Бухородаги коррупционер мансабдорлар эркатойлари Ражаббой ва Жобир Очиловлар ўз жиноятларини давом эттирмоқдалар!
Коррупция жинояти ҳақида баён қилинаётган ушбу шикоят аризамда келтириб ўтилган важларни ўрганиб чиқиш ва ушбу коррупционерларни жиноий қилмишларини бости бости қилиб келаётган Бухоро вилоятидаги куч ишлатар тизимлари вакилларининг ғайриқонуний қилмишларига ҳам муносиб қонуний чора кўриш учун махсус комиссия тузишингизни, ушбу комиссия вакиллари текширувни менинг иштирокимда ўтказишларини таъминлашингизни сўрайман.
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ МИРОМОНОВИЧГА
Нусхаси: Ўзбекистон Республикаси бош прокурори Муродов Отабек Бахриддиновичга;
Ўзбекистон Республикаси ДХХ раиси Ихтиёр Абдуллаевга;
Ўзбекистон Республикаси Ер Ресурслари, Геодезия Картография ва Давлат Кадастри
Давлат Қўмитаси “Ўздаврэрлойиха”га;
Бухоро вилоят прокурори Б.Б.Валиевга
Бухоро вилояти Жондор тумани Мустақиллик Қ.Ф.Й. Бодомзор қишлоғида яшовчи фуқаро Бўронов Садриддиндан (+99893 457 75 33)
ШИКОЯТ АРИЗА
Хурматли Шавкат Миромонович!
Сиз Президент лавозимини эгаллаган паллангиздан бошлаб халқнинг манфаати учун олиб бораётган ҳар бир ишингиз, ҳар бир босган қадамингиз мазлум халқнинг кўзи ўнгида. Сиз миллатимиз, халқимизнинг узоқ йиллардан буён тўпланиб қолган дарду аламларини, хасратларини тинглаб, дардлиларга малҳам, ғамгинларга шодлик улашмоқдасиз.
Ушбу аризани ёзиб маълум қиламанким, мен Бўронов Садриддин 1968 йил Жондор тумани Мустақиллик Маҳалла Фуқаролар Йиғини Арабхона қишлоғида туғилганман, маълумотим ўрта махсус, оилалиман, 2 нафар фарзандим бор.
Мен акам Бўронов Найим билан бирга 2012 йилда Амир Темур наслчилик ва қоракўлчилик ширкат хўжалигидан 20 гектар экин ерларини ижара шартномаси тузиб, ижарага олиб, беда экиб, бедани ширкат хўжалиги қўйлари учун емиш сифатида етказиб бериб келаётган эдик.
Катта миқдорда харажатлар қилиб, ерларни тахлаб, беда экиб келаётган бир пайтимизда, яъни 2015 йилда Жондор тумани кадастри бошлиғи Э.Муқимовнинг сохта маълумотномасига асосан ерларимизни тортиб олишди ва “Жобир” фермер хўжалигига ихтиёрига топширилди. Бизлар ободонлаштирган ерлар бугунги кунда чўлга айланди.
Мен 2017 йил 8 сентябрь куни Жондор тумани Мустақиллик ҚФЙ Навработ қишлоғи “Жобирбек” фермер хўжалигининг бошлиғи Очилов Жобирнинг қатор йиллардан буён Давлатимизни, Президентнинг Қарорларини назар – писанд қилмай келаётгани ва бошқа кирдикорлари ҳақида Бухоро давлат Университети қошида ташкил этилган Республика прокуратураси Сайёр қабулхонасига маълум қилгандим.
“Жобирбек” фермер хўжалиги рахбарлигини ниқоб қилиб олган, аслида эса инсонларни ҳуқуқ ва эркинликларини бузиш билан, тахдид ва уйдирмалар билан инсонларга босимлар ўтказиш билан, давлат бойликларига зиён етказиш, уларни талон тарож қилиш билан шуғулланувчи бу собиқ полковник Ражаббой Очиловнинг жиноий қилмишлари узоқ йиллардан буён давом этиб келаётганини қуйидаги билдириш хати ҳам тасдиқлайди:
Жондор тумани А.Темур наслчилик қоракўлчилик ширкат хўжалиги раиси Р. Абдуллаевнинг 2010 йил 26 ноябрь кунги Бухоро вилояти Хўжалик суди судьяси Ж.Қаххоров номига ёзган ушбу билдириш хатида Жондор тумани А.Темур насчлилик қоракўлчилик ширкат хўжалиги номидан расмийлаштирилган ва ўзи имзо чеккан 2010 йил 1 июль кунги 137 рақамли маълумотни қонуний деб топмасликни, яъни уни қалбаки деб топишни сўраган.
Р.Абдуллав ўзининг билдириш хатида ёзишича олий маълумотли ҳуқуқшунос, ички ишлар тизимида нуфузли лавозимларда ишлаган, захирадаги милиция полковниги Ражаббой Очиловнинг бир неча бор қилган тайзиқларидан қўрқиб, у тайёрлаб келтирган қоғозга имзо чекишга мажбур қилганлигини билдирган.
Ражаббой Очилов ва унинг ўғли Очилов Жобирлар ўз жиноий қилмишларини шу бугунги кунгача давом эттириб келмоқдалар.
Жумладан 2017-2018 йилларда Жондор туман ўрмон хўжалигини ўрмон билан қопланган 500 гектардан ортиқча ерларига босқинчилик йўли билан эгадорлик қилиб, ўрмон хўжалиги ерларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, саксавул ва юлғун дарахтларини илдизи билан ковлаб, ўз шахсий манфати учун пуллаб юборган.
Сизнинг эътиборингизга Жондор туманидаги “Жобирбек” фермер хўжалиги мансабдор шахсларининг ноқонуний хатти ҳаракатлари ҳамда ўрмон хўжалигига қарашли майдонлардаги саксавулларга зиён етказаётганлиги ҳақидаги шикоят аризам асосида шахсан ўзимни иштирокимда ўтказилган текшириш ХУЛОСАсини тақдим қилмоқчиман.
Ушбу хулосада қуйидагилар баён қилинган:
“Бухоро вилояти Қоракўл туман Прокуратурасининг 19 март 2018 йилдаги № 22м-17 сонли хатига асосан Жондор тумани Мустақиллик МФЙ Арабхона қишлоғи № 160 уйда яшовчи Бўронов Садриддин Ўриновичнинг аризасида кўрсатилган Жондор туманидаги “Жобирбек” фермер хўжалиги мансабдор шахсларининг ноқонуний хатти ҳаракатлари ҳамда ўрмон хўжалигига қарашли майдонлардаги саксавулларга зиён етказаётганлиги воқеа жойида бориб, ўрганиб чиқилганлиги ҳақидаги
Х У Л О С А
Бизлар:
- Қоракўл давлат ўрмон хўжалиги бош ўрмон инспектори вазифасини бажарувчи Аминов Шокир Муротович;
- Жондор тумани Мустақиллик МФЙ Арабхона қишлоғи № 160 уйда яшовчи Бўронов Садриддин Ўринович;
- Жондор тумани Қоровул МФЙ Хўжагулрез қишлоғида яшовчи, Жондор тумани Лоло МФЙ худудидаги “Акбар Темир” фермер хўжалиги ерларида иш бошқарувчиси Жабборов Ҳақберди Рўзиевич;
- Жондор тумани Қоровул МФЙ Хўжагулрез қишлоғида яшовчи Раҳмонов Алишер Қўзиевичлар
2018 йилнинг 31 март кунида Жондор давлат ўрмон хўжалигининг Қирқосим, Бозорбой қудуқ, Газов, Қораўзбек, Ғаниқудуқ массивларидаги ўрмон фонди ерларидаги маданий ва табиий холда уни чиқиб, парваришланаётган, қўриқланаётган 1000 гектар ер майдонидаги саксавулзорларни хозирги кундаги аҳволини кўриб суратга, расмга олиб, дискка туриширб чиқдик.
Ўзбекистон Республикасидаги мавжуд ўрмонзорлар бажарадиган функциялари ва жойлашган географик ўрни, тупроқ, иқлим шароитларини хисобга олган холда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2000 йил 5 июндаги 215-сонли қарорига “Ўрмонларни қўриқланиш тоифаларини аниқлаш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2001 йил 9 апрелдаги 163-сонли “Ўзбекистон Республикасида Ўрмонларнинг қўриқлаш тоифаларини бўлиниши бўйича тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарорида Республикамизнинг чўл худудларидаги, шунингдек Бухоро вилоятидаги барча ўрмон хўжаликлари – Жондор давлат ўрмон хўжалиги ҳам “Чўл ва чала чўл минтақасидаги ўрмонлар” тоифасига киради.
Чўл ва чала чўл минтақасидаги ўрмонларга табиий ва сунъий равишда яратилган ўрмонлар чўл ва чала чўл худудларида жойлашган, муҳим ихота функцияларини бажарувчи ўрмон участкалари ёки мавзелари киради.
Чўл ва чала чўл минтақасида жойлашган ўрмонлар қишлоқ хўжалиги ерлари, аҳоли пунктлари ва бошқа объектларни ноқулай табиий шароитлар (қум босиши)дан ихоталаш учун хизмат қилади.
Бизлар Жондор давлат ўрмон хўжалигининг, Газов, Қараўзбек, Ғани қудуқ атрофларини, Бозорбойқудуқ атрофларидаг 1000 гектар ўрмон фонди ерларини ўсиб турган саксавул дарахтларни 5, 6, 7, 8 синф ёшидагиларини, яъни 20 йилдан катта саксавулларни 2017 йилнинг декабрь – 2018 йилнинг январь ойларида қиш мавсумида ўзлаштирилган қишлоқларда қаттиқ ёқилғи сифатида фойдаланиш учун техника воситалари ёрдамида ёки кетмон билан илдиз остини кавлаб, илдизи билан кавлаб олганлар.
Олинган саксовул дарахтларини ўтинбоп, кунда қисмини уйларига олиб кетиб, шох-шаббаларни ўрмон фонди ерларига ташлаб кетганлар. Илдизи билан кўпирилган саксовул дарахтларини илдиз ўринлари 50 – 70 см. чуқурликда очилиб қолган. Натижада бу майдонларда чўлланиш бошланган, шамол ва тупроқ эррозияси содир бўлиб, экологик вазият салбий томонга ўзгарган.
Ҳар бир гектар майдоннинг энг камида 5-6 м3 саксавул дарахтлари рухсатсиз, қонунга зид равишда чопилган, кўпариб олинган.
Хозирги кунда ҳам ҳар бир гектар ўрмон фонди ер майдонларида 1.5 – 2.0 м3 қуруқ шох-шаббалар бўлиб, чопилганлиги сабабли майдон ифлосланиб ётибди. Бу шох-шаббалар тагида ўрмон зараркунандалари ва хашоратлари уя қуриб, ўсиб турган ёш ўрмон дарахтлари ва буталарига зарар етказмоқда. Май, июнь, июль, август ойларида ўрмонда ёнғин чиқишига сабаб бўлади ва ўрмон хўжалигига катта миқдорда зарар етказади.
Пайхон қилинган 1000 гектар майдондан 5000-5100 м3 саксавул дарахтлари рухсатсиз чопиб олингани учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Биологик ресурслардан фойдаланишни тартибга солиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги рухсат бериш тартиб–тамойилларидан ўтиш тартиби тўғрисида”ги 2014 йилнинг 20 октябрь кунги 290–сонли қарорининг 14–иловасига асосан давлат ўрмон хўжаликларига рухсатсиз чопилган ҳар бир м3 саксавул учун энг кам ойлик иш ҳақининг 172240 сўм Х 1.4 баробарида, яъни 241136 сўм зарар суммасини ўрмон хўжалиги 241136 сўм – 1 229 793 600 сўм зарар етказилган деб хисобланди.
Ариза муаллифи Бўронов Садриддин ва холислар Жабборов Ҳақберди ва Рахмонов Алишерлар юқорида кўрсатиб ўтилган ўрмон қонунбузарликлари содир бўлишига сабабчи дея “Жобирбек” фермер хўжалигининг отаси Очилов Ражаббой акани кўрсатмоқдалар.
Ражаббой Очилов шох-шаббалар олишга келган фуқароларга “Жондор давлат ўрмон хўжалиги хисобидаги Бозорбойқудуқ, Газов, Қирққосим, Қораўзбек, Ғани қудуқларни ҳам “Жобирбек” фермер хўжалиги хисобига ўтказдик, туман ва вилоят хокими қарори билан расмийлаштирилди” деб, юқорида кўрсатилган майдонлардаги саксавулларни чоптириб, пайхон қилдириб келган.
Шох-шаббаларни олишга келган фуқароларни “Бизнинг фермер хўжалигимиз ишчилари, уларга ойлик иш ҳақларига шох-шабба берамиз” дея саксавулларни чопиб олиб кетаётган фуқароларга суммаси кўрсатилмаган юк хатларини ёзиб бериб келмоқда.
Афсуски 2017 йил ноябрь-декабрь, 2018 йилнинг январь-февраль ойларида Ражаббой Очиловдан Жобирбек фермер хўжалиги рахбар ходимларидан саксавул олган фуқароларни биронтаси ҳам Жобирбек фермер хўжалигига буйруқ орқали ишга кирмаган, уларга ойлик иш ҳақи хисобланмаган.
Ражаббой Очилов бу фуқароларга саксовулларни рухсатсиз чоптириб, пайхон қилдирган майдонлар Жондор давлат ўрмон хўжалигининг ўрмон фонди ерлари хисобланади…”
Қоракўл давлат ўрмон хўжалиги бош ўрмон инспектори Шокир Аминов ушбу текшириш хулосасида аниқланган қонунбузарликларга қонуний чора кўришни сўраб, хулоса ва унга бириктирилган суратлар билан биргаликда тақдим қилган. Лекин Қоракўл туман прокуратураси мансабдорлари жиноят кодексининг бир қанча моддаларидаги жиноятларни содир этиб келаётган, коррупция ботқоғига ботган Очилов Жобир ва унинг отаси Ражаббой Очиловнинг жиноий кирдикорларини хаспўшлаб келмоқдалар.
Очилов Жобир 2006 йилдан буён давлатга умуман пул тўламай, 4та трансформатор, 5та электр генераторидан фойдаланиб келаётгани, яъни электр энергиясидан ғайриқонуний тарзда, ўз шахсий манфаатини ўйлаб ишлатиб келаётгани тўғрисида билдиргандим.
Бироқ Очиловнинг ҳамтовоқлари менинг важларимни ёлғонга чиқариб, “Жобиров бир нечта эмас атига битта сув насоси ишлатяпти”, деган маънодаги ёлғон хулоса чиқариб, прокуратурани алдаб келганлар, яъни 4та – 160 кВт, 125 кВт, 125 кВт, 10 кВт электро гинераторлар ишлаб турганини яширганлар.
Жондор тумани ва вилоят ҳокимларининг қарорларига асосан 3094 гектар яйлов ери “Жобирбек” фермер хўжалигига ижарага берилган. Лекин фермер хўжалиги рахбари 200 гектардан ошиқ экин ерларига ўзининг шахсий манфаати учун беда, буғдой, арпа, ер тути, қовун, тарвуз экиб, ўз манфаати учун даромад топмоқда. У олаётган даромадидан ҳеч қандай тўлов тўламайди. Ҳокимият, солиқ инспекцияси, прокуратура қаёққа қарамоқда?
Мен “Жобирбек” фермер хўжалигини чегараларини, чегарадош фермер хўжаликлари иштирокида аниқлаб беришларини ва улар имзо қўйишларини талаб қилдим. Бироқ туман прокуратураси вакиллари бу ишни бошида турмадилар. Бу ишни бажаришни туман ер кадастр бўлими бошлиғи Элбек Муқимовга топширдилар.
Жаноб Муқимов эса прокуратурани чалғитиб, ман қилган талабни бажарганлиги ҳақида прокуратурага ёлғон маълумот берди. Лекин фермер хўжалигини ерини устига бориб ўлчагани ҳам йўқ, бу иши бажара ҳам олмайди, чунки у бир оддий агроном, мутахассис эмас.
Туман прократурасида “Жобирбек” фермер хўжалигини қатор йиллардан буён 200 гектардан ошиқ экин ерида фойдаланиб келаётганини ва ҳар йили ягона ер солиғини тўлаётгани ёки тўламаётганганлиги тўғрисида умуман маълумот йўқ. Прокуратура бу ҳужжатларни солиқ инспекциясидан нега талаб қилиб олмайди?
Жондор туман прократураси “Жобирбек” фермер хўжалигини 2006 йилдан 2017 йил октябрь ойигача, туман ҳокимидан ҳам, электр тармоқлари корхонаси бошлиғи Баходир Хаётовдан ҳам энергия тармоқлари корхонаси ўртасида ҳар йилда бир марта тузиладиган шартномани, шартномага асосан ҳар ойда фермер хўжалиги сарфлаган электр энергиясини хисоботини ҳар ойда тўлаб борилган электр энергияси тўловларини амалга оширган ёки оширилмаганлиги тўғрисида умуман маълумотнома олмаган.
Бу ҳақда 2010 йил 1 июнда менга ўхшаган оддий фуқаро Мўминов Искандар маълумот берган эди. Аммо ўша вақтдаги Жондор туман прокурори “Жобирбек” фермер хўжалигидаги ўтказилган текширишларда аниқланган қонунбузилишлар фотосуратлар ва видеотасвирлар билан ўз тасдиғини топган бўлсада “Жобирбек” фермер хўжалигига нисбатан хеч қандай чора кўрилмади.
Президентимиз прокуратура мансабдорларининг қонунга зид қилмишларини танқид қилиб, уларни қонунга итоат этишларига тинимсиз чақириб келаётган бўлишига қарамасдан Жондор туман прокуратураси ходимлари қонунларга итоат этиш эмас, аксинча қонунузар коррупционерларни қўллашни давом этмоқда, ҳуқуқ ва эркинликлари бузилаётган инсонларга нисбатан адолатсизликни давом эттирмоқдалар.
Мутахасисларни сохта, ёлғондан берган хулоса ва маълумотларига таянган холда асоссиз қарорларни чиқармоқдалар.
Тахминан 2017 йилнинг 22 ёки 23 сентябрь куни “Жобирбек “ фермер хўжалиги раҳбари, собиқ полковник Ражаббой Авезович Очиловнинг ўғли Жахонгир Очилов ва мени ўзимни иштирокимизда МИБнинг Камолов Даврон ва Дилшод исмли ходимлари билан электр энергиясидан фойдаланишни қонунийлигини текшириш учун боргандик.
Очилов “Бизларни хеч ким ҳеч нарса қила олмайди, менинг ИИБда ишлайдиган шогирдларим аллақачон менга маълумот беришди. Менга қарши сизларни Бўронов Садриддин берган. Садриддин ва унинг акаси Наимлар ҳам бизлар билан ўйнашиб кўрган. Лекин уларни бош кўтара олмайдиган қилганман” деб очиқдан очиқ тахдид қилди. Шундан кейин электр энергиясидан фойдаланаётганлиги тўғрисида МИБ ходимларига талаб қилган хужжатларни уларга тақдим қилмади.
Мен ўтган 2017 йилда қўйларимни Бухорбек фермер хўжалигига қарашли яйлов ерларига боқиб беришлари учун Умид ва Ғулом деган чўпонларга топширгандим. Ўтган йилнинг сентябрь ойида кечаси 24:00 ларда Ражаббой Очиловнинг ўғиллари ўз шериклари билан 6 кишидан иборат бўлган “тўда” вакиллари чегарамизни бузиб ўтган деган бахона билан 10 бош қўйимни босқинчилик йўли билан ГАЗ-53 русумли аввтомашинасига юклаб олиб кетдилар.
Мен бу воқеадан сўнг Жондор прокуратурасига шикоят ариза билан мурожаат қилдим. Лекин Очиловлар томонидан ўзлаштирилган 10 та қўйларимни қайтариш, босқинчиларга қонуний чора кўришни сўраб қилган шикоятимни қаноатлантирилмади. Қани ҳақикат, адолат?
Бухоро вилоят прокурорининг топшириғига асосан 2018 йил 19 июнь куни “ЎЗДАВЛОЙИХА” мутахасиси Умар Баходир текшириш ўтказиш учун келганида Бухоро вилоят ер кадастир бошқармаси рахбари талаб қилинган картани махфий карта деган бахона билан мутахассисга бермаган. 3 кунлик оворагарчиликлардан кейин “Жобирбек” фермер хўжалигига қарашли ҳақиқий шартномани ҳам бермасдан Республика “ЎЗДАВЛОЙИХА” ходимини қайтариб юборган.
Коррупция жинояти ҳақида баён қилинаётган ушбу шикоят аризамда келтириб ўтилган важларни ўрганиб чиқиш ва ушбу коррупционерларни жиноий қилмишларини бости бости қилиб келаётган Бухоро вилоятидаги куч ишлатар тизимлари вакилларининг ғайриқонуний қилмишларига ҳам муносиб қонуний чора кўриш учун махсус комиссия тузишингизни, ушбу комиссия вакиллари текширувни менинг иштирокимда ўтказишларини таъминлашингизни сўрайман.
Бўронов Садриддин.
2018 йил 20 сентябрь
Fikr bildirish