Дадахон Ҳасан: Таржимаи ҳолим маним китобидан (3-4-қисм)
Кўрган кечирганларимдан
Бу даврга келиб Бизнинг Озодлик ҳаракатларимизга катта зарба берилган, ва қанотлари кесилган қушга айланган эди. Мен бу вақтда Туркияга талпинаётган эдим. Ниҳоят Рауф Парфи билан маслаҳатни пухта қилиб, «Туркия қайдасан?» дея йўлга тушдик. Бизга шоир Муҳаммад Ҳайдар ҳам йўлдош бўлган эди. Биз Чимкентдан Олмаотага, Олмаотадан Бокуга учиб кетдик.
Рауф “Баку аэропортида ЯК-40 самолёти ва шоир Тўра Мирзо бизни кутиб турибти, биз боришимиз заҳоти ҳаммамиз Истамбулга қараб учиб кетамиз” деб, менинг қулоғимга лағмoн илган эди. Баку аэропортига қўниб қарасак у ерда Тўра Мирзо ҳам, бизни кутаётган ЯК-40 самолёт ҳам йўқ. Мехмонхонадан жой олдик, эртаси куни Рауф биздан ажралди. У Ориф Ажал деган шоир оғайниси билан топишиб, кўздан ғойиб булди.
Орадан икки кун ўтиб Мухаммад Ҳайдар ҳам Тошкентга қараб жўнаб қолди. Мен эса Озарбайжондан чиқиш визасини ва Туркияга кириш визасини олиб, Туркияга кетишим керак эди, бироқ бу ишлар ғоят мураккаб экан. Бокудаги Туркия консуллигидан Туркияга кириш визасини олдим, бироқ Бокудан чиқиш визасини ололмадим. Бир неча кун Бокуда қолиб кетдим.
Кунлардан бир куни мен Бокуда экан, Элчибей раҳбарлигида арманиларга қарши бир намойиш бўлган эди, намойишга қатнашиб мен ҳам нутқ қилдим. Бу чиқишимдан кейин Бокуда Азорий Каримов фамилияли бир олим йигит мен билан ҳамиша бирга бўлди. Тошкентга учиш билети ҳам йўқ, роса сарсон-саргардон бўлдим. Ниҳоят Рафоил исмли туркчи бир оғамиз билетни тўғрилаб берди, Тошкентга эсон-омон етиб келдим.
Салай Мадамин деганнинг Ўзбекистон мухолифатига хеч қандай алоқаси йўқ эди. У мухолифат тузилишига ҳаракат қилмаган, у тайёр тузилган мухолифатга эгалик қилмоқчи бўлган, тайёр ошга баковул бўлмоқчи бўлганди. Аммо тажрибасизлик қилиб, мухолифатни бошқара олмади.
Демоқчиманки, лидер бўлиш учун у лидер бўлиб туғилган бўлиши керак экан. Ҳақиқатан ҳам мухолифатчи бўлганда эди, ҳар қандай шароитда эл-юрти билан бирга бўларди. Ҳатто қамалган тақдирда ҳам юртидан ажралмаган бўларди. Афсуски, унда миллиятчилик ҳам, ватансеварлик ҳам, ҳатто оддий дипломатия ҳам йўқ экан.
Муҳими унда кураш йўқ экан, яна муҳимдан муҳими унда нормал муомила йўқ. Одамлар билан тил топишиб, улар билан аралашиб кетиш йўқ. Демак албатта уни қўллаб-қувватловчи, сайловчи йўқ. Халқ йўқ. Хорижда фақат беш ёки олтита «шинок»лардан иборат тарғибот ташвиқотчилари бор экан. Уни ҳимоя қилувчи, унга умид боғловчи тарафдорлари кўпчилик бўлганда эди, у ҳе йўқ – бе йўқ, фақат роҳат фароғат истаб, қамалишдан қўрқиб, ватанни тарк этармиди?!
Ўз элининг тортаётган меҳнат машаққатини кўраётган зулм зулматини кўрмасликка олиб, кўзини юмиб, хориж сари кетармиди?!
Хорижда туриб халқнинг аянчли аҳволини томоша қилармиди?!
«Мен мухолифатчиман, мен лидарман» дейишга Соливойнинг мутлақо маънавий ҳаққи йўқ. У оддий мухолифатчилар билан муроса қилишни билмайди. Унинг димоғи ҳамиша осмонда, гўёки бир ишни қойиллатиб қўйгандай, сира пастга тушмайдилар. Шундайин қуруқ олифта қандай қилиб мухолифатчи бўладию, омма унга эргашади?! Шу феъл билан у нимага эришади?! Бутун бошли халқни қулга айлантирганини ҳисобламаганда йигирма етти йилда нима қилди, курашдими?! Йўқ!!!
Билимсиз бир ёзувчи ёзган мақоласида Салай Мадаминни Жалолиддин Мангубердига ўхшатибди. Мангуберди Мўғил босқинчиларига қарши қўлида қиличи билан мардона курашган Миллий қаҳрамонимиздир. Маҳмуд Ялавочга ўхшаш бир хоинни Мангубердига тенглаштириш уни ҳақорат қилишдир, мунофиқликдир!
Ҳатто Чингизхондай Саркарда ҳам Унга ҳавас қилиб, «Жалолиддин Мангубердидай бир ўғлим бўлсайди» деган.
Салай Балой қайси босқинчига қарши қўлида қанақанги қуроли билан курашди?! Ҳатто қўлида қалами билан курашмаганку. Рус босқинчиларига қарши халқ тилида ёзилган ҳеч қурса бирорта шеъри борми?! Ёки Биз Бирликчилар ташкил қилган бирорта намойишга қатнашиб, рус империализми ва унинг босқинчилик сиёсатига қарши бирор оғиз сўз айтдими?! Йўқ, албатта! ! !
У фақат олифтагарчилик қилиб, фасон сотиб, мухолифатнинг пулини еб, роҳат фароғатлар айлаб, яшаб юрибди. Соливой биз билан сира-сира бирлашмаган, бизларнинг орамизга кирмаган, биз билан якдил бўлмаган. У ҳар доим севимли акахони Каримов билан бирга бўлиб, бизларнинг ҳаракатимизни қандай қилиб йўқотишни план қилишган. Ҳатто фақат Бирлик халқ ҳаракатига қарши курашган окаси Ислом Каримовга астойдил хизмат қилган.
1989 йил биринчи октябрдаги ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишини талаб қилиб, хозирги мустақиллик майдонида уюштирган намойишимизда ҳам қатнашмаган. Намойишга қандай йўл билан киришни мўлжал қилиб, Рауф Парфи иккимиз Навоий кутубхонаси орқасида турганимизда Соливой бизга яқинлашиб келган эди. «Юр биз билан, ўзбек тилимизга давлат тили мақоми берилишини талаб қиламиз» деганимизга қарамай, у «Америкадан келган мухбирлар билан суҳбатим бор» деб уйига қараб кетган эди.
Ўшанда у ғирт ёлғон гапирган. Америкадан ҳеч қандай мухбир келмаган эди. У профессионал ёлғончи, ёлғон сўз тополмай қолгандагина рост сўзлашга мажбур бўлади. Лекин ёлғон сўз тополмай қолган вақти бўлмаган бўлса керак. «Энг катта гуноҳи азим ёлғончиликдир» деган эканлар пайғамбаримиз.
У ўзини шотирлари норасмий тарзда бошқарадиган Озодлик радиосига чиқиб олиб фақат ёлғон гапирар эмиш. У ҳатто «Бирликнинг қайсидир намойишида ҳам қатнашдим» деганмиш уялмай-нетмай.
Ўша кунлари у акахонининг топшириғини бажариб, «Намойишлар қилмаймиз, намойишлар ман этилди» деган шиорни байроқ қилиб кўтариб юрган кунлар эди. У акахони билан бирлашиб, намойишларимизга мутлоқо қарши эди. Биз уларнинг қарорига қарама-қарши ўлароқ, намойишни бошлаб юборган эдик. У бизнинг ўша кунги намойишимизни кўриб, йиғилган намойишчиларнинг кўплигини кўриб ичи ўтиб кетган бўлиши аниқ. Чунки ўша кунги мухолифатнинг саъйи ҳаракатини юқорида севимли акаси кўриб турганди. Унинг билан кўришганда акахонининг юзига қандай қаради экан, унга нима деб жавоб берди экан?!
Хуллас акасининг қарғишига қолиб, жувонмарг бўлиб кетмаслик учун бу жаноби олийлари намойишга қатнашмасдилар. Чунки унга ўзбек тили керак эмас эди.
У чиндан ҳам мухолифатчи бўлганида, халқчил бўлганида эди, у президент билан эмас, биз билан бирга бўлиб, намойишларда бизлар билан бирга қатнашиб, нутқ ирод қилар эди. Афсуски ундай бўлмади, начора.
Ахир мухолифат рахбари мавжуд хукумат билан сиёсат юзасидан муроса қилмайдими? Бошқа мухолиф партиянинг раислари, аъзолари билан парламентда бирга бўлмайдими? Парламентдаги мунозараларда қатнашмайдими? Мисол учунга Россия парламентидаги мухолиф партиялар каби.
У ББС, Озодлик радиоларидаги ва бошқа матбуотларда ишлайдиган демократик мамлакатлар ва жамғармалар томонидан молияланадиган сайтларни бошқарувчи шотирлари орқали доимий равишда ўзини ўзи мухолифат лидери деб реклама қилдиради. Унинг лидерлиги ўзи сингари сохта ва ёлғонку. Хорижий радиоларда Салайнинг ЭРК партияси аъзолари бўлмиш бир нечта дастёрлари бор. Афсуслар бўлсинки, Салайни ўзи «Мен ўзбек мухолифатининг лидариман» деб оғиз кўпиртиришга уялмайди, демократик давлатлар томонидан молияланадиган радиодаги шотирлари эса қалбаки лидерни «лидер-лидар» деб тиним билмай сайрашади. Хорижий радиодаги бу сайроқи қушлар шу қадар сайрайдиларки, гўёки уларнинг даҳолари хорижда туриб, Ўзбекистонда беш-олти марта инқилобни амалга оширгандай!
Унинг хориж матбуотларидаги бу тўтиқушлари эртаю кеч уни қанчалик шоу қилмасинлар, барибир Каримов яратган, Каримов режимидан бўлган бу сохта лидерни, айниқса нияти бузуқ бу кимсани янги авлод танимайди, тан олмайди! Шу халқнинг дардида ёнмаган кимса қандай қилиб мухолифатга лидерлик даъво қила олади?! Ажабо. Кўчат экилади, унинг мевасини бир кун еймиз деб уч йил кутилади, мева бермаса бундай бепушт, қуриган кўчат қўпориб отилади. Ўрнига бошқа кўчат экилади. Йигирма етти йилдан буён нима мева берди бу кимса?! Каримовга берган бир икки мевасини ҳисобга олмаганда!
Салайнинг шотирлари Салай Мадаминни «Бирликнинг асосчиси, сиёсий ҳаракатларнинг раҳбари деб таърифлайдилар.
Уларга қарата «Қани айтингларчи сизлар томондан шар қилиб шишираётган Салай Алай раҳнамоларинг мухолифат лидери бўлиб, курашчи бўлиб мамалакатда қандайин курашлар қилди?! Қўлидан нима иш келди?! Агар бу саволларимизга жавоб бера олишсанг асослар билан жавоб беришгин» дегинг келади! Ҳатто у бирон марта биз мухолифатчилар билан норозилик намойишларига чиқмаган. Совет империализмига қарши бирон бир маракада сўзламаган, эл юртни ҳимоя қилиб бирон ҳаракатларда бўлмаган, халқ орасига кириб бормаган.
Сенлар буларни барчани биласанларку. Бас, шундай экан ўзбеклар ишига аралашмоққа, халқни алдамоққа нима ҳаққинг бор сенларни?! Сенлар биз учун мутлоқо бегонасан, ёки оғизларингни кўпиртириб уни мадҳ этмасанг талоқ бўлиб қоласанларми?! Лидер бўлиб у нималар қилди?! Мисрда, Грузияда, Қирғизистонда, Арманистондаги каби инқилоб ясадими?!
Йигирма етти йилдан буён мухолифатнинг нонини еб юриб, еган нонини оқладими мухолифатчи бўлиб? Ўзбек халқи учун нима каромат кўрсатди?!
Мободо йигит бўлса, уни йигитлик виждони, эркаклик ғурури қани?!
Ўзбекистонни бугунги вайрона ҳолга тушмоғига, иқтисодий-ижтимоий жиҳатдан коррупция ботқоғига ботишига, айниқса бир зулмкор зулми остида қолиб, йигирма етти йил мобайнида халқимизнинг хору касод бўлишига, нарх-навонинг энг баланд нуқтага сапчишига, сўмнинг гипр инфляция даражасига чиқишига, беш олти миллион ўзбекнинг хорижларга чиқиб кетишига, аёлларимизнинг хорижларда мардикор бўлиб хорланишига, Ўзбекистоннинг талон-тарож бўлишига ўша сенларнинг сотқин фирибгаринг Салай сабабчидир!
Чунки у мухолифатга қарши курашда Каримовга маслаҳатчи бўлган эди. Ниҳоят Бирлик халқ ҳаракати учун гўр қазиган гўрков Муҳаммад Солиҳ деган хоин бўлади! Билмасанглар билиб олишгин!
Сенлар тавалло қиладиган «Лидеринг» хориждаги тўртта мухолифатчининг ҳам бошини қовуштириб, уларни идора қила билмади. Шунинг учунда уни мамлакатда ҳам, хорижда ҳам кимса танимайди. Хориждаги мухолифатчилару, ҳуқуқ химоячиларининг барча барчаси Cалай деса энсаси қотади. У ҳамманинг бадига тегибди, хуллас хориждаги мухолифату, ҳуқуқбонлар Солиҳдан очиқ ошкора жирканадурғон бўлишибди.
1993 йилнинг ёз фасли эди, ўғлим Нодирхон «Кўчада сизни уч-тўртта одам чақиришяпти» деди. Ҳеч хавотир бўлмай кўчага чиқсам, тўртта олифта кийинган йигитлар турган экан. «Эшитаман, бизга не хизмат?» дедим. Мен билдимки улар милиция ходимлари. Улар «Биз билан шаҳар ички ишлар бошқармасига бориб келасиз, биз шу учун келдик» дейишди. Мен «Қайси мошинга ўлтирайин?» дедим, кўрсатишди, ўтирдим, биз жўнаб кетдик.
Ниҳоят Навоий кўчасига етиб борганимизда мен уларга «Бошқарма қолиб кетдику, биз қаёққа кетяпмиз?» деганимда, улар «Сизни бир бирликчи билан Жиззахда учраштирмоқчимиз» деб жавоб қилишди. Жиззахга қоронғу тушганда кириб бордик. Жиззахда мошина алмашди, биз бошқа газ 69 мошинда Форишга қараб кетдик. Фориш ички ишлар бўлимига кириб бордик, бўлим бошлиғи бўлса керак, менга қараб «Сиз жиноят кодексини 61 статяси бўйича қамоққа олиндингиз» деди ва мени подвалдаги бир хонага киритиб, эшикни беркитиб, чиқиб кетди.
Қамоқхонада Орловский деган рус боласи ҳам бор экан. У қўй ўғрилиги учун қамалган экан. Бу хонада тўрт кун ётганимдан кейин сийрати совуқ бир йигит хонага кириб, менга Андижон шевасида дўқ-пўписа қилиб «Чиқ бу ердан» деди ва бўлим бошлиғи олиб қўйган ҳужжатларимни менга кайтариб берди. Биз иккита Жигули мошинда Жиззахга қараб кетдик Жиззах, Ҳавос, Бекобод, Хўжанд орқали Риштонга кириб бордик.
Йўлда бизларни тўхтатган ГАИларга шофёрлар гувоҳномаларини кўрсатарди. Улар ўзларини Кўкалдош фирмасининг раҳбарларимиз деб таништирдилар. Исмларини хам ўзгартириб айтдилар. Риштондан ўтиб, Кафут қишлоғидан ўтганимизда айри йўлда мошинлар тўхтади. Ҳалига сийрати совуқ кимса келиб мени огоҳлантира бошлади: «Олтиариқдан ҳеч ерга бормайсан, Тошкентга бормайсан, менинг одамларим сени кузатиб туришади. Мен пунктуалный одамман. Уйингда ўтирасан, керак бўлса болаларингни ҳам олиб келамиз», деди ва мени мошиндан туширишиб ўзлари яна Риштон томон кетишди. Бу Андижонча шевада гапирган суръати совуқ кимса Асака шахар Ички Ишлар Бошқармаси Жиноят Қидирув бўлими бошлиғи Бахтиёр экан.
Тошкентга келиб суриштириб билсам, бу томоша мени Эрк партиясининг бўлгуси қурултойига қатнашмаслигим учун кўрилган чора – ТАДБИР экан. Олтиариқда бир кун туриб Тошкентга қайтиб келдим ва қурултойда қатнашдим. Солиҳнинг бизнинг «Бирлик»ка, умуман мухолифатга алоқаси йўқ эканлиги шу қурултойда ҳам билинди.
Бирликнинг Ташаббус гуруҳини ўз уйида ташкил этган – тузган, Ўзбекистонда биринчи бўлиб илк бора мухолифат ҳаракати тузишни бошлаган бу мен – Дадахон Ҳасандир. Салай Бирликни тузмаган, аксинча у Бирликка гўр қазиган гўрковдир – Салай Алай Балойдир.
Салай Президент Каримовнинг суюмлиси бўлган. Ана шу суюмли Каримовнинг қули – қўли бўлиб, орамизни бузди. Аввал парчалаб, сўнгра Миллий Озодлик Ҳаракатимизни йўқ қилиш учун «Бўлиб ташлаб ҳукмронлик қил» сиёсати остида иш олиб бораётган Каримовга анча хизмат қилди. Каримов уни бир марта ишлатди – Бирликни парчалаш учун бир марталик буюмдай. У бошиданоқ ўзининг кимлигини билдирган эди.
Ҳаракатимизнинг биринчи 1989 йил 19 мартда Тошкентда Ленин майдонида ўтган биринчи ва 9 апрелда Чуқурсойда ўтган иккинчи намойишимизда ҳам қатнашмаган, биз билан бир сафда бўлмаган. Курашмаган, аксинча бизнинг Миллий Озодлик Ҳаракатларимизга доим қарши бўлган. Ҳозир ҳам хорижда роҳат фароғат айлаб санқиб юрибди. Сотқин ва қўрқоқ киши ҳам мухолифат лидерлигига даъво қиладими?
Каримовнинг қатағонлари жиддий тус олмасдан туриб, ҳеч қандай жабр кўрмасдан туриб, биринчилардан бўлиб Ўзбекистондан қочиб кетди. Шу қадар қўрқоқ нотавон экан уйида ахмоқона шеърларини ёзиб, … ўтирганида Миллий Озодлик Ҳаракатимиз ниш урмасдан туриб юлиб ташланмасди.
Қўлидан ҳеч иш келмас экан нега «Мен-мен» деб манманлик қилади, кўкрак керади, ўзини мухолифат санайди?! Бундай шармандаларча ҳаёт кечириш Қўйлиқ бозоридаги ёки Қатортолдаги фоҳиша аёллар билан бир сафда харидор кутиб нозланиб, кўзини сузиб туриш билан баробар. Шу юртнинг фарзанди бўлса, шу элу юртнинг кечмишига жони ачиса, сотқинликларини хатолар деса, нега хатоларини тузатишга ҳаракат қилмай думини қисиб қочиб кетди?!
У бу юртнинг фарзанди эмас. У кимсани шоир-шоир деб кўкларга кўтарганлар албатта саводсиз савиясизлардир. Унинг шеърларида бирорта исёнга, озодликка даъват этувчи, мазлум халқни уйқудан уйғотувчи бирорта ўзбекча сатр борми?! Унинг шеърларини ўзбек тушунмайдику, балки ўзи ҳам тушунмас. Масалан «Шундай Ватанинг бўла туриб» бу ўзбекча шеърий қурулма эмаску.
Совет империясига қарши, халқимиз тортаётган зулмга қарши шеърларида бир мисра борми?! Ёки Мухолифат ҳаракатларида бўлдими?! Унинг курашларини халқимиз кўрдими?! Унинг хоин ва сотқинлигини халқимиз ўшанда, яъни Каримов билан аҳдлашиб, дўстлашиб Бирликка қарши кураш бошлаганида билган эди. Ўшандан кейин унга хоину сотқин деган тамғалар босилганди.
Бугун энди у Ватанни соғиниб қолибди эмиш! Ватанни соғинар экан, Ватандан нега қочиб кетди?! Хорижда туриб, Ватанга қарши нималар қилмади?! Ватанни қонга ботирмоқчи бўлди!
1993 сентябр ойида Американинг Виржиния штатидаги Марлетти университетида бўладиган халқаро симпозиумга боришим керак эди. Аммо менга Мирзо Улуғбек туман ИИБ ОВИРи – чиқиш визасини бермади. Мен Андижонлик Жўрахон акамизнинг ёрдами билан бошқа йўллар билан ҳужжат тайёрлаб, Адлерга қараб учдим. Адлердан бир неча кунлик сарсонгарчиликдан сўнг Туркиянинг Трабзон шаҳрига учиб бордим. Турк дўстларимнинг ёрдами билан Анқара орқали Истанбулга етиб келдим. Истамбулда бир оз дам олгач, шу ердаги Америка консуллигидан Америка визасини олиб Америкага кетдим. Симпозиум ноябр ойи бошларида бошланди. Мен у ерда Марказий Осиё ва Кавказда Дин ва сиёсат темасида маъруза қилдим ва декабр ойи охирида Истанбулга қайтиб келдим.
Аллакимларнинг ёрдами туфайли мен январ ойида умра зиёрати учун Макка шаҳрига бордим. Зиёратда бир ой бўлиб, сўнгра Истамбулга қайтиб келдим. 1994 йил 4 март куни учоқ билан Чимкент шаҳрига етиб келдим. Шу куни мусулмон оламида Қурбон Ҳайити эди. Мен ўз юртимга етиб келганимдан кейин мени саккиз ой бадалида кетимдан кузатиб, пойлаб юришди. Ниҳоят октябр ойи бошларида мени Марғилонда тутиб, қамоққа олишди. Иштонсизнинг ҳадиги чўпдан деганларидай менинг хорижда олти ой сайр этиб юрганимдан севимли ҳукуматимиз айниқса президент Каримов бениҳоя хавфсираган экан.
Машхур Аҳмаджон Одилов мен билан ўтган бир суҳбатида «Бу Муҳаммад Солиҳ деганларингни миллати нима? Унинг гапини тушиниб бўлмайди» деганида мен Аҳмаджон акага “Унинг сўзини ҳам, ўзини ҳам, бизлар ҳам тушунмаймиз. Лекин хоинлигини биламиз…», деб жавоб айлаган эдим.
Мухолифатнинг лидерлигига даъвогар ҳар қандай кимса Ватанда бўлиб курашмайдими?! Шунда уни эл таниб сева бошламайдими?! Cалай Мадамин эса амални, мансабни яхши кўрарди, у курашиб амал мансабга ўтиришни тасаввур ҳам қила олмайди. Унинг учун ҳамма нарса тайёр бўлсаю, у киши келиб, раҳмат ҳам демасдан тахтга ўтирсалар. Шуни истайдилар жаноблари. У ғоят маишатпараст, курашларга эса сираям тоқати йўқ. Унинг жони жуда ширинда.
Ўша 1988-89-92 йилларда президент Ислом Каримовнинг бағрида бўлган, диктаторнинг севимлиси бўлган Салай Мадамин қанақасига мухолифатчи бўлиши мумкин?
Инсон деганида жиндай виждон ҳам бўлиши керакку ахир. Агар зиғирдеккина виждон бўлмаса, унинг хайвондан фарқи қолмайдику. Ваҳоланки ўтган йигирма етти йил бадалида халқ учун, миллат учун Салай хеч нарса қилгани йўқ! Фақат халқнинг бошига тушаётан кулфатларга томошабин бўлди холос, «Ўзбекистонда инқилоб қиламан» деб уни алдаб пулини олиб, буни чўнтагига кўз тикиб, ҳаром еб, ҳаром яшаб юраверди. ЭРКчи журналистлари уни қанча пуфлаб шиширмасинлар шар барибир бир куни ёриладику.
Менимча у кейин Хумайнийдек бўлишга ҳаракат қилди шекилли ўзини динга урди. Паказуха қилиб, намоз ҳам ўқий бошлади, бўлмади. Қозонда ҳеч нима йўқ экан, чўмичга ҳеч нима чиқмади. Унинг мусулмончилиги илгаридан чалароқ эди ўзи. 1991 йил охирроғида эди, шекилли, Президентлик сайлови кампанияси даврида Марғилондаги бир мачитда катта йиғин пайтида Салай Мадаминга «Сиз Президент бўлсангиз мактабларда дин ўқитилишига рухсат берасизми?» деган саволга “Йўқ, дин ўқитилишига рухсат бермайман” деганди кейинчалик эса бошқача тусда сайрай бошлади.
Салайнинг раҳбарлигидаги Ўзбекистон халқ ҳаракатининг ғояси, мақсади нима?! Мафкураси нима, миллиятчиликми, демократиями ёки динийми, билиб бўлмайдику. Демак бу ҳаракат ҳам рўё эканда. Шунинг учун аъзолари йўқ, фақат қоғоздаги қилинди деб расмийлаштирилган ёлғонларга ишонтириб, бойлик орттириш учун асос солинганмиди ЎХҲга? Балки бу зўравонликни тарғиб қилгувчи жиҳодий ҳаракатдир?!
Тўғри, Отаси Ислом Каримов, онаси Салай Мадамин бўлган ЭРК партиясини демократик партия деб айтишарди. Аммо, бугунги кунда бу партияда ҳам бирор зоғ йўқку! Бундай партия атрофига одам йиға олмади. Йиғилган беш-олти аъзолар ҳам аллақачон тарқаб, гумдон бўлди. Салайнинг Бош котиби Отаназар Ориф кўчадан уйга чиқолмас эмиш, ишламаган котибга ҳеч ким ишонмас эмиш. Раис деган жониворнинг эса тумшуғи осмонда!
Аслида, Ўзбекистон халқ ҳаракати деган ҳаракат тузилибдию, қурултойлари ҳам қалбакилик йўллари билан ўтказилибди. Мажлис залида зални тўлдириб бериш учун таклиф қилинган бегоналар ўтирган эмишлар. Лекин чет эл матбуотларида ишлайдиган Салайчилар бу қурултойни рекламасини жойига қўйдилар. Лекин ҳақиқатни ерга кўмиб бўлмайди, ёлғончи лидернинг барча қилмишлари бирин кетин фош бўлиб келмоқда.
Ҳеч қурса мустақил равишда ўқиган одам ишонадиган, завқланадиган найзадор, иқтисодийми, ижтимоийми, сиёсийми, қай мавзуда бўлишидан қатъий назар, рост ва холис мавзуни кўтариб чиқиб, охиригача олиб бора олмайдиган бу ғўдайган олифта қандай қилиб халқни ўзини ортидан эргаштира олиши мумкин?! Ахир инқилоб ҳам, муваффақияту ғалаба ҳам осмондан саланглаб тушиб қолмайдику, бунинг учун тер тўкиш керак. Каттани ака, кичикни ука дея оладиган даражада камтарин бўлиши керак халқнинг лидериман деган одам!
Майли уни радиолардаги шотирлари айтганларидек 32 миллионлик ўзбек халқининг тақдирига жон куйдиргувчи мухолифат лидери экан, Ўзбекистонни иқтисодий, ижтимоий, сиёсий бўрхондан олиб чиқиб кетадиган Дастур ишлаб чиқдими?! Уни халққа тақдим этдими?! Ўзбекистоннинг келажаги ва равнақи ҳақида, тузумнинг жиноятлари ҳақида ўзининг фикр мулоҳазаларини талаб ва таклиф тариқасида элу юртга, ёки қулоқ солса солмаса ҳукуматга тавсия этдими?!
Салай ҳеч бир сиёсий ҳаракат қилишга яроқсизлигини ҳар одимда исботлаб келди, унинг ҳамма ҳаракати ҳам мухолифатчилигидек сохтакорликдан ўзга нарса эмас. Уни ўзбек мухолифати ҳеч қачон тан олмаган. У фақат атрофига беш-олтита шарлатанларни йиғиб олиб, «Мен Ўзбекистон мухолифати лидериман, халқ менга эргашади, ишонаверинглар! Инқилоб қилишга қудратим етади» дея алдаб, турли шубхали манбалардан олган пулларини ўзини реклама қиладиган, уни танқид қилгувчиларга қарши қоралов кампаниялари олиб борадиган шотирлари билан бўлишиб олиб, ўзини осмонда тутиб, лидерликни даъво қилаяпти холос.
Бу Салай деганлари хорижда ҳам анча пишиб, етилибди, фирибгарлик маҳоратини оширибди. Эшитишимга қараганда мамлакат ташқарисидаги криминал олам вакилларини ҳам, турли мамлакатлар махсус хизматларини ҳам турли алдовлар билан бошларини айлантириб – гипноз қилиб, жарақ-жарақ маблағларини ўзлаштириб, мухолифат учун сарфладим дея, ёлғон хисоботларни бериб, аслида Истанбулдан кошоналар, қимматбахо автомашиналар сотиб олганмиш.
Ҳатто Андижонликларнинг айтишларига қараганда, «Каримовга қарши курашамиз, ҳаракат қиламиз, уни ағдарамиз» деб уларнинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириб, хаттоки қочқинларни болалари учун бериладиган болалар пулларига ҳам кўз олайтириб, юзлаб Андижонликларни соғиб еганмиш. Андижонликлар охири Салай Балойдан узоқлашиб, қочиб кетишибди.
Салай бир умр бизлар қурган мухолифатни номини сотиб ейиш билан банд бўлди. На мамлакат ичкарисидаги, на ташқаридаги мухолифат кучлар билан муомила қила олмайди, улар билан тил топиша олмайди. У ўзининг шаллақилар командаси билан биргаликда мамлакат ичкарисидагию, ташқарисидаги мухолиф кучлар, диктатура режимининг ашаддий танқидчиларига қарши қоралов, туҳмат ва бўҳтон кампаниялари олиб бориш билан шуғулланди холос.
Ўзи истаган бўҳтонларни ўзи қоғозга тушира олмагани учун ҳам умрбодлик ҳамкори Рустам Иноятов тайёрлаб, тўғридан тўғри электрон почтасига юборган туҳмат бўхтонларни Усмон Хақназаров, Саид Асқар ва яна алламбало сохта номлар билан чоп қилган бу қўрқоқ лидер қанчадан қанча инсонларга туҳмат, бўҳтонлар уюштирдими дейсиз чорак аср давомида.
Муҳаммад Солиҳ ва унинг командасига тегишли бўлган интернет сайтлардан қўлланса ҳид анқийди. Халқни кетидан эргаштира оладиган фаолларни, ташкилотларни ғалабаларидан тўлғониб чиқади, оммалашган сайтларни йўқ қилиш учун ҳар қандай жирканчликдан тап тортмайдилар. Бири хужум қилиб чарчаса бошқаси чиқади бош кўтариб.
Дилсора Фозилова ёшлар ташкилотини тузган экан, унга қутурган итдек ташланишибди. Сўнгра исёнкор шоир Юсуф Жумани ғажилашди, шоирнинг ҳаттоки пай гўштларигача узиб олишмоқчи бўлиб, тишлашибди.
Ниҳоят, навбат Мўтабар Тожибоевага келибди. Унга аёвсиз ҳужум уюштиришибди, унга ҳам итдек ташланишибди. «Курашингни тўхтатмасанг, биз билан бирлашмасанг, бизнинг йўлга юрмасанг биз итлар гўштингни бурда-бурда қилиб еймиз» дейишибди. Ниҳоят бу гўштхўр ваҳшийлар Мўътабарга қарши турли туҳмат ва бўҳтондан иборат мақолалар, видеофильмлар қилиб рохатланишибди. Мўтабарнинг йотубедаги блокини ҳам йўқ қилишиб, таскин топишибди, муродларига эришибдилар.
Эй бағри кукунданда қора кимсалар, дину диёнатсиз мунофиқлар, ўзларинг кураша олмайдиган ва албатта курашганни кўра олмайдиган қўрқоқ ва ҳасадчилар, сен «эркаклар» қила олмайдиган, хаддинг сиғмайдиган ишлари ногирон холи билан бажариб келаётган, бошига кулфат тушганларнинг дардига малҳам бўлиб келаётган шу ожиза, ногирон аёл кишига кучинг етдими?!
Аёл кишининг курашлари натижасини, ғалабасини кўра олмаслик бу ҳажиқизлик – ҳезалаклик эмасми?! Сенлар аввало ўзингга бир бора қараш, сенларнинг лидерларинг аллақачон ҳидланиб ётган мурдаку. Тирик курашаётганларга, зафокаш халқнинг дардига дармон бўлаётган ҳуқуқ фаолига қарши курашишга, унга туҳматлар, бўҳтонлар уюштиришга сенларни қандай ҳаддинг сиғди?! Сенлар ўзи кимсанлар?! Салайни ўзгалардан алдов йўли билан олган бойликларига шерик бўлиш эвазига уни товонини ялаётган шилта дастёрларсанлар холос.
Сенларнинг ҳатто элликта – олтмиштанг бир бўлсангда, биттагина шу ногирон аёл – Мўътабарнинг қилган ишларини, диктатор Ислом Каримовга қарши курашини, унга берган зарбани сенлар қила олмайсанлар! Сенларни қўлингдан бундай мардлик, шиддат ва жасорат ҳеч қачон келмаган,келмайди ҳам!
Сенлар ҳар қанча Салайни тоғ дея ўзбек халқига тиқиштиришга чиранишма, уни рекламаси учун шоу қилишма, сенлар тоғимиз дея таништираётганинг аслида қум барҳани эканлигини ҳамма билади.
Дунёдаги ўзини мухолифат лидериман деган одамдан «Инқилобий ҳаракатлар қилдингми? Зулмга истибдодга қарши юртингда бош кўтардингми? Элим-юртим деб, халқ манфаати учун ўз хаётингни хавф остига қўйиб, кескин ҳаракатлар қилиб, неча марта қамалдинг?» деб сўрашар экан. Бизнинг «қаҳрамон» лидеримиз эса ҳеч қачон халқ манфаатини кўзлаб ўз хаётини хавф остига қўймаган. Тилида мухолифатчиман деб, қалбида диктатор Каримов билан бирга мухолифатни ўлдиришга ҳаракат қилган мунофиқдир. Унга ҳеч қачон халқ эргашмаган, унинг сафдошлари унинг ўзи каби чиябўри ва қашқирдирлар.
Яна бир масала. Шу йилнинг бахор фаслида Тошкентда бўлиб ўтган суд жараёни Салайни ўз жиноий қилмишларини ўзгаларга осонгина ағдаришга, тўғрироғи жон сақлашга устаси фаранглардан эканлигини яна бир бора исботлади. Бу риёкор лўттибознинг бу масалада маҳорати анча баланд. Тошкент шаҳар жиноий ишлар судида Бобомурод Абдуллаев “мен Усмон Ҳакназаровман” деб бўйнига олди. Яна у айнан Усмон Хақназаров номи билан чоп қилинган қайси мақолалар ўзига тегишли эканлигини ҳам очиқ ошкора санаб берди.
Шу билан биргаликда Бобомурод ўз кўрсатмаларида Ўзбекистон фуқаролик жамиятининг кўплаб вакилларига бўҳтон қилинган «Имзолилар» номли ҳамда Мўътабар Тожибоева, Галима Бухарбоеваларга қарши уюштирилган ўнлаб туҳмат мақолаларни, шунингдек бугунги Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев оиласига қарши чоп қилинган мақолаларни Салай Мадаминга тўғридан тўғри Рустам Иноятов ўз электрон почтасидан юбориши, Салай эса бу туҳмат, бўхтонларни Усмон Хақназаров номидан чоп қилиб келганлигини, бу бўҳтон мақолаларга ўзининг ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтиб берган кўрсатма берган.
Салайнинг мансабпарастлиги, режимнинг қанчалик қаттоллигига қарамасдан ўзига ишонган қанчадан қанча инсонларни қурбонликка берганлигини, кўпчиликнинг оиласи бошига оғир кулфатларни туширган бу кимса ўзи ва Ислом акаси, Рустам Иноятовдек ҳамкори манфаатлари учун қурбонлар беришни тўхтатгани йўқ хали ҳам.
Салайни ўзбек миллати қаҳрамони қилиб талқин қилинган ёлғонлардан иборат афсоналарини, яъни миллат душманини тарғиб қилгувчи хавфли юклар – китоблар ва дискларни Ўзбекистонликларга тарқатиш мақсадида чегарадан олиб ўтадилар. Ана шундай олиб ўтувчилардан бири Андижонлик доктор Гулбаҳор Тўраева юк билан чегарада қўлга тушиб, қамалиб ҳам чиқди. Бундай қалтис ҳарақатлар натижасида Ўшлик журналист Алишер Соипов 26 ёшида отиб ўлдирилди.
Бир неча миллионлаб маблағларни ўзлаштирган бу кўзи оч кимса Абдулла Тожибой ўғлига берган 2500 доллар маблағини қайтариб олиш учун аралаштирган Нуриддин Жуманиёзов 2 йилдан ортиқ сангородда оғир аҳволда ётиб, икки марта оғир жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказиб, 2016 йилнинг охирги куниси вафот этибди. Қарангқи бутун умрини Салай учун тиккан Нуриддин учун атига ярим вароқ таъзиянома билдиришга ярамади бу кимса!
Нега мен ўз таржимаи ҳолимда тинимсиз равишда Миллий Озодлик Ҳаракатимизни парчалаган сотқиннинг хоинлиги ҳақида такрор-такрор ёзаяпман?! Чунки, бу сотқинлик миллатимизнинг қирғин қилинишига, юртимизнинг таланишига сабаб бўлди.
Менинг бу ёзган фикрларимни ўтган 27 йил мобайнида диктатура режимидан жабр кўрган ҳар бир инсон ўз таржимаи ҳолига шундайича кўчириб қўйиши мумкин деб хисоблайман. Чунки Салайнинг хоинлиги миллатимизга жуда қимматга тушган сотқинликдир.
Мен эса яна қўшиқ айтишда давом этаман.
This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.
Fikr bildirish