Жаноб олий суд раиси мени ва МХХнинг қийноқлари қурбони марҳум укам Илҳом Ибодовни оқлашга ажрим чиқаринг!
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Мухтарам К.Комиловга
ЖИБ Бухоро шаҳар судининг 2016 йил 15 февраль кунидаги ҳукми билан ЎзР ЖКнинг 177-моддаси 3 қисми «а, б» бандлари, 184-моддаси 3-қисми, 189-моддаси ва 243-моддаси билан судланган Ибадов Раҳим Ражабовичдан (тел.+99890 6363553)
НАЗОРАТ ТАРТИБИДА ШИКОЯТ
Хурматли Раис жаноблари!
Мен сизга ушбу қилаётган мурожаатим орқали сохта айбловлар билан ҳибсга олиниб, вахшиёна қийноқларга солинган Бухоролик ака ука тадбиркорлар Илҳом ва Рахим Ибодовларнинг тақдирига алоқадор муҳим қарорни қабул қилишингизни сўрайман. Сиздан 2015 йил 16 августдан бошлаб, токи 2018 йил 16 февраль кунигача давом этиб келган ҳуқуқ ва эркинликларимизни бузилиши айбдорлари адолатли судлов олдида жазоларини олдилар. Энди Сиз ҳам жасорат кўрсатинг ва мен билан қийноқлар остида вафот этган, укам марҳум Илҳом Ибодовларни ОҚЛАНГ!
Мен арз қилаётган тадбиркорлар Ибодов Илҳом ва Раҳимларнинг “содир қилган” жиноятлари ортидан қамоққа олинишларимиз, содир қилмаган жиноятларни зиммамизга қўйиш мақсадида бизларни даставвал бирин кетин икки марта маъмурий қамоқ жазосига тортиб, энг ваҳшиёна қийноқларга солинганимиз, талаб қилинган хужжатларга рад қила олмасдан имзо чекишимиз учун бизларни қийноқларга солиш мақсадида Қоровулбозор махсус қамоқхонасида сақланаётган, судларнинг ҳукмлари билан “ўта хавфли рецидивист” деб топилган 4 нафар лохмачларни олиб келингани, охир оқибат қўлга олинганимизнинг 28 куниси Бухоро вилоят МХХ ертўласида бу идора мансабдорлари укам Илҳомни вахшийларча қийнаб ўлдирганликлари тарихи бутун дунёни ларзага солгани ҳеч кимга сир эмас.
Оиламиздагиларнинг ўз ҳаётларини хавф остига қўйиб бўлсада олиб борган курашлари натижасида укамни қотиллари Бухоро вилояти МХХ идорасининг 6 нафар мансабдорлари ва 4 нафар лахмачлар Ўзбкистон Республикаси Ҳарбий судининг ҳукми билан 14 йилдан 18 йилгача озодликдан маҳрум қилиндилар.
Оиламизга қилинган тажовузлар ва вахшийликлар ҳақида 6 февраль кунги Шавкат Мирзиёев номига қилган шикоят аризамни мухтарам Президентимиз ўз назоратига олдилар ва 16 февраль кунги Бухорога қилган сафарлари чоғида менинг шикоятим ва унга қўшиб тақдим қилинган укам Илҳомнинг қотиллари рўйхати, фотосуратлар, видеолавҳалар ва ҳужжатлар қўлида мавжудлигини, бу жиноятга қўл урганларни барчасини қонун олдида жавоб беришларини ўз назоратига олишлигини айтдилар.
Орадан бир неча кунлар ўтиб эса укамнинг ўлимига сабабчи бўлган барча мансабдорлар қамоққа олиндилар.
Республикамиз мустақиллиги тарихида ўзидан ўта ёвуз из қолдирган собиқ миллий хавфсизлик идоралари ва унинг айрим нопок мансабдорлари томонидан менга ва укам Илҳомга нисбатан ўтказилган зулм, қийноқ ва шафқатсиз муомала оқибатида иккаловимиз ҳам содир этмаган қилмишлар учун айбли деб топилдик, қонунга зид равишда, ҳимоя ҳуқуқларимиз таъминланмаган холатда, яъни куч ишлатар тизимларга хизмат қилгувчи Хожиев Жалил сингари адвокатларни жалб қилган ҳолда тергов қилиндик.
Укам Илҳом ўзига нисбатан қўлланилган узлуксиз ваҳшиёна қийноқлар оқибатида МХХ тергов ҳибсхонасида ўлдирилди. Бизни тадбиркорлик фаолиятидан ишлаб топган халол мулкларимиз, бойлиларимиз тортиб олинди, оиламиз тадбиркорлик фаолиятини давом эттириши учун умуман имконият қолдирилмади.
Гап шундаки, Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг 2016 йил 15 февраль кунидаги айблов ҳукми билан мен, Ибадов Раҳим Ражабович ЎзР ЖКнинг 177-моддаси 3-қисми, 184-моддаси 3-қисми, 189-моддаси ва 243-моддаси билан айбли деб топилиб, 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиндим.
Суд пайтида мен ҳам, укам Илҳом ҳам ҳеч қандай жиноят содир этмаганлигимизни, бизлар имзо чеккан ҳужжатлар вахшиёна қийноқлар остида олинганлигини, бунинг исботи қамоққа олингунча мутлоқ соғлом бўлган укамни қийнаб ўлдирилганлиги эканлигини айтиб кўргазма берсамда, суд мен келтирган важларга умуман эътибор қаратмаганди.
Суднинг мазкур ҳукми устидан келтирилган жиноят ишини атрофлича ва холис кўриб чиқишни сўраб ёзган апелляция тартибидаги шикоят аризам ҳам Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди апелляция судлов хайъати томонидан нохолислик билан кўриб чиқилди ва адолатсиз тарзда чиқарилган айблов ҳукми ўз кучида қолдирилди.
Мазкур жиноят иши бўйича суриштирув ҳам, дастлабки тергов ҳам Республикамизда амал қилаётган Жиноят Кодекси ва Жиноят Процессуал қонунчилигига зид равишда олиб борилгани, кўрсатмалар зўрлов ва қийноқлар остида олингани, далиллар сохталаштирилгани ва номақбул далиллар асосида айб эълон қилингани, мазкур қонунбузарлик холатлари судлар томонидан хаспўшланиб, айблов ҳукми чиқарилгани боис менинг ва қариндошларимнинг ҳуқуқ ва эркинликлари узоқ муддатлар давомида оёқ ости қилиб келинди.
Бухорода илдиз отган коррупция жиноятига алоқадор мансабдорларнинг жиноий қилмишларини хаспўслаш мақсадида йўл қўйилган қўпол қонунбузарлик холатлари, дастлабки тергов давомида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, хусусан собиқ ЎзР Миллий хавфсизлик хизмати Бухоро вилоят бошқармаси амалдорлари томонидан ноинсоний қийноқларга дучор қилиниб, иқрорлик кўрсатмалари олингани, бу иқрорлик кўрсатмалари ва қонунга зид равишда олинган далиллар асосида айблов ҳукми чиқарилгани тўғрисида турли давлат идораларига қилган мурожаатларимиз қаноатлантирилмади.
Бизларни ҳуқуқларимизни тиклаши, ҳимоялаши керак бўлган давлат органларидан кутганимиз ҳимоя ва нажотни ололмаганларидан кейин оиламдагилар интернет тармоқлари орқали ёрдам сўраб мурожаат қилганлар. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари ва улар билан ҳамкорлик қиладиган матбуотларда бизнинг оиламиз бошига тушган кулфатлар батафсил ёритиб борилиши ортидан укамни қотиллари ёлланма адвокат Хожиев Жалил орқали оиламдагиларни қотиллардан кечирим сўрашларини, оиламизни ҳимоя қилаётган Мўътабар Тожибоевани ҳимоясидан воз кечишларини талаб қилиб, тахдидлар қилганликлари уларнинг ўз жиноий қилмишлари учун ҳеч қачон жазоланмасликларига ишончлари белгиси эди.
Лекин бизнинг ҳимоячиларимиз ёрдамида қилган мурожаатларимиз охир оқибатда мухтарам Президентимиз Шавкат Миромоновичга етиб борди ва у мухтарам зот Бухорога қилган ташрифи чоғида Бухородаги тадбиркорларни фаолиятига тўсқинлик қилиб келаётган МХХ идоралари вакилларининг жиноий қилмишларини 1937 йилги қатағон йиллариданда дахшатли дея таъриф бердилар.
Бухородаги тадбиркорларни қийноқлар остида содир қилмаган жиноятларни бўйниларига қўйиб, ўзларини узоқ йилларга қамоқ жазосига ҳукм этиб, уларга тегишли мол мулкларини талон тарож қилаётган, хаттоки уларни вахшийларча қийнаб, ўлдираётганликлари холати укам Илҳомнинг қотиллари тимсолида президентимизнинг назоратига олинди ва Бухорода куч ишлатар тизимлардан жабр тортган инсонлар кўксига шамол тегиб, ҳақиқат қарор топишига ишонч туйғуси орта борди.
Мухтарам Президентимиз ташаббуслари билан турли давлат идоралари вакилларидан ташкил топган махсус комиссия вакиллари бошимизга тушган кулфатларнинг барча айбдорлари, иштирокчилари билан суриштирув ишлари олиб бордилар.
Республика Бош прокуратураси томонидан ташкил қилинган тергов гуруҳи эса мени ва укам Илҳом Ибодовларни турли иқтисодий жиноятларни содир этганликда айблаш мақсадида жиноят иши материалларини сохталаштириб, далилларни қалбакилаштириб, дастлабки тергов давомида одам ўлимига сабаб бўлган қийноқ қўллаганлик факти бўйича жиноят иши қўзғатиб, февраль ойининг учинчи ўн кунлигида Бухоро вилояти МХХ бошқармаси (хозирги ДХХ) мансабдор шахслари ҳамда биз ака-ука Ибодовларга ваҳшиёна қийноқлар қўллаш учун ўта хавфли рецидивистлар сақланадиган Бухородаги “Қоровулбозор” махсус келтирилган «ЛОХМАЧ»ларга нисбатан 08/26616-18 сонли жиноят иши қўзғатилди.
Бизнинг оиласимизгаа зулм кўрсатган, Илҳомни қийнаб ўлдирган, мени ваҳшиёна қийноқларга тутган мансабдордан баъзилари ўз жиноий қилмишларига муносиб жазоларини олиб, Республика Ҳарбий судининг 22 июнь кунги айблов хукмига кўра Жиноят Кодексининг 235-моддаси – Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш 3-қисми ҳамда 301-моддаси – Ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки ҳокимият ҳаракатсизлиги 3 қисми “а” банди (одам ўлимига сабаб бўлиш) билан айбли деб топилдилар.
Бухоро вилоят Суд Тиббий Экспертиза бюросининг 2018 йил 1 март кунги √:10-сонли экспертиза хулосасига кўра мен – Рахим Ибодовни бел умуртқасининг ёпиқ компрессион (сиқилишдан) синиши қаттиқ ўтмас жисмларнинг умуртқа вертикал ўқи бўйича таъсиридан хосил бўлган бутун гавда оғирлигида ўз бўйи баландлиги ва ундан юқоридан умуртқа поғонаси вертикал ўқи бўйича қўл ва оёқлари боғланган холатда думбаси билан ташлаб юборилишидан хосил бўлган соғлигининг бузилишига олиб келган ўртача оғир кўринишдаги тан жароҳати деб қайд этилган. Айнан мана шу усулдаги қийноқлар содир этмаганим жиноятларни содир этганлигимни тан олиб талаб қилинган ҳужжатларга ўқимасдан имзо чекиб беришимга сабаб бўлганди.
Ҳарбий суднинг ҳукмига кўра:
Бухоро вилояти МХХ Бошқармаси собиқ бошлиғи, полковник Азимов Рустам Исмаилович 14 йилга;
Бухоро вилояти МХХ Бошқармаси бошлиғининг ички хавфсизлик бўйича ўринбосари, подполковник Юнусов Азим Исоқжонович 18 йилга;
Бухоро вилояти МХХ Бошқармасининг Коррупцияга қарши кураш бўлими бошлиғи, майор Маърупов Инъомжон Исломович 14 йилга;
Бухоро вилояти МХХ Бошқармаси Коррупцияга қарши курашиш бўлими тезкор вакили, Барбос лақаби билан танилган, майор Бобомурадов Умид Бабараимович 17 йилга;
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш Департаменти Бухоро вилоят бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарган, подполковник Раджабов Равшан Рашидович 14 йилга озодликдан ва ҳарбий унвонларидан маҳрум қилинганлар.
Ўта хавфли рецидивистлар сақланадиган Бухородаги «Қоровулбозор» махсус қамоқхонасидан Ибодовларни қийнаб, содир қилмаган жиноятларни зиммаларига мажбур қилиш мақсадида 4 нафар “ЛОХМАЧ”ларни келтириб, уларни Бухоро вилоят Ички Ишлар Бошқармаси Вақтинчалик Сақлаш Ҳибсхонасига Ибодовлар билан бир камерага жойлаштирган Бухоро вилояти ИИБ Пость-патруль хизмати бошлиғи ўринбосари Камалов Аъзамбек Бахшуллаевич энг кам ойлик иш ҳақининг 550 баробари (71632000 сўм) миқдорида жарима жазосига тортилди, яъни қамоқ билан боғлиқ бўлмаган жазога тортилди.
Бухородаги Қоровулбозор қамоқхонасида сақланаётган, судларнинг хукмлари билан «ўта хавфли рецедивистлар» деб танилган “лохмачлардан Рустам Жумаев 17 йилга; Умид Иноғомов 16 йилга; Жамшид Сафаров 18 йилга; Александр Иванов 18 йилга озодликдан маҳрум қилинганлар.
Даставвал оиламиздагилар саъйи харакати ортидан Рустам Жумаева ва Умид Иноғомларга камокхонадан берилган ижобий характеристика асосида 3 йилдан камок жазоси берилганди.
Жамшид Сафаров ва Александр Ивановлар жавобгарликка тортилмагандилар хам.
Бу турт нафар лахмачларни Бухоро вилоят Ички Ишлар Бошкармаси вактинчалик саклаш ҳибсхонасида ётган Ибодовлар олдига дубинкалар билан киритилганлар.
Чиқарилган айблов хукмига нисбатан судланувчилар томонидан берилган аппеляция шикояти Республика Ҳарбий судининг аппеляция судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилиб, ҳукм ўз кучида қолдирилди.
Республика Ҳарбий судининг айблов ҳукмига кўра, улар Бухоро вилоят МХХни бошқарган жиноий кимсалар мансабдор шахс бўла туриб, ўзларига берилган ҳокимият ваколатларини суистеъмол қилиб, олдиндан бир гуруҳ бўлиб ва жиноий тил бириктириб, бизларни қийнаш учун Қоровулбозор қамоқхонасида жазо муддатини ўтаётган ўта хавфли рецидивистларни келтириб, Бухоро вилоят ИИБ вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасида маъмурий қамоқ жазосини ўтаётган бизлар сақланаётган камераларга ташлаганлар. Қолаверса уларни бизларни қийноқларга солишлари учун керакли буюмлар, арқон ва дубинкалар билан таъминлаганлар.
Суриштирув ва дастлабки тергов давомида Илҳом Ибодовнинг ҳаёти учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб, уни қийноққа солиб, шафқатсиз, ғайриинсоний ва қадр қимматни камситувчи муомалада бўлиб, унинг танасининг турли жойларига уриб, қийнаб, унга тан жарохати етказиб, жисмоний ва руҳий зўриқишлар оқибатида келиб чиққан юракнинг ўткир миокард инфаркти натижасида вафот этишига сабабчи бўлишган аниқланди.
Мен суд жараёнлари палласида ҳам, тинимсиз ёзилган шикоят аризаларимизда ҳам бизларни жиноятлар содир қилганлигимиз ҳақидаги кўрсатмаларни тинимсиз қўлланилган қийноқлар ва босимлар остида, агар улар талаб қилаётган ҳужжатларга имзо чекмасак вояга етмаган қизларимиз ва қари онамиз ва отамизни терроризмга алоқадорликда айблаб, қамаш билан қўрқитишлари натижасида имзолашга мажбур бўлганимизни, аслида мен ъам укам ҳам ҳеч қандай жиноят содир қилмаганлагимизни баён қилиб келдим.
Республика ҳарбий судининг қонуний кучга кирган ҳукми мен ва укам Илҳом Ибодовларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича терговолди суриштирувини олиб бориш ва тергов жараёнида ғайриинсоний ва ноқонуний усуллар, шафқатсиз муомала воситалари ишлатиш натижасида тўпланган далиллар аслида ЖПК талабларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленумининг 2004 йил 24–сентябрь кунги «Далиллар мақбуллигига оид жиноят процессуал қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисидаги» 12–сонли қарорининг бир нечта моддалари ва бандларини ўта қўпол тарзда бузилганлиги учун далилларни номақбул деб топишга қарор чиқаришга асос бўлади.
Зеро ушбу Қарорнинг 3-бандига кўра кўрсатувларнинг, жумладан айбига иқрорлик тўғрисидаги кўрсатувларнинг қийноққа солиш, зўрлик ишлатиш ҳамда инсонга нисбатан бошқа шафқатсиз ёки унинг шаъни, қадр қимматини камситувчи муносабатда бўлиш йўли билан олиниши қонунга хилоф бўлгани учун номақбул деб топилиши лозим.
Юқорида кўрсатилган усуллар билан олинган кўрсатмалар асосида, яъни ғайриқонуний далиллар асосида дастлабки тергов органи томонидан мен гўёки бир гуруҳ шахслар билан хуфёна тарзда иқтисодий фаолият олиб бориб, жиноий йўллар билан даромад топиш ва жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириб келганмишман. Яъни ушбу даромадларни мулкка айлантириб, бойлик орттириш каби ғараз ниятларда олдиндан тил бирикитириб, уюшган гуруҳ бўлиб, гуруҳ аъзолари ўртасида вазифалар тақсимотини қилганмишман.
Ушбу тақсимотга кўра товарлар савдоси билан ноқонуний равишда шуғулланиб, савдо тушумини яшириб, жиноят фаолиятдан даромад олинишини таъминлашни белгилаганмишман. Шу мақсадларда Бухоро шаҳридаги «Ситора» автомобиль бозори» масъулияти чекланган жамияти худудида жойлашган савдо павильонлари ва Бухоро шаҳридаги «Ал Ражаб автоглобал сервис» хусусий корхонаси негизида хуфиёна иқтисодий амалиётлар билан шуғулланиб келганмишман.
Масъулияти чекланган жамиятини укам Илҳом Ибодов билан биргаликда бошқариб, 2010-2014 йиллар ва 2015 йилнинг август ойига қадар бўлган давр мобайнида ЎзР Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 6 май кунидаги «Ўзбекистон Республикаси худудига товарлар олиб келинишини тартибга солиш тўғрисида»ги 154-сонли ва 2003 йил 13 мартдаги «Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларини ҳамда Ўзбекистон Республикасида савдо (хизматларни), ишлаб чиқариш ва сотиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги 75-сонли қарорларига зид фаолият юритганмишман.
Айни шу мақсадда тегишли кирим ҳужжатлари ва мувофиқлик сертификатлари бўлмаган, чет элда ишлаб чиқарилган автомашина эҳтиёт қисмлари ва жихозлари (аксессуарлари)ни қонунга зид равишда аҳолига нақд пулга сотиб келганмишман.
Бунинг натижасида 1 млрд. 396,9 минг сўмлик нақд савдо тушумини ЎзР Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 17 ноябрдаги «Фискал хотирага эга бўлган назорат касса машиналарининг қўлланилишини янада такомилаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги, 2002 йил 5 августдаги «Нақд пул маблағларининг банкдан ташқари операциясини янада қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорлари талабларини бузганмишман.
Махсулотларни назорат касса машинасидан ўтказмасдан, харидорларга ушбу товарларни сотиб олганлари учун харид чекини бермасдан, савдо тушумини яшириб, банк муассасасига топширмасдан, товарлар савдоси қоидаларини жами 2млрд. 1425,5 минг сўм миқдоридаги қийматда бузганмишман.
Шу вақт мобайнида харидорларга товарларни қонунга хилоф равишда нақд АҚШ долларига сотиш ва яширилган савдо тушумига терговда аниқлаш имконияти бўлмаган нотаниш шахслардан «қора бозор»да валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда сотиб олиш билан шуғулланганмишман.
Худди шу усул билан 343 млн. 550 минг сўмга 195 минг 600 АҚШ доллари сотиб олиб, кейинчалик ушбу валютани товарлар сотиб олиш, шунингдек мулкни сотиб олиш мақсадида ўтказиб, жуда кўп миқдордаги валюта қимматликларини такроран, уюшган гуруҳ томонидан ва унинг манфаатларини кўзлаб, қонунга хилоф равишда олиб ўтказганмишман.
Шунингдек, уюшган гуруҳнинг умумий қасди билан қамраб олинган ва жиноий мақсадларига етишга қаратилган, гуруҳ аъзолари ўртасида ўрнатилган вазифалар тақсимоти ҳамда олдиндан тузилган жиноий режа асосида ўзимга бириктирилган жиноий харакатларимни қасддан давом эттирганмишман.
Ноқонуний бойлик орттириш мақсадида ЎзР Солиқ Кодексининг 197, 200, 202 ва 203-моддаларига зид равишда солиқ солинадиган объект хисобланган савдо тушумини хисоботларда қасддан яшириб, 2011-2014 йиллар давомида жами 175 млн. 382,9 минг сўмлик солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан қасддан бўйин товлаб келганмишман.
Бундан ташқари, уюшган гуруҳ таркибида жиноий харакатларимни қасддан давом эттириб, кирим ҳужжатлари ва сифат сертификати бўлмаган махсулотларни сотиш хисобидан тушган нақд пул маблағларини банкка топширмасдан, хуфиёна иқтисодий амалиётларни амалга ошириш ва бюджетга солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан қасддан бўйин товлаб келганмишман.
Ушбу кўринишда ифодаланган жиноий фаолияти натижасида 1 млрд. 53 млн. 396,9 минг сўмлик яширилган тушум ва 175 млн. 382,9 минг сўмлик тўланмаган солиқлар хисобидан даромадларни легаллаштириб, корхона балансига Когон тумани «Мустақиллик» МФЙ худудидан 244 гектар ер майдони ажратилишига эришиб, у ерда гўёки балиқчиликни ривожлантириш ниқоби остида 120 млн. 025,5 минг сўмлик қийматдаги иморатларни қуриб, 182,639,8 минг сўмлик электр тармоғи ва жихозларини ўрнатиб, қурилиш учун 73 млн. 262 минг сўмлик товар моддий бойликларини ҳамда, 50 минг АҚШ долларилик шағални қайта ишлаш ускунасини сотиб олиб, жами 550 млн. 927,3 минг сўмлик жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштирганликда айблаганлар мени.
Ушбу айбловлар асосида яратилган жиноят иши ЖИБ Бухоро шаҳар судида бўлиб ўтган суд мажлисида кўриб чиқилиб, дастлабки тергов органи томонидан қўйилган ушбу айблов бирор бир холисона далиллар билан тасдиқланмади. Бу айблов эпизодлари фақатгина мен ва марҳум укам Илҳом Ибодовларнинг тергов ва суриштирув давомида берган иқрорлик кўрсатмаларига асослангани яққол далиллар билан аён бўлди.
Жумладан, солиқ қонунчилигига риоя қилиниши устидан текширув ўтказиш бахонасида «Ал Ражаб автоглобал сервис» хусусий фирмаси раҳбари сифатида укам Илҳомни ва мени «майда безорилик ва ҳокимият вакилларига қаршилик қилди» деган сохта айбловлар билан баённома тузиб, қамоққа олганлар, ташқи дунёдан узиб, оила аъзоларимизга хабар бериш а оиламиз томонидан адвокатлар ёллаб бизларни олдимизга киритишларини сўраш учун бизларга имконият яратиб бермаганлар.
Бу билан бизларни ўзимизни ҳимоя қилиш, далилларни тўплаш имкониятимиздан маҳрум қилганлар. Бизларни хоҳ маъмурий ҳуқуқбузар, хоҳ гумонланувчи сифатида оиламиз томонидан адвокат ёллашлари учун хабар чиқариш ҳуқуқимиз бор эди ва бу ҳуқуқимизни таъминлашларини талаб қилдик.
Лекин бизларни бу қонуний талабларимиз қаноатлантирилмади ва бизни ишимизда улар ўзлари танлаган адвокат Хожиев Жалилдан ўзга адвокат яқинлаштирилмаслигини айтишди.
Укам Илҳом МХХчиларнинг ўзларига қарашли “штатли” адвокатларини бизни ишимизга киритганликларидан жуда ҳам ҳавотирлангани ҳамон эсимда. “Бизнинг оиламиз ўзимиз истаган адвокатни ёллашга қудрати етадиган оиламиз. Оиламиздагиларга хабар беринглар, ўзлари билишади қайси адвокат билан шартнома тузишларини. Биз бу адвокатни ишда иштирок этишига қаршимиз ва бирорта шартномага имзо чекмаймиз” деб қаршилик кўрсатган.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят Процессуал Кодексининг 49 ва 53-моддаларини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленумининг 2003 йил 19 декабрь кунидаги «Гумон қилинувчи ва айбланувчини ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлашга оид қонунларни қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарорини бажариш мақсадида ҳимоячи сифатида ишда иштирок этишига қарор ва ажрим чиқарилиши таъкидлаб ўтилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг «Гумон қилинувчи ва айбланувчини ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлашга оид қонунларни қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарорининг 31-моддасига кўра «Жиноят Процессуал Кодекси 50-моддаси 4-қисмига мувофиқ суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд (судья) гумон қилинувчини, айбланувчини юридик ёрдам учун ҳақ тўлашдан батамом ёки қисман озод этишга ҳақлидир.
Бундай ҳолларда адвокат меҳнатига ҳақ тўлаш харажатлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамаси томонидан белгиланадиган тартибда давлат хисобидан қопланади.
Жиноят Процессуал Кодексининг 50-моддасига асосан юридик ёрдам учун ҳақ тўлашдан меҳнатга қобилиятсиз ва тўловга қурби етмайдиган шахслар, яъни қарамоғидаги ҳар бир шахсга тўғри келадиган жаъми даромади энг кам иш ҳақининг ушбу масала кўрилаётган вақт учун белгиланган миқдоридан кўп бўлмаган, бинобарин кам таъминланган фуқаролар озод қилинади» дейилган.
Бизнинг оиламиз эса кам таъминланган оилалар сирасига кирмасдик ва адвокат ёллаш, унинг хизматлари учун ҳақ тўлаш имкоятига эга эдик. Бизлар “штатли адвокат” Хожиев Жалил билан биз ака ука Ибодовларни ҳуқуқларимизни ҳимоя қилишини сўраб унга мурожаат қилмаганмиз. Хожиев Жалилни ушбу жиноят ишига МХХчилар жалб қилганлар.
Хожиев Жалил кейинчалик, Илҳом вафот этганидан кейингина оиламдагилар билан мулоқот қилиб, бизларни ҳимоя қилиши жараёнида ўз ёнидан сарфлаган харажатларии қоплашларини сўраган, яъни йўл харажатлари ва бошқа ҳаражатларини назарда тутган.
Адвокат Хожиев Жалилни кўзи ўнгида бизларга қийноқлар қўллаб, содир қилмаганим жиноятларни зиммамизга олиб, иқрорлик кўрсатмалари беришга, аниқроғи олдиндан расмийлаштирилган қалбаки айбномаларга имзолар чекишга мажбур қилинардик.
Сўроққа олиб чиқилган палламизда кечалари билан лохмачлар томонидан қўлланилган қийноқлар сабаб аҳволимиз ўта танг аҳволдагини кўриб била туриб, Қоровулбозор зонасидан келтирилган, бир неча марта қамалган ўта хавфли рецидивистлар қонунга зид равишда бизлар билан бирга сақланаётгани ҳақида айтиб, ҳуқуқларимизни ҳимоя қилишини сўраб Жалиловга қилган мурожаатларимизни у ўз вақтида МХХдаги эгаларига етказар ва натижа бизларга қўлланилаётган қийноқларни кучайишига олиб келарди.
Махсулотларни сотишдан тушган пулларга ҳар хафта «қора бозор»дан АҚШ доллари сотиб олишимиз ҳақидаги холат фақатгина бизларга қийноқлар қўллаб олинган “иқрорлик”ларга асосланган. Гарчанд марҳум укам Илҳом бу валютани Бухоро шаҳридаги «Дилкушо» дехқон бозори худудида фаолият юритувчи «Дилмурод», «Улуғбек», «Равшан» исмли шахслардан сотиб олганлиги ҳақидаги иқрорлик кўрсатмасига имзо чеккан бўлса-да, бу холат тергов органи томонидан текшириб, аниқлик киритмаган. Натижада
валюта билан савдо қилган шахсларнинг кимлиги мавхумлигича қолган. Бизларни қўлга олган пайтларида ҳам, яшаш жойларимиз ва савдо дўконларида ўтказилган ғайриқонуний тинтувлар пайтида ҳам валюта қимматликлари топмаганлар.
Бундай холатда тергов органи ва судлар қандай қилиб фақатгина бизнинг қийноққа солиниб олинган кўрсатмаларимизни асос қилиб олиб, уларни текширмасдан, холисона далиллар билан тасдиқламасдан туриб, валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда такроран ўтказиш жиноятини содир қилганлигимизни таъкидлаган, тушунарсиз ва бу хеч бир қонун талабига тўғри келмайди.
Мен ва укамнинг иқрорлик кўрсатмалари МХХнинг ёлланма адвокати иштирокида ўтказилган тазйиқ, зўравонлик ва қийноқлар остида олингани Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг 22 июнь кунги чиқарган айблов ҳукми билан, 2015 йилнинг 16 август кунидан бошлаб кетма кет икки марта, айнан дам олиш кунларида ўтказилган маъмурий қамоқ жазосига тортиш ҳақидаги ЖИБ Бухоро шаҳар судининг ғайриқонуний қарорларидан ҳам кўриниб турибди.
Ўтказилган бу тазйиқ ва қийноқлар натижасида укам Илом 2015 йилнинг 13 сентябрь куни вафот этди. Бундай холатда унинг иқрорлик кўрсатмалари номақбул далил сифатида тан олиниши лозим эди. Бироқ ЖИБ Бухоро шаҳар суди юқорида кўрсатилган номақбул далилларни асос қилиб олиб, тергов органининг ғайриқонуний тарзда тўплаган далилларига таяниб, бу далилларни қандай тарзда тўпланганлигига танқидий қараб, уларга ҳуқуқий бахо бермасдан туриб, мени бир қанча жиноятларни содир этганликда айблаб, 8 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилди.
Яна такроран айтаманки менга тергов органи томонидан иқтисодий жиноятларни содир қилганлигим тўғрисидаги айб асосан марҳум укам Илхомнинг иқрорлик кўрсатмаларига асосланган. Бу кўрсатмалар қийноқ ва зўрлик ишлатиш оқибатида олинган, мен эса бу кўрсатмаларни такрорлаб кўчирган суриштирувчи ва терговчи томонидан расмийлаштирилган сўроқ қилиш баённомаларини имзолаб келганман холос. Уларни хаттоки ўқиб ҳам кўрмаганман.
Судлар жараёнларида мен қийноқ ва ноинсоний муомала оқибатида марҳум укам Илҳом ва мен ўзимизга қарши ёлғон кўрсатма беришга мажбур блганимизни айтганимда на шаҳар суди, на вилоят суди бунга қулоқ тутмади. Эндиликда, бизнинг ишимизни Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз назоратига олиб, адолат қарор топишига берган ваъдасини амалда ижросини бутун дунё жамоатчилиги кўриб билиб турган бир паллада, Республика Ҳарбий суди қонуний кучга кирган бир паллада ноқонуний йўллар билан олинган далиллар асосида чиқарилган суднинг адолатсиз ҳукми бекор қилиниши ва барча далиллар номақул деб топилиши мақсадга мувофиқдир.
Дастлабки тергов органи томонидан менга қўйилган бошқа айблар ҳам, чунончи сотувдан тушган 1 миллиард 53 млн сўмлик савдо тушумини назорат касса машинасидан ўтказмасдан, харидорларга чек бермасдан товарлар савдоси қоидаларини жуда кўп миқдорда бузганлигим, 175 миллион сўмлик солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан қасддан бўйин товлаганим тўғрисидаги айб эпизодлари ҳам қонуний тарзда, яъни қонун йўли билан олинган далиллар асосида ўз исботини топмаган.
Шуни таъкидлаб ўтиш зарурки, тергов органининг савдо тушуми миқдори, тўланмаган солиқлар тури ва хажми ҳақидаги хулосаси юзаки ўтказилган тафтиш далолатномасига асосланган. Бу тафтиш эса судда аниқ бўлганидек, биз ака ука Ибодовларнинг қийноқлар остида имзолаганимиз иқрорлик кўрсатмаларимизга асосланиб, бир томонлама ўтказилган. Далолатномада ҳам тафтиш бирламчи ҳужжатлар асосида ўтказилгани қайд қилинган.
Лекин бу бирламчи ҳужжатлар тегишли тартибда олиниб, расмийлаштирилмаган блокнот, ёзув дафтари ва картон варақалар бўлган. Буни судда гувоҳ тариқасида сўралган тафтишчи, Бухоро шаҳар давлат солиқ инспекцияси инспектори Шуҳрат Рахмонов ҳам тасдиқлаб ўтди. Бу ёзув дафтарлари, блокнот ва картон варақалар процессуал қонун белгилаб қўйганидек суриштирувчи ёки терговчи томонидан олинган эмас, текшириш ўтказилганлиги тўғрисидаги бирламчи далолатномаларда ҳам бу каби дафтар, блокнотларнинг олиб қўйилгани ҳақида бирор бир юридик ҳужжат мавжуд эмас.
Холбуки, ЎзР Олий суди Пленумининг юқорида кўрсатиб ўтилган Қарорида «Маълумотлар тергов ўтказилмасдан, тезкор қидирув тадбирлари вақтида олинган бўлса, далилларнинг қайд этишнинг процессуал формаси бузилган бўлса, бундай далиллар ҳам номақбул далил деб эътироф этилади» деб таъкидлаб ўтилган. Қолаверса, дафтар ва картонлардаги ёзувлар ким томонидан амалга оширилгани бўйича тергов ва суд органи хаттоки хатшунослик экспертизаси ҳам ўтказмаган. Мен суд жараёнларида ҳам, ўз шикоят аризаларимда ҳам бу ёзувларни ким ёзганлигини билмаслигимни, кўплаб ёзувлар номаълум шахслар томонидан бажарилганини доимий равишда таъкидлаб келдим.
Ишнинг бундай холатларида харакатларимда ЎзР Жиноят Кодексининг 184-моддаси 3-қисмида кўрсатилган жиноят аломатлари мавжуд бўлмасада, жиноятни содир этишдаги айбим исботланмаган бўлса-да, биринчи босқич суди ҳам, ишни апелляция тартибида кўрган ЖИБ Бухоро вилоят суди ҳам мазкур холатларни қонуний тарзда бахоламасдан, уларга тегишли ҳуқуқий бахо бермасдан туриб мени жиноятни содир этганликда айбли деб топган.
Тергов органи ва биринчи босқич судининг марҳум укам Илҳом билан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириб, яширилган тушум ва 15 млн. сўмлик тўланмаган солиқлар хисобидан 2013 йилда Когон тумани «Мустақиллик» маҳалла фуқаролар йиғини худудидан 244 гектар ер майдонида балиқчиликни ривожлантириш ниқоби остида иморатлар қуриб, электр жихозларини ўрнатиб, турли ускуналарни сотиб олиб, Жиноят Кодексининг 243-моддасида кўрсатилган жиноятни содир қилганлигимиз ҳақидаги
зиммамизга юклаган айбловга ҳам мутлақо қўшилиб бўлмайди.
Авваламбор шуни таъкидлаш жоизки, ЎзР Жиноят Кодексининг 243-моддаси “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш” деганда мулк (пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк) жиноий фаолият натижасида топилган бўлса, уни ўтказиш, мулкка айлантириш ёхуд алмаштириш йўли билан унинг келиб чиқишига қонуний тус бериш, унинг кимга қарашлилигини яшириш ёхуд сир сақлашни кўзда тутади.
Марҳум Илҳом ўзи раҳбарлик қилиб келаётган хусусий корхонаси фаолиятини кенгайтириш, ишлаб чиқаришни, жумладан балиқчиликни ривожлантириш учун Когон туман ҳокимлигига мурожаат қилган. Бу мурожаат тегишли ваколатли органлар томонидан кўриб чиқилиб, 244 гектар ер майдони ажратилган. Бу ер майдонида ҳақиқатан ҳам Илҳом томонидан балиқчиликни йўлга қўйиш учун қурилиш ишлари олиб борилган. Бу ишлар ошкора ва қонуний холатда, айнан хусусий корхона номидан олиб борилган.
Бундай холатда «Жиноий фаолиятдан топилган даромадни легаллаштириш» тўғрисида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Чунки ер майдонини олиш, унда қурилиш, электрлаштириш ишларининг айнан жиноий йўл билан топилган даромадлар хисобидан қилинганлиги исботлангани йўқ. Илҳом Ибодов томонидан амалга оширилган ишлар эса маблағларни мулкка айлантиришга эмас, балки хусусий корхонанинг ишлаб чиқариш фаолиятини унинг Низоми доирасида кенгайтиришга қаратилган.
Бундай холатларда тадбиркорни фаолиятини «Жиноий фаолиятдан олинган даромадни легаллаштириш» жиноятини содир этган дея талқин қилишнинг ўзи қонунга зиддир.
Чунки хусусий корхона рахбари хисобланган мархум Илҳом Ибодов даромадни мулкка айлантиришга эмас, балки ишлаб чиқаришга сарфлаган.
Лекин тергов органи ҳам, суд ҳам, ишлаб чиқаришга йналтирилган бу ҳаракатларни гўёки «Балиқчиликни ривожлантириш ниқоби остида иморатларни қуриб, электр жихозларини ўрнатиб, даромадларни легаллаштириш жинояти» дея талқин қилган.
Мен укам рахбарлик қилган хусусий корхонага тегишли бўлган савдо дўконида унга ёрдам бериб келганман. Буйруққа кўра мени корхона хисобчиси лавозимига расмийлаштирилган бўлсам-да, аслида бухгалтерлик вазифаларини мутахассис, Абдуллаева Хурмат исмли ҳисобчи аёл олиб борган.
Хурмат Абдуллаева дастлабки тергов пайтида ҳақиқатан ҳам корхонанинг хисоб-китоб ишларини ўзи олиб борганлигини, бу иши учун унга ҳар ойда 100 минг сўмдан ойлик маош тўлаб келинганлигини тасдиқлаб кўрсатма берган, унинг бу кўрсатмаси жиноят иши материаллари орасида мавжуд.
Мен ўзим ўрта маълумотли бўлсам, асосий касбим ошпазлик бўлса, хисоб китоб масаласига умуман аралашмасам, хисобчилик мутахассислиги бўйича бирор маълумотим бўлмаса, тажрибам ҳам бўлмаса, қандай қилиб шунчалар оғир иқтисодий жиноятларни содир этишим мумкин?
Корхонанинг хисобчиси Хурмат Абдуллаева бўлиб, корхонанинг барча ҳисоб китобларини у қилар ва солиқ ва банк идораларига молиявий ҳисоботларни у расмийлаштириб, топширар экан мени корхона хисоботларини нотўғри тузиб, солик тушумларини қасддан яширган, деб айблашга бирор асос йўқ. Чунки мени корхона бухгалтерияси хисоб китобларига умуман алоқам йўқлигини аниқлаш умуман қийин эмасди.
Бизларни иқтисодий жиноятларни содир этмаганлигимиз ҳақида гувоҳлик берган Абдуллаева Хурмат дастлабки тергов давомида, хисоботни ўзи томонидан тузиб берилганидан кейин бу хисоботлар электрон тарзда интернет орқали хусусий корхонанинг рахбари, мархум Ибодов Илхом томонидан солиқ инспекциясига юборилганини билдирган.
Шу сабабли менинг айбимдан Жиноят Кодексининг 243-моддаси чиқарилиши, «Ал глобал сервис» хусусий корхонасига тегишли Когон туманидаги Мустақиллик Маҳалла фуқаролар йиғини худудидаги балиқчиликка мўлжалланган ер майдонлари ва асосий воситалар юридик шахсга тегишли бўлгани сабабли хусусий корхонага қайтарилиши лозим эди.
Биринчи босқич суди тергов органи томонидан эълон қилинган айб эпизодлари бўйича мени жиноятлар содир этганлигимни қонун йўли билан аниқламасдан туриб, асоссиз равишда мени тўлиқ айблл деб топиб, ишдаги муҳим аҳамиятга эга бўлган холатларни инобатга олмасдан, адолатсиз жазо тайинлади.
ЖИБ Бухоро вилоят суди апелляция босқич суди эса биринчи босқич суди томонидан йўл қўйилган хато ва камчиликларни тузатиш, дастлабки тергов органи томонидан тақдим этилган далилларнинг номақбуллигига, уларни қийноқ остида олинганига эътибор қаратмасдан, дастлабки суд органи хатоларни такрорлаш билан чекланиб, суднинг ғайриқонуний чиқарган айблов ҳукмини ўзгаришсиз қолдирди.
Хурматли Олий Суд Раиси!
Халқимизда «Ҳақиқат эгилади, букилади, лекин хеч қачон синмайди» деган нақл бор. Мен ва укам қатор йиллардан буён тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб, халқимизга жон дилдан хизмат кўрсатиб, қонунларимизда белгилаб қўйилган солиқ ва бошка мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаб, бир нечта ишчи ўринлари яратиб, оиламизни ҳам бахолиқудрат тебратиб келаётган эдик.
Аммо Бухоро вилоят ҳуқуқни мухофаза қилувчи органлари, собиқ миллий хавфсизлик идорасининг «валломат» амалдорларининг тадбиркорларга бўлган хусумати, шахсан бизга нисбатан қилинган адолатсизлиги натижасида мен судлар томонидан асоссиз равишда айбли деб топилиб, ноқонуний белгиланган жазо муддатини ўтаб ҳам чиқдим.
Президентимизга каттадан-катта рахматлар бўлсинки, у кишининг ташаббуслари билан юртимизда охирги йилларда ҳукмронлик қилиб келган зўравонлик мухити бархам топиб, хусусий тадбиркорларга қўйилган тўсиқлар олиб ташланаяппти. Уларни ҳимоялаш чора-тадбирлари кўриляпти.
ЎзР Ҳарбий суди томонидан айнан биз, яъни мен ва марҳум укам Илхом Ибодовларга нисбатан сохта айблов қўйиш учун бизни қийноқларга солиб, шафқатсиз муносабатда бўлиб, номақбул далилларни йиққан ва бизни айбсиз айбдорга айланишимизга эришган Бухоро вилоят МХХ собиқ мансабдорларини уюшган жиноий гуруҳ сифатида содир қилган жиноятлари ўз исботини топгани ва уларни узоқ йилларга қамоқ жазосига укм қилинганликлари чин адолатнинг қарор топишидаги мухим қадам бўлди деб ўйлайман.
Қонхўр золимларнинг ҳақиқий жазосини Оллох таолох берди. Лекин ҳақиқий жиноятчилар тегишли жазосини олгани билан уларнинг ноҳақ қурбони бўлган, ота-онамнинг севимли фарзандлари, укам Илҳом Ибодовни ҳаётга қайтариб бўлмайди, унинг етим қолган фарзандлари умрбод ота меҳрини қўмсаб ўсадилар.
Бизларни айбсизлигимиз ўз исботини топган бўлишига қарамасдан хозирги пайтгача бизларни жиноятчи дея талқин қилиб, тадбиркорлик фаолиятимизга чек қўйилган, уни давом эттириш имкониятларининг йўқотилган, йиллар давомида йиққан мол-мулкимизнинг тортиб олингани холатлари ханузгача қонуний якунини топгани йўқ. Ғайриқонуний тарзда мусодара қилинган мол мулкларимиз қайтариб берилгани, тадбиркорлик фаолиятларимизни давом эттириш ҳуқуқларимиз хали бери тиклангани йўқ. Бор мол мулкидан айрилган оиламиз ўта ночор аҳволга кун кечирмоқда.
Шу сабабли Сизга мурожаат қилиб, адолат палласининг қўриқчиси сифатида менга ва укамга нисбатан қўзғатилган, адолатсиз судларда кўриб чиқилган жиноят ишини янги очилган холатлар бўйича ўрганиб чиқиб, ўз қонуний хулосангизни айтишингизни сўрайман.
Юқорида баён қилинганларга кўра, ЎзР ЖПКнинг 498-512-моддаларига асосан, Сиздан ўз ваколатларингиз доирасида:
Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг 2016 йил 15 февралдаги, фуқаро Ибодов Раҳим Ражабовични ЎзР ЖКнинг 177-моддаси 3-қисми, 184-моддаси 3-қисми, 189 ва 243-моддалари билан айблаш тўғрисидаги айблов ҳукми ва ЖИБ Бухоро вилоят суди апелляция босқич судининг 2016 йил мартдаги ушбу иш бўйича чиқарган адолатси ажримини бекор қилишни, менинг ҳаракатларимда жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли оқлов ҳукми чиқариш тўғрисида ЎзР Олий суди жиноят судлов ҳайъатига назорат тартибида протест келтиришингизни;
Ушбу киритилажак протестда ЖПК талабларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленумининг 2004 йил 24–сентябрь кунги «Далиллар мақбуллигига оид жиноят процессуал қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисидаги» 12–сонли қарорининг бир нечта моддалари ва бандларини ўта қўпол тарзда бузилиши ортидан “яратилган” жиноят иши материаллари орасига тикилган юқорида санаб ўтилган далиллар ва фактларни номақбул деб топиш талабини киритишингизни;
Назорат тартибидаги шикоятимни кўриш жараёнида, мени айблаш тўғрисидаги жиноят ишида йўл қўйилган қонунбузарликларга ҳуқуқий бахо бериш мақсадида ЎзР Ҳарбий судида кўрилган жиноят ишига алоқадор 22 июнь кунги айблов ҳукмини тўлиқ вариантини чақириб олишингизни сўрайман.
Илова: ЖИБ Бухоро шаҳар судининг 2015 йил 15 февралдаги айблов ҳукми, ЖИБ Бухоро вилоят суди апелляция босқич судининг 2016 йил мартдаги ажрими, ЎзР Ҳарбий судининг 2018 йил 22 кунидаги ҳукмидан кўчирма.
Рахим Ибодов
20 сентябрь 2018 йил
Fikr bildirish