Мўътабар Тожибой: “Ўтюраклар” номини Каримовдан олганман!
“… Хода Думлилар Партияси”нинг Низомида партия ўз аъзосининг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиши ҳақида ёзилган.
Сен, чўнтак партия ҳисобланмиш “Хода Думлилар Партияси”нинг Фарғона вилоят Кенгаши раҳбари лавозимда ишлаб туриб, тухмату бўҳтонларга учраб қамоққа олинган, бугун эса, мутассил қийноқларга солинаётган аёлни, қолаверса, ҳамшаҳрингни ҳимоя қилиш ўрнига думингни хода қилиб, панага қочдинг.
Сен эркак номига, партия раҳбари лавозимига номуносиб жирканч кимса, нима учун ўз фаолингни қайта ва қайта ҳимоя қилиш ўрнига уялмай, безбетларча менинг шаънимни булғаб, ёлгон гувоҳликлар бериб, оғзи қон бўриларга мени ем қилиб беряпсан. Эй манфур кимса, шунчалар ҳам жирканч бўласанми?! Суф, сенга эркак номи!!!…»
(Машҳур ҳуқуқ ҳимоячиси Мўътабар Тожибойнинг “Ҳаракат” сайти мухбири билан эксклюзив суҳбати, 2 қисм)
Улуғбек Бакир: Куни кеча “Ҳаракат” таҳририяти электрон почтасига Киевда яшаётган Азаматжон исмли юртдошимиздан Сиз ҳақингизда ёзилган бир мактуб келди. Мактубда “Ўтюраклар” клуби қачон ташкил этилганлиги ва унинг тарихи бўйича савол ёзилган. Шу ҳақда ўқувчиларимизга сўзлаб берсангиз?
Мўътабар Тожибой: “Ўтюраклар ” клуби 2000 йилнинг январида Ўзбекистон Халқ Демократик Партияси (Ўз.ХДП – У.Б) Марғилон шаҳар Кенгаши Зуҳро маҳалласи (Марғилон шаҳар – У.Б) бошланғич партия ташкилоти қошида ташкил этилган. Мен ўша пайтда Бошланғич партия ташкилоти котиби ва янги ташкил этилган “Ўтюраклар ” клуби раҳбари эдим.
Клубимиз Олий Мажлис ҳамда маҳаллий кенгашларга депутатлар сайлови ўтгандан сўнг ташкил топган. Мен ҳам “ташаббускор гуруҳ”дан вилоят Кенгашига ўз номзодимни қўйган эдим. Сайловчилар билан бўлиб ўтган кўплаб сайловолди учрашувларда, халқнинг ҳақиқий аҳволини, унинг дарду ташвишларини тушуниб, юракдан ҳис қилганман.
Менинг дастуримда Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантириш йўлида қилинадиган саъй-ҳаракатлар етакчи ўрин олган эди. Шу дастурим билан халқ олдига чиққанман ва табиийки, бу дастурим матбуотда эълон қилинган.
Учрашувларда кўпчилик сайловчилар: “агар депутатликка сайланмай қолсангиз нима қиласиз?” каби саволлар билан мурожаат қилишарди. Депутатликка сайланмасам ҳам сайлов дастуримдаги қатор масалаларни жамиятда олға суришимни ўшанда айтган эдим.
“Ўтюраклар” клубини ҳам шу мақсадда тузгандик. Биз яшаётган Зуҳро маҳалласи наркотик моддалар савдоси илдиз отган ҳудудлар бўйича республикада биринчилар қаторида турарди. Клубнинг ташкил этилишидаги сабаблардан бири ҳам шу иллатларга қарши курашиш эди.
Маҳалла ҳудудидаги кўп қаватли уйларнинг атрофида гиёҳвандлар гала-гала бўлиб тўпланишиб, томирларига қора дорилар санчар, чекишар, хуллас, барча разил ишларни қилар эдилар. Бу жой уларнинг маконига айланганди. Ҳамда бу ҳудуд гиёҳванд моддалар савдоси маркази ҳам эди. Савдо бозори ҳар куни бўларди. Бу иллатларга қарши курашиб келган маъмурий давлат органлари ҳеч бир амалий натижаларга эришолмас эди. Кўп ҳолатларда улар бефарқ эдилар.
Ҳақли равишда айтишим мумкинки, палак отган гиёҳвандликка қарши курашиб, кўпгина амалий натижаларни қўлга киритиб, маҳалламизни республика миқёсидаги илғор маҳаллалар сафига қўшилишида ўз ҳиссамни қўшганман. Бу ютуқларимиз ҳақида марказий ва маҳаллий матбуотда кўплаб материаллар чоп этилиб, фаолиятимиз кенг равишда оммага тарғиб қилинган. Албатта, бу материаллар ҳозир Европада ўз қўлимда сақланмоқда.
Гиёҳвандлик билан боғлиқ бўлган талайгина нохуш ҳодисалар, табиийки, жамиятдаги муҳитга салбий таъсир ўтказарди.
Мисол учун, шулардан бири, Фарғоналик Ихтиёр Эминчаев исмли 13 ёшдаги норасида гўдак билан боғлиқ бўлган фожеали ҳодиса ҳозиргача қалбимни изтиробга солиб келади. Бу бола ҳам шу гиёҳвандлар чангалига тушиб, шу маконга келиб қолади. 2002 йилнинг февраль ойида Иҳтиёр шу бангихоналарнинг бирига келиб, томирига қорадори санчади. Юборилган модда катта миқдорда-дозада бўлганлиги учун у воқеа жойининг ўзидаёқ жон таслим қилади.
Бу ҳодиса гиёҳванд моддалар сотувчи бир аёлнинг уйида содир бўлганди. Кейин маълум бўлишича, Фарғона вилояти Ички Ишлар Бошқармаси (вилоят ИИБ -У.Б) томонидан ашёвий далил сифатида жиноятчилардан тортиб олиниб, йўқ қилиниши лозим бўлган наркотик моддаларни бу аёл айлантириб сотиш билан шуғулланар экан.
Бу боланинг жасадини тунда чиқиндилар ташланадиган жойга улоқтирганлар. Кейин шу ҳолат бўйича жиноят иши очилган. Аммо, бироз вақтдан сўнг прокуратура бу ишни бахтсиз тасодифий ҳодиса сифатида ёпади. Шундан кейин бизлар бу тасодифий ҳолат эмаслигини, балки, айнан жиноят иши эканлигини фош қилганмиз.
Мана шундан сўнг бизларга ва фаолиятимизга нисбатан ҳукуматнинг тазйиқлари бошланган. 2002 йилнинг июнидан бизларга турли босимлар қўлланилиши авж олган.
Улуғбек Бакир: “Ўтюраклар” клуби дастлаб ҳуқуқ ҳимояси билан шуғулланадиган ташкилот сифатида ташкил этилган эдими?
Мўътабар Тожибой: “Ўтюраклар” клуби “Жамиятдаги ҳар кандай иллатларга қарши курашамиз! Биз огоҳмиз!” каби шиорлар остида фаолият юритарди. Ташкилотимиз Низоми Ўз.ХДП Дастурига таянган ҳолда тайёрланган бўлиб, фаолиятимиз йўналиши, асосан, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган эди.
Юқорида айтганимдек, 2002 йилнинг июнь ойидан бошлаб, яъни, Иҳтиёрнинг фожеали ўлимини фош қилганимиздан сўнг, бизларга нисбатан қарши кураш кучайиб кетди. Сабаби, жуда кўплаб ҳар хил жиноятларнинг негизини аниқлай бошладик.
Ўша пайтларда яна бир нохуш воқеага дуч келдик. Фарғона вилояти Ички Ишлар Бошқармаси Жиноятчиликка қарши кураш бўлими (вилоят ИИБ ЖҚКБ – У.Б) ходими, милиция подполковниги Набиев Ботир Ренат исмли шериги билан биргаликда наркотик моддалар савдоси билан шуғулланувчи бир йигитнинг уйига бостириб кирадилар.
Унинг ўзи уйида йўқ эканлигидан фойдаланишиб, хотинини целофан халта билан ваҳшийларча бўғадилар ҳамда норкотик моддалар савдосидан жамғарилган пулларни беришини талаб килишиб, босқинчилик қилганлар. Агарда пулларни бермаса, аёлнинг фарзандларини ҳам ўлдириш билан қўрқитганлар. Табиийки, аёл уйида бўлган 2500 (икки минг беш юз) АҚШ доллари миқдоридаги пулни Ботир Набиев ва унинг шеригига беришга мажбур бўлади.
Бу воқеа куни, ҳозиргача ёдимда бор, 2002 йил 11 июнда бўлган эди. Бу ҳодиса бўйича маъмурий органлар тегишли чора кўрмаганлардан сўнг, мен бу масалани юзага чиқардим. Натижада, вилоят ИИБнинг подполковниги Набиев Ботир ва унинг ҳамтовоғи жиноий жавобгарликка тортилганлар. Ботирнинг оқ рангли “Жигули” автомобилининг давлат рақами эсимда қолган: “88 21”. Бу автомобиль мусодара қилиниб, унинг ўзи, адашмасам, 14 йилга қамалган эди.
Ўша воқеадан кейин орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан, 1-2 ой вақт ичида, Ботир ўйнаши-жазманини ўлдириб, жасадни ваҳшийларча майдалаб қирқиб, бир каналган ташлаб, оққизмоқчи бўлганида ҳибсга олинган. Бу қилмиши бўйича жиноят иши қўзғатилгандан сўнг, бизлар аввал ҳам мурожаат қилган шикоятимиз прокуратуранинг “ёдига тушиб қолади”. Шундан сўнг, аввалги ҳолат бўйича ҳам жиноят иши очишга мажбур бўладилар.
“Ўтюраклар” клуби шу каби кўплаб жиноятлар очилишида ҳам муҳим ҳал қилувчи ишларни амалга оширган. Жамиятда жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши кураш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда давлатнинг мансабдор шахсларидан ва маъмурий органлари ходимларидан жабр кўриб, кўплаб азиятлар чеккан оддий инсонларга ёрдам бериш ташкилотимизнинг асосий вазифалари жумласидандир.
Улуғбек Бакир: Мўътабар опа, бундай ижобий ва амалий натижаларга қандай эришгансиз? Чунки, Ўзбекистон шароитида бу каби ишларни қилиш жудаям қийин. Шу ҳақда ҳам бироз тўхталиб ўтсангиз.
Мўътабар Тожибой: 2001 йилнинг 1 июлида “Биз маҳалламизни республикада энг ибратли, энг намунали маҳаллага айлантирамиз” мавзусида очиқ мулоқот ташкил қилганман. Бу тадбирда маҳалладан 300 нафарга яқин фаол иштирок этган. Қолаверса, шаҳарда фаолият юритувчи барча мансабдор шахсларни ҳам бу тадбирда қатнашишга мажбур қилганмиз.
Бундай дейишимнинг боиси, бу йиғилишда қатнашиш учун барча амалдорларга тарқатилган таклифномада Ислом Каримовнинг қуйидаги сўзларини эслатганмиз: “Маҳалла нуфузини кўтариш, нафақат иқтисодий ва ижтимоий масала, балки, сиёсий ҳамда тарбиявий улкан маънавий масаладир”, “Халқ ноиблари ва раҳбарлар ўз сайловчилари олдида ўз вақтида ҳисобот беришлари ҳам қарз ҳам фарздир”.
Ушбу таклифномада қуйидагича эсалатма ҳам бор эди, – “Ушбу Очиқ мулоқотга республика ОАВ журналистлари, вилоят ҳуқуқ-тартибот органлари раҳбарлари ва аҳолига хизмат кўрсатувчи барча идоралар раҳабарлари таклиф этилган. Сиз ўзингиз раҳбарлик қиладиган тармоқнинг фаолияти бўйича халқнинг фикри билан қизиқасиз, деб ўйлаймиз. Мазкур Очиқ мулоқотда Сиз билан учрашишга ишонамиз”.
Мана шундай кичкинагина сиёсий зарбадан кейин барча раҳбарлар Очиқ мулоқотда қатнашишга мажбур бўлганлар. Халқ вакиллари эса, ўз сайловчиларининг барча муаммоларини, дардларини тинглашган. Шундай йўллар билан бизлар амалий ишлар натижаси ўлароқ, кўплаб ютуқларни қўлга киритганмиз. Бу каби мисолларни кўплаб келтиришим мумкин.
Улуғбек Бакир: Клубнинг “Ўтюраклар” номини ўзингиз қўйганмисиз?
Мўътабар Тожибой: Ташкилотимизнинг номланиш тарихини эсласам, доимо менга кулгули туюлади. Сабаби, агар янглишмасам, ё 1999 йилнинг охирида ёки 2000 йилнинг бошларида мамлакат президенти Ислом Каримов Фарғонага ташриф билан келади. Фарғонада бўлиб ўтган мазкур ташкилий сессияда сўзлаган Каримов, одатдагидек, мансабдорларнинг пўстагини қоқиб, сўзининг орасида, жумладан, шундай мазмунда гапирган эди: “Фарғона вилоятида кўплаб мансабдорлар мансаб лавозимини суистеъмол қилиб, бир қатор қонунбузарликларга йўл қўйиб келганлар.
Жамоатчилик назоратини шакллантиришга интилган инсонларга нисбатан тўсқинликлар қилишган. Қанийди, шундай мансабдорларнинг танобини тортиб қўядиган, уларнинг содир этаётган жиноятларига қарши қонуний курашадиган ўтюракли фуқаролар халқимиз орасидан отилиб чиқса эди.”
Президентнинг бу маърузасидан тўлқинланиб, илҳомланиб кетиб, ташкилотимиз номини “Ўтюраклар” деб номлаган эдик. Шунинг учун бу воқеани доимо эсласам, ҳозиргача кулгум келади (кулади).
Улуғбек Бакир: Демак, болтанинг сопини тўнканинг ўзидан чиқарган экансизда-а?!… (Шу ерда Мўътабар опа билан хандон отиб давомли кулдик – У.Б.).
Мўътабар Тожибой: Ҳа, тўғри айтдингиз, мажозий маънода шундай десак ҳам бўлади. Ташкилотимиз ташкил этилгандан кейин 2000 йил 25 январда Каримовга мурожаатнома ҳам ёзиб жўнатганмиз. Бу мурожаатномамизда бизлар янги ташкилот тузганимизни, ташкилот номини эса, айнан президент таъкидлаганидек, “Ўтюраклар” деб номлаганимизни ва бизларни доимо қўллаб-қувватлашларига ишончимиз комил эканлиги ҳақидаги илиқ сўзлар ўрин олган эди.
Улуғбек Бакир: Аслида Каримов бу ташкилот тузилганидан хурсанд бўлиши керак эканда-а?! (кулади). Кунлар келиб, бу ҳақда мақтаниб чиқса ҳам ажаб эмас. “Мўътабар Тожибоеванинг ташкилоти номини мен қўйганман, мен аслида, барака топгурлар, демократия тарафдори эдим”, – деса, бундан ҳайратланмасак ҳам бўлавераркан. (Мўътабар опа билан яна хандон отиб давомли кулдик – У.Б).
Мўътабар Тожибой: Албатта, албатта, кейин яна биласизми Улуғбек, клубнинг фаолияти ҳақида, мисол учун телевидениеларда маҳсус кўрсатувлар, радиоларда маҳсус эшиттиришлар намойиш этилган, матбуотда эса, турли маҳсус мақолалар чоп этилган. Ҳаттоки, “Ўтюраклар” клуби огоҳ этади, огоҳ этади, огоҳ этади!!!” шиори остида “Огоҳ бўлайлик!” деб номланган китобчам ҳам 2001 йилда босмадан чиққан эди.
Ҳатто, бу китобчамни 2003 йил – “Обод маҳалла ” йили муносабати билан Ички Ишлар Вазирлиги (ИИВ – У.Б) ўзларига мослаб қайта ишлаб чиқиб, бутун мамлакатдаги ҳудуд профилактика нозирларига (собиқ участка милиция инспекторлари-У.Б) методик қўлланма сифатида фойдаланиш мақсадида тарқатган. Бу рисоламни ИИВ тўла кўчириб олган десам ҳам бўлаверади, фақат матнлардаги менинг номимни ва ташкилотимиз номини олиб ташлаб, кўп минг сонда нашрдан чиқарган.
Улуғбек Бакир: “Ўтюраклар” клуби норасмий, деб юритилади, тўғрими, Опа? Ташкилотни Адлия рўйхатидан ўтказишга ҳаракат қилганмисиз?
Мўътабар Тожибой: Ташкилотимизни норасмий, деб юритилишининг асосий сабаби бор. Ташкилот жамоатчилик асосида ташкил қилинган эди. Клуб Ўзбекистондаги мавжуд сиёсий партияларнинг қай даражада қўғирчоқ (“чўнтак” партиялари назарда тутилмоқда. – У.Б ) эканлигини фош қиладиган катта бир исбот мактабидир, десам хато қилмаган бўламан.
Гап шундаки, 2002 йилнинг январь ойида Ўз.ХДП Марғилон Кенгаши пленумида “Ўтюраклар” клубининг икки йиллик фаолияти муҳокама қилиниб, жумладан, менинг шу икки йиллик ҳисоботим ҳам тингланиб, маърузам пленумга ахборот учун қабул қилинган эди. Маърузам пленум иштирокчиларини жудаям руҳлантирган ва пленум қарорига биноан клубни республика миқёсида шакллантириш учун партия Кенгашларига бир қатор топшириқлар ҳам берилган эди.
Шу пленумдан олти ой ўтиб, ҳукуматнинг тазйиқи остида қолган партиянинг Марғилон Кенгаши раҳбари Муҳаммадали Исоқов тўсатдан “Мўътабар Тожибоева икки йил вақт мобайнида партияда хизмат қилмагани учун партия сафидан ўчирилсин, “Ўтюраклар” клуби ёпилсин” деган, мазмунда қарор чиқаради.
Ваҳоланки, партия раҳбари шу Муҳаммадали Исоқовнинг ўзи биринчилиар қаторида ташаббус кўрсатиб, клубни ташкиллаштиришда жонбозлик кўрсатган ва сўнгги пленумда қабул қилинган “Ўтюраклар” клуби фаолияти қўллаб-қувватлансин, клуб фаолиятини республика миқёсида тарғиб қилиш ва шакллантириш ишлари бўйича амалий тадбирлар ишлаб чиқилсин” мазмунидаги қарорни имзолаган шахс эди.
Улуғбек, биласизми, 2002 йил декабрида мени ҳибсга олишмоқчи бўладилар. Чунки, шу йили 8 декабрь – Конституция қабул қилинган куни, – Олий Мажлис биноси олдида бир қанча Фарғоналик коституциявий ҳуқуқлари поймол этилиб, жабрланган инсонлар иштирокида махсус намойиш ўтказамиз, – деб, аввалдан расман эълон қилган эдим.
Шу сабабли, бир ҳафта Охунбобоев туманининг (Фарғона вилояти – У.Б) “Дўрмон” қишлоғида яширинишга мажбур бўлганман. Қишлоқ миршаблар томондан қамал ҳолатига олиниб, барча хонадонлар бирма-бир тинтув қилиниб, қишлоқ аҳлига жуда кўп озор берилган. Лекин, шунга қарамай, қишлоқдагилар мени сотишмаган. Мен “Дўрмон” қишлоқ аҳлидан ҳамиша миннатдорман!
Ўша вақтда “Озодлик” радиосида бир хабарни тасодифан эшитиб қолганман. Шу ўринда айтмоқчиманки, қаранг, Ўз.ХДП тимсолидаги қўғирчоқ партиялар шу даражада матбуотга чанқоқки, улар ўзлари учун муҳим бўлган ҳабарларни дунёга тарқатиш учун дарров йўлини ҳам топадилар. Партия раҳбари М.Исоқов шу радио орқали “Мўътабар Тожибоева бундан ярим йил аввал партиядан ҳайдалган, “Ўтюраклар” клуби эса, ёпилган” деб интервью берган. Мен эса, бу қарордан беҳабар эдим.
Чунки, айнан партиядан ҳайдаганларида мени калтаклаб, Киргили туман Ички Ишлар бўлимида (туман ИИБ –У.Б) бир суткага қамаб қўйишган эди. Мени атайлаб қамашиб олиб, “Мўътабар Тожибоева йиғилишда иштирок этолмаяпди” деб шахсан иштирокимсиз мени партия сафидан ўчирадилар.
Яна кулгули жойи шундаки, мени партия сафидан ҳайдаш ва “Ўтюраклар” клуби фаолиятини тўхтатиш ҳақидаги 2002 йилнинг 7 июлида бўлиб ўтган, деб расмийлаштирилган бошланғич партия ташкилоти қарорини ҳам шу Исоқов партия Низомига зид равишда имзолаган. Бу хизматлари эвазига, албатта, Исоқов “муносиб” тарзда тақдирланиб, вилоят Кенгаши раҳбари лавозимига кўтарилади.
Бу ҳабарни радиодан эшитганимдан сўнг, Исоқовга расман талабнома ёзиб, партиядан ҳайдалганим тўғрисидаги ҳужжатларни беришини сўрадим. Маълум бўлдики, Исоқовга кўра, ўша “Дўрмон”да яширинган вақтимда уни ИИВ ва Бош Прокуратурадан келган махсус вакиллар ярим тунгача Фарғона вилояти ИИБ идорасида сўроққа тутиб, унинг таъзирини берганлар.
Ўша пайтда муборак рамазон ойи эди. Исоқов рўзадор, оч-наҳор ҳолатида, ҳаттоки, ифторликка ҳам рухсат берилмасдан менга қарши тайёрланган хужжатларни расмийлаштириш билан шуғулланишга мажбур этилган. Яъни, Исоқов ўша тайёрланган ҳужжатларни ана шу кунги, аниқроғи, декабрь ойидаги сана билан имзоламасдан, балки, 2002 йилнинг июль ойидаги сана билан имзолашга мажбур бўлган. Бу хужжатларга қизиқадиган томонлар учун шундай қилиниши зарур бўлган, чоғи.
Шундан сўнг, партия Марказий Кенгашига бўлиб ўтган воқеалар бўйича мурожаатнома тайёрлаб, шахсан раҳбарият қабулида бўлганман.
Мурожаатномада ва расман учрашув пайтида, Марказий Кенгаш раҳбариятига партия мендан осонликча воз кечолмаслигини, чунки, айнан, мен ҳеч бир партия аъзоси қилолмайдиган, айни дамда, партия Дастурида кўзда тутилган салмоқли ишларни амалга оширганлигим, ҳаттоки, оддий аъзо нари турсин, балки, Марказий Кенгашда ўтирган партиянинг амалдорлари ҳам мен қилган ишларни қилмаганлигини ва бу барча қилган хизматларимни Марказий Кенгаш расман тан олганлигини таъкидладим.
Шунингдек партиядан ҳайдалганим тўғри эканлиги ҳақида расмий хужжат беришларини ва буни исбот қилишларини талаб қилдим. Акс ҳолда, партия билетимни Президент Қароргоҳи қаршисида намойишкорона тарзда ёқиб ташлашимни айтгандим.
Улуғбек, биласизми, мен нима учун сизга кўп воқеаларни деталларигача сўзлаб беряпман. Сабаби, энг аввало, бу тарих, қолаверса, Ўзбекистондаги мавжуд диктатуранинг асл башараларидан биридир. Айниқса, мухолифатдаги “Бирлик” Партиясининг “Ҳаракат” сайти учун бу сўзларим қизиқарли материаллар, деб ҳисоблайман.
Улуғбек Бакир: Ҳа, албатта, Опа, мен ҳам Сизнинг куюниб, шиддат билан сўзлаётган кечинмаларингизни эшитиб, қалбим ларзага келмоқда. Сиз ва Сиз каби барча ватанпарвар, халқимизнинг озодлиги йўлида астойдил курашаётган азиз инсонларнинг ҳар бир сўзи биз учун ҳамиша қадрлидир. Янги Ўзбекистон Тарихи ҳали узоқ вақтлар давомида ўрганилади, албатта…
Суҳбатимиз жуда қизиқарли паллага етиб келди. Ижозатингиз билан давом эттирсак, демоқчи эдим. Мўътабар опа, кейин нима бўлди, мурожаатномангизга Марказий Кенгаш қай йўсинда жавоб берди?
Мўътабар Тожибой: Аввало, илиқ сўзларингиз учун раҳмат. Ҳа, бу ёғи кинокомедия бўлган. Чунки, буларнинг ҳар бир иши шу даражада ҳайратланарликки, бундан одам ё кулишингни билмайсан, ёки йиғлашингни. Ҳа, ҳозир қўлимда, “Ўз.ХДП Марказий Кенгаши партия ривожланиши ва парламентчилик фаолияти масалалари бўйича гуруҳи”нинг Марказий Кенгаш Котибиятига ҳавола қилган текшириш хулосаси ёзилган ҳужжат турибди.
Бу хулосада, партия аъзосини ХДП сафларидан партия талабларига мос келмайдиган ҳатти-ҳаракатлари ва ҳулқ-атвори учун чиқарилиши мумкинлиги ёзилган.
Шунингдек, ҳулосада қуйидагиларни ўқиш мумкин: “М.Тожибоевани ХДП сафидан чиқаришда масаланинг чуқур ва атрофлича ўрганилмаганлиги, ХДП аъзосининг тақдири ҳал қилинаётган партия ижроия бюроси йиғилишида унинг шахсан иштирок этиши таъминланмаганлиги ёки унинг иштирокисиз масалани кўришга ёзма ёки оғзаки розилик олинмаганлиги натижада, М.Тожибоева узоқ вақт ўзининг партия сафидан чиққанлигидан бехабар ҳолда партия аъзоси ва журналист сифатида партия обрўсини ошириш борасида анча ижобий фаолият кўрсатиб келганлиги, партиямизга самимий муносабатда бўлиб, унинг обрўсини оширишга ҳисса қўшиб келаётганлигини эътироф этган ҳолда, Марғилон шаҳар партия Кенгаши ижроия бюросининг 2002 йил 7 июль ҳамда 11 ноябрдаги М.Тожибоеванинг Ўз.ХДП сафидан чиқариш ҳақидаги қарорлари бекор қилиниши зарур”.
Энди воқеанинг бу ёғига эътибор беринг, яна энг кулгулиги шуки, Марказий Кенгашнинг ушбу текшириш хулосасига жавобан айбдорга чора кўришга мажбур бўлган. Ўз.ХДП Фарғона вилояти Кенгаши раҳбари Муҳаммадали Исоқов партиянинг Марғилон Кенгаши собиқ раҳбари Муҳаммадали Исоқовга 2003 йил 29 июлдаги 26/1 сонли Ўз.ХДП Фарғона вилоят Кенгаши ижроия бюросининг қарори билан “хайфсан” эълон қилган (ўзига-ўзи -У.Б). “Энди бунга ё куласизми ё куясизми?!
Орадан анча вақт ўтгач, менга бу воқеаларни М.Исоқовнинг ўзи, қийналиб, мажбур бўлганидан шундай йўл тутганлигини айтганди. Қамалганимдан кейин эса, яна майдонга шу М.Исоқов бошчилигидаги партия лидерлари чиқиб, – Мўътабар Тожибоева, конституцион тузумга қарши фаолият юргизгани учун партиядан ҳайдаганмиз ва “Ўтюраклар” клуби фаолиятни тўхтатганмиз, деган иддаолар билан чиқади.
Аммо, Исоқов партиядан ҳайдалганимдан кейин қайта тикланганимни ва ўзига-ўзи “хайфсан” эълон қилганини, булардан ташқари, мен фуқаролик судига уларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан мурожаат қилиб, судда ғалаба қозонганимни ва бу ҳақда суднинг қарори борлиги тўғрисида лом-мим ҳам демаган.
Минг афсуски, Ўзбекистонда одил судлов мавжуд эмаслиги учун Исоқовларнинг сўзлари инобатга олиниб, “Ўтюраклар” клуби ғайриқонуний деб топилган ва бунинг оқибати ўлароқ, мен судланиб, 8 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилиндим. Мана Ўзбекистон ХДПнинг асл башараси.
Ваҳоланки, шу партия Низомида “партия ўз аъзоларининг шаъни ва қадр-қимматини ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳимоя қилади” деб, чиройли сўзлар билан ёзиб қўйилган. Мана улар менинг қадр-қимматимни қай даражада “ҳимоя” қилганликларини шу воқеалар орқали кўриш мумкин. Айнан ҳозир мазкур суҳбатимизнинг шу палласига етганимизда ўша суддаги бир эпизодни айтиб ўтишни жоиз деб, биламан.
“Ўтюраклар” клуби конституцион тузумга қарши фаолият юритган дея судда ёлғон гувоҳлик бериб, нутқ сўзлаган М.Исоқовга жавобан, 2006 йилнинг 17 январь куни Ўзбекистон Халқ Демократик Партиясини (ХДП – У.Б) “Хода Думлилар Партияси” (ХДП!!! – У.Б) деб атаганман.
“Шу фикримда қатъий қоламан” деб номланган Очиқ хат ёзганимни, ушбу Очиқ хатимда берган ваъдамни албатта бажаришимни ўша судда айтгандим. Исоқовга битилган мазкур Очиқ хатимда, жумладан, қуйидагиларни баён қилгандим: (Мўътабар Тожибой шиддат билан ана шу матнни ўқиб берди. – У.Б)
“ … Муҳаммадли Исоқов! Ёшинг мендан улуғ бўлсада, сени “сиз” дейишликка тилим айланмади. Сенлар бошқараётган партияларнинг асосий вазифаси, энг аввало, демократик қадриятларни, кишиларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишдан иборатдир. Мен бутун бошли партиянинг қўлидан келмаган ишларни, биргина фаоли сифатида амалга оширган эканман, партия мендан ҳеч қачон воз кечолмайди, мен партиядан юз ўгираман.
Лекин, партия сафидаги мен билган ҳалол инсонлар ҳаққи ҳурмати сенларнинг қилган разил жирканчликларингни кечириб, партиянинг обрўсини тўкмагандим. Бугун эса, тергов ҳибсхонасида ўтириб, баралла айтаманки, сенлар каби иккиюзламачи, мунофиқ кимсалар бошқарадиган партияга тупираман. Бутун дунё билсинки, Ўзбекистонда ҳақиқий сиёсий партиялар йўқлиги туфайли, Ўзбекистон чўкиб бораётган “Титаник” кемасига ўхшаб ҳалокатга учради.
“Хода Думлилар Партияси”нинг Низомида партия ўз аъзосининг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиши ҳақида ёзилган. Сен, чўнтак партия ҳисобланмиш “Хода Думлилар Партияси”нинг Фарғона вилоят Кенгаши раҳбари лавозимда ишлаб туриб, тухмату бўҳтонларга учраб қамоққа олинган, бугун эса, мутассил қийноқларга солинаётган аёлни, қолаверса, ҳамшаҳрингни ҳимоя қилиш ўрнига думингни хода қилиб, панага қочдинг. Сен эркак номига, партия раҳбари лавозимига номуносиб жирканч кимса, нима учун ўз фаолингни қайта ва қайта ҳимоя қилиш ўрнига уялмай, безбетларча менинг шаънимни булғаб, ёлгон гувоҳликлар бериб, оғзи қон бўриларга мени ем қилиб беряпсан. Эй манфур кимса, шунчалар ҳам жирканч бўласанми?! Суф, сенга эркак номи!!!
… Мени қамоқда ўлдириб юборишмаса, қачондир озодликка чиқсам, албатта, ўзим ва тарафдорларим билан “Хода Думлилар Партияси” билетини намойишкорона ёқаман. Мен ўз эътиқодидан қайтадиган, эътиқодини сотадиган мунофиқлар тоифасидан эмасман. Ўз эътиқодимни қадрлайман ва унга содиқман. Шу эътиқодимга содиқлигим боис, халқни қийнаётган, жабр-ситам кўрсатиб, қонини зуликдай сўраётган сен каби ҳаромҳўр амалдорлар пайтавасига бугун қурт тушиб, мени йўқ қилишга тинимсиз интилмоқдалар.
Такрор айтаманки, мен ўз эътиқодимга содиқман ва “Хода Думлилар Партияси” билан алоқамни тўла узганлигимдан фахрланаман. Мен- Мўътабар Тожибоева, адолатсизлик, разолат ва жаҳолатга қарши кураш учун майдонга чиққан жангчиман!”.
Бу менинг суддаги сўзларим эди.
Энди, шу масалалар юзасидан БМТнинг Инсон Ҳуқуқлари бўйича комиссиясига ишимни кўриб чиқишлари учун барча ҳужжатларни тақдим қилган ҳолда мурожаат қилмоқчиман. Қолаверса, Ўзбекистон Олий Судига ҳам ОАВда эълон қилган ҳолда, нима сабабдан суд ҳукмини ноқонуний деб топишимни асослаб, менга нисбатан қўйилган айбловларнинг ҳар бир эпизоди бўйича хат тайёрлаб, шу ҳукмни бекор қилишини сўраганим ҳолда мурожаат этмоқчиман. Ҳамда ўзимда мавжуд бўлган хужжатларни ҳам жомоатчилик эътиборига ҳавола қилиш ниятидаман.
Ўша суд бўлаётган пайтларида уйимга прокуратура ходимлари келишиб, учта “Дамас” машинасида барча ҳужжатлар ва ҳаттоки, шахсий фотосуратларимни ҳам жиноят қуроли сифатида олиб кетишган. Жиноят Ишлари бўйича Тошкент вилоят суди “Ўтюраклар” клубини конституцион тузумга қарши ташкилот, деб топиб, мени 8 йилик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Ҳозирда ҳам қўлимда мавжуд бўлган хужжатларни ўша судда айбсизлигимни исботлаш учун бирма-бир ўқиб бердим.
Суддан мен, 2005 йил 7 октябрда ҳибсга олинган пайтимда, уйимдан олиб чиқиб кетилган ўша хужжатларни жиноят иши материаллари орасига қўшишини ва бу хужжатларга ҳуқуқий баҳо беришини ҳамда 2001 йилда ”Ўтюраклар” клуби огоҳ этади, огоҳ этади, огоҳ этади!!!” шиори остида нашр қилинган “Огоҳ бўлайлик!” номли китобчамни ҳам суднинг адабиётшунослик экспертизасидан ўтказиб, унинг мазмунида конституцион тузумга қарши тарғибот борлиги ёки йўқлиги ҳақида хулоса беришларини талаб қилдим. Лекин, минг афсуски, қайта-қайта мурожаат қилган бу талабларимга ҳукуматнинг қўғирчоқ судьяси сукут билан жавоб берди.
Аслида, ўша олиб кетилган ҳужжатларим прокуратура томонидан йўқ қилинган. Лекин, Аллоҳга беадад шукурки, бу барча хужжатларнинг нусҳалари ўзимда, яъни, Европада бугунги кунда сақланмоқда. Қўлимдаги мавжуд хужжатларга асосланиб, ҳали кўп бора, Ўзбекистон қўғирчоқ партияларининг, масхарабоз судларининг ва мавжуд диктатуранинг асл башарасини яна бир карра очиш имкониятига эга бўламан.
Улуғбек Бакир: Ўзбекистонда сиёсий ва бир қатор кўплаб бошқа жараёнлар жудаям ҳароб аҳволда бўлган даврда Сизнинг мардонавор курашларингиз таҳсинга сазовардир. Навбатдаги саволни Тошкентдан Гулбаҳор исмли қиз йўллаган. Бу савол бироз ноодатийроқ. Шунинг учун истамасангиз жавоб бермаслигингиз ҳам мумкин. Унда жумладан шундай дейилган: “Мен ҳам инсон ҳуқуқлари масалаларига қизиқаман. Мўътабар опани мукофатлари билан табриклайман. Мумкин бўлса, Опа сазовар бўлган мукофатларнинг моддий рағбати ҳақида билмоқчи эдим…”
Мўътабар Тожибой: Мен “Ўзбекистонда фуқаролик жамияти” номли фонд ташкил этиб, барча олган мукофат пулларимни шу ташкил этиладиган фондга қўймоқчиман. Фонд орқали, Ўзбекистонда сиёсий қарашлари учун қамалган, яъни, фуқаролик жамиятини ривожлантириш йўлида курашиб, ҳозиргача қамоқда сақланаётган сафдошларимнинг ва ҳукумат тазйиқлари остида Ватанни тарк этишга мажбур бўлган сиёсий муҳожирларнинг моддий ҳимояга муҳтож бўлган оила аъзоларига кўмак берадиган ҳамда фуқаролик жамияти фаолларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдиган хайрли ишларни амалга оширмоқчиман. Бу ҳақда матбуотда ҳам расман эълон қилганман.
Улуғбек Бакир: АҚШга қилган сафарингиз мобайнида Сиз муҳолифат етакчилари билан учрашувларда бўлибсиз. Жумладан, “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат, ДЎК раҳбари Жаҳонгир Муҳаммад ва таниқли арбоб Муҳаммадбобур Маликовлар билан учрашганингизда асосан, нималар ҳақида суҳбатлашдингиз?
Мўътабар Тожибой: Энг аввало, озодликка чиқишимда курашганлари учун бу инсонларга ўз миннатдорчилигимни айтишим лозим эди. Бу учрашувларда мен шундай имкониятга эга бўлганимдан хурсандман. Бизлар асосан, Ўзбекистонга оид бўлган деярли барча мавзуларда узоқ суҳбатлашдик.
Жумладан, бугунги кундаги ўта аянчли бўлган Ўзбекистондаги вазият, мухолифат кучларининг фаолиятлари, инсон ҳуқуқлари аҳволи, сиёсий ва эъдиқодий қарашлари учун қамоқларда ётган сафдошларимиз ҳолати, ҳукуматнинг олиб бораётган сиёсати ва келгусидаги ишларимиз ҳамда бошқа бир қатор масалалар юзасидан атрофлича суҳбатлашдик.
Шу билан бир қаторда, таниқли адиб Жаҳонгир Муҳаммад билан бугунги кунда “Новости Узбекистана” газетасида Айдин Гударзи томонидан мен ҳақимда кўп серияли мақолалар чоп этилаётганлиги юзасидан ҳам суҳбатлашдик. Шу ўринда, айнан, ана шу масалага ҳозир бироз тўхталмоқчи эдим. Айдин Гударзи бу мақолалари билан мени янги айбловлар билан айбламоқчи бўляпди. Бу “жаноб”Айдин Гударзи деганлари, асли Ўзбекистонлик азарбайжон миллатига мансуб, АҚШдан сиёсий бошпана олган муҳожир бўлиб, Ўзбекистонда нашр этиладиган “Новости Узбекистана” газетасининг АҚШдаги маҳсус муҳбири эканлиги айтилади.
Мен у билан АҚШда очиқ мулоқот қилиш имконияти бўлса учрашиб, ундан мени айблашга далил бўладиган ҳужжатлари бўлса, шу ҳужжатлардан нусха беришини талаб қилишни режалаштирган эдим. Ва бунинг акси ўлароқ, ўзимдаги мавжуд ҳужжатларни ҳам олиб кетган эдим. Афсуски, Гударзининг Нью Йоркда яшаётганлигидан ҳабар топдим, холос. Асосий мақсадим эса, унинг Ўзбекистон ҳукуматига ишлаб, менга нисбатан тухмат-бўҳтонлар билан чиқаётганлиги юзасидан уни АҚШ суди маҳкамасига бериш эди.
Шу мендаги мавжуд ҳужжатларга асосланиб, адиб Жаҳонгир Муҳаммад бир китоб ёзиши мумкинлигини ҳам айтди. У киши бу ҳақда ўзининг қатъий қарорини айтди, шекилли, деб ўйлайман. Дарҳақиқат, менда сақланаётган ушбу ҳужжатлар Ўзбекистон судларининг мустақил эмаслигини, Ўзбекистонда коррупция авж олгани, инсон ҳуқуқлари муттасил паймол этилиши ҳамда сиёсий ва бошқа турдаги маҳбусларнинг аянчли аҳволини исботлайдиган далилий хужжатлардир.
Бу хужжатлар мен томонимдан ёзилган эмас, айнан Ўзбекистон ҳукумати расмийлари ва давлат мансабдорлари томонидан имзоланиб, муҳр босилган расмий ҳужжатлардир. Аслида бу ҳужжатлар асосида, Ўзбекистондаги мавжуд диктатура ҳақида, ўн нафар ёзувчи ўн хил йўналишда турли китоблар ёзмоқчи бўлсалар ҳам менда шунга етарли материаллар бор. Шу фурсатдан фойдаланиб, мен сиз орқали “Бирлик” Партиясининг “Ҳаракат” сайти таҳририятига айтмоқчи эдимки, мендаги мавжуд ҳужжатлар асосида турли жанрларда материаллар тайёрлашларингиз мумкин.
Улуғбек Бакир: Ташаккур Опа, албатта, мен бу таклифингизни раҳбариятимизга етказаман ва бу борада кўп эзгу ишлар қилишимизга ишонаман. Мўътабар опа, Сизни ҳақли равишда айтишимиз мумкинки, фаолиятингиз ва жасоратингиз Ўзбекистон тарихига зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қўйиладиган тарих силсиласига киради, албатта. Кейинги саволим шуки, бугунги кундаги мухолифатга айтар сўзингиз борми?
Мўътабар Тожибой: Энди, мен Ўзбекистон мухолифатига айтадиган сўзимни, айтайми ёки айтмайми, деб ўйланяпман.
Улуғбек Бакир: Албатта, бу Сизнинг шахсий фикрингиз. Истасангиз айтасиз, истамасангиз йўқ.
Мўътабар Тожибой: Мен фақат бир нарсани айтаманки, мен ҳуқуқ ҳимоячисиман. Шундай фаолият бошлаганман ва бу фаолиятимни давом эттираман.
Улуғбек Бакир: У ҳолда Ўзбекистон ҳукуматига айтар сўзингиз борми?
Мўътабар Тожибой: Ҳукуматга айтадиган сўзим: Ўзбекистонда қонунлар жудаям, ҳаддан ташқари кўп. Бу Ўзбекистон қонунлари катта трасса йўлида чиройли қилиб йўл четларига безатиб қўйилган ва умуман, ишламасдан йўлларда автомобилларнинг “пробка” бўлишига ва йўл ҳаракати қоидалари бузилишига ҳамда одамларнинг асаблари қақшашига сабабчи бўлаётган яроқсиз, бузуқ светафорларга ўхшайди. Яъни, умуман, ишламайдиган чиройли сфетафорлардир.
Ўша ишламайдиган светафорлардек, қабул қилинаётган қонунларни, тўхтовсиз инкубатордан чиқаётгандай тасдиқ қилавермасдан, аввалги тасдиқланган юзлаб қонунларнинг амалда ижро этилишига катта эътибор қаратишларини хоҳлардим.
Бугунги кундаги Мўътабар Тожибоева ўша аввалги Мўътабар Тожибева каби ҳозир ҳам ҳукуматга интилмайди, ҳукумат мансабларига эга бўлишни орзу қилмайди. Лекин, Ўзбекистон Конституцияси ва қонунларининг ҳамда Халқаро меъёрларнинг давлат ва жамиятда тўлақонли равишда амал қилиниб, адолатли тарзда ижро этилишини, судларнинг тўла мустақил бўлишини, инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги таъминланишини, жамиятда демократик тамойиллар ўрнатилишини мен аввал ҳам ҳукуматдан талаб қилиб келганман ва ҳозир ҳам шуни талаб қиламан ва бундан кейин ҳам талаб қиламан!
Улуғбек Бакир: Халқимизга айтар сўзларингиз?
Мўътабар Тожибой: Аввало, мен халқимизга таъзим қиламан! Мен ўтган йили биринчи марта Европага даволаниш ва мукофат олиш учун чиққанимда жуда кўпчилик “Мўътабар Тожибоева Ўзбекистонга қайтадими?” деган саволни берганларида, албатта, қайтишимни айтган эдим. Мана бу сафар ҳам чиқдим. Энди бу гал узоқрок муддатга даволаниш учун Парижга келдим. Ўтган сафар икки ойда Ватанга қайтган бўлсам, бу гал даволаниш муддатим узоқрок кечади…
Мен, аввало, ўзбек халқига бардош тилайман ва шу билан бирга “Тожибоева Ўзбекистонга қайтмаса керак, қизи ва набираси билан Европага чиқиб кетди” каби ҳар хил шубҳа гумонлар бўлса, айтмоқчиманки, мен, Худо хоҳласа, албатта, Ўзбекистонга қайтаман! Мени кутинглар ва қайтганимдан сўнг ҳам ва ҳозирда Европада туриб ҳам ўз фаолиятимни давом эттираман. Беш-олти ойлардан кейин, иншаоллоҳ, Ватанда дийдор кўришамиз, деб, айтган бўлардим.
Улуғбек Бакир: Раҳмат Опажон, мен ҳам Сизнинг кўп вақтингизни олдим. Соғлигингиз яхши бўлмаслигига қарамай, бизга интервью бердингиз. Аввало, Сиздан Аллоҳ рози бўлсин! Ва Ўзи дардингизга шифо ато этсин! Ижозатингиз билан “Ҳаракат” сайти таҳририяти номидан Сизга ўз миннатдорчилигимизни изҳор этамиз! Соғлик-саломатлик, ҳаёт ва фаолиятингизда улкан омадлар тилаймиз! “Наврўз” айёми билан чин дилдан табриклаймиз!
Мўътабар Тожибой: Сизга ҳам катта раҳмат. Менга билдирган барча эзгу тилакларингизни Сизларга ҳам тилайман. Байрам билан барча-барчани қутлайман!
Улуғбек Бакир: Мўътабар опа, сўнгги сўз ўрнида, деганларидек, савол бермасам ҳам ўзингизнинг айтар сўзларингиз борми?
Мўътабар Тожибой: Бундан роппа-роса бир йил аввал мени операция (жарроҳлик амалиёти-У.Б) қилишга қарор қилинган пайт эди. 18 март 2008 йилда Тошкент шаҳар Онкология шифохонасида операция қилингандим. Ўтган йилнинг шу кунларида ҳаётимнинг сўнгги кунларини яшаяпман, деб руҳан қалбим билан ҳамма билан хайрлашиб, дийдорлашиб ётган эдим. Лекин, бир нарсадан, яъни, агар ўлсам, мен туфайли Ўзбекистон қамоқхоналаридаги аянчли вазият яна бир бора фош бўлади ва бу билан мен беҳуда ўлмаяпман, деган фикримдан хурсанд эдим. Менга шу тасалли берган эди.
Яна бир нарса. Ўлимини кутаётган инсон сифатида, босиб ўтган ҳаётимга назар солсам, афсусланадиган ҳеч нарса йўқ экан, мен шунга хурсанд бўлиб, жудаям қувонган эдим. Аллоҳга беадад шукурлар қиламанки, мана орадан бир йил ўтиб, дунёнинг Халқаро миқёсидаги юксак мукофатларига сазовар бўлиб турибман. Ўша пайтлари бундай эъзозларни асло кутмаган, ўйламаган ва ҳатто, орзу ҳам қилмаган эдим.
Қамоқхонада ҳам жудаям оғир вазиятда курашаётган пайтимда бу нокасларнинг қўлида ачинарли ҳолатда эмас, балки, қаҳрамонларча ўлишни афзал кўрган эдим. Яъни, жанг майдонида жон бераётган саркарда, зобит сифатида, “саркарда, зобит” десам муболаға бўлар, балки, жангчи мисолида мен ўзимни руҳан тайёрлаб бўлган эдим. Чунки, ўзини ҳурмат қилган, қалбида ғурури бор ҳар бир жангчи жанг майдонини, кема капитани эса, ғарқ бўлаётган ва ғарқ бўлишга маҳкум бўлган кемасини ҳеч қачон ташлаб кетмайди.
Шу ўринда, шоира Ҳалима Аҳмедованинг “Ҳалоскор кема” номли шеърини ёдга олгим келади. Бу шеърни илк бор ўқиганимда, худди, “Ўтюраклар” клубига бағишлаб ёзилгандай туюлган. Шунинг учун бўлса керак, ҳануз мазкур шеърни севиб ўқийман. Ижозатингиз билан ҳозир Сизга ҳам ўқиб бермоқчиман.
“Ҳалоскор кема”
Жон талаш тўлқинлар ичра сузади
Тақдирга тан бермай адашган кема.
Бу денгиз қонлидур, жаҳолат пеша,
Ундан кутганинг не, кутганинг нима?!
Бошлари темирдан, тишлари ханжар,
Наҳанглар ғажишга шошилар уни.
Кема сузаверар елканларида
Кўтариб минг йиллик ёзғуларини.
Олчорлоқлар учар, қанотлари қон,
Адашган ингроқлар тўкилар қайдан?
Кема сузаверар, елканларида
Юракнинг қони-ла, чизилган Ватан.
Бу денгиз остида асрлар бўйи
Занжирбанд этилган муқаддас руҳлар.
На туннинг, на тонгнинг фарқига бормай
Яшайди бешиги тилло андуҳлар.
Жонталаш тўлқинлар ичра сузади
Чайқалиб-чайқалиб ҳалоскор кема.
Заржирбанд руҳларнинг қасоси ҳаққи,
Уни тўхтатолмас энди ҳеч нима.
Менинг кичкинага “Ўтюраклар” номли кемачамни дунё тан олиб, эъзозлаётганидан ва энг асосийси, бу кемачам бамисли қутирган ваҳший ҳайвонлардан, олчорлоқлардан ҳазрати инсонларни қутқарувчи ҳимоя эканлигидан ва бу кеманинг капитани мен эканлигимдан жуда-жуда хурсанд ва бахтиёрман!!!
Улуғбек Бакир: Раҳмат Сизга, миннатдормиз Опа! Илоҳим, Сизнинг шу “Ўтюраклар” кемангиз Ўзбекистон отли улкан денгизда узоқ-узоқларга сузаверсин ва тез кунларда Адолат, Демократия қирғоқларига шарафу шон ила етиб келсин дея, самимий тилак билдирамиз! Албатта, Сиз ҳақингизда гапирганимизда кўз олдимизга шундай манзара келади.
Сир эмаски, бугунги кунда, – Ҳазрат Ал-Буҳорий ва Ат-Термизийларни, Ал-Хоразмий ва Берунийларни, Тўмарису Широқларни, саркарда Темур ва Мирзо Улуғбекларни, ҳазрат Навоий ва Бобурларни, Увайсий ва Нодирабегимларни, Беҳбудий ва Чўлпонларни ва жуда кўплаб буюк инсонларни дунёга келтирган қадимий Турону Туркистон, ҳусусан, Ўзбекистон аҳли бугун ҳор-зор бўлиб, зулм чангалида ҳароб бўлмоқда, дейилган дашномларни кўп эшитяпмиз.
Аммо, Сиздай мардонавор ва жасоратли Опаларимиз, ўзбекнинг виждони ва ғурури бўлган буюк шоир Юсуф Жума каби зулмга қарши курашаётган мард Акаларимиз ҳамда кўплаб оқил инсонлар ибратли ҳаёт ва фаолиятлари билан буюк аждодларимиз йўлини давом эттирмоқдалар. Сиздай ўтюрак, ватанпарвар Опаларимиз борлигидан мамнунмиз! Ҳамиша саломат бўлинг, Мўътабар опа! Ўзбекистонда Ўтюраклар кўпаяверсин!
Мўътабар Тожибой: Раҳмат Улуғбек. Ҳаммага менинг номимдан саломлар айтинг. Барча юртдошларимизни “Наврўз” байрами билан табриклайман!
Улуғбек Бакир: Салом ва табригингизни, албатта, етказаман. Илоҳим, яхши кунларда учрашишлик насиб айласин. Мазмунли суҳбатингиз ва бизларга ажратган қимматли вақтингиз учун ташаккур! Саломат бўлинг!
This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.
Fikr bildirish