Эркин минбар: Мактаб формаси бўйича тарафларга сўз берамиз!

Таҳририятдан: Ўзбекистондаги мактаб ўқувчилари учун тасдиқланган ягона мактаб формаси мавзуси ҳамон тингани йўқ. Бизларга мактуб йўллаган инсон мактаб формаси бўйича ўзининг фикр мулохазаларини сайтимизда чоп қилишимизни сўраган. Шунингдек у ўзининг қуйидаги фикр мулохазаларига қарши бўлган томонга ҳам минбар беришимизни сўраб қолган.

Мулохазалар, музокаралар демократиянинг бир кўриниши эканлигини хисобга олган ҳолда ушбу инсоннинг мактаб формаси ҳақидаги фикр мулохазаларини жамоатчиликка тақдим қилишга қарор қилдик. Ушбу мавзуда фикр мулохазаларини билдирмоқчи бўлган инсонларга ҳам ўз фикрларини баён қилишларига имконият беришимизни эслатиб ўтамиз.

 МАКТАБ ФОРМАСИДАГИ ТАРОЗИ

Ҳамма нарсада тарози бўлиши шарт. Ўлчаб, қай томони оғир келса, ўшани қабул қилмоқ керак. Мактаб формаси масаласи айнан ўша торозуга тортилса, қандай ҳолат вужудга келади, ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Ҳозирда ижтимоий тармоқда мактаб формаси қандай бўлиши кераклиги хусусида кўп тортишувларни кузатяпмиз.

Бир тараф мактаб болалари бир хил кийимда ўқишлари лозимлигини оқласа, иккинчи тарафда кийим борасида эркинлик бўлиши кераклиги, хоҳлаганча кийинишга рухсат бериш кераклиги борасида фикрлар бор. Иккаласи ҳам ўзича жўяли фикрлаяпти ва нариги томоннинг сўзларига раддиялар бермоқда.

Мана шундай пайтда ўша тарозуни ишга солишимиз лозим. Бу тарозининг ҳам икки палласи бўлиб, бир томонига масаланинг зарарлари, иккинчи томонига фойдалари қўйилади. Қайси бири оғир келса, жамият учун қайсиниси манфаатли кўрилса, ўша тарафнинг оғирлигини қабул қилмоқ лозим бўлади.

Форманинг бир хил бўлишига қарши чиқаётган ҳар бир қалб эгаси ўзига савол бериб кўрсин: “Ўзининг ёшлиги қандай ўтган ва ўша болалиги мана шу турфа хиллиликни қандай қабул қиларди?” Жавобида қийналади, турган гап. Англаганингиздек, биз бу масалада зарардан кўра кўпроқ фойдаларини илғаяпмиз.

ОДАМ АЖРАТМАСЛИК

Урфимизу диёнатимиз одамларни ажратмасликни ўргатади. Бани Одам дунёга ялонғоч келган. Қабрга ҳам бир хил либосда олиб кетилади. Каъба қошида ҳам ҳеч кимда либос устунлиги йўқ. Бу ҳолатлар инсонга аслида “ҳаммамиз тенгмиз, бизни ажратиб турадиган жиҳатимиз тақво ва амалларимиздир” деган буюк қоидани ёдга солиб туради. Мактабдаги бир хиллик айни шунга ўхшаш ҳолатдир.

Фикру зикри ўқишда бўлиши керак бўлган даврда болакайлар бир-бирларини ажратсин десангиз, ҳар хил кийимга рухсат бериб юборинг, тамом! Боланинг кўнгли нозик бўлади, агар синфдоши яхшироқ ва буткул қиммат кийим кийиб келса, уйдагиларидан оғринади, мактабидан кўнгли қолади. Феъли айнийди. Бой синфдошини ёмон кўришга ўтади. Яхшироқ кийинган болакайнинг кўзида тенгқури паст кўрина бошлайди.

Ўсиш даврида ҳали ҳаёт ҳақида фикрлаши теран бўлмаган бу ёшдагиларни турфа либослар билан синдириб қўйишимиз турган гап. Агар айтсангизки, катта бўлганида барибир ҳар хил кийимлар кийишади-ку, жавобимиз қуйидагича бўлади: “Ақл чарҳланган, нима яхшию, нима ёмонлигини ажрата оладиган даврда бунинг зарари у қадар катта эмас. Ваҳоланки, катта ёшлиларда ҳам кийимга қараб муомала қилиш фитрати сақланиб қолганини кўряпмиз…”

ЖАМИЯТДАГИ ТЕНГЛИК БУ ТАКЛИФ

Уламолардан бири ўз китобида шундай деганди: “Бойнинг бой эканлиги билинмаслиги фожиа эмас, камбағалнинг фақирлиги билиниб қолса, жамият фасодга юришни бошлайди”. Ўзига тўқ оилаларнинг, боласига турфа хил кийимларни олиб беришга қурби етадиган оилаларнинг кўзни олғувчи намойишлари камбағалнинг дилини оғритиб қўяди, дедик юқорида.

Турган гапки, мана шундай пайтда бузилиши осонроқ кечадиган ёшдаги болакайларни бу тенгсизликдан сақлаб қолган афзалроқ. Тенглик билан баъзиларнинг камбағаллик аврати беркитилгани яхши ва табиийки, бу иш билан ўқиш жараёнида бошқалар билан “тенг кўринган” камбағалнинг боласи ўксимаслигига ва бошқалар қатори интилишига замин яратган бўламиз.

ТАРБИЯГА ТАЪСИРИ

Кимдир бу чекловни инсон ҳуқуқларининг бузилиши сифатида қабул қилар, аммо бир ҳақиқатни унутмаслигимиз керакки, бу “чеклов” ва умумийлик кўпроқ тарбия бобига ҳам тегишли. Унинг самараси кейинроқ кўринади. Бола мактабни битиргунига қадар бир хил либосда мактабга қатнаса, юқорида айтганимиз каби, бошқаларни ўзидан устун кўрмайди ҳамда ўзини паст санамайди. Бутун мактабда бир хил ҳолат ҳукмрон.

Демак, ҳалиги боланинг фикру зикри фақат ўқишда бўлади. Бугунги глобализм замонида болаларнинг миясини чалғитувчи кўпгина воситалар кашф этилиб, зарарларини яққол намойиш этаётган бир пайтда, кийимдаги рақобат, бошқалардан устунлигини кўрсатиш ва турфа хил салбий таъсирлар ортиқчалик қилса ҳам керак?!

ТОЗАЛИККА ЭЪТИБОР

Мактаб даври кийимнинг асосий ўлчови – уни тоза тутишлик. Бўлди, бошқа масалаларни аралаштирсак, болаларнинг фикратида ўзгариш юзага келади. Дунёнинг ўта тараққий давлатларида ҳам айнан мактаб формасига чеклов қўйилгани шундан бўлса керак. Ҳаммада бир хил кийим бўлса, болалар тозаликка ҳам жиддий эътибор қаратишади.

Чунки унинг кир кийим кийиб юришига баҳонасию сабаби қолмайди. Қараса, қолганларда ҳам шунақа кийим. Улар ҳам шу матодан тиктиришган. Улар тоза тутишяптию, мен нега бу ҳолатда кийиб юрибман, деган саволни беради ўзига. Табиийки, яхши маънодаги бу рақобатда инсон фитрати яхши томонга ўзгара бошлайди ва урфу маданиятимиз талаб қилганидек, жамиятимизда тоза ва чиройли кийимда юргувчи болакайлар улғайиб бораверади.

УМУМОИЛА

Ҳа, умумоиламиз. Зеро, балоғат ёшига етгунга қадар тарбия масаласи нафақат ота-онанинг, балки мактабнинг ҳам зиммасида, деб бонг урамиз-ку, тўғрими?! Келинг, шундай бўлса, оиламизда нима қилсак, жамиятимиздаги қоидаларга ҳам шуни киритайлик. Инсоф билан айтингчи, нега оилада барча фарзандимизга имкон қадар бир хил кийим олиб берамиз? Нега? Тўғри айтасиз, уларни ажратишимиз нотўғри ва тарбиясига таъсир қилиб қолишидан чўчиймиз.

Шундай экан, ҳар бир боланинг тарбиясида мактаб ҳам бир оила вазифасини бажариб берар бўлса, уйимиздаги бир хилликни ҳам мазкур даргоҳдаги кўринишига қарши чиқмайлик-да энди. Балоғат ёшига етгунга қадар уларни икки томонда ҳам фикру хаёли ўқишда ва дўстлари билан тенгҳолатликда ўсишига ёрдам берайлик. Ақли яхшини ёмондан, тозани нотозадан ажрата олмаётган пайтида уларни бир-бирларига ёв қилиб қўймайлик.

Балоғат ёшига етганидагина унга кўп масалада эркинлик берганимиз сингари кийимда ҳам шу ўлчовни қатъий ушлаб қолайлик. Ҳар ҳолда, биз капиталистик ғояларнинг маънавий ҳуружи зарарларини кўрдик, кўряпмиз-ку. …

Шу ва шунга ўхшаш кўп “тошлар” мактаб формасининг бир хил бўлиши кераклиги палласини оғир бостиради. Сизда агар мана шу аргументларга қарши жўяли фикр бўлса, бемалол баҳам кўришингиз мумкин. Фақат одоб доирасида ва мантиқий хулосалар асосида. Саломат бўлинг!

Шерзод Каримов

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.