Мўътабар Тожибой: Мен Президент Барак Обаманинг овозини тўла эшитдим!

Обама Тожибоева билан

Мўътабар Тожибоева Мишел Обама билан. 2009 йил 11 март.

Мен бўлган қамоқхонада ҳар куни эрталабки маҳсус текширувдан сўнг, ҳамма отрядлар алоҳида тарзда муассаса ходимларига мадҳияни куйлаб берадилар. Биринчи отряд куйлаб бўлгандан сўнг иккинчи отряд қайтадан яна куйлашни бошлайди. Иккинчи отряддан кейин учинчи, тўртинчи ва ниҳоят ўнинчи отрядгача ҳамма отрядлар навбат билан шу мадҳияни қайта-қайта куйлайверадилар. Бир отряд куйлаётган пайтда кейинги отряд ўз навбатини кутиб туради.

Баъзан шундай ҳолатлар бўладики, мадҳия куйланаётган пайтда бирор бир маҳбуса беҳосдан сўзларни адашиб, нотўғри талаффуз қиладиган бўлса ёки кимдир умуман куйламаётганини назоратчилар сезиб қолсалар, бутун отрядни зона атрофида уч марта ёки беш марта югуртириб айлантирадилар. Югуриб, минг азобда оч-наҳор, мадорсиз қайтиб келган отряд яна сафга туриб, мадҳияни куйлаш учун ўз навбатини кутиб турадилар.

Сафнинг энг олдинги қаторида “ваҳобийлар” деб аталадиган маҳбусалар турадилар. Жумладан, мен ҳам шу “ваҳобийлар” қаторида турардим. Бу қаторда туриб, барчани кузатиш мумкин бўлганлиги боис, мен ҳам барчани кузатардим. Шу мадҳия куйланаётган вақтда, балким қандайдир соатлар ичида, мен гувоҳ бўлардимки, отряддаги оч-у наҳор, юпун, хаста, қувватсиз, тинкаси қуриган бечора аёллар (агар бу лавҳалар суратга олинса, жудаям таъсирли фильм бўлади – М.Т) ёзнинг жазирама иссиғидан ёки қаҳратон қишнинг совуғидан ёҳуд қорни очлигидан ё касаллигидан ҳушини йўқотади ва бу аёлларни 5-6 нафар бошқа аёллар қўлларида кўтаришиб, тиббий бўлимга олиб ўтиб кетадилар, аммо, мадҳияни куйлаш давом этаверади, бир сония бўлсин, асло тўхтамайди.

Мана фожеа қаерда?! Бу заҳматларнинг, азобу уқубатларнинг эса, поёни йўқ. Энди қарангки, Америка халқи ўз мадҳиясини қай даражада эъзозлаб, қадр-қиммат қилиб куйламоқдалар. Бизларда эса, мажбурий тарзда маҳкумлар қай аҳволда “куйламоқдалар”. Оддий мисол, Ўзбекистон қамоқхоналаридаги муассаса ходимлари мадҳияни ўзлари оёқ ости қилишада, яъни, отрядлар куйлаётган пайтлари улар мазаҳ қилишиб, кулиб турадилар. Булар шу даражада тубанликка ботганларки, буни изоҳлашга сўзларим ожиз.

(Машҳур ҳуқуқ ҳимоячисининг “Ҳаракат” сайти мухбири билан эксклюзив суҳбати. 1 қисм)


Улуғбек Бакир: Ижозатингиз билан суҳбатимизни бир муқаддас ҳадис билан бошламоқчи эдим. Ҳадислардан бирида: – “Аллоҳ азиз қилган бандасини ҳеч қачон бандаси ҳор қилолмайди. Аллоҳ хор қилган бандасини эса, ҳеч қачон бандаси азиз қилолмайди”, дейилган. Ҳозир Сизнинг ҳаётингизни кўз олдимга келтирар эканман, ногаҳон мана шу ҳадис ёдимга келди. Дарҳақиқат, бир сўз билан айтганимизда, Ўзбекистон расмийлари Сизни хўрладилар ва хор-у барбод қилмоқчи бўлдилар. Аммо, Аллоҳ Сизни азиз қилган экан мана ёруғ кунларга чиқиб, юксак эҳтиромларга сазовар бўляпсиз. Шу фурсатдан фойдаланиб, Сизни яна бир бора нуфузли мукофотлар билан табриклаймиз! Ҳамиша ҳозиргидай азизу мўътабар бўлинг, дея самимий тилак билдирамиз! Шу ўринда, АҚШга қилган сафарингиз ҳақида биз билан ўртоқлашсангиз?!

Мўътабар Тожибой: Сўзингиз бошида Сиз ибратли бир ҳадис келтирдингиз. Ушбу ҳадис менинг ҳаётимда яна бир бора яққол ўз аксини топди, десам бўлади. Сабаби, Ўзбекистон ҳукумати менга кўп хунрезликларни кўрсатди. Бугунги кунда ҳам бу давом этмоқда. Лекин, мана озодликка чиққанимдан буён ўтган қисқа вақт ичида учта Халқаро мукофотга сазовор бўлганим, Аллоҳ мени азиз қилганидан даракдир, албатта. АҚШга қилган сафарим ҳақида тўхталсам, демак, мен АҚШда кўп учрашув ва анжуманларда қатнашдим.

Мукофат топширилиш маросими 11 март куни бўлиб ўтди. 9 март куни эса, бўлиб ўтган учрашувда бизлар, яъни, мукофат совриндорлари ўз мамлакатларимиздаги умумий аҳвол, инсон ҳуқуқлари ҳолати, ҳукуматнинг олиб бораётган сиёсати ҳамда бир қатор мавзуларда жамоатчиликка сўзлаб бериш имкониятига эга бўлдик. Мени ҳайратга солган жиҳатлардан бири шуки, АҚШ Давлат Котиби Хиллари Клинтон ва Мишель Обама хонимлар бизларнинг тўлиқ таржимаи ҳолимизни ва тарихимизни яхши билишлиги бўлди. Танишув пайтида менга нисабатан алоҳида ҳурмат ва эҳтиром кўрсатишганларида, тўғриси, тўлқинланиб кетдим. Чунки, ўз давлатимда Ўзбекистон ҳукуматининг менга бўлган муносабатини ва АҚШнинг муносабатини тарози паллаларига қўйиб таққосладим ва шунда жуда катта қутбий фарқларни кўрдим.

Шундан кейин жамоатчилик иштирокидаги яна бир маросимда тўлиқ қатнашдик ва ҳар биримиз ҳақимизда Клинтон ва Обама хонимлар алоҳида тўхталишиб, фаолиятимиз бўйича ҳамда мамлакатимиздаги аянчи ҳолат ҳақида жамоатчилик вакилларига сўзлаб бердилар. Сўнг Оқ Уйни музей тариқасида танишиб чиқдик. Давлат Департаментида ва Капитолийда бўлдик. Биз Оқ Уйни айланиб, бир хонада тўхтаганимизда қўшни хонада президент Барак Обама катта бир йиғилиш ўтказиб, дунё аҳамиятига молик муҳим масалаларни муҳокама қилаётган экан. Мен у кишининг овозини тўла эшитдим.Мен ана шу онда президент Каримовни ҳаёлимдан ўтказдим. Бизнинг президентимиз билан АҚШ президентининг катта фарқларидан бирини мен мана шу Оқ Уйда тушуниб етгандай бўлдим.

Чунки, Ўзбекистон президенти уйидан Оқсаройга бориб-келишида ҳам оддий одамлар қийналадилар. Биласиз, бу пайтда барча йўллар тўсиб қўйилиб, йўлларда бирор бир одам юриши қатъий таъқиқланади. Ҳар 50 метрда миршаблар туради. Миршаблардан ташқари, қуролланган махсус хизматчилар ҳайбатли “Джип”ларда одамларни ваҳимага солиб ўтадилар. Демоқчиманки, АҚШ президенти ўз ҳалқидан қўрқмас экан. Барак Обама Америка халқининг асл фарзанди ва президенти эканлигини шу оддийгина манзарадан ҳам кўриш мумкинлигини тушундим. Айтаман десам, таассуротларим талайгина.

Улуғбек Бакир: Мўътабар опа, яқинда Халқаро амнистия ташкилоти Сиз ҳақингизда бир фильмни суратга олиб, нидерланд ва инглиз тилларида намойишга чиқарди. Шу фильм ҳақида нима дея оласиз?

Мўътабар Тожибой: Бу фильм нима деб аталаркан?

Улуғбек Бакир: “Қамоқхонадан мактуб”, – деб аталаркан.

Мўътабар Тожибой: Ҳа, дарҳақиқат, Ҳолландиялик машҳур бир журналист хоним қамоқдан озод бўлганимдан сўнг хонадонимга бориб фильм яратганди. Фильм тайёрланиб, томошабинларга ҳавола этилганини билмаган эканман. Бу фильмни қаерда кўриш мумкинлигини сиз менга айта оласизми?

Улуғбек Бакир: Мен ҳам шуни сиздан сўрамоқчи эдим. Чунки, “Озодлик” радиоси куни кеча тарқатган ўша ҳабарда, – бу фильм DVD дискларда чиқарилиб шу кунларда Европада намойиш этилмоқда, – дейилган. Мен Сизнинг бу саволингизга жавоб топиб, Сизга ҳабарини бераман.

Мўътабар Тожибой: Бу фильмга 2007 йил июнь ойида қамоқхонадан туриб ёзган васиятномам асос қилиб олинган. Мен бу фильмни ҳозирча кўролганим йўқ.

Улуғбек Бакир: Опа, шу сафарингиз давомида Сиз учун янада таъсирли қандай воқеалар бўлди?

Мўътабар Тожибой: Мен АҚШга қилган сафарим мобайнида кўп нарсаларни кўрдим. Шулардан бири, Америка ҳалқи Президенти ва унинг оиласини ҳамда Давлат Котиби Клинтон хонимни қай даражада севиб ардоқлашларини кўриб қувондим ва айни дамда хўрсиндим ҳам. Хўрсинганимнинг боиси эса, қани энди, бизнинг мамлакатимизда ҳам худди АҚШдаги каби давлат расмийларини, ҳусусан халқимиз “Ота” дея «ардоқлайдиган» шахсларни шу даражада севиб ардоқласалар эди.

Ўзбекистон матбуоти, радио ва телевидениесини кўрсангиз, албатта, деярли ҳар куни президент Каримовни улуғлаб, бамисли уни халқ севиб ардоқлаши ҳақида ёзадилар, гапирадилар, кўрсатадилар. Аслидачи?! Аслида ҳаётда бунинг аксини гувоҳи бўласиз. Ҳаттоки, ёши улуғ бўлган нуроний отахонларимиз ҳам телевизорга чиқишиб, – президентимизга раҳмат, доимо омон бўлсинлар, у киши борлиги учун бизлар ҳам омон яшаяпмиз, – дея, уялмай нутқ сўзлайдилар. Аслида шундай одамлар кўп ўтмай, халқнинг назаридан қолишиб, аянчли бир ҳолатга тушаётганлигини ҳам кўряпмиз.

Шу ўринда яна бир нарсага алоҳида тўхталмоқчи эдим, яъни, шу мукофат топширилиш маросимининг эртаси куни Давлат Департаментида Хиллари.Клинтон хоним яна бир катта тадбир ўтказди. Бу тадбирда бизлар кенг жамоатчилик вакиллари ва Давлат Департементи ходимлари билан учрашдик. Учрашув бошида созандалар жонли тарзда АҚШ Давлат мадҳиясини куйлай бошладилар. Шу пайтда бутун зал оёққа қалқиди, десам асло муболаға қилмаган бўламан. Ишонсангиз, анашу дақиқаларда барча залдагилар АҚШ байроғига тикилиб, қўлини кўксига қўйиб, мадҳияни жўрликда ижро этдилар. Бу йиғилганларнинг ўз ватанига бўлган муҳаббатини шу мадҳия садоси остида уларнинг кўзидан, юзидан ўқигандай бўлдим. Америка мадҳияси бу – ҳур ва озод мамлакатнинг, қалблардан баралла куйланадиган умумий халқ қўшиғи эканлигига яна бир карра амин бўлдим.Мен анашу онларда Ўзбекистон қамоқхонасидаги аянчли вазиятни надоматлар билан ҳаёлимдан ўтказдим. Ва қулоғим остида қамоқхонадаги маҳбусларга мажбурлаб айтириладиган Ўзбекистон давлат мадҳиясининг садолари янграгандай бўлди.

Мен бўлган қамоқхонада ҳар куни эрталабки маҳсус текширувдан сўнг, ҳамма отрядлар алоҳида тарзда муассаса ходимларига мадҳияни куйлаб берадилар. Биринчи отряд куйлаб бўлгандан сўнг иккинчи отряд қайтадан яна куйлашни бошлайди. Иккинчи отряддан кейин учинчи, тўртинчи ва ниҳоят ўнинчи отрядгача ҳамма отрядлар навбат билан шу мадҳияни қайта-қайта куйлайверадилар. Бир отряд куйлаётган пайтда кейинги отряд ўз навбатини кутиб туради. Баъзан шундай ҳолатлар бўладики, мадҳия куйланаётган пайтда бирор бир маҳбуса беҳосдан сўзларни адашиб, нотўғри талаффуз қиладиган бўлса ёки кимдир умуман куйламаётганини назоратчилар сезиб қолсалар, бутун отрядни зона атрофида уч марта ёки беш марта югуртириб айлантирадилар. Югуриб, минг азобда оч-наҳор, мадорсиз қайтиб келган отряд яна сафга туриб, мадҳияни куйлаш учун ўз навбатини кутиб турадилар.

Сафнинг энг олдинги қаторида “ваҳобийлар” деб аталадиган маҳбусалар турадилар. Жумладан, мен ҳам шу “ваҳобийлар” қаторида турардим. Бу қаторда туриб, барчани кузатиш мумкин бўлганлиги боис, мен ҳам барчани кузатардим. Шу мадҳия куйланаётган вақтда, балким қандайдир соатлар ичида, мен гувоҳ бўлардимки, отряддаги оч-у наҳор, юпун, хаста, қувватсиз, тинкаси қуриган бечора аёллар (агар бу лавҳалар суратга олинса, жудаям таъсирли фильм бўлади – М.Т) ёзнинг жазирама иссиғидан ёки қаҳратон қишнинг совуғидан ёҳуд қорни очлигидан ё касаллигидан ҳушини йўқотади ва бу аёлларни 5-6 нафар бошқа аёллар қўлларида кўтаришиб, тиббий бўлимга олиб ўтиб кетадилар, аммо, мадҳияни куйлаш давом этаверади, бир сония бўлсин, асло тўхтамайди.

Мана фожеа қаерда?! Бу заҳматларнинг, азобу уқубатларнинг эса, поёни йўқ. Энди қарангки, Америка халқи ўз мадҳиясини қай даражада эъзозлаб, қадр-қиммат қилиб куйламоқдалар. Бизларда эса, мажбурий тарзда маҳкумлар қай аҳволда “куйламоқдалар”. Оддий мисол, Ўзбекистон қамоқхоналаридаги муассаса ходимлари мадҳияни ўзлари оёқ ости қилишада, яъни, отрядлар куйлаётган пайтлари улар мазаҳ қилишиб, кулиб турадилар. Булар шу даражада тубанликка ботганларки, буни изоҳлашга сўзларим ожиз.

Ҳиллари Клинтон хоним қўлини кўксига қўйиб мадҳияни куйлаётган пайтида яна мен бир нарсани эсладим. Мен бирор марта кўрмадимки, ўша қамоқхона назоратчилари Ўзбекистон мадҳияси куйланаётган пайтида қўлларини кўксига қўйиб, офицер каби ғурур билан ғоз турганлигини, аксинча, улар сақич чайнашиб, тиржайишиб, маҳкумаларни мазаҳ қилмоқчи бўладилар. Аслида, улар маҳкумаларни эмас, балки, давлат рамзи бўлмиш ўша мадҳияни масҳара қиладилар. Ҳар куни куйлайверганидан силласи қуриган маҳкумалар мадҳияни ўзларига мослаб, ҳар хил тарзда сўзларни ўзгартириб куйлардилар. Мисол учун мен шундай куйлардим:

Серқуёш хўр ўлкам, пишган бақлажон,

Сен ўзинг дўстларга душман қаҳрли, ғайрли.

Шуҳратинг портласин токи бор жаҳон

Оламни маҳлиё айлаган ўзинг.

Мен шундай тарзда баралла куйлардим. Лекин, мен доимо бундай куйлар олмас эдим. Сабаби, бу тарзда куйласам, мен билан бирга бутун отрядимизни қийнашарди, қаттиқ жазолардилар. Шунинг учун мен шерикларимни ўйлаб, ҳамиша бундай қилмас эдим. Ўзбекистон давлат мадҳияси қай даражада “қадр-қимматли” эканлигини мана шу ҳикоямдан ҳам тушунса бўлади.

Улуғбек Бакир: Ҳақиқатдан ҳам, Ўзбекистонда барча ОАВ ва ўқув муассасалари-ю, қамоқхоналарда давлат рамзларига нисбатан гўёки ҳурмат тариқасида кўплаб тадбирлар ва оммавий тушунтириш ишлари олиб борилиши анъанага айланган. Улар шундай тарзда сунъий йўл билан мажбурлов тариқасида иш олиб борадилар. Мадҳияни бўлар-бўлмасга ҳар куни эрталабдан куйлавериш, айниқса, Ўзбекистондаги талаба ва ўқувчиларнинг ҳам асабларини қақшатган. Бу эса, қалбларда ватанга муҳаббатни эмас, аксинча, нафратни қўзғатмоқда. Бу билан ўша “ватанпарварлар” давлат рамзларига нисбатан ҳурматсизликни келтириб чиқармоқдалар. Бунга, албатта, кўплаб бир қатор мисоллар келтириш мумкин.

Мўътабар опа, ёдингизда бўлса керак, биз сиз билан кўпинча, 2003-2004 йилларда Ўзбекистондаги “Фридом Хаус” офисида кўп учрашардик. Демоқчиманки, ўша пайтлардан бери кўп сувлар оқиб ўтди, кўп воқеалар бўлиб ўтди. Сизнингча, ўша пайтдаги Мўътабар Тожибоева билан ҳозирги кундаги Мўътабар Тожибоева орасида қандай тафоввутлар бор?

Мўътабар Тожибой: Умуман, олганда мен ўша-ўша Мўътабар Тожибоеваман. Лекин, мен у пайтлари Ўзбекистондаги қонун бузилишларидан президент Каримовнинг ҳабари йўқ, у кўп нарсалардан беҳабар, деб ўйлардим… Мен ҳозирда, умуман, президентга ҳам ҳукуматнинг бошқа мансабдорларига ҳам заррача бўлсин ишонмайман. Мен уларга бўлган аввалги ишончимни йўқотганман. Бироқ, бу фикрларимдан, – Мўътабар Тожибоева мухолифатга ва мухолифат партиялари сафига ўтибди, – дейишларини ҳам истамас эдим. Мен худди ўша дамлардай, ҳозир ҳам ҳукумат мансабдорларидан Ўзбекистон қонунларининг ва халқаро меъёрларнинг амалдаги ижросини талаб қилишни олға сураман.

Аввалги Тожибоева билан ҳозирги Тожибоеванинг фарқи шундаки, Ўзбекистондаги вазиятни аввалгидан кўра мен ҳозир янада яққолроқ кўраман. Айтишларича, қамоқда ўтириб чиққан одам ренгент нурларига ўхшаб қолар экан. Ҳақиқатдан ҳам мен 2 йилу 8 ой давомида ва шу давр мобайнидаги 112 кунлик карцлерда ўтказган даҳшатли кунларимда ҳамда менга нисбатан қўлланилган жисмоний ва руҳий қийноклар, азоблар, ҳўрлашлар-у камситишлар, буларнинг барча-барчасида мен Ўзбекистонда қонунлар умуман ишламаслигининг, инсонлар қадр-қиммати мутлақо йўқлигининг яққол шоҳиди бўлдим.

Ҳамда шу билан бирга ҳукумат мансабдорлари ҳеч нарсадан таф тортмаслигини, қонун олдида жавоб беришлик нари турсин, ҳаттоки, бир кун Аллоҳ олдида ҳисоб беришликдан ҳам қўрқмаслигини ўз кўзим билан кўрдим. Мен авваллари қамоқхонадаги қийноқлар ҳақида гапирганимда фақат “қийноқлар” деган калимани тилга олардим, холос. Масалан, фалончига мана бундай қийноқлар қўлланилибди дер эдим, лекин, бу “қийноқлар” сўзи замирида қанчалар заҳматли ва даҳшатли уқубатлар борлигини мен билмас эдим ва билишим ҳам мумкин эмас эди.

Фақатгина бундай азобли кунларни Ўзбекистон қамоқхоналарида ўз бошидан ўтказган одамларгина ҳис эта олишини айтган бўлардим. Лекин, мен бундай кунларни, ҳаттоки, душманимга ҳам лойиқ кўрмайман. Мендаги ўзгариш мана шулардан иборат, деб ҳисоблайман. Аммо, ўша зиндонда ўтказган даврим мени аввалгидан кўра янада мустаҳкам иродали бўлишга ундади.

Бугунги кунда жисмонан соғлигим дуруст бўлмаса ҳам, бир ўзим эмин-эркин ҳаракат қила олмасам ҳам, лекин, бор кучимни мана шу юрагимда қайнаб, ўт-олов бўлиб ёниб турган руҳий қувватимни мен шу жафокаш Ўзбек Халқини ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ва унинг дардларини бироз бўлсада енгиллаштиришга астойдил ҳаракат қиламан! Мен шунга бел боғлаганман!!! Билмадим, ўша пайтлардаги Мўътабар Тожибоева балки бу даражада қатъиятли бўлмагандир…

(Давоми бор)

http://www.harakat.net/actual/?id_topic=9&id=82

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.