Конституцияда кўрсатилган ҳуқуқини суд орқали ҳимоя қилмоқчи бўлган фаол 15 суткага маъмурий қамоқ жазосига тортилди!

Тўрабек Баймирзаев

ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ ЗАМОНИ ҚАТАҒОНИ ҚУРБОНЛАРИ!

Ўзбекистондаги бирин кетин содир бўлаётгани ижобий ўзгаришлардан кувониб турган бир палламизда барчанинг устидан совуқ сув сепиб юборилгандек воқеалар содир бўлди охирги хафталарда.

Бирин кейин блогерлар қамала бошлади. Уларнинг яқинлари даставвал биз ҳуқуқ ҳимоячиларига маълумотлар бера бошладилар. Кейинчалик эса босимлар кучайганидан бўлса керак бизлар билан мулоқотларга чек қўйдилар. Хаттоки Андижонлик блогернинг отаси ўғлини қамалганлиги ҳақидаги иддаони рад этишгача борди.

Дилшод Халилов

Дилшод Халилов

Наманганлик Дилшод Халилов эса «Наманганда адолатни тиклаш» жамоатчилик назорати гуруҳи вакилларига оғзаки равишда мурожаат қилиб, рамазон хайити куни вояга етмаган болаларни масжидларга киритилмаганликлари Конституция талабларига зид эканлиги ҳақида Наманган вилоят имоми Абдулхай Турсунов билан тортишиб қолгани ортидан вазияти хавфли томонга қараб кетаётгани ҳақида хабар берганди ғойиб бўлишидан бир неча кун аввал.

Худди шундай пайтда, яъни 27 август кунигача Наманганлик Тўрабек Баймирзаев мен билан «Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузадиган хатти ҳаракатлар ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш ҳақидаги Қонун»га биноан фуқароларнинг Конституцияда кўрсатиб ўтилган диний ва эътиқод эркинлиги моддаларида кўрсатилган ҳуқуқларидан фойдаланишдаги муаммолар юзасидан судга даъво ариза киритиш бўйича мен билан мулоқот олиб борганди. Чунки 28 август судга даъво аризасини топшириши керак эди.

Тўрабек Баймирзаев Наманган шаҳар ИИБ ходимларининг ғайриқонуний хатти ҳаракатлари устидан Наманган шахар Маъмурий судига шикоят аризаси топширган экан. Аслида Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судига даъво аризаси киритиши керак эди қонун бўйича.

Тўрабек Баймирзаев билан биргаликда вояга етмаган фарзандларининг Рамазон, Қурбон хайити, шунингдек жума кунлари масжидга кириб, ибодат қилишларига тўсқинлик қилган Наманган шахар Ички Ишлар бўлимининг бир нечта ходимлари, шунингдек бу ходимларнинг ғайриқонуний қилмишларига чора кўришни сўраб қилган мурожаатига қониқарли жавоб бермасдан, фуқароларни ҳуқуқларини бузишни давом этган Наманган шахар ИИБ ҳамда унинг рахбариятини судга беришга даъво аризани тайёрладик.

Даъво ариза тайёр бўлиб, якуний текширувни қилаётган палламизда Тўрабек Баймирзаев тўсатдан ғойиб бўлиб қолди фесбок тармоғида. Мен уни даъво аризани судга тақдим қилишдан чўчигани учун тармоқдан чиқиб кетди шекилли деб гумон қилдим. 

Лекин айни шу пайтда Наманган шахар ИИБ ходимларининг қонунга зид хатти ҳаракатлари устидан шикоят ариза топширган Тўрабек Баймирзаевни айнан мана шу маъмурий суди судьялари қонунга зид равишда 15 суткага маъмурий қамоқ жазосига тортган эканлар.

Тўрабек Баймирзаевни изсиз ғойиб бўлгани ортидан мониторинг олиб борган «Наманганда адолатни ўрнатиш» Жамоатчилик назорати гуруҳи раҳбари, ҳуқуқшунос Сайидайюб Ҳасановнинг аниқлашича Тўрабекни 27 август куни ўзи яшаб турган кўчасидан тутиб олиб кетишган экан.

Демак, бизлар диктатор Ислом Каримов замони қатағонларини реабилитация қилиш талабини Мирзиёевдан талаб қилиб турган бир палламизда Мирзиёев замони қатағони қурбонлари сони ҳам салмоқли тус ола бошлади.

Август ойи ичида турли сохта айбловлар билан маъмурий қамоқ жазосига тортилган блогерлар ва бошқа ўз ҳуқуқини қонун доирасида тиклашга ҳаракат қилган фаолларнинг ҳуқуқбузарлик даражалари қай миқдордаю, бу «ҳуқуқбузарлар»ни жазолаган қонун «ҳимоячилари»нинг даъвоси қанчалик тўғрилиги ҳақида сайтимиз ўқувчилари тушунчага эга бўлишлари учун 27 август кунги Тўрабек Баймирзаев ва биргаликда тайёрлаганимиз «Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузадиган хатти ҳаракатлар ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш ҳақида»ги Қонунга асосан Наманган туманлараро фуқаролик судига тайёрланган даъво аризани Сиз азизларга тақди қилишга қарор қилдик.

Мўътабар Тожибоева

 

Наманган туманлараро фуқаролик судига

Даъвогар: Боймирзаев Тўра – Наманган шаҳар,  Чаманзор маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи

Вояга етмаган даъвогар (2004 йилда туғилган) Жўраев Жахонгир вакили Боймирзаев Тўра – Наманган шаҳар Чаманзор маҳалла фуқаролар йиғинида яшайди

Вояга етмаган даъвогар (2006 йилда туғилган) Жўраев Муҳаммад Али вакили Боймирзаев Тўра – Наманган шаҳар Чаманзор маҳалла фуқаролар йиғинида яшайди

Жавобгар: Наманган шаҳар Номруд кўчаси 234 уйда жойлашган Наманган шаҳар ИИБ;

Жавобгар: Жумаев Нозим – Наманган шахар ИИБ худуд профилактика нозири, милиция лейнетанти; 

Жавобгар:  Собитов Темур – Наманган шаҳар ИИБнинг 1 июнь кунги навбатчилик бўлими бошлиғи;

Жавобгар: Аҳмедов – Наманган шаҳар ИИБнинг 21 август кунги навбатчилик бўлими бошлиғи; 

Жавобгар: Жўраев Хайрулло – Наманган шаҳар ИИБ вакили.

ДАЪВО АРИЗА

(Жавобгарлар Наманган ИИБ, унинг ходимлари худуд профилактика нозири, милиция лейтенанти Жумаев Нозим Назиржоновични, ИИБ милиция майори Хайрулло Жўраевни, ИИБ навбатчилик бўлими вакили Собитов Темурни, навбатчилик бўлими вакили Аҳмедовни ҳамда ўзини танишнитишни истамаган милиция ходимларини содир қилган қилмишларини фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузадиган ҳатти харакатлар деб топиш ҳақида)

Ушбу даъво аризани ёзишимиздан мақсад шуки, бизнинг Инсон ҳуқуқлари Умумжахон Декларациясида, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро Пактда, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Процессуал Кодексида кўрсатилган ҳуқуқ ва эркинликларимиз юқорида номлари санаб ўтилган Наманган шаҳар ИИБ ва унга тобе бўлган ходимлари Жумев Нозим, Собитов Темур, Аҳмедов ва Жўраев Ҳайруллолар ва ўзини таништиришни истамаган бир нечта милиция ходимлари томонидан бузилди.

2018 йилнинг биринчи июнь куни тонгда вояга етмаган фарзандларим – 2004 йилда туғилган Жўраев Жахонгир, 2006 йилда туғилган Жўраев Муҳаммад Али билан биргаликда Муқаддас Рамазон ҳайити намозини ўқиш, ибодат қилиш мақсадида Наманган шаҳар Чаманзор МФЙда жойлашган Имом Ал-Бухорий номли масжидга бордик.

Биз масжидга борганимизда масжид дарвозаси олдида туриб олган ўзини худуд профилактика нозири лейтенант Жумаев Нозим Назиржонович  деб таништирган Наманган шаҳар ИИБ ходими мени ва фарзандларимни конституцион ҳуқуқ ва эркинликларимизни бузиб, фарзандларимни масжидга киришларига тўсқинлик қилди.

Ундан хизмат гувоҳномасини кўрсатишини ва болаларни масжидга қўймаслигига сабаб бўладиган асосни бизга тақдим қилишини, ёки тушунтириб беришини талаб қилганимизда у хозирда хизмат вазифасини бажараётанлигини рўкач қилиб хизмат гувоҳномасини кўрсатишдан бош тортди. Бундан ташқари айнан қайси қонуннинг қайси моддасига асосан вояга етмаган ёшларни масжидга киритилмаслигини ҳам изоҳлаб бермади.

Нозим Жумаев масжидга нафақат мени фарзандларимни, балким оталари ва боболари билан Хайит намозида иштирок этиб, ибодат қилиш мақсадида келаётган бошқа болаларни ҳам киритмади.

Ушбу тўсқинлик ҳатти ҳаракатлари масжидга ибодат қилиш учун келаётган шахсларнинг кўриниши ёш болаларга ўхшаганларга физуал ташқи бахо бериб, уларни аниқ ёшини сўрамасдан диний даргоҳга ибодат қилиш учун киритмади. Унинг бу ғайриқонуний хатти харакатларидан нафақат фарзандларини, набираларини масжидга олиб келаётган оталар ва боболар, балким бошқалар ҳам норози бўлдилар ва милиция ходимларининг динга нисбатан нафратлари ҳамон тарқаб кетмаганлигини очиқ ошкора танқид қилдилар.

Ушбу холат юзасидан дарҳол Наманган шаҳар ИИБнинг 2271007 телефон рақамига қўнғироқ қилиб, ўзини ички ишлар бўлими навбатчиси деб таништирган шахсга мени ва фарзандларимни халқаро қонунларда ва бош қомусимиз хисобланмиш Конституцияда кўрсатиб ўтилган ҳуқуқ ва эркинликларимизни Наманган шаҳар ИИБ худуд профилактика нозири, милиция лейтенанти Жумаев Нозим томонидан бузилганлигии маълум қилдим.

Навбатчи мени қонуний талабларимни қаноатлантира олмади ва Ички Ишлар бошқармаси навбатчига, 2280880 телефон рақамига қўнғироқ қилишимни айтди. Мен берилган телефон рақамга қўнғироқ қилдим. Телефонни кўтарган ва ўзини Наманган шаҳар ИИБ ходими Темур Собитов деган ходимига ҳам юқорида санаб ўтган важларимни такрорладим.

Унга милиция лейтенанти Жумаев Нозим бизни конституцион ҳуқуқ ва эркинликларимизни бузадиган ҳатти харакатлар содир этгани, вояга етмаган фарзандларимни бизлар бобоси ва отаси билан биргаликда жамоат бўлиб Хайит намози ўқишлари учун Масжидга келганларида киритмаганлигини айтиб, лейтенантнинг бу ғайриқонуний ҳатти харакатларига чек қўйишларини талаб қилдим.

Темур Собитов менинг фарзандларим ёшини сўраганида мен унга фарзандларимни  каттасини ёши 14да, иккинчисини ёши эса 12 да эканлигини айтдим.

Шунда Собитов қонунга асосан вояга етмаган шахсларни масжидга киритиш мумкин эмаслигини таъкидлади ва Нозим Жумаевнинг ғайриқонуний хатти харакатларини олдини олмади.

Лекин айнан қайси қонунга биноан вояга етмаганларни масжидги киритилиши таъқиқланганлигини тушунтириб беришини қилган талабимизни қаноатлантирмасдан у ҳам мени ва фарзандларимни ҳуқуқ ва эркинликларимизни бузадиган ҳатти харакатлар қила бошлади.

Мамлакатни асосий қисми мусулмонлардан ташкил топган Ўзбекистонда ёш авлод вакилларини бир йилда икки марта бўладиган Рамазон Хайити ва Қурбон ҳайити намозларини жамоа бўлиб ўқиш ҳуқуқларидан маҳрум қилинаётганига гувоҳ бўлдим.

Худди шунингдек жума кунлари бўладиган жума намозига ҳам вояга етмаган болаларни қўйилмаслик холатлари такрорланмоқда. Масалан 15 июнь куни вояга етмаган фарзандларим – 2004 йилда туғилган Жўраев Жахонгир, 2006 йилда туғилган Жўраев Муҳаммад Али билан биргаликда жума намозини ўқиш, ибодат қилиш мақсадида Наманган шаҳар Чаманзор МФЙда жойлашган Имом Ал-Бухорий номли масжидга бордик.

У ерда ўтган сафаргидек худуд профилактика нозири Нозим Жумаев вояга етмаган болаларни жума намози ўқиш учун масжидга киришларига тўсқинлик қилиб, уларни хайдаш билан банд эди. Мен Жумаевга бу қилаётган хатти харакатлари ғайриқонуний эканлиги ва бу болаларнинг халқаро қонунларда ва Конституцияда кўрсатиб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликларини бузаётганлигини уқтирдим. У эса менинг гапларимга қулоқ солмасдан болаларни хайдашда давом этаверди. Унинг бу ғайриқонуний хатти харакатларини кўриб турган, масжидга намоз ўқиш учун кираётганлар ўз эътирозларини билдира бошладилар.

Менинг Нозим Жумаевдан бу қилмишларига асос бўладиган қонунни бизга кўрсатишини ёки тушунтиришини талаб қилганим қонуний ҳуқуқимдан фойдаланишимга тўсқинли қилгани учун Наманган вилоят ИИБга телефон қилиб вазиятни тушунтирмоқчи бўлдим. 

Масжид олдида содир бўлаётган воқеадан норозилик билдириб қаергадир телефон қилиб шикоят қилаётганимни кўрган бошқа бир милиция майори менинг ёнимга келди ва бу ердан кетишимни талаб қила бошлади. Мен кетмаслигимни, қайси қонунга асосан бундай хатти харакатлар қилаётганларини тушунтириб беришмагунча кетмаслигимни айтдим. Шунда ўзини таништирмаган бу милиция ходими мени қўлимдан тортиб судрай бошлади. Мен ундан қўлини тортишини, менга нисбатан содир қилаётган бу қилмиши қонунбузарлик эканлигини таъкидладим.

Шунда у мени «Чаманзор» МФЙ идорасига етаклаб олиб кирди ва мен билан шу ерда гаплашишини айтди. Бизлар билан бирга МФЙ идорасига тахминан 35 40 ёшлардаги ўзини терроризмга қарши курашиш бўлими ходими дея таништирган бир милицонер ҳам кирди.

Мени маҳалла идорасига етаклаб олиб кирган милиция ходимига ўзини таништиришини талаб қилсам мени бу қонуний талабимни бажармади.

Масжидга вояга етмаган болаларни киритилмаслиги сабабини тушунтириб беришини талаб қилганимда эса болаларни масжидга киритилмаслигини асосий сабаби уларни масжидда сийиб қўяётганликлариэа эканлигини уқтира кетди. Мен унга бу келтираётган важи хеч бир мантиққа тўғри келмаслигини айтдим ва бир вароқ қоғоз беришини талаб қилдим ва бу милиция ходимларининг хатти харакатлари ғайриқонунийлиги ҳақидаги расмий эътирозимни аризада ёзиб беришимни айтдим. У эса хеч қандай ариза қабул қилмаслигини айтиб, мени қонуний талабларимни бажармади. Шундан кейин яна такроран ўзини таништиришини талаб қилганимда ўзини милиция майори Жўраев Хайрулло эканлигини айтди.

2018 йилнинг 21 август куни тонгда 1944 йилда туғилган отам Жўра Боймирзаев ҳамда фарзандларим – 2004 йилда туғилган Жўраев Жахонгир, 2006 йилда туғилган Жўраев Муҳаммад Али билан биргаликда Муқаддас Қурбон ҳайити намозини ўқиш, ибодат қилиш мақсадида Наманган шаҳар Чаманзор МФЙда жойлашган Имом Ал-Бухорий номли масжидга бордик.

Яна ўтган сафарги холат такрорланди. Масжиднинг кириш дарвозаси ўртасида туриб олган ИИБ ходими, маҳалла профилактика нозири Жўраев Низом бу сафар ҳам вояга етмаган ёшларни, шулар жумласидан мени фарзандларимни ҳам Масжидга кириб Муқаддас Қурбон хайити намозини жамоа бўлиб, бобоси, отаси ва бошқаларга қўшилиб ўқишларига қаттиқ қаршилик қилди.

Мен Жўраев Нозимга унинг бу ҳатти харакатлари қонунга зид эканлиги, вояга етмаган мусулмон фарзандларини масжидга киритмаслик ҳақида бирор бир қонун мавжуд эмаслигини ҳар қанча тушунтирмай у тушунишни истамади ва халқаро қонунларда, Конституцияда кўрсатиб ўтилган ҳуқуқларимизни оёқ ости қилди.

Мен фарзандларимни олиб бошқа бир Наманган шаҳар Ҳамроҳ кўчасида жойлашган Мулла Охунд масжидига бордик. Лекин у ерда ҳам икки уч нафар милиция ходимлари ва битта фуқаро кийимидаги нотаниш кимса масжидни эшиги тагига туриб олиб, Муқаддас Қурбон хайитини масжидда жамоат бўлиб ўқиш учун келаётган вояга етмаган болаларни масжидга киритмасдан хайдаб солаётганларини гувоҳи бўлдим.

Бу ердаги манзара бошқалари билан шуниси билан фарқ қилардики бу масжид ёнидаги фуқаро кийимидаги ўзини таништирмаган кимса милиционерларга болаларни масжидга яқинлаштирманглар, қўйманглар деб буйруқни берар, милиционерлар эса унинг буйруғига сўзсиз итоат этардилар.

Мен болаларни масжидга киритмай қувиб солаётган милиционерлардан ҳам, фуқаро кийимидаги буйруқбозлик қилаётган кимсадан ҳам ўзларини таништиришларини ва қайси қонунга биноан болаларни масжидга киритмаётганликларини изохлаб беришларини талаб қилдим. Шунингдек уларга бу содир қилаётган қилмишлари фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузадиган хатти харакатлар сирасига киришини уқтириб ўтдим. Лекин улар мени сўзларимга эътибор ҳам бермадилар, ўзларини таништирмадилар ҳам.

Мен ушбу манзарани кўрганимдан кейин дарҳол Наманган шаҳар ИИБ навбатчилик қисмидаги 2270880 телефон рақамига қўнғироқ қилиб, Ички ишлар бўлими ходими, худуд профилктика нозири Жўраев Нозим ва Мулла Охунд масжиди ёнидаги ўзини таништирмаган милиция ходимлари ва фуқаро кийимидаги кимсалар бизни ҳуқуқ ва эркинликларимизни бузаётганликлари, вояга етмаган фарзандларимизни масжидга қўймаётганликларидан шикоят қилдим.

Бироздан кейин мени мобил телефонимга 2272363 телефон рақамидан қўнғироқ килиб, ўзини Наманган шаҳар ИИБ вакили Аҳмедов деб таништирган шахс мени хозир айни вақтда қаерда турганимни сўради. Мен Наманган шаҳар Ҳамроҳ кўчасида жойлашган Мулла Охунд масжиди ёнида эканлигимни ва бу ерда ҳам масжидга фарзандларим билан қўйишмаётганини айтдим.

Мен Аҳмедовга Наманган шаҳар ИИБ раҳбарияти милиция ходимлари лейтенант Жўраев Нозимни 1 июнь ва 15 июнь кунги ҳамда милиция майори Хайрулло Жўраевни 15 июнь кунги  ғайриқонуний ҳатти харакатлари устидан қилган шикоятим юзасидан уларга нисбатан интизомий чора кўрилганида ёки вояга етмаганларни масжидга қўймаслик ҳақида ҳеч қандай қонун мавжуд эмаслигини тушунтирганларида эди улар ғайриқонуний хатти харакатларини давом эттирмаган бўлишларини тушунтирдим.

1 июнь ва 15 июнь кунги ғайриқонуний хатти харакатлари учун қонуний чора олмаган милиция ходимлари 21 август Муқаддас Қурбон хайити куни ҳам яна биз мусулмонларни ҳуқуқ ва эркинликларимизни бузадиган хатти харакатлар содир қилаётганларини, ўз вақтида тўхтатилмаган қонун бузилиши кейинги қонунбузилишларга олиб келаётганини айтиб, ўз норозилигимни билдирдим.

Аҳмедов эса мени важларимга қулоқ ҳам солмади, вояга етмаганларни масжидга киритмаслик ҳақида қонун борлиги ёки йўқлиги ҳақида маълумот беришини сўраб қилган қонуний талабимни ҳам бажармади, шунчаки телефон трубкасини қўйиб қўйди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддасида «Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар» деб уқтириб ёзиб қўйилган. Наманган шаҳар ИИБ ва унинг ходимлари бўлмиш жавобгарлар мени фарзандларим олдидаги уларни комил инсонлар қилиб етиштириш, ислом динига хурмат ва эхтиромда бўлиш муқаддас Ҳайит намозларида қатнаштириб, фарзандларимни иймонли инсофли мусулмонлар бўлиб етишишларига эришиш йўлидаги мажбуриятимни бажаришга тўсқинлик қилдилар.

Қолаверса ушбу даъво аризамда номлари келтирилган жавобгарлар Наманган шаҳар ИИБ  ва унинг ходимлари менинг ва вояга етмаган фарзандларимни қуйида кўрсатиб ўтилган ҳуқуқ ва эркинликларимизни буздилар:

Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларацияси

2-моддаси

Ҳар бир инсон ирқи, тана ранги, жинси, тили, дини, сиёсий ёки бошқа эътиқодларидан, миллий ёки ижтимоий келиб чиқиши, мол-мулки, табақаси ёки бошқа ҳолатидан қатъи назар ушбу Декларацияда эълон қилинган барча ҳуқуқ ва барча эркинликка эга бўлиши зарур.

18-моддаси

Ҳар бир инсон фикр, виждон ва дин эркинлиги ҳуқуқига эга; бу ҳуқуқ ўз дини ёки эътиқодини ўзгартириш эркинлигини ва таълимотда, тоат-ибодат қилишда ва диний расм-русм ҳамда маросимларни оммавий ёки хусусий тартибда адо этиш, ўз дини ёки эътиқодига якка ўзи, шунингдек, бошқалар билан бирга амал қилиш эркинлигини ўз ичига олади.

19-моддаси

Ҳар бир инсон эътиқод эркинлиги ва уни эркин ифода қилиш ҳуқуқига эга; бу ҳуқуқ ҳеч бир тусқсиз ўз эътиқодига амал қилиш эркинлигини ҳамда ахборот ва ғояларни ҳар қандай восита билан, давлат чегараларидан қатъи назар, излаш, олиш ва тарқатиш эркинлигини ўз ичига олади.

Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар Халқаро Пакти

18-моддаси

  1. Ҳар бир инсон фикр, виждон ва дин эркинлиги ҳуқуқига эга. Ушбу ҳуқуқ ўз ихтиёри билан ўзига маъқул динни қабул қилиш ва эътиқод қилиш эркини, якка ҳолда, шунингдек бошқалар билан биргаликда, ошкора ёки хусусий тартибда ибодат қилиш, диний ва бошқа урф-одатларни ва маросимни бажариш эркини ҳам ўз ичига олади.
  1. Дин ёки эътиқод эркинлигига фақат қонун билан белгиланган ва жамоат хавфсизлигини, тартибини, саломатлиги ва ахлоқини, шунингдек бошқа шахсларнинг асосий ҳуқуқлари ва эркинликларини муҳофаза этиш учун зарур бўлган чеклашлар белгиланиши мумкин.
  1. Ушбу Пактда иштирок этувчи давлатлар ота-оналарнинг ва тегишли ҳолларда қонуний васийларнинг ўз болаларини ўз шахсий эътиқодларига мувофиқ диний ва ахлоқий тарбиялаш эркини ҳурмат қилиш мажбуриятини оладилар.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси

18-моддаси

Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар.

29-моддаси

Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир.

30-моддаси

Ўзбекистон Республикасининг барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслари фуқароларга уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини яратиб бериши лозим.

43-моддаси

Давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди.

 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 44 моддасида ҳар бир шахс ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний ҳатти харакатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган.

Бундан ташкари 1995 йилнинг 30 август куни “Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти харакатлар ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш туғрисида”ги қонун қабул қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленумининг 1996 йил 19 майдаги 1998 йил 11 сентябрда қўшимча ва ўзгартиришлар киритилган “Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти харакатлар ва қарорлар устидана келтирилган шикоятларни судларда кўриш амалиёти тўғрисида”ги қарорига кўра, “фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинларини бузадиган, уларни рўёбга чиқаришга монелик туғдирадиган холатлар ҳамда унинг зиммасига қонунга хилоф мажбуриятни юклатилишига сабабчи бўлган давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг хатти харакатлари (қарорлари) устидан шикоят қилишлари мумкин.

Қонуннинг 6 моддасига асосан фуқаро ўз ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилганлигидан хабар топган кундан бошлаб 3 ой муддатда, юқори турувчи орган ёки мансабдор шахснинг шикоятни рад қилганлиги ҳақидаги жавобни олган кундан бошлаб 1 ой муддат, шикоят берилганидан кейин унга бир ой муддат ичида жавоб олмаган бўлса, 1 ой муддат ўтганидан бошлаб бир ой ичида судга шикоят қилиши мумкин.

Бу мазмундаги судга бериладиган аризанинг формаси ва мазмуни Ўзбекистон Республикси ФПКнинг 149 моддаси талабларидан келиб чиққан ҳолда, шикоятда, жумладан қандай хатти харакатлар устидан шикоят қилинаётгани, бу хатти харакатлар оқибатида фуқаронинг қандай муайян ҳуқуқ ва эркинликлари бузилганлиги, шикоятни тобелик тартибида юқори турувчи орган ёки мансабдор шахсга берилган берилмаганлиги ва қандай жавоб олинганлиги кўрсатилган бўлиши керак.

Мен нафақат ушбу қонунда кўрсатилган барча талабларни бажардим, балким ижтимоий тармоқларда Муқаддас Рамазон ва Қурбон хайити кунлари, жума кунлари вояга етмаган болаларни масжидларга киришлари ва ислом дини талабларидан бири бўлмиш намозни жамоа бўлиб ўқишларига қаршилик қилинаётгани холатлари бор йўқлигига аниқлик киритиш учун ижтимоий сўров ўтказдик. Ушбу ижтимоий сўровда нафақат Ўзбекистондаги балким Франция, Дания каби мамлакатларда яшаётган ўзбекларнинг вояга етмаган болаларини оталари билан биргаликда хайит намозларини ўқиш холатларини аниқладик.

Ўша ривожланган мамлакатларда хаттоки 7 ва 9 ёшли болалар ҳам хайитни масжидда ўқишлари учун киришларига тўсқинликлар бўлмабди. Ўзбекистоннинг барча худудларида ҳам бунингдек қонун бузилиш содир бўлмабди. Фақатгина Наманган ва Марғилон шаҳридагина милиция ходимлари томонидан мана шундай қонунбузилиш холатлари содир этилибди.

Агар Наманганлик милиция ходимларининг менга қайта ва қайта уқтирганларидек вояга етмаган болаларни масжидга киришларига қаршилик қиладиган қонун амалда бўлганида эди бутун мамлакат бўйлаб вояга етмаган болалар масжидларга киритилмаган бўлардилар.

Юқоридагиларни эътиборга олган ҳолда жавобгарлар Наманган шаҳар ИИБ ва унинг ходимларини 1995 йил 30 август кунги қабул қилинган «Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузадиган хатти харакатлара ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига асосан судга бериб уларнинг хатти харакатларини ғайриқонуний деб топишни суддан сўрашга қарор қилдик.

Вахоланки «Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузадиган хатти харакатлар ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг

1-моддаси «Судга шикоят билан мурожаат қилиш ҳуқуқи»га кўра

Ҳар бир фуқаро давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари (қарорлари) билан ўз ҳуқуқлари ёки эркинликлари бузилган деб ҳисобласа, шикоят билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Ушбу қонуннинг 2-моддаси ҳамда Фуқаролик Процессуал Кодексининг 266 моддаси “Судга шикоят берилишига лойиқ хатти-ҳаракатлар (қарорлар)” моддасига асосан

Давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва мансабдор шахсларнинг судга шикоят қилишга лойиқ коллегиал ёки якка тартибдаги хатти-ҳаракатлари (қарорлари) жумласига:

фуқаронинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузган;

фуқаронинг ўз ҳуқуқлари ва эркинликларини рўёбга чиқаришига монелик туғдирган.

Юқоригиларни эътиборга олиб, “Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти харакатлар ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш туғрисида”ги қонунга асосан:

Наманган шахар ИИБни, Наманган шаҳар ИИБ ходими милиция лейтененти Нозим Жумаевни 1 июнь кунги муқаддас Рамазон хайити, 15 июнь кунги жума намози ҳамда 21 август кунги Муқаддас Қурбон хайитини отаси ва бобоси билан биргаликда ҳамда бошқалар билан жамоа бўлиб ўқиш илинжида масжидга борган вояга етмаган ўғилларим Жўраев Жахонгир ва Муҳаммад Алини, шунингдек бошқа болаларни Чаманзор МФЙда жойлашган Имом Ал-Бухорий номли масжидга қўймаганлигини ва қайси қонунга асосан бу харакатларни содир этаётганлигини тушунтириб беришини қилган талабимни қаноатлантирмаганлик холатини фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузадиган ғайриқонуний хатти харакатлар деб топишингизни;

Наманган шахар ИИБни, Наманган шаҳар ИИБ ходими милиция майори Хайрулло Жўраевни 15 июнь кунги жума намозини жамоа бўлиб ўқиш илинжида масжидга борган вояга етмаган ўғилларим Жўраев Жахонгир ва Муҳаммад Алини, шунингдек бошқа болаларни Чаманзор МФЙда жойлашган Имом Ал-Бухорий номли масжидга қўймаганлигини ва қайси қонунга асосан бу харакатларни содир этаётганлигини тушунтириб беришини қилган талабимни қаноатлантирмаганлик, эътирозимни билдириб ёзиб бермоқчи бўлган аризамни қабул қилмаслигини билдириш холатини фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузадиган ғайриқонуний хатти харакатлар деб топишингизни;

Вояга етмаган болаларни масжидга киритмаслик ишларига жалб қилинган Наманган шахар ИИБни, ўзини таништиришни истамаган, лекин 21 август кунги Муқаддас Қурбон хайитини отаси ва бобоси билан биргаликда ҳамда бошқалар билан жамоа бўлиб ўқиш илинжида масжидга борган вояга етмаган ўғилларим Жўраев Жахонгир ва Муҳаммад Алини, шунингдек бошқа болаларни Наманган шаҳар Ҳамроҳ кўчасида жойлашган Мулла Охунд масжидига қўймаганликлари, ўзларини таништирмаганликлари ва қайси қонунга асосан бу харакатларни содир этаётганликларини тушунтириб беришларини қилган талабимни қаноатлантирмаганликлари холатини фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузадиган ғайриқонуний хатти харакатлар деб топишингизни;

Наманган шаҳар ИИБ, ички ишлар бўлимининг ходимлари милиция лейтенанти Нозим Жумаевни 1 июнь, 15 июнь ва 21 август кунги, милиция майори Хайрулло Жўраевни 15 август кунги, ўзини таништиришни истамаган милиция ходимларини хатти харакатларини фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузадиган ғайриқонуний хатти харакатлар деб топишингизни сўрайман.

Ўзбекистон Республикасиниг “Давлат божи ҳақида”ги Қонунини 2 моддаси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 3 ноябрь кунги “Давлат божи ставкалари ҳақида”ги 533 сонли қарорини “б” бандига асосан орган ёхуд мансабдор шахснинг хатти харакатлари (қарорлари)ни ғайриқонуний деб топгандан сўнг давлат божини улардан ундириб олишингизни сўрайман.

Даъвогарлар

Тўрабек Баймирзаев 

Жахонгир Жўраев

Муҳаммад Али Жўраев

28.08.2018 йил

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.