Сўнгги томчи каби
2006 йилнинг баҳорида озодликдан маҳрум этилган ҳуқуқ ҳимоячиси, Фарғонадаги “Ўтюраклар клуби” раҳбари Мўътабар Тожибоеванинг қариндошлари ва яқинлари ханузгача Мўътабарни мамлакатни тарк этишга мажбур қила олишмаганидан ўкинишади.
Агар Мўътабар Тожибоева чиқиб кетганида эди… Агар…
09.02.07
Ўзбекистонда панжара ортига яна бир бегуноҳ одам ташланди. Энди у минглаб бегуноҳ зулм чекаётган шахсларнинг бири. Унинг исми Умида Ниёзова.
Умидани узоқ йиллардан буён яхши билганим учун, уни кишанланган ҳолда, жиноятчи қиёфасида турма ҳибсхоналарида тасаввур қилишим қийин…
Аммо, бу туйғу, режимнинг бошқа қурбонлари, жабрдийдалари ва уларнинг ёру биродарлари учун ҳам янгидир. Бугун эса Умидани севгучи ва унинг учун ташвиш чекувчи инсонларга навбат етди.
Нега Тошкентдаги, Ислом Каримов бошқараётган режим сира тўймайди ва ақлдан озган аждаҳо каби йўлида нимаики дуч келса ямлаб йўқ қилади? Ҳатто Андижондан кейин ҳам.
Халқаро ташкилотларда ишлаган, бунинг устига ҳеч қачон ўзбек ҳуқуқ ҳимояси ва журналистикасининг олдинги сафларида турмаган Умида Ниёзова, ҳибсга олиш даражасида катта кўламда ҳавф уйғотиши мумкинми эди.
Аммо бу мамлакатда қатағонлар даражаси кучайиб шундай бир нуқтага етдики, режим томонидан яратилган бу система эндиликда тўхтай олмаяпти.
Савол: Нима учун? Жавоб иккисидан бири: ё ҳаддан ташқари ўз кучига ва жазосиз қолишига ишонч, ёки ҳаддан ташқари заифлиги ва қўрқоқлигидир. Ҳукумат одамлардан қўрқмоқда, ҳатто қаердадир мустақил фаолият олиб бораётган оддий одамлардан, ва ҳатто Умида Ниёзовадан ҳам.
Галима Бухарбоева, Uznews.net
Ҳуқуқ химоячиси Умида Ниёзованинг ҳибсга олиниши Ўзбекистон ичкарисидаги ҳамда, унинг чегараларидан олисда бўлган мамлакатлардаги демократик жамоатчиликни жунбушга келтирди.
Дунёнинг турли шаҳарларидаги Ўзбекистон элчихонаси бинолари олдида Умида Ниёзова ва бошқа сиёсий махбусларга озодлик талаб этилган пикетлар бўлиб ўтди. Жаҳоннинг кўпгина халқаро ташкилотлари Умиданинг ҳибсга олинишига норозиликларини билдириб, ўзбек ҳукуматидан унинг зудлик билан озод қилинишини талаб қилишган.
Бир неча юзлаб ўзбекистонликлар ва уларнинг турли мамлакатлардаги дўстлари демократик мамлакатлар ҳукуматларига ва халқаро ҳукумат ташкилотларига Умида Ниёзовага ёрдам беришни сўраб ёзилган петиция ва муржаатларни имзолашган.
Нима учун?
Чунки, панжара ортига яна бир бегуноҳ одам ташланди. Чунки, бу ҳибсларнинг поёни кўринмаяпти. Чунки, одамлар қатағонлардан тўйишган, улар ўз ваҳшийликларидан қутураётган ҳокимият эгаларини тўхтатишни исташмоқда. Чунки, Умида битта ўзи икки яшар ўғилни тарбия қилаётган ёш, заифа аёл. Чунки, одамлар: “Бас!”, “Етар шунча хўрлик!” дея хитоб қилишмоқчи.
Шунинг учунки, ўзларини демократ дея билувчи аксарият ўзбекистонликларнинг қамоқларда ўтирмаган, калтакланмаган, милиция ва тергов ҳибсхоналари бўйлаб судралмаган, махсус хизматларнинг айғоқчилари томонидан таъқиб қилинмаган, ва ҳар дақиқада навбатдаги фитнанинг қурбони бўлиш хавфи остида яшамаётган бирорта дўсти ва таниши, баъзиларининг эса қариндошлари ҳам қолгани йўқ.
Шунга қарамасдан, бу ҳукумат ҳақида кўп нарсани билган ҳолда, Мўътабар Тожибоева, Саиджаҳон Зайнобиддинов, Муҳаммад Бекжон, Мамадали Махмудов, Улуғбек Ҳайдаров, Жамшид Каримов, Ёдгор Турлибеков, Санжар Умаров, Ихтиёр Ҳамроев ва бошқа кўпгина истибдод қурбонларининг қисмати Умиданинг ҳам бошига тушишини кутиш мумкин эди.
Аммо, режимга яна бир бор етарли баҳо берилмади. У эса, ўз қабиҳликларининг чеки чегараси йўқлигини исботлашда давом этмоқда.
Умида уларга нимага керак бўлди?
Умида Ниязовани шунчаки ҳибсга олишгани йўқ, уни ўзи ёллаган ва сўзсиз ишониб келган адвокати Аброр Юсупов ёрдамида, номардларча Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот идоралари томонидан қўйилган тузоққа туширишди.
Воқеа 2006 йилнинг 21 декабрида, Умида Бишкекдан Тошкентга учиб келган пайтида бошланади. Ўшанда уни кутилмаганда аэропорт божхона хизмати ходимлари тўхтатиб текширадилар. Унинг шахсий буюмлари ва компьютерларини текшириш жараёнида, Ниёзова ўз компьютерида Ўзбекистон конституцион тузумига тахдид солувчи айрим материалларни олиб юрибди деган хулосага келишади.
Тошкент Божхона бошқармаси Умиданинг компьютерини, флэш-карта ва паспортини мусодара этади ва унга қарши маъмурий иш қўзғайди.
Уқубатли кутиш билан соатлар ва кунлар ўтади. Ўзбекистон бу – ҳар қандай зиддиятни адолатли суд ҳал қиладиган мамлакат эмас, аксинча бу мамлакатда ўн минглаб одамлар аллақачон суд жараёнларида қўйилган сохта айбномалар билан қамалган ва қамалишда давом этмоқда. Бу ерда ҳатто ҳалоллик ва адолат куртакларининг ҳидини ҳам топа олмайсиз. Бу мамлакатда, Андижон қирғини юз берган, ва жазони ўташ жойларида қийноқлар остида одамлар жон таслим қилмоқда.
Умида яхши билардики, бу мамлакатда инсонлар тақдири “битта қўнғироқ“ билан, сиёсий манфаатларга кўра ва пора эвазига ҳал этилади.
Бу мамлакатда, Ниёзованинг компьютерида сақланган ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти «Хьюман Райтс Вотч»га тегишли «қўрғошин ёмғири» дея ном олган ҳисоботни Интернет орқали ҳар ким ҳам олиши мумкинлиги – бунда Андижонда 2005 йил ҳукуматнинг айби билан бўлган воқеалар акс этгани ва бунда хеч бир жиноят йўқлигини исбот қилиш мумкин бўлган мамлакат эмас.
Шахсан ўзим Андижон қирғини гувоҳи бўлганим учун ишонч билан айтишим мумкинки, Андижон воқеалари юзасидан, гувоҳлар ва қурбонларнинг ишончли маълумотлари йиғилган тақдирда, у ерда сўзсиз, ҳукумат қўшинларининг қуролсиз фуқароларга, аёллар ва болаларга қарата огоҳлантиришсиз ўт очишганидан бошқа нарса топиш мумкин эмас эди.
Умиданинг Ўзбекистонда қолиши ва адолатнинг қарор топишига ишониши мантиққа тўғри келармиди?
2006 йилнинг баҳорида озодликдан маҳрум этилган ҳуқуқ ҳимоячиси, Фарғонадаги “Ўтюраклар клуби” раҳбари Мўътабар Тожибоеванинг қариндошлари ва яқинлари ханузгача Мўътабарни мамлакатни тарк этишга мажбур қила олишмаганидан ўкинишади.
Агар Мўътабар Тожибоева чиқиб кетганида эди… Агар…
Бугунги кунда АҚШда яшаётган Андижонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Лутфилло Шамсуддинов ҳикоя қилади: қирғиндан кейин бир неча кун ўтгач у ўз ҳамкасби Саиджаҳон Зайнобиддинов билан Андижондан қўшни Қирғизистон жанубидаги Ўш шаҳрига, «Хьюман Райтс Вотч» ташкилоти вакили Александр Петров билан учрашишга боришади.
Суҳбат пайтида ҳуқуқ ҳимоячиларининг хавфсизлиги масаласи кўтарилади. Лутфилло Шамсуддинов шундай хавф борлигини таъкидлайди. Унинг оиласига журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларини жойида отиб ташлашга буйруқ бўлганини етказишганини айтади. Шунда Саиджаҳон Зайнобиддинов кулиб, бундай хавф йўқлигини, ҳукумат уларга тегмаслигини айтади.
Қирғизистондан улар алоҳида қайтишади. Шамсуддинов уйига етиб борган маҳали, унинг олдига Саиджаҳоннинг ўғли Зайнобиддинов Илхом келади ва унинг отасини аллақачон олиб кетишганини айтади.
2006 йилнинг январида Саиджаҳон Зайнобиддинов етти йилга озодликдан маҳрум қилинади. Зайнобиддинов учун курашган, матбуотга интервью берган, ва отаси ҳақида гапириб берган ягона инсон эса унинг ўғли Илхом бўлади. Аммо тез кунда Илхом Зайнобиддинов ҳам қамоққа олинади, ва шу пайтдан бошлаб биз иккала Зайнобиддиновлар ҳақида ҳеч нарса билмаймиз.
Умида Ниёзова, Ўзбекистонда шундай қисматни кутиши, ўз ҳаётини ва озодлигини юзлаб ва минглаб одамларни майибу мажруҳ қилган, йўқ қилган ҳукуматга ишониб топшириши керакмиди?
Умида Ўзбекистондан Қирғизистонга келишга қарор қилади, ва бунинг уддасидан чиқади. Бишкекда у бошпана беришларини сўраб БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий Комиссари ваколатхонасига ариза топширади.
Аммо, ҳар бир ҳақиқий қочқин каби, Умидага қадрдон, энди Тошкентга бошқа қайтмайман, оиламдан узоқда, бегона юртларда дарбадар бўламан деган бир фикр тинчлик бермасди. Нима учун Тошкент режими одамларни қадрдон ватанларини тарк этишга мажбур қилади, уларнинг қаерда яшашларини белгилайди, уйларида яшаш истагидан уларни маҳрум қилади?
Ҳаммадан ҳам, Умидага ўхшаган аксарият қочқинларни ўзларинг бегуноҳ эканликларини билганликлари кўпроқ ғазаблантиради: «Ахир мен ҳеч нарса қилмадимку, ҳеч нарса қилмадим!».
Умида Ниязованинг адвокати Аброр Юсупов уни излаб Бишкекка қўнғироқ қила бошлайди. Тошкентдаги Божхона бошқармаси унга қарши маъмурий ишни ёпгани, бу ҳақдаги қарорни ўз кўзи билан кўргани ҳақида гапиради. Умидадан келиб ўз паспорти ва компьютерини олиб кетишини сўраётганларини айтади.
Аброр Юсупов 22 январ, соат 17 да, Тошкентда Умида Ниёзова билан учрашув белгилайди. Умиданинг ўзи Ўзбекистонга қайтиш қарорига келганми, ўзбек чегараси ҳудудига ўз ихтиёри билан ўтганми, бу ҳақда маълумот йўқ. 22 январь куни Қирғизистонда уни бошқа кўришмаган.
Тўрт кун давомида Умидадан бирор хабар бўлмайди. Ҳамма ташвишланган, оиласидагиларнинг асаби ишдан чиқар ҳолга етган. Ўз ҳотиржамлигини йўқотмаган ва Умиданинг йўқолишига ҳайрон бўлмаган биттагина одам адвокат Юсупов бўлиб қолади. У журналистларга вахима қилмасликларини маслаҳат беради, ўзидан эса адвокатликни соқит қилади.
26-январ куни Умида Ниёзова Ўзбекистон Транспорт прокуратурасидан топилади. Унинг Тошкентда 5 кундан буён қамоқдалиги маълум бўлади.
Давлат Интернет-сайти Press-uz.info нинг Умида Ниёзова тўғрисидаги мақолаларидан бирида адвокат Аброр Юсуповнинг ўзи Тошкент божхона бошқармасига ҳимоясидаги шахснинг Қирғизистонда эканлигини айтган. Кўринадики Аброр Юсупов, уни Тошкентга қайтариб келтиришни ўз зиммасига олган.
Транспорт прокуратурасидаги дастлабки куни Умида менга, уни адвокати алдаганини айтган эди. Шу пайтда у Умиданинг ёнида бўлган.
Кейинги куни эса Аброр Юсупов менга Ўзбекистондаги адвокатлар алдаш, ҳақиқатни ҳаспўшлаш, сохта айбномалар яратиш борасида терговчилардан қолишмасликларини намойиш қилади. Умида гўёки менга: “Мени ҳам, менинг адвокатимни ҳам алдашган” қабилидаги маълумот тарқатади. Гўёки у Умиданинг Қирғизистонда эканини мутақо билмаган. Бунга жавобан, мен унинг қўлидаги ҳар қандай ёлғонга ҳам ўз имзосини қўяверадиган судланувчи эмасман, дея жавоб бердим.
Бугун эса тергов қувонч билан, Умида Ниёзова Жиноят Кодексининг: “Чегарани ноқонуний кечиб ўтиш” ва ”Контрабанда” сингари иккита моддаси билан айбланаётганини маълум қилмоқда.
Қўлида кичкина боласи билан, ҳеч бир айби йўқлигига қарамай, унга ҳавф солаётган турма таҳдидидан қутулмоқ учун ўз қадрдон ватанини ташлаб қочишга мажбур бўлган Умида жиноятчи бўла оладими? Ўзи содир этмаган жиноятлар ва қирғин ҳақидаги материаллар учун, ва қалбидаги қурбонларга ҳамдардлик туйғуси учун уни ноҳақ жазо кутаётган эдику.
Унга Тошкентдаги қадрдон уйингга, яқинларинг олдига қайтиб боришинг, компьютеринг ва паспортингни олишинг мумкин, деб айтган адвокатининг гапларига ишонгани унинг жиноятими?
Унинг қайтиши – Умиданинг Ўзбекистонга, ватанга муҳаббати, унга бошпана беришга, унинг ҳеч бир айби йўқлигини исбот қилишга тайёр бирорта Ғарб давлатларида яшашни истамаганлигидан далолат эмасми?
Шундай қарорга келган инсонни суд қилишга ҳукуматнинг ҳаққи борми? Ва унинг айби нима?
Умиданинг судланиши нацистлар Германияси даврида, уларнинг қатағонидан турли йўллар билан, баъзан қалбаки ҳужжатлар расмийлаштириб қочишни кўзлаган антифашист ва яхудийларни судлаш билан баробардир. Агар нацистлар қўлига тушишганида балки уларни ҳам “чегарани ноқонуний кечиб ўтишда” айблаб суд қилишган бўлишарди.
Теодор Адорно (Theodor Adorno), ХХ аср немис социологи ва файласуфи айтган эди: “Нотўғрилик ичра тўғри ҳаёт йўқдир”
Ўзбекистон ҳукуматининг Умида Ниёзовани судлашга ҳаққи йўқ, ушбу фожиали воқеалар бошланган 21 декабр куни ҳам уларнинг Умидани ҳибсга олишга ва жиноий иш қўзғашга ҳақлари йўқ эди.
Галима Бухарбоева – Uznews.net бош муҳаррири
Fikr bildirish