Рўзибой Азимий: Фуқаролиги бӯлмаган шахслар ҳамон етим қўзи каби яшамоқда!
Ӯзбекистон Республикаси фуқаро паспорти илк бор ҳаётга тадбиқ қилинган йилда миллат душмани бӯлмиш Ислом Каримов ташаббуси билан «Фуқаролиги йӯқ шахснинг Ӯзбекистонда доимий яшаш гувоҳномаси» ҳам жорий қилинган эди.
Бундай Гувоҳнома Ӯзбекистон ССРдан ташқаридаги иттифоқдош республикаларда туғилган, СССР парчаланган чоғда Ӯзбекистонда доимий яшаётганига 5 йил тӯлмаган собиқ СССР фуқароларига берилганди. Шу тариқа, норасмий манбаларга кӯра, 2 миллиондан кӯп собиқ СССР фуқаролари Ӯзбекистонда Фуқаролиги йӯқ шахсга айланганди.
Мана, Ӯзбекистон Республикаси мустақил давлатга айланганига ҳам 27 йилдан ошди, Ӯзбекистон Республикаси фуқароси паспорти ҳаётга тӯла-тӯкис жорий қилинганига эса қарийб 25 йил бӯлди. Лекин шунга қарамасдан, собиқ СССР таркибида бӯлган 15 та иттифоқдош республикалар ичида фақат Ӯзбекистон Республикасигина собиқ СССР фуқароларини сақлаб келмоқда.
Афсуски, золим Каримов нафақат мамлакатда доимий яшаётган собиқ СССР фуқароларини, яъни Фуқаролиги йӯқ шахсларни, балки ӯзбек халқининг катта қисмини қатор қийинчиликларга маҳкум қилган кӯйи бу дунёни тарк этди. Бироқ Каримов ӯлгандан кейин ҳам ер юзида йӯқ бӯлиб кетган, фақат Ӯзбекистонда қолган собиқ СССР фуқаролари, яъни Фуқаролиги йӯқ шахсларнинг катта қисмининг елкасига шамол тегмади.
Шу кунга қадар атиги бир неча юз кишига Ӯзбекистон фуқароси паспорти берилди, қолганлари эса Каримов даврида ватандош паспортига эга бӯла олмай сон-саноқсиз тӯсиқларга дуч келган ҳолда, қандай қийин аҳволда яшаган бӯлса Мирзиёев бошқаруви даврида ҳам худди шундай, таъбир жоиз бӯлса, ундан ҳам қийин аҳволда яшамоқда.
Маълум бӯлишича, Ӯзбекистондаги бошқа миллатга мансуб фуқаролиги йӯқ шахслар, жумладан, руслар, украинлар, беларуслар, молдаванлар, қозоқлар, қирғизлар, озарбайжонлар, арманлар, грузинлар, эстонлар, латишлар, литваликлар, туркманлар, тожиклар ва бошқа миллат вакиллари ҳамда Россия Федерацияси таркибига кирувчи автоном республикалар фуқаролари аллақачон Ӯзбекистонни тарк этган ва ҳеч қандай қийинчиликларсиз ӯз юртлари фуқаросига ёки фуқаролиги йӯқ шахсларни имтиёзли қабул қилган Россия фуқаросига айланган.
Бу борада, уларнинг миллати муҳим ӯрин эгаллаган. Яъни, фуқаролиги йӯқ шахсларни қабул қилувчи давлатлар, энг аввало, ӯз миллатдошларига сидқидилдан, юксак хайрихоҳлик билан ватандошлик паспортини жуда қисқа муддат ичида қӯш қӯллаб тутган. Шу тариқа улар Ӯзбекистонда бир неча йиллар яшаб, фуқаролик ололмасдан чеккан заҳматларию машаққатларини унутишга мушарраф бӯлган.
Айни пайтда Ӯзбекистонни тарк этолмаётган, Ӯзбекистонда яшаётган фуқаролиги йӯқ шахсларнинг 95-98 фоизини СССР пайтида қӯшни республикаларда туғилган ӯзбеклар, Ӯзбекистонни, шу юрт, шу заминни она ватан дея ҳисобловчи туб миллат вакиллари ташкил этади. Бироқ, шундай бӯлса-да, Мирзиёев ҳукумати фуқаролиги йӯқ шахсларга ҳамон панжа орқасидан қараб келмоқда, уларга гӯёки иккинчи навли миллат сифатида қарамоқда.
Фуқаросизларни фуқаролик билан таъминлашни чунонан пайсалга солмоқда. Агар бундай бӯлмаганда эди, ҳукмрон доира вакилларимиз биринчи навбатда асосий эътиборини худди бошқа давлатлар раҳбарларидек ӯз миллатдошларига, уларнинг ҳозирги ниҳоятда аянчли тақдирига қаратган бӯларди. Афсуски, ундай бӯлмаяпди. Натижада, айбсиз айбдор бӯлмиш фуқаролиги йӯқ шахслар ӯз юртида етим қӯзи кӯйида яшашга, ҳар хил тӯсиқларга рӯбаро келишга мажбур бӯлмоқда.
Фуқароликка қабул қилишга доир ёзилган аризаларга худди Каримов давридагидек йиллар давомида жавоб берилмаётир. Мутасадди ташкилотлар, ички ишлар органи, давлат хавфсизлиги хизмати органи ва бошқа органлар Фуқаролиги йӯқ шахсларнинг шахсини аниқлаш, хулқ-атворини аниқлаш, дунёқарашини аниқлаш, сиёсатга муносабатини аниқлаш ва бошқа алломбало «аниқлашлар» учун бир неча йилларни сарф қилмоқда.
Бунинг натижасида шу пайтгача ҳаром-хариш ичида жавлон урган ҳар хил куч ишлатар органлар шусиз ҳам тинка-мадори қуриган фуқаролиги йӯқ шахсларни адои тамом қилмоқда. Сансоларликларнинг олдингидан кӯра яна кучли авж нуқтага чиққанлиги кундан кунга равшан бӯлмоқда.
Бунга Фуқароликка қабул қилишга доир Президент номига 2016 йилнинг ноябрь ойида ёзган аризамнинг тақдирини ӯрганиш жараёнида бир неча карра амин бӯлдим.
Дастлаб, Президент номига ёзилган аризамга жавоб берилмаётгани боис Президентнинг виртуал қабулхонасига, яъни порталга шикоят хати ёздим.
Президент номига ёзилган хатга Тошкент шаҳар ИИББдан жавоб хати келгач ана шу органга мурожаат қилдим. Шикоят хатимга жавоб берган мутасадди раҳбар қабулига кириш илинжидаги ҳаракатларим зое кетди. Орган ходимлари мени ИИББ биносини яширин тарзда расмга олганликда айблаши натижасида бир кунлик умрим терговхонада ӯтди.
Бир неча терговчилар Тошкент шаҳар ИИИБнинг 4-қаватида мен билан жиддий савол-жавоб ӯтказди. Улар сумкамни тилкапора қилиб текшириш, уяли телефонимни жон-жаҳд-ла титкилаш билан чекланиб қолмасдан, икки қӯлимни бӯйнимга осилтириб деворга қаратиб қӯйган ҳолда камаримгача ечиб кийимларимдан, баданимдан алланималарнидир қидиришди.
Бу камлик қилганидек, мени ҳар хил ҳолатда расмга олишди, аммо ӯзларининг исми-шарифини бир неча марта сӯрасам ҳам ғӯддайиб жавоб беришмади. Шу тариқа фуқароликка қабул қилишга доир аризамнинг натижасини биламан деб, деярли бир кунимни Тошшаҳар ИИББда ӯтказишга мажбур бӯлдим.
Тошкент шаҳар ИИББнинг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси ҳам аризамга доир ҳар доим бир хил жавоб беришади. Улар доим «аризам айни пайтда ӯрганилаётгани, жавобини телефон орқали айтажаклари» ҳақида жавоб беришади. Аммо ҳеч қачон жавоб бермайди.
Ӯтган ойнинг 28-август куни Тошкент шаҳар ИИББнинг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш Бош бошқармасига такроран бордим. Бу сафар ҳам жавобгар шахс аризам ӯрганилаётганини айтиб, ортиқча жавоб бермасликка ҳаракат қилди. ИИББнинг МваФРББ бошлиғи Қ.А. Юлдошев қабулига кириб вазиятни айтганимдан,
Аризамга доир маълумотнома ёзиб беришларини жиддий талаб қилганимдан кейин қуйидаги билдирги хатни ёзиб берди. Аммо масъул шахс барибир менга оғзаки тарзда айтган сӯзларини, яъни аризам МХХ томонидан текширилаётганини ёзма равишда ёзиб бермади. Ӯйланиб қоласан киши, собиқ МХХ мен билан кечган жараёнлар бӯйича ҳаққоний тавсиф бера олармикан? Улар оддий халқни қӯрқитиб, бойлик орттириш асосий мақсадлари бӯлганини ошкора тан ола олармикин?
Энг муҳими, ӯзининг шундоқ ёнгинасида ӯтирган биринчи ӯринбосари Ш. Ғуломовнинг давлат мулкини талон-тарож қилиб, халққа зуғум етказиш билан шуғулланганлигини, йирик наркобаронлигини ва қӯл остидаги бошқа бир неча генералу полковникларининг ӯғирлик, товламачилик, зӯравонлик билан шуғулланганини билмаган Рустам Иноятов ва унинг жамоаси мен каби бир неча жабрдийдалар билан рӯй берган воқеа-ҳодисаларни яққол билармикин?
Ӯзи Фуқаролиги бӯлмаган шахсларга Ӯзбекистон фуқаролигини бериш учун ушбу ташкилот хулосаси сӯралиши нечоғли адолатли?!
Каримов даврида 20 йилдан зиёд Ӯзбекистон фуқароси бӯлиш илинжида яшаган фуқаролиги йӯқ шахсларни Мирзиёев яна неча йил куттираркан?
Ӯзбекларга Ӯзбекистон фуқароси паспортини ҳеч иккиланмасдан беришга амалдаги ҳукуматга нималар тӯғаноқ бӯлаётир? Афсуски, инсон зоти тушуниши қийин бӯлган воқеалар кун сайин кӯпаяётир.
Fikr bildirish