Қаторингда норинг бордир йиғлама!..
БУГУН УЛУҒБЕК БАКИР ТАВАЛЛУД ТОПГАН КУН!
7 сентябрь кунги Париж судидан кейинги бошланган байрамона кайфият хамон мени тарк этгани йўқ. Бугун яна бир хурсандчилик! Бугун менинг ишонган тоғларимдан бири, ҳаммаслагим, дўстим, “устозим” журналист, “Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти рахбари, ташкилотнинг Бошқарув кенгаши раиси, “Туғён” радиоси асосчи Улуғбек Бакир таваллуд топган кун! Айни шу бугун “Улуғларнинг улуғи, бекларнинг беки” дея эркалайдиган Васила Иноятованинг Улуғбекка берган бахоси қанчалар тўғри эканлигини гувоҳи бўлиб турибмиз.
Улуғбек Бакирни мен 2001 йиллардан танийман. Наманганда ташкил этилган Фредом Хауснинг ваколатхонасида Фарғона водийсида яшаб, фаолият юритувчи фуқаролик жамияти фаоллари иштирокида ўтказиладиган семинарлар, тренинглар ва чет эллик дипломатлар ва бошқа нуфузли мехмонлар билан ўтказиладиган турли мавзулардаги учрашувларда тўқнаш келадиганим “Эзгулик” жамиятининг Андижон вилояти фаоли бўлмиш бу ориққина йигит ўша пайтларда ҳам қони қайноқлиги, ташаббускорлиги билан ўзгалардан ажралиб турарди.
Кейинчалик Андижон фожиаси содир бўлди ва барчамизни тақдир турли кўчаларга сочиб ташлади.
Андижон фожиасидан кейин бутун дунёни титратган халқимиз бошига тушган бу мудхиш кулфатнинг сабабларини ўрганиши ортидан ҳукуматнинг назоратига тушиб қолган, онасининг ёлғиз бўлган Улуғбек бошқа фаоллар сингари Онасини, оиласини ва Она Ватанини тарк этишга мажбур бўлди, ватандан бадарға қилинди. Улуғбекни Норвегиядан сиёсий қочқинлик мақоми олганлигини, ўз фаолиятини давом эттириб, мени ва бошқа сиёсий маҳкумларни озодликларимиз учун курашини давом эттирганини қамоқдан озод бўлганимдан кейин билдим.
Улуғбек билан 2008 йилда, мени 970 кунлик қамоқдан озод бўлганимдан кейингина топишдик. У мени қидириб топиб, қўнғироқ қилди ва диктатура режимига бўйин эгмасдан, қамоқда ҳам ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида курашимни давом эттирганим кўпчилик учун ўрнак бўлганини айтиб, зиндондан озод бўлганим билан қутлади.
2009 йилнинг март ойида Америкага Америка Давлат Депортаментининг “Жасоратли аёл” халқаро мукофотини олиш учун сафар қилган чоғимда Улуғбек “Ҳаракат” сайти учун мени тақдиримга алоқадор иккита махсус мақолалар тайёрлаб, эълон қилди.
Шунда мен Улуғбекни журналист сифатида қайноқ вазиятни илғаб олиш қобилиятини яна бир бора хис қилдим. Чунки Улуғбек турли учрашувлардан чарчаб, хориб мехмонхонага қайтиб, дам олиш илинжида бўлган инсонни ўз ўтмишини эслашга, хотиралари билан ўртоқлашишга мажбур қила олди. Мажбур қилдики, у мени хотираларимни уйғотди, уларни сидқидилдан ўртоқлашишимга эришди.
Кейинчалик Ризо Обид бошчилик қиладиган “Замондош” сайтида фаолият юрита бошлаган Улуғбек ўзбек миллатининг фахри бўлмиш зиёлилар, олимлар, санъат, сиёсат ва жамоатчилик арбоблари билан жонли сухбатлар уюштира бошлади.
Шу паллаларда Улуғбек алоқага чиқиб, мен билан ҳам сухбат қилмоқчилигини айтганида, мен уни жуда хурмат қилишимни, агар ўзи мустақил майдон ташкил қилиб, сухбатга чорласа у билан ҳамкорлик қилишга доимо тайёр эканлигимни, лекин Ризо Обидга қарашли сайт билан умуман ҳамкорлик қилмаслигимни айтиб, узримни айтишга мажбур бўлгандим.
Тўғри ўша пайтда Улуғбекни мустақил тарзда журналистик фаолиятини юритиш имконияти йўқ эди. Унинг “Замондош” сайти орқали нафақат дилдор сухбатлар, балким Ўш фожиаларига алоқадор туркум видео лавҳалар қилиб, Қирғизистонда ўзбек миллати вакилларига нисбатан содир этилган инсониятга қарши жиноят содир этилганига қарши кескин курашини олиб борди.
2013 йилнинг март ойида Женевада бўлиб ўтадиган Инсон ҳуқуқлари бўйича жахон кинофестивалида иштирок этгани борган палламда собиқ диктатор Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримованинг кошонасига ташриф буюрганим ортидан унинг Женева полициясига берган шикояти ортидан мени полиция қидира бошлагани ҳақидаги хабар тарқалганига ҳеч қанча вақт ўтмай Улуғбек мендан хавотирланиб қўнғироқ қилди ва менга қандай ёрдам бера олиши мумкинлигини сўради. Бошингга ташвиш тушганида яқин дўстларинг сендан юз ўгирган паллада сен юз ўгирган инсон сенга ёрдам қўлини чўзишга тайёрлигини айтиши ҳам бир жасоратдир аслида.
Улуғбек билан бизни яқиндан ҳамкорлигимиз 2015 йилнинг январь ойига тўғри келди. Ўзбекистонда Президентлик сайловлари бошланиш арафасида бизга маълум бўлдики Диктатор Ислом Каримов тўртинча марта ўз номзодини Ўзбекистон Республикаси Президентлигига қўймоқчи экан. Унинг ўз номзодини тўртинча марта қўйиши ғайриқонуний бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 90 моддасига зид эди.
Ўзбекистондаги сайловларнинг эркин эмаслиги ва диктатор Каримовнинг бу жиноий қилмишидан дунё жамоатчилиги хабардор бўлишини ният қилиб, биз – Ўзбекистон демократик фуқаролик жамияти фаоллари Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Виртуал сайлов кампанияси ўтказишга қарор қилдик ва Виртуал сайлов комиссиясини тузишга киришдик.
Айни шу паллада мен Виртуал сайлов комиссиясининг раиси сифатида Улуғбек Бакирга комиссиянинг матбуот котиби вазифасини бажаришни, яъни бизлар билан бирга мана шу кампанияда иштирок этишини сўраб, таклиф қилдим. Улуғбек иккиланиб ўтирмасдан менинг таклифимни жон дили билан қабул қилди.
2015 йилнинг январь ойидан март ойи якунигача давом этган бу кампания натижаси кутилганидан зиёда бўлди. Дунё бўйича ўзбек диктаторининг қонунга зид равишда тахтни бўшатмаслик учун қилган қилмишига қарши фаолларнинг исёни тарих зарвароқларига киритилди.
Бу жараёнда бизларга қилинмаган хужумни тури қолмади, бир қарасанг виртуал сайлов комиссиясининг электрон почтасига хужум қиладилар, бир қарасанг виртуал сайлов комиссиясининг сайтини порносайтга айлантирадилар. Бундай хужумлар нафақат Ўзбекистон ҳукумати томонидан, балким ўзини диктатор Каримов режимига мухолифат дея атовчи кимсалар томонидан ҳам тинимсиз равишда уюштириб борилди.
Айнан мана шу палла биз фаоллар учун синов даври бўлди ва бундай синовлар бизларни бир куч сифатида майдонда қолиб курашимизни биргаликда давом эттиришимизга олиб келди. Масалан, ушбу виртуал сайлов кампанияси олиб боришимизни биров сўрагани йўқ, демократия ғояларини қўллаб қувватловчи, молияловчи халқаро институтлар ҳам бизларни қўллагани, молиялагани йўқ. Лекин бизлар кечаю кундуз тиним билмай виртуал сайлов кампаниясини олиб бордик. Бугун кечқурун виртуал сайлов комиссиясининг сайти йўқ қилинса бизлар кечаси билан янгитдан сайт очиб, шу сайтга виртуал сайлов кампаниясига алоқадор барча материалларни юклаймиз, эрталаб қарасангиз виртуал сайлов комиссиясининг сайти яна ишлаб турибди.
Виртуал сайлов комиссиясининг матбуот котиби сифатида виртуал президентликка номзодлар билан ишлашда Улуғбекни ёлғонга, мунофиқликка сабрсизлиги, шу билан биргаликда дипломатлиги, ҳар қандай характерли инсонлар билан тил топиша олиш қирралари янада ёрқинроқ намоён бўлди жамоатчиликка.
Виртуал сайлов кампаниясидан кейин бизлар тарқалиб кетмадик Виртуал сайлов комиссияси базасида Ўзбекистон фуқаролик жамияти “Муқобил Ўзбекистон” мувофиқлаштириш Кенгаши тузиб, Улуғбек Бакир, Муҳаммадсолиҳ Абутов ва бошқа фаоллар билан фаолиятимизни давом эттирдик.
Айнан 2015 йилнинг май ойида 2005 йил май ойидаги Андижон фожиасининг 10 йиллигига бағишлаб бизлар Улуғбек билан “Қонли Андижонга 10 йил” номли кампания бошладик. Бу кампаниямиз Ўзбекистон телеканалида Улуғбек ва менга қарши телекўрсатув қилиш ва у ерда бизларни “ватан хоини” дея талқин қилиш, Улуғбек билан мени қизим ва уни турмуш ўртоғини Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан маҳрум қилиш билан (мени 2014 йилда маҳрум қилгандилар фуқароликдан) якунланди.
Бизлар эса Улуғбек билан биргаликда “Қонли Андижонга 10 йил” бир ойлик кампаниямизни шиддат билан давом эттирдик. Европарламентда чиқишлар қилдик, Францияда мени набираларим, кичик ҳуқуқ ҳимоячилари Зебо, Юсуф ва Мадиналар иштирокида норозилик акцияси ташкил қилдик.
Натижада хукумат махсус хизматлари ўзини Андижондаги норозилик акциялари ташкилотчиларидан бири Қобил Парпиевнинг ўғли Жахонгир деб таништирган йигитни “Озодлик” радиосига чиқиб, “Андижон фожиасини унутишга йўл бермаётган Мўътабар Тожибоевани, Улуғбек Бакирни ва Муҳаммадсолиҳ Абутовни халқаро судга бераман” деб тахдид қилишигача етиб борди.
2015 йилда Улуғбек “Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотига аъзо бўлиб кирди ва ташкилотнинг бошқарув кенгаши аъзолигига қабул қилинди.
2016 йилнинг 16 январь куни эса Улуғбек “Ўтюраклар Клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти ҳамда Ўзбекистон фуқаролик жамияти «Муқобил Ўзбекистон» мувофиқлаштириш Кенгаши томонидан асос солинган «Туғён» радиосини муҳаррири сифатида фаолиятини бошлади.
Улуғбек ушбу радиони бошқарар экан, инсон ҳуқуқи муаммолари, қийноқлар, сўз ва фикр эркинлиги, адолатсиз судловлар, фуқаролик жамиятида юзага келган муаммолар ҳақида баралла гапиришдан асло чўчимади. Бугунги кунда халқаро матбуотлар вакиллари бўлмиш журналистлар тарафкашлик позицияда туриб олган бир пайтларида Улуғбек журналистика қонун қоидаларига қандай амал қилиш кераклигини бу журналистларга ўрнак қилар даражада профессионал эшиттиришлар тайёрлади.
2016 йилнинг август ойида Жанубий Африкада бўлиб ўтган Инсон ҳуқуқлари халқаро Федерацияси (FIDH)нинг навбатдаги Конгерессида иштирок этган Улуғбек нафақат Ўзбекистондаги сиёсий махкумлар тақдирига Конгресс иштироқчилари эътиборини қаратишга эришди, балким ўзининг қатъиятлилиги билан Ўзбекистондаги сиёсий маҳкумлар ҳимоясига бағишланган фотокўргазма ташкил этишга ҳам эришди.
“Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти кир пуллар ювиш билан шуғулланувчи “ҳуқуқ фаоллари” ва уларни раҳнамолари, ҳомийларини танқид қилиши ортидан қора рўйхатга туширилгани, ташкилотни фаолиятини буткул тўхтатиш мақсадида қора рўйхатга киритилиб, буткул молияланмасдан қўйилгани сабаб бошқа ташаббуслар каби бир йил фаолият юритган “Туғён” радиоси ҳам ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлди.
Лекин Улуғбек Бакир миллатимиз жонкуярлари тақдирига эътибор қаратиб, уларни тарихларини жамоатчиликка етказиш иштиёқи асло сўнмади. У миллатимиз фахри бўлмиш азиз инсонлар фаолиятига, тақдирига бағишланган, таваллуд айёмларига аталган махсус дастурларни Зиёнур студияси билан биргаликда давом эттирмоқда, тарих сахифаларига мухрламоқда. Халқимиз ардоғидаги таниқли журналист Лола Хатамовани миллатимизга қайтариб берган ҳам Улуғбек Бакир бўлади…
Улуғбек ҳақида ҳар қанча ёзсак арзийди. Лекин мен бугунги Улуғбек Бакирни таваллуд айёмига бағишлаб қоралаётган табригимни бежизга “Қаторингда норинг бордир, йиғлама!” деб атамадим.
Мени қамоққа олиб, қийноқларда тутганларида мени ҳимоям учун курашган ва Европадалик фаолиятимга яқиндан кўмакдош бўлган баъзи бир халқаро ташкилотлар ва жамғармаларнинг вакилларининг кир пуллар ювишдек коррупция жиноятларидан хабардор бўлгач, инсон ҳуқуқи дея аталмиш муқаддас ғояга доғ тушираётган бундайларни жиноий қилмишларга қарши ўз муносабатимни билдирдим ва уларга қарши курашимни бошладим.
Мана шу курашим жараёнида ўзимга яқин бўлган қанчадан қанча сафдошларим мендан ўзларини олиб қочдилар. Бир пайтлар даврани тўрисини мендан ўзгага раво кўрмайдиган халқаро ташкилотлар вакиллари мени борлигимни унутишга бел боғладилар.
2015 йилдан авж пардага чиққан кураш жараёнимда баъзи бир дунё тан олган халқаро ташкилотлар ва жамғармалар вакилларининг жиноий қилмишлари диктатура режимларининг қилмишларидан асло фарқ қилмаслигини гувоҳи бўлдим. Бу халқаро ташкилотлар вакиллари қари ва ногиронларга тувак тутиб тирикчилик қилгувчи, суюқоёқ аёллардан “ҳуқуқ фаоли” яратиб, уларни биз фаолларга қарши қоралов кампанияси бошлашга ташлаган бўлсалар, демократия ғояларини қўллаб қувватловчи, молияловчи жамғармалар менга, оила аъзоларимга қарши туҳмат видео лавҳалар тайёрлашни молияладилар.
Ҳақиқат, адолат учун кураш авж паллага чиққан бир паллада “мухолифат”дан тортиб “журналист”ларгача, “ҳуқуқ фаоллари”дан тортиб ЖОСУСларгача менга қарши узлуксиз хужум қилаётганларида мен дўстларим ва душманларим кимлигини, ким лоқайду, ким қўрқоқлигини билиб олдим. Бир сўз билан айтганда дўстларимни саралашга менда имконият туғилди.
6 июнь куни Парижда Надежда Атаеванинг менга қарши берган даъво аризаси бўйича суд жараёни бошланиш арафасида Улуғбек мен билан тўғридан тўғри эфирда сухбат уюштирди. Ўзбекистонликлар ҳаётига алоқадор Париж суди ҳақида на Озодлик, на Америка Овози, на ББС радиоларининг ўзбек хизматлари журналистлари лом мим демай турган бир пайтда Улуғбекнинг бу мавзу ҳақида сухбат қилишидан жахли чиққан оломон биларга қарши ғалаён кўтардилар ва фесбокка жойланган видеолавҳа тагида муносабатдан кўра кўпроқ ҳақоратлар, камситишлар тўлиб кетди.
Айни шу пайтда Улуғбек менинг ҳимоям учун ўзини қалқон қилиб ўртага чиқди, менинг Ўзбекистондаги оғир вазиятда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида тортган азобларим, босимларни баён қилиб, бугунги кунда менга тош отаётган эркаклар аввало мен аёлни қилган ишларини юздан бирини амалга оширишларини, ана ундан кейингина менга тош отишга, туҳматлар қилишга хақли эканликларини баралла ёзиб чиқди.
Шундан кейингина оломон тинчланди, нафақат ўша видеолавха тагига ёзмадилар, балким шундан кейин мени номимни булғаб ёзувчилар кескин камайдилар.
Қамоқдалик пайтимда мени озодлигим учун курашгани учун укам Расулжонни машинага тиқиб, кимсасиз адирга олиб чиқиб, пешонасига тўппонча ўқталиб, мени ҳимоям учун ҳаракатларини тўхтатмагани учун шу ерда мурдаси оч итларга ем бўлишини айтиб қўрқитмоқчи бўлганларида Расулжон “Буғдойзорни оралаб опасини кўргани борган укага гуноҳ ёзилмас экан, мен ўз опамни ҳимояси учун ўлимга тайёрман” деган экан.
Мен Расулжон укамни мана шу жасорати учун қанчалар қадрласам, Улуғбекни ҳам мана шундай қадрлайман. Чунки Улуғбек айтганидек бир пайтлар мен билан мулоқот қилиш, мендан интервью олиш учун навбатда турганлар бугун бошимга кулфатлар ёғдириш илинжида ёнаётган пайтларида Улуғбек сингари мард укалар, маслакдошлар бошим атрофида ўрмаган бу қора қузғунларни хайдадилар, мени ёлғиз эмаслигим ҳақида баралла хайқирдилар…
Куни кеча эса Парижда бўлган суд жараёнида ўша Улуғбек билан биринчи суд арафасида қилган мухокамаларимиз Париж судялари, прокурори, менинг адвокатим ва Атаева хонимнинг адвокати ўртасида қайтадан мухокама қилинди.
Мен бошимга синов тушган паллада ўзини четга олган, ёки пана пастқамдан туриб тош отган, менга кўмак бериш имкони бўла туриб лоқайдлик қилган собиқ дўстларимни кечаги газета деб атайман, яъни жойи фақатгина ахлат қутида бўлган кечаги газета.
Улуғбеклар бор экан, “кечаги газета”ларга тарсаки, дўстларга садоқат рамзи сифатида ўрнак бўлаверадилар!
Улуғбек сингари қаторимда норларим бор экан кўзимдан ёш оқмайди. Улуғбекни менинг қаторимдаги норим, уни қавс остида “устозим” дедим, ҳақиқатан хам у ўзидан катталарга ҳам бемалол устозлик қила оладиган, маслахатлар бериб, йўл йўриқ кўрсата оладиган даражада иқтидорли журналист, ҳуқуқ фаоли.
Улуғбек укажон!
Сизни таваллуд айёмингизда Сиздек фарзандни туғиб, ўстириб, вояга етказган, ёлғизгина ўғлини дийдорига зор бўлиб эшикка термулиб ўтирган Онажонингизга рахматлар айтаман. Онажонингизга Сизни бахту иқболингизни кўриш, набиралар қуршовида ширин ҳаёт кечириш бахтига эришишлари тарафдориман! Келажақда эса Сизнинг ҳаёт йўлингиз, Ватандан йироқда туриб ҳар бир олган нафасингизда Ватан равнақи учун олиб борган фаолиятингиз ёшларга ўрнак сифатида дарсликларда ўқилишига ишонаман.
Сиз бугун сиёсий билимингизни янада ошириш илинжида Норвегия олийгоҳида ўқишга кирдингиз ва бу билан бирозгина бўлсада бизлардан, дўстларингиздан йироқлашдингиз. Бу йўқотиш бизлар учун жуда қимматга тушяпти. Лекин Ўзбекистонни келажаги учун Сиз сингари кадрлар жуда ҳам керак. Майли, ўқинг, яқин муддатларда Она Ватанимизга қайтганимизда Сизнинг билимингиз, тажрибангиз Она Ватанимиз, халқимиз равнақи учун хизмат қилади.
Бугун эса таваллуд айёмингиз қутлуғ бўлсин Улуғларнинг Улуғи, Бекларнинг Беки дейман!
Хурмат билан опангиз Мўътабар
Улуғбек Бакиров ҳақида:
Улуғбек Бакиров 1980 йил 9 сентябрда Андижон вилояти Жалақудуқ тумани Охунбобоев шаҳрида туғилган.
Охунбобоев шаҳрининг 4-ўрта мактабида 8-синфгача ўқиб, сўнгра Охунбобев шаҳридаги 1-физика-математика лицейини аъло баҳоларга тамомлаган.
Олий таълимни Андижон Давлат Университети (АДУ)нинг ўзбек филологияси факультетида олган. Иш фаолиятини дастлаб Андижон “Тараққиёт” ва Андижон Ёшлар телевидениясида мухбирликдан бошлаб, кейинроқ мактаб ва коллежларда ўқитувчи, тарбиячи, методист вазифаларида ишлаган.
Улуғбек Бакиров сиёсий фаолиятини 2001 йили 21 ёшида “Бирлик” Халқ Ҳаракати сафига келгандан кейин бошлаган.
Ҳаракатга дастлаб оддий аъзо бўлиб кирган Улуғбек, 2003 йилда мазкур Ҳаракат “Бирлик” Халқ Ҳаракати партиясига айлангандан кейин, 2006 йилгача “Бирлик” партиясининг Жалақудуқ туман бўлими раиси ўринбосари ва Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари ”Эзгулик” жамиятининг шу тумандаги раиси вазифаларида ишлаган. Ҳамда тумандаги “Исломбек” уй-жой мулкдорлари ширкати раиси вазифаларида ишлаган.
“Бирлик” ХҲП ва ЎИҲЖ “Эзгулик” сафларида фаолият кўрсатган Улуғбек Бакиров, “Фридом Хаус”, “Хьюман Райтс Вотч” каби бир қатор нуфузли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлаган. АҚШнинг Ўзбекистондаги Элчихонаси билан яқин ҳамкорликда фаолият олиб борган.
Ўзбекистон расмий ОАВда ва хориж матбуотида мақолалари билан танилган. “Озодлик”, Би-би-си, “Америка овози” радиоларида Андижондаги ижтимоий-сиёсий ва инсон ҳуқуқлари борасида мунтазам чиқиш қилиб келган.
2005 йил майида бўлиб ўтган “Андижон воқеалари”нинг дунё матбуотида ёритилишида фаоллик кўрсатган. Шу воқеалардан сўнг, 2006 йилгача У.Бакировга кўплаб тазйиқлар, таъқиблар бўлгандан кейин 2006 йил сентябрида Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган.
У.Бакиров дастлаб Бишкекда сиёсий муҳожир мақомида яшаб, бир йил мобайнида Бишкекдаги ўзбек ва қирғиз мухолифати вакиллари билан сиёсий ҳамкорликда бўлиб, ўзбек муҳожирларининг Бишкекдаги илк “Ҳижрат сарбони” номли газетасига масъул муҳаррирлик қилган.
2007 йилдан буён Норвегияда яшайди.
2003-2011 йиллар давомида “Бирлик” ХҲПнинг “Ҳаракат” Ахборот Агентлигига мухбирлик қилган.
2011 йилдан 2013 йилгача “Замондош” веб-нашри ва интернет ТВсида Бош муҳаррир, бошловчи , 2013-2014 йилларда “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракатининг веб-сайтида Бош муҳаррир вазифаларида ишлаган.
2006 йилдан буён “Туронзамин” мустақил нашрида кўплаб мақола ва шеърлари нашр қилинган.
2015 йилнинг январида хориждаги бир қатор фаоллар ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон Президентлик сайловида Виртуал Сайлов Комиссияси (ВСК)нинг Матбуот котиби вазифасида фаолият олиб борган.
Бакировнинг Виртуал Сайлов Комиссиясидаги фаолиятига Марказий Сайлов Комиссиясининг сайлов участкаларида Ўзбекистондаги Президентлик ва парламент сайловларида уч марта турли вазифаларда ишлаб орттирган тажрибалари қўл келган.
Улуғбек Бакиров шеърлар ҳам ёзиб туради. Унинг илк “Ўзбекистоним” шеъри 14 ёшида туман газетаси “Жалақудуқ ҳаёти”да нашр қилинган, вилоят телевидениесидаги Мустақиллик байрамига бағишланган махсус кўрсатувда ушбу шеърини ўқиб берган.
Ўзи таҳсил олган Охунбобоев шаҳридаги физика-математика лицейининг мадҳиясини Улуғбек 15 ёшида 1995 йилда ёзиб, танловда ғолиб бўлган. Бу мадҳия 22 йилдан буён лицей ўқувчилари томонидан куйланиб келинмоқда.
2015 йилда Улуғбек Бакиров ташаббуси билан “Андижон фожиаси”нинг 10 йиллиги муносабати билан “Қонли Андижонга 10 йил” кампанияси доирасида туркум эшиттиришлар тайёрланди. Европарламентдаги тадбирлар ҳақида қатор фильмлар тайёрланди.
2015 йил январь ойидан бошлаб, “Ўтюраклар Клуби” Инсон Ҳуқуқларини Ҳимоя қилиш Халқаро ташкилоти Бошқарув кенгаши аъзоси сифатида ташкилот Низомида кўрсатилган мақсад ва вазифаларни амалга оширишда жонбозлик кўрсатиб келади.
2016 йил январь ойидан бошлаб “Ўтюраклар Клуби” ИҲҲҚХТ ҳамда Ўзбекистон Фуқаролик Кенгаши “Муқобил Ўзбекистон” Мувофиқлаштириш Кенгаши томонидан ташкил этилган TUG’YON радиосини бошқариб, ўзбек жамиятининг оғриқ нуқталари ҳисобланмиш сиёсий ва диний маҳкумларнинг ҳамда қийноқ ва адолатсиз судлов қурбонларининг тақдирларига, Ўзбекистондаги қийноқлар ва қамоқҳоналардаги вазиятларга, дунёнинг турли бурчидаги қочқинлар ва меҳнат муҳожирларининг тақдирлари сингари муаммоларни кўтариб чиққан.
Улуғбек Бакиров бошқарган TUG’YON онлайн-радиосида 120 дан ортиқ муаллифлик дастурлари тайёрланиб эфирга узатилган. Ўтган давр мобайнида TUG’YON радиоси жами 88 соат эфирга чиққан. Шундан 75 соати Улуғбек Бакировнинг ўз муаллифлиги остидаги радиодастурлардир.
Радионинг мақсад вазифаси Ўзбекистонда демократик жамият барпо этилишига хизмат қилиш;
Мамлакатда фуқаролик жамияти ривожланишига ҳисса қўшиш;
Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ишларига кўмаклашиш;
Жамиятда сўз ва матбуот эркинлиги ўрнатилиши йўлида изланиш;
Турфа фикрли инсонларга эркин ва очиқ минбар яратиш;
Ватанимиз мустақиллиги ва озодлиги йўлида жонини фидо қилган юртдошларимиз ҳамда диктатура зулми остида қурбон бўлган ватандошларимизнинг хотирасини ёдга олиш;
Сиёсий ва диний маҳкумлар, қийноқ қурбонлари ва адолатсиз судлов қурбонлари, қочқинлар тақдирига кенг жамоатчилик эътиборини қаратиш;
Турли сабабларга кўра, хорижда яшаб, ишлаётган ҳамюртларимизнинг, шу жумладан, меҳнат муҳожирларининг бугунги ҳаётини ўрганиш;
Ёшлар ҳаётига назар солиш;
Ҳуқуқий ва сиёсий соҳага оид маълумотларни тақдим этиб бориш;
Маънавият ва маърифат, сиёсат ва иқтисод, тарих ҳамда адабиёт, санъат ва маданият, адлия ҳамда ҳуқуқ тартибот, маориф ва соғлиқни сақлаш каби бир қатор соҳаларга оид туркум эшиттиришлар тайёрлаб, унда асосан, фуқаролик жамияти фаоллари, мухолифат намоёндалари, давлат ва сиёсат ҳамда жамоат ва дин арбоблари, ҳуқуқ ҳимоячилари, ёзувчи ва шоирлар, журналистлар, санъаткорлар ва бошқа соҳа вакиллари ҳамда оддий радиотингловчилар билан суҳбатлар уюштиришдан иборат бўлиб кўзлангандан ортиқ даражада фаолият юритди.
Шу жараёнда инсон ҳуқуқлари фаоллари, сиёсатчилар, сиёсатшунослар, журналистлар, мухолифатчилар, фуқаролик жамияти фаоллари, диний фаоллар, собиқ сиёсий маҳкумлар, шунингдек, афғонистонлик ва қирғизистонлик фаоллар билан интервьюлар, давра суҳбатлари ташкил қилинди ва бу дастурларда 60 дан ортиқ турли соҳа вакиллари ва сиёсий маҳкумлар яқинлари, сиёсий қатағон, қийноқ қурбонлари ва уларнинг яқинлари иштирок этдилар.
Улуғбек Бакиров Ziyo Nur интерет-студиясига 2013 йил февралида асос солган. Унга Бош муҳаррирлик қилади. TUG’YON радиоси ва Ziyo Nur студияси орқали миллатимиз жонкуярлари, фидойи инсонлар ҳақида фильмлар, радиодастурлар тайёрлаб эфирга узатиб келади.
Миллат фидойилари бўлмиш машҳур инсонлар тақдирига бағишланган фильмлар, радиодастурлар Ўзбекистон келажак авлодига Ватан озодлиги йўлида курашган ўз ватандошлари ҳақида етарли маълумотлар олиши учун хизмат қилишига ишонамиз!
Fikr bildirish