O‘zLiDeP вакили, депутат ва журналист Олимжон Тўхтаназаровга қарши уюштирилган фитнани фош қилишни Мирзиёевдан талаб қиламиз!
Наманган вилоят прокуратурасининг уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими АМИБ терговчиси, 3 даражали юрист А.Охунжонов 2017 йилдан бугунги кунга қадар Ўзбекистон Миллий телерадиокампаниясининг “Тошкент” телерадио канали Давлат унитар корхонасининг режиссёри лавозимида ишлаб келган, O‘zLiDeP аъзоси, Халқ депутатлари Наманган вилоят кенгаши депутати Тўхтаназаров Олимжон Абдуназаровичга қарши очилган 237-2-2018-200 cонли жиноят иши материалларига асосланган ҳолда 2018 йилнинг 23 сентябрь куни уни жиноят ишида айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш тўғрисидаги қарорга имзо чеккан ва уни айни шу куни ҳибсга олганлар.
Ушбу қарорга ишониладиган бўлинса Тўхтаназаров Олимжон ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, алдаш ёки ишончни суистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш ҳамда давлат органи мансабдор шахсига пора беришга далолат қилиш жиноятларини «содир этган».
Тергов органининг билдиришича Олимжон Тўхтаназаров «ўз жиноий қилмиш»ларини мана бундай усулда содир этган:
Поп туман судининг 2017 йил 14 октябрь кунги ҳукми билан ЎзР. Жиноят кодексиниг 167 моддаси 2 қисми «в, г» бандлари, 209 моддаси 1 қисми «а» билан судланиб, эгаллаб турган лавозимидан четлатилган Поп тумани 1 сонли мактабнинг собиқ директори Инсапова Мухаббат Турсуналиевна суднинг ҳукмидан норози бўлиб, депутат Олимжон Тўхтаназаровга шу йилнинг 3 сентябрь куни мурожаат қилган.
Олимжон опахоннинг дарду хасратларини тинглаган ва албатта ёрдам беришини, оқлов ҳукми чиқартириб бериш билан биргаликда Инсапова Мухаббатхонни мактаб директорлиги лавозимига қайтадан тиклаб қўйишга қудрати етишини билдирган. Лекин бундай мўъжизаларни рўёбга чиқариш учун 500 доллар миқдорида пул бериши кераклигини айтади.
Шундан сўнг бир неча кунлар, аниқроғи Олимжон билан ўрталарида бўлиб ўтган сухбатдан 17 кун ўтганидан кейин,Мухаббатхон 20 сентябрь куни Мухаббатхон ДХХ Наманган вилоят бошқармасига ариза илан мурожаат қилиб, ўзидан 500 АҚШ доллари талаб қилаётган Олимжон Тўхтаназаровга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб ёзма ариза тақдим қилган.
Инсапова Мухаббатхонни шикоят аризаси юзасидан текширувлар олиб борган қонун устиворлиги «жонкуярлари» Олимжон Тўхтаназаровга қарши жиноят иши қўзғатиб, уни жиноят кодексиниг 168 моддаси 3 қисми «в» банди (Хизмат мавқеидан фойдаланиб фирибгарлик жинояти содир этиш) ва 28,211 моддаси 1 қисмида кўрсатилган (Пора беришга суиқасд қилиш) жиноятларни қасддан содир этганликда айблаганлар.
Олимжон Тўхтаназаровга қарши фитна уюштира бошланганига анча бўлганди. Мен унга бир неча маротаба айтдим, хушёр бўлишини, ўзига қарши уюштирилаётган фитналарни уюштираётганларни устамон эканликларини айтиб уни огоҳлантирдим. Биласизларми бу соддагина йигит менга нима деб жавоб берди «Мен Президентимга ишонаман ва уни ҳимоясидаман! Қолаверса агар менга бирор бир фитна уюштирсалар мени сайловчиларим қараб турмайдилар!»
Ҳақиқатан ҳам унинг депутат сифатида кўтараётган муамммолари жуда кўпчилик амалдорларни тинчини бузганди ва уни йўқ қилиш операциясида ўзини партиядошлари ҳам улкан хисса қўшдилар. Уни депутатликдан четлатиш учун турли усулларни қўллаб кўрдилар. Чунки у маҳаллий коррпционер мансабдорларнинг жиноий қилмишларига қарши очиқ ойдин курашаётганди. Тушунмаган, билмаган нарсасини сўраб ўрганишдан, билмаганини тан олишдан уялмаслиги сабабли у йигитни хурмат қилардим ва кўп масалаларда бахслашардик ҳам.
У Тошкентда айнан ишлаб юрган палласида, аниқроғи 14 август куни кундузида Наманган вилоятидан Тошкент шаҳри Навоий кўчаси 69 уй, Тошкент телерадио компаниясига, Олимжон Тўхтаназаров номига телеграмма келади.
У телеграммада «Ҳалқ депутатлари Наманган вилояти кенгаши доимий комиссияларининг 2018 йил 14 август куни соат 16.00да ариза мухокамаси бўйича ўтказиладиган йиғилишга шахсан иштирок этишингизни сўрайди» деб ёзилганди.
Дарҳақиқат, 14 август куни Олимжонга қўнғироқ қилиб барча комиссия вакиллари йиғилганликларини, фақатгина уни кутаётганликларини айтиб қўнғироқ қилишган. Олимжон бу йиғилиш ўтказилиши ҳақида нима учун жуда кеч маълум қилганликлари сабабини сўраганида арзирли жавоб ололмаган.
Бундан кўриниб турибдики Олимжон Тўхтаназаровни депутатликдан четлатиш, партиядан хайдаш мақсадида ўз партиядошлари ҳам хисса қўшганлар.
Президентнинг олиб бораётган сиёсатини қўллаб қувватлаб, жонбозлик қилиши билан жамоатчиликка танилган бу йигит ҳеч қандай жиноятга қўл урмаётганлигини, фақатгина коррупционерлар мансабдорларнинг жиноий қилмишларини фош қилаётганини айтарди. Партия йиғилишларига Олимжон иштирок этиши учун кўплаб инсонлар қатнашишларини, дарду хасратларини айтишларини билдириб, «Агар менга қарши бирор фитна уюштирсалар энг аввало Президентимиз қараб турмайдилар, қолаверса сайловчиларим ҳам сукут сақламайдилар» дерди.
Мана шундай ишонч билан курашаётганди Олимжон мамлакатни 37 йилларданда оғир аҳволга солган жиноий олам вакилларига, коррупционер мансабдорларга қарши. Бугун уни ошини ейишда ўз партиядошлари жонбозлик кўрсатган бўлсалар, хаттоки куч ишлатар тизимларнинг босимлари остида қолган оила аъзолари ҳам унинг ҳимояси учун бирор сўз айтишга ожиз эканликларини телефон орқали сухбатимиз давомида менга маълум қилишди.
Олимжон Тўхтаназаровнинг «жиноят содир этган»лигига сабаб бўлган омиллар ва охирги пайтларда унинг атрофида уюштирилган фитналар ҳақидаги батафсил маълумотларни ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга мурожаатни кечроқ жамоатчиликка маълум қиламиз.
«Ўтюраклар Клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти Олимжон Тўхтаназаров ҳимояси учун кампания бошлайди. Шу билан бирга маълум қиламизки Ўзбекистон Республикаси Президентининг Францияга давлат ташрифи муносабати билан Франция ҳукуматини ҳақ гапни гапиргани, давлат раҳбари олиб бораётган сиёсатини қўллаб қувватлаб жон куйдиргани учун қурбонликка берилганлар нафақат Ислом Каримов замонида содир бўлгани, балким Олимжон Тўхтаназаров Шавкат Мирзиёев замони қатағони қурбонларидан бири эканлигини етказамиз.
Шу билан биргаликда Мирзиёевга етказиладиган муждада коррупционер мансабдорлар Олимжон Тўхтаназаров сингари миллат ойдинларини қурбон қилишларига чек қўйиш учун жиддий қадам қўйишини президентдан сўраб қоламиз.
Мўътабар Тожибоева
«Ўтюраклар Клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш
халқаро ташкилоти асосчиси ва Президенти
Fikr bildirish