИЙ ОЧЛИК

Жиноят содир қилган, қилмаганлигидан қатъий назар қамоқхонадаги аёллар оммавий қийноқларга солинганлиги сабаб руҳи синиқ бўлади.

Чунки улар яқинларидан, фарзандлари, суйганларидан узоқда эканлиги етмагандек, яна оғирдан-да оғир шароитда яшашади. Қонунда белгиланганидек муддатларда узоқ ёки қисқа муддатли учрашув бериш ё бермаслик ҳам қамоқхона маъмуриятига боғлиқ.

Маҳкумаларнинг қариндошлари топширадиган йўқлов – озиқ-овқатлари ҳам ўлчовли. Имкон берилганида эди, баъзи эркаклар қамоқхонаси сингари бу ердаги кўплаб маҳкумаларнинг оила-аъзолари ҳам етарлича озиқ-овқат билан  таъминлашлари мумкин эди яқинларини, лекин бунга рухсат йўқ. Ҳа,  аёлларни айнан мана шу усул билан қийнашади.

Биринчидан, аёллар организми учун керакли бўлган витаминларга бой озиқ-овқат истеъмол қилишмайди.

Иккинчидан, туну-кун оч-наҳор юрадиган аёлларнинг ўй-хаёли фақат ошқозонини тўлдириш билан банд бўлади. Эртага нима бўлади, ҳаётим нима бўлади, яқинларимдан хат келармикин?, деган гаплар иккинчи ёки учинчи ўринда юради бу маконда.

Бу ерда ёзилмаган қонун шу: “Мен бугун нима еб тўяман, қаердан бир пайка нон топаман?” деган ўй устивор.

Қолаверса, шу очлигу нафсини қондиришга интилишдан раҳбарлар қамоқхонани бошқаришда фойдаланишади. Ахир нафсини қондириш учун маҳкумалар орасида ҳамма нарсага тайёр, туҳмат, сотқинликларга ҳам тайёрлари бисёр-да.

 Қамоқхонадаги ошхонада бериладиган овқатини имконсиз қолгандагина ейишга мажбур бўласиз. Орқасидан йўқлаб келадиганлари бўлмаган, қаровсиз маҳкумалар оммавий равишда ошқозон-ичак касаллигига дучор бўлишади. Тез-тез уч юз – тўрт юзлаб маҳкумалар  ичбуруғ касалига чалиниб турадилар. 

Қамоқхонада аёл зотининг ожизалиги ҳисобга олинмаган ҳолда ўрнатилган бу қаттиқ режим. Бундайин қаттиқ режимга дош бера олмаганлари, тўйиб овқатлана олмаётганликлари, организми талаб қилган калорияли озиқ-овқатларни истеъмол қилмасликлари сабабли, маҳкумаларнинг қирқ-эллик фоизи нос чекишга, яна тахминан йигирма-йигирма беш фоизи сигарет чекишга ўрганиб кетганлар.

Доимий етишмовчилик, очлик ва қийноқлар исканжасида ҳам маънан, ҳам жисмонан синдирилган аёллар икки дона сигарет ёки бир дона қанд учун қамоқхона раҳбарларининг истак-хоҳишига кўра бир-бирига хиёнат қилишга, кўзларини ўйишга ҳам тайёр туришади.

Аслида аёллар қамоқхонасидаги тизим атай мана шу аҳволга келтирилган. Атай бу ердаги аёллар йиллаб  бир бурда нонга-да зор бўлишга маҳкум. Чунки қамоқхона маъмурияти бир нарсани, оч одамни бошқариш осон бўлишини жуда яхши билишади.

Очликдан силласи қуриган маҳкумаларни ҳар кўйга солишлари, истаган нағмаларига ўйнатишлари енгилроқ кечишини билиб олишган улар… Агар мана шундай усул қўлланилмаганида эди, маҳкумалар фитна ва хиёнатларда ҳеч қачон иштирок этмаган бўлишарди.

* * *

ЯРИМ ТУНДАГИ “ВАҲҲОБИЙЛАР” ОВИ

Кечаси муассаса вакиллари бир неча маротаба отрядларга кириб, ухлаб ётган маҳкумаларни санаб, назоратдан ўтказишади.

Ҳар куни кечаси соат учдан кейин отрядларда ҳам, зона ҳудудида ҳам назорат кучайтирилади. НВН, ДПНК, “дубачкалар” тўп-тўп бўлиб, зона бўйлаб изғий бошлайдилар. Чунки айнан мана шу паллада намоз ўқувчи маҳкумалар ўрниларидан туриб, таҳорат қилиш учун ташқарига чиқдилар.

Кечаси учдан кейин ҳожатхонага борадиган маҳкумалар ҳам махсус назоратга олинадилар. Эрталаб олтидан бошлаб кечаси учдан кейин ҳожатхонага чиққан маҳкумаларни айнан мана шу пайтда ҳожатхонага чиққани сабабини суриштиришади. «Намоз ўқишга тайёргарлик кўриш учун ҳожатхонага чиққансан» – дея, қонига ташна қилишади.

Отрядлардаги маҳкумаларни саҳарги соат уч ярим-тўрларда бомдод намозини ўқиётган паллаларида қўлга туширадилар. Намозхон маҳкумаларни сўкиб, намоз ўқишни тўхтатишларини талаб киладилар. Эрталаб эса уларга қарши бир дунё ҳужжатларни расмийлаштиришади.

“Маҳкума кечаси намоз ўқиб, бошқа маҳкумаларни дам олишларига, ухлашларига халақит берди” деб, маҳкумани интизомий жавобгарликка тортишга, кўпинча изоляторга қамашга  қарор чиқарадилар.

* * *

ГИТЛЕР КОНЦЛАГЕРИНИ ЭСГА СОЛУВЧИ ЎЗБЕКИСТОН ГИМНИ

Ўзбекистон Республикасининг мустақиллигининг ўн беш йиллиги муносабати билан 2006 йилнинг 1 сентябрь кунидан зонадаги эрталабки текширувлар пайтида маҳкумаларни давлат Мадҳиясини оммавий равишда куйлашга мажбурлаш бошланди. Мен эса доимо изоляторда қамалишим сабаб, “қўшиқчилар” сафига кеч қўшилдим.

Даставвал, бунингдек Гимнни куйлашга мажбур қилишлари нафсониятимга тегди. Гимн куйлаш пайтида сиёсий ва диний маҳкумаларни сафнинг биринчи қаторига туришларини талаб қиладилар. Бунга норозилик билдирган маҳкумалар муассаса вакилларининг ҳақоратлари нишонига айланадилар.

Текширув якунланганидан кейин зона ҳудудининг кенг майдонига икки-учтадан отрядлар жамланади. Маҳкумаларни Ўзбекистон Республикаси гимнини куйлашга мажбур қилишади. Бир гуруҳ отряддагилар гимнни куйлаётган пайтларида бошқа отряддагилар кутиб туришлари керак.

Деярли кунда-кун ора бир отрядлар  маҳкумалари «Серқуёш ҳур ўлкам, элга бахт нажот, Сен ўзинг дўстларга йўлдош, меҳрибон» дея куйлаётган пайтларида, бошқа бир отряддаги очликдан силласи қуриб, ёки касалликдан ҳолсизланиб, ҳушидан кетган маҳкумани тўрт-беш нафар маҳкумалар кўтариб олиб, “медсанчасть”га қараб, югуриб кетишади. Бундай ҳолатлар деярли ҳар куни содир бўлади.

Текширувдан ўтилган пайтда фамилиялар ўқилганидек тартибда турилиши керак бўлса-да, диний ва сиёсий эътиқоди учун қамалган маҳкумалар гимнни қандай куйлашларини назорат қилиш мақсадида уларни сафнинг олдинги қаторида туришга талаб қилишади. Баъзида эса бирор-бир диний маҳкумани ўрта майдонга олиб чиқиб, алоҳида ва бор овоз билан гимнни куйлашга мажбур қилишади.

Масалан: Гимнни алоҳида туриб, баланд овозда куйлашни хоҳламаган маҳкума учун бутун бир отрядни жазолашади. Жазога лойиқ деб топилган отрядни саф бўлган ва гимнни куйлаган ҳолда зона худудини уч мартадан беш маротабагача айланиб чиқишга мажбур қиладилар.

Очлик, қувватсизлик сабабли баъзи маҳкумалар йиқилиб қолишганда, сафдагилар у маҳкумани икки томондан қўлтиқлаб олиб, йўлда давом этишади.

Ҳудди шундай ҳолатларни қўрганимда немис фашистлари қўлига асира тушган совет давлати аёлларини аҳволи кўз ўнгимда гавдаланаверади.

Ҳар доим бирор-бир отряддаги бирорта маҳкуманинг “нотўғри хатти-ҳаракати” сабабли, бутун бошли отрядларни жазолашади. Мана шундай “проверка”лар пайтида бошқа маҳкумаларни сиёсий ва диний маҳкумаларга қарши қайраш ҳолатлари кўп кузатилади.

Қамоқхона худудини сафни бузмаган ҳолатда, бор овоз билан гимнни куйлаб айланишдан чарчаган отряд маҳкумалари ўша «қулоқсиз» маҳкумани беаёв ҳақорат қила бошлайдилар.

«Террористлик қилиб қанчадан-қанча одамнинг қонини тўккансан! Энди ўзингни кўрсатиб, бизни қийнамасдан айтганларини бажар!» – деб дод соладиган, талаб қиладиган, калтаклайдиган маҳкумалар ҳар доим ҳам топилади.

Бундай пайтларда ўзаро жанжаллардан фойдаланган қамоқхона вакиллари «қулоқ»сиз маҳкумани “изолятор”ига қамаш учун ҳужжат тайёрлашга муваффақ бўладилар.

* * *

СЕРҚУЁШ ХОР ЎЛКАМ, ПИШГАН БАҚЛАЖОН…

Мана шундай Гимн куйлаш пайтларда мен диний маҳкумаларга ҳазиллашиб: «Мен – террористларнинг бошлиғи, сизларнинг лидерларингиз эканман, демак, сизлар менга қулоқ солишга мажбурсизлар. Мен сизлардан талаб қиламан, биз қандай соҳада бўлмасин, биринчи ўринда туришимиз керак. Шунинг учун биринчи сафда туриб, давлатимиз мадҳиясини баралла куйланглар, фақат ўзларингиз хоҳлагандек», – дердим буйруқ оҳангида.

Шундай қилиб, мени ўзим сафнинг биринчи қаторида туриб, куйлашни бошлардим. Фақат куйлашни бошлашдан олдин, ёнимдаги шерикларимга, ҳар доимгидек, «Интернациональ» руҳида куйлашимизни, бугунги Гимн Мамлакатнинг номи – охири “истон” деб якунланувчи Афғонистон, Туркманистон, Покистон… каби мамлакатлардан бирига бағишланишини айтардим.

                     Менинг қамоқхонада куйлайдиганим Ўзбекистон Республикаси Давлат Гимни мана бундай янграрди!

Серқуёш, хор ўлкам, пишган бақлажон,
Сен ўзинг дўстларга душман, қаҳрли, ғайрли!
Яшнагай то абад, сен бор, қийноқлар,
Шуҳратинг портласин, токи бор жаҳон!

Олтин бу водийлар — жон Ўзбекистон,
Аждодлар мардона руҳи сенга ЁТ!
Улуғ халқ ғурури топталган замон,
Оламни жаҳаннам айлаган диёр!

Бағри кенг ўзбекнинг ўчмас иймони,
Тобе, ёш авлодлар сенга ғўр қанот!
Истибдод машъали, қаттол қуроли,
Халқ қирар ҳукумат, юзинг қора доғ!

Олтин бу водийлар — жон Успехистон,
Аждодлар мардона руҳи сенга ЁТ!
Улуғ халқ қудрати топталган замон,
Оламни жаҳаннам айлаган диёр!

Худди шундай тарзда ўзгартирилган давлат гимнини бор овоз билан куйларканман, ёнимда ва орқамда турган маҳкумаларни енгларидан тортиб, менга қўшилиб жўр овозда куйлашларини талаб қилардим.

Мен бор овоз билан куйлаётган гимннинг матнини эшитган маҳкумалар кулгудан ўзларини тута олмай, қотиб қолишарди.

* * *

ҚИЙНОҚЛАРНИ ТАСВИРГА ОЛУВЧИ ВИДЕОКАМЕРАЛАР

2006 йилнинг август ойи бошида, қамоқхонанинг ҳамма жойини, ҳаттоки ташқи саҳнини ҳам тўлиқ кузатиб туриш мақсадида қирқдан ортиқ видеокамералар ўрнатилди.

Худди ана ўша видеокамералар ҳукуматнинг қора рўйхатидаги маҳкумалар учун қийноқ механизми сифатида қўллана бошланди.

Мана шу камералар рўпарасида диний эътиқоди учун қамалган маҳкума аёлларнинг рўмолларини бошларидан тортиб олиб, кўйлакларининг енгларини, этакларини қайчи билан қирқиб ташлашар, бу маҳкумаларнинг устидан очиқ-ошкора кулишар, уларни масхаралардилар.

Қамоқхона территориясида эркин ҳаракат қилиш, истаган маҳкума билан суҳбатлашиш мумкин бўлган пайтда, икки-учта сиёсий ва диний маҳкумалар бир жойда тўпланиб қолишса, ўша видеокамерани кузатиб ўтирган муассаса вакиллари қўлларида дубинкалар билан югуриб келиб, маҳкумаларни тарқалишларини талаб қилиб, бақир-чақир қилишарди.

Қишги мавсумда, 2006 йилдан бошлаб муассаса вакиллари маҳкумаларга нисбатан қўлланиладиган қийноқнинг янги усулини ўйлаб топдилар.

Энди тартиббузарлик қилган маҳкумаларни интизомий жавобгарликка тортиб, ортиқча оворагарчилик, қоғозбозлик  қилмасдан, жазо изоляторларига қамамасдан, жисмоний синдириш учун ўйлаб топилган бу усул!

Ушбу усул – тартиббузар деб топилган маҳкумаларни изолятор биносидаги карцер ва изоляторга қамалган маҳкумаларни эрталаб сайрга олиб чиқиладиган тепаси ва атрофи сим тўр билан ўралган, эни беш метр, узунлиги ўн метр бўлган “зоопарк”га қамашдан иборат эди.

Ана шу “зоопарк”ка тартибни бузган маҳкумаларнинг барчасини олиб кириб, уларнинг устки иссиқ кийимларини ечиб олиб, юпун кийим-бош билан, уч – тўрт соатлаб ушлаб туришарди. “Зоопарк”ка қамалган маҳкумалар ҳожатга чиқмоқчи бўлсалар ҳам, ёки аҳволлари оғирлашиб қолса ҳам, то белгиланган муддат тугамагунча, бирорта муассаса вакили маҳкумалардан хабар олиш учун келишмасди.

Қор, ёмғир, шамол очиқликдаги юпун кийинган маҳкумаларни қийнаб, совуқ, изғирин суяк-суякларидан ўтиб кетарди. Шунда маҳкумалар ўзларини бу “зоопарк”дан озод қилишларини, иссиқ кийим-бошларини беришларини сўраб, йиғлаб нола қилишарди.

Шундай пайтларда, муассаса раҳбарлари айнан мана шу “зоопарк”ка ўрнатилган видеокамера орқали маҳкумаларни ўзларини ҳар томонга ташлаб, дод солишларини томоша қилиб, кулиб ўтиришади. Албатта бу видеокамераларда акс этган бу лавҳалар юқори идораларга тақдим қилинади. Маҳкумларга нисбатан қўлланилаётган қийноқлар тасвирга туширилган  видеолавҳаларни кўриб, улар «тарбиялаш»нинг янгидан-янги усулларини қўллашни, ўйлаб топишни муҳокама қилишларига ишонаман. Улар эътиқодидан қайтмаган маҳкумларга қўлланилган қийноқларни кўриб туриб, қийноқнинг янада оғирларини қўллашга топшириқ берадилар.

* * *

ЖИНСИЙ ЗЎРАВОНЛИКЛАР

Қийноқнинг энг ваҳший усулларидан бири жинсий зўравонлик жинояти – 2009 йилнинг 9 май – халқимиз орасида немис фашистлари устидан қилинган ҒАЛАБА байрами кунида   байрамни нишонлаётган Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек туман Ички ишлар бўлимининг ўн икки нафар маст-аласт ходимлари ҳам уч нафар ожиза устидан мутлоқ “ҒАЛАБА” қилдилар.

Аввал безориликда айбланиб, ҳибсга олинган, кўп ўтмай эса босқинчига чиқарилган, милиционерлар томонидан зўрланган сурхондарёлик уч опа-сингил Наргиза, Райҳон ва Хосият Соатоваларнинг тақдири жинсий зўравонлик Ўзбекистондаги қийноқларнинг кенг қўлланиладиган усуллари эканлигини исботлайди.

Соатоваларнинг ўртанчаси Райҳон ҳибсга олинганидан кейин унга нисбатан қўлланилган зўравонлик, таҳқирлаш, шаънига тегишлар натижасида ҳомиладор бўлгани ва 2009 йилнинг 17 декабрь куни муддатидан аввал туққани ҳақиқатдир.

Райҳоннинг айнан ҳибсга олингандан кейин ҳомиладор бўлганлиги исботланиб турган бўлса-да, мана шундай қонун ҳимоячилари жиноятларини бости-бости қилган ҳукуматнинг қийноқларга алоқаси йўқ, дейишнинг ўзи мантиқсизлик эди.

Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди ҳукми билан қотилликда айбланиб, ўн беш йилга озодликдан маҳрум қилинган Шоҳиста Махсумова тергов пайтида унинг зиммасига қўйилаётган қотиллик жиноятини содир этганлигини тан олишга мажбур қилганлар. Шоҳиста улар айтаётган қотиллик жиноятини содир этганлигини тан олмагандан кейин тергов ҳаракатларини олиб бораётган терговчи ва бир неча милиция ходимлари унинг номусига тегмоқчи бўлганларида у талаб қилинган ҳужжатларга имзо чекишга мажбур бўлган.

Суд жараёнида уларнинг талабларини бажармаса, номусига тажовуз қилиш билан қўрқитганликларини маълум қилганида, унинг шикоятига суд умуман эътибор қаратмаган.

Опа-сингил Соатовалар ва Шоҳиста Махсумова сингари ҳибсга олиниб, таҳқирланган ёки қилмаган жиноятни бўйнига олмаса, номусига тегиш билан қўрқитилган маҳкумалар сони-саноғи бизларга номаълум.

Қип-яланғоч ҳолатга келтириб, ечинтириб, турли усуллар билан таҳқирлашгани сабабли, мана шундай шармандаликни тўхтатиш мақсадида, қўлига берилган ҳужжатларга ўқимасдан туриб, имзо чекиб берган бир неча ўнлаб маҳкума аёллар билан қамоқхонада ҳамсуҳбат бўлганман.

Терроризмда айбланиб, ҳибсга олинган ва отувга ҳукм қилинган Мақсудбек ва Учқун Рўзметовларни “террорист” эканликларини тан олишлари учун уларнинг онаси Дармон Султоновани Урганч шаҳрининг СНБ бошлиғи қабулига 1999 йилнинг 5 январь куни олиб кирганлар.

СНБ бошлиғи даставвал Дармон онани ҳақоратлар қилган. Кейин эса уни қўлларига кишан солиб, Урганч шаҳар ИИБ ертўласидаги камерага қамаганлар. Ёлғиз ўзини камерага қамаганларидан кейин, уни қип-яланғоч қилиб ечинтирганлар.

Урганч шахар СНБ бошлиғи иштирокида уни икки – уч нафар ёш йигитларга рўпара қилганлар. Буларнинг ичида Дармон Султонованинг кенжа ўғли Уйғун ҳам бор эди. Онаси Уйғунни зўрға таниган, ўғлининг аҳволи жуда ҳам оғир бўлган.

СНБ раҳбари Учқунга агар улар талаб қилган ҳужжатга имзо чекмаса унинг кўзи ўнгида онасини унинг ёнида турган иккита йигит зўрлашини айтган. Шундай усул билан Уйғун ва унинг акаси Мақсудбеклар “террористлар”га айланганлар, “террористлар” сифатида отувга ҳукм қилинганлар.

Бунингдек аянчли ҳикояларни тинглаш жуда ҳам оғир, баъзилари эса бу ҳақда гапиришни умуман исташмайди.

Ёшгина келинчакни эрининг террористик ҳаракатларда иштирок этганлигидан хабардор бўлганлиги ҳақида турмуш ўртоғига қарши кўргазма беришга мажбур қилганларида, у кўнмаган. Ана шунда,  турмуш ўртоғининг кўзи ўнгида ёш келинчакнинг жинсий органига бутилка тиқиб, зўрлаганликлари ҳақида эшитгандим.

Ўша келинчакнинг ўзи билан қамоқхонада учрашиб, гаплашганимда у “Опажон илтимос, шу нарсаларни эсламайлик. Қилмишлари учун Аллоҳ олдида жавоб беришади” деб гапни давом эттиришни истамади. Лекин унинг кўзларига тўлган жиққа ёш хўрликлар, зўравонликка гувоҳлик бериб турарди.

* * *

ОЛОВНИ ЎЧИРА ОЛАМИЗМИ – ЙЎҚМИ, ВАЗИФАМИЗНИ БАЖАРЯПМИЗ!

Амнистия қарорлари эълон қилинишидан олдин, қамоқхоналарда ўтказиладиган «террор» ҳаракатлари пайтида, муассаса вакиллари қўлларида юқоридан юборилган махсус рўйхатни ушлаб  олганча, озод бўлиши мумкин бўлмаган маҳкумаларга бир кун ичида бир нечтадан “нарушение” расмийлаштириб чиқишлари қийноқнинг ҳукумат миқёсида эканлигини исботлайди.

Қамоқхонага бориб улгурмасданоқ, жазо изоляторига қамаш, яна қотиллик ёки босқинчилик жинояти содир этган ҳақиқий жиноятчилар эмас, айнан, ҳукумат мансабдорларининг жиноятларига қарши курашганлиги ёки диний эътиқоди сабаб қамалганлиги учунгина жазо изоляторларига қамаб, азоблашлари – буларнинг барчаси юқоридан келадиган топшириққа асосан қўлланиладиган қийноқлардир.

Баъзан маҳкумларга қўлланилаётган қийноқларда ҳукуматнинг айби йўқ, деган иддаоларни ҳам эшитиб қоламиз. Агар қамоқхоналардаги қийноқларда ҳукуматнинг айби бўлмаса, булар ҳақида турли минбарлардан исбот-далиллар баён қилинганда, БМТнинг сессияларида, халқаро анжуманларда гапирилганда, нима учун Ўзбекистон ҳукумати мана шу жиноятларни содир этган мансабдорларни жавобгарликка тортмайди? Нима учун жиноятчиларни қўллаб-қувватлаб, қийноқ қурбонларининг ўзларини айбдорга чиқаришади?

Ваҳоланки, бугунги кунда қийноқлар нафақат тергов ҳибсхоналарида, қамоқхоналарда, балким ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилган ҳар қандай инсонннинг ҳаётида содир бўлаётган жараёндир.

Бундай воқеаларга кунда бўлмаса, кун ора гувоҳ бўлаётганлигимиз ҳам ҳақиқатдир. Қамоқхоналардан диний маҳкумларнинг тез-тез ўлиги чиқаётганлиги ҳам юқоридаги фикрларимнинг исботлайди.

Биз Ўзбекистон дея аталмиш заминда содир бўлаётган зўравонликлар, адолатсизликларга чек қўйилишини истасак бор овозла ҳайқиришдан тўхтамаслигимиз, тинмасдан бонг ураверишимиз даркор! Ана ўшандагина ҳақиқат қарор топишига эришамиз!

Ривоятларга кўра, Намруд деган подшоҳ Иброхим алайҳиссаломни ёндириш учун гулхан ёқиб ташламоқчи бўлганида, бир чумоли оғзига сув олиб, гулхан сари отланибди.

Уни кўрган осмондаги олақарға чумолидан сўрабди: «Ҳой чумоли, қаерда кетаяпсан?».

Чумоли: «Оловни ўчиргани…» – дебди.

Қарға сўрабди: «Ўчира оласанми?»

Чумоли: «Ўчира оламанми-йўқми, билмадиму, мен вазифамни бажаряпман», – дебди.

Сиз билан биз ҳам ёнаётган оловни ўчира олмасак ҳам, вазифамизни бажараяпмиз, мўлжалимиз аниқ. Ёрдам ва нажот Аллоҳдан. Ўшанда ўтни Оллоҳ ўчирган, чумоли эса ҳаракат қилган.

Биз ҳам Ўзбекистон дея аталмиш зиндонда, қийноқлар оролида азоб чекаётган, ваҳшиёна қийноқларга солинаётган минглаб мазлум ва мазлумаларга нисбатан қўлланилаётган қийноқларга чек қўйиш учун ҳаракат қилсак, мадад Яратгандан  бўлишига, шак-шубҳа йўқ.

* * *

УЧИНЧИ ОТРЯД – АЙҒОҚЧИЛАР МАКОНИ

31 июль куни изолятордан чиқарканман, НВН бошлиғи Манзура Усмоновна менга ер остидан қараб, хиринглаганича энди учинчи отряднинг ўттиз иккинчи бригадасига кўчирилганимни, нарсаларимни тўққизинчи отряддан олиб, учинчи отрядга кўчиб ўтишимни айтди.

 Изолятордан чиқишимда мени  Рустам кутиб олди.

– Мендан жуда хафа бўлсангиз керак, – деди у айбдорлардек бош эгиб, – Мени тушунинг, улар минг бир қийноққа солишди мени. Эзиб ташлашди. Охири ўша Штабдаги сиз билан бўлган учрашувда “Мўътабар Тожибоева ҳеч қандай қариндошим эмас”, деганимдан кейингина тинч қўйишди мени.

– Кечиринг, Рустам, сизни ҳам ўзим истамаган ҳолда азобга қўйдим. Мени деб кўп қийналдингиз, – дедим хижолат чекиб.

– Йўқ, мен бундан хафа эмасман. Ташвишим бошқа нарсадан. Биласизми?, – деди Рустам ўйчан, – аслида  сизга  қарши жуда катта қора кучлар бор экан, назаримда. Ана шу арбоблар муассаса раҳбарларига ўз таъсирларини ўтказишмоқда. Сизни узлуксиз пресслашга топшириқ бор экан юқоридан. Бу азобларингизнинг бари шундан. Сизнингча, нега сизни бирдан тўққизинчи отряддан учинчи отрядга кўчиришди? Бу бекорга эмас…

Мени қўллаб-қувватлаб келаётган тўққизинчи отряддаги маҳкумалардан ажратиш мақсадида, Рустам айтганидек, бошқа отрядга кўчиришди мени. Негаки, тўққизинчи отрядда эканлигимда бирор-бир  фитна уюштириш қўлларидан келмаётганди.

Ана энди  фитналар уяси бўлмиш, маҳкумалар тили билан айтганда “красный отряд” ҳисобланмиш учинчи отряднинг   ўттиз иккинчи бригадасига ўтказишди.

Нарсаларимни кўтариб, ўттиз иккинчи бригадага кириб бордим. Бу ерда қатор қилиб терилган олтмишдан ортиқ икки ярусли ўринлар тўрт қаторга жойлаштирилган эди.

Ҳали айтганимдек, учинчи отрядни “красный отряд” дейишлари ҳақида эшитгандим. Кейинчалик мен бу отряднинг шунчаки “красный” эмас, “тёмно бордовый отряд” (тўқ қизил) эканлигини тушуниб етдим.

Бу отрядда маъмуриятнинг нағмасига ўйнайдиган, ҳақми-ноҳақми, улар учун ишлайдиган “қулоқ”лар ҳаддан зиёд кўп экан. Маҳкумалар ўз ҳуқуқларини талаб қилиб, ёки муассаса вакилларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатларидан норозилик билдириб, бирор ортиқча сўз дейишга ҳам қўрқишаркан бу отрядда.

Отряддаги “қулоқ”лар ҳеч бир раҳм қилмасдан, виждони қийналмасдан энг майда-чуйда гапларгача УЛАРга етказишар,  маъмуриятнинг ҳар қандай фитнасида жон деб иштирок этишаркан. Айғоқчилик орқали бутун қамоқхонага отнинг қашқасидек танилган экан бу отряд. Ўринлар учинчи қаторининг энг охирида  маъмуриятнинг суянган ва ишонган айғоқчиси, “дневальный» Элона Гаспарян ётаркан. Унинг ёнидаги шконкани иккинчи қаватига жойлашишимни айтишди.

Бу проходда Элонанинг тепасидаги шконкада Шоира исмли маҳкума ётаркан. Менинг пастимдаги шконкада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида ва қамалгунча Республика Ички Ишлар Вазирлигида юқори лавозимларда ишлаган Дилором Маматова (Диля опа) жой олган эди.

Рустам менга Гаспарянлар билан бирга ўтирмасликни, уларни проходи тумбочкасига бирор нарсамни қўймаслигимни уқтирганди. Бу гапни бошқа маҳкумалар ҳам шипшишди менга. Сабабини сўрасам, “Кейинроқ ўзингиз тушуниб етасиз”, деб қўйишди.

Кейин билишимча, Шоира ҳам бу проходда турмас экан. Элона ҳеч қачон проходни тозаламас, бу юмуш ҳар куни касалманд Диля опанинг зиммасида экан. Агар мен улар билан битта проходда бўлгудек бўлсам, Диля опадан ёш ва соғлом  бўлганим учун, ҳар куни проходни тозалаш менинг гарданимга тушаркан.

Кичкинагина жойни ҳар куни тозалаш иш эмас, лекин муассасага хизмат қилувчи айғоқчига малайлик қилиш маҳкумаларнинг ёзилмаган қоидаси бўйича ҳам, менинг принципим бўйича ҳам шармандали ҳол эди.

Мен бу отрядда бир неча йил аввал гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғуллангани боисидан қамоққа олинган  маҳалладошим, биздан бир неча уй нарида истиқомат қилган Раъно опа ва Фарғона тергов ҳибсхонасида мен билан бир камерада ўтирган Эргашева Нафиса билан “однохлебка” бўлиб, ўтира бошладим.

Гарчи биз бир жойдан бўлсак-да, бир-икки кўзим тушган бўлса-да, ҳаёт йўлларимиз бошқа-бошқа бўлганлиги сабабми, билмадим, ҳар ҳолда Раъно опа билан илгари ҳеч ҳам ҳамсуҳбат бўлмагандим. Кўча-кўйда, бирор маросимда учрашиб қолсак, салом-алик қилганмиз, холос. Шу ерда илк бор яқиндан гаплашдим.

Рустам иккимизнинг ҳеч нарса бўлмагандек кўришиб, гаплашиб юрганимиз хабарини олганларидан, яъни “қулоқ”лар биз ҳақда керакли маълумотларни етказганларидан кейин, ваъдаларига мувофиқ Рустамни эртаси куниёқ изоляторга қамашди.

Давоми бор.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.