ББС: Юсуф Жума ҳам ўзбек ҳукумати учун «олди-берди» объектига айландими?
Ўзбек расмийлари сиёсий маҳбуслар деб билинган шахсларнинг тутқунликдаги аҳволи борасида ахборот тарқатмайдилар, Юсуф Жуманинг оиласи оммавий ахборот воситалари учун бу борада бирор маълумот берганлари йўқ.
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси Юсуф Жуманинг озод этилишини олқишлаб баёнот эълон қилган, унда Ўзбек шоирининг озод қилиниши «инсонпарварлик белгиси» деб таърифланган.
«Эзгулик» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятидан хабар беришларича, дунёнинг энг машҳур диссидентлари рўйхатига киритилган Юсуф Жума 10 май куни ҳибсда сақланаётган «Жаслиқ» қамоқхонасидан бошқа жойга кўчирилган ва саломатлиги тикланган.
«Эзгулик» фаоли Абдураҳмон Ташанов фикрича, таниқли ўзбек шоири ва мухолифатчисининг озод этилиши АҚШ билан расмий Тошкент ўртасидаги диалогнинг натижасидир.
Аксар кузатувчилар фикрича, Ўзбекистон ҳукумати мамлакатдаги мухолифат фаоллари ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, мустақил журналистларни сохта айбловлар билан ҳибсга олиш ва Ғарб расмий доиралари билан музокараларда «олди-берди» объектига айлантиришни одат қилган.
Кузатувчилар 1990 йилларда инсон ҳақлари фаоллари Маҳбуба Қосимова, Исмоил Одиловларнинг ҳибсга олиниши ва озод этилишларини, бугунги кунда Ўзбекистон ташқарисига чиқиб кетишга мажбур бўлган Ёдгор Турлибеков, Улуғбек Ҳайдаров, Мўътабар Тожибоева, Санжар Умаровлар ишларини эслатадилар.
Мўътабар Тожибоеванинг озодликка чиқарилгани 2008 йил июнида Тошкентда расмийлар билан учрашаётган АҚШ Давлат котиби ўринбосари Ричард Баучерга Ўзбекистон ҳукуматининг улкан бағрикенглиги сифатида тақдим этилган.
Юсуф Жума 2007 йилги президентлик сайловлари арафасида Ислом Каримовнинг истеъфосини талаб қилиши ортидан ўғли билан бирга ҳибсга олинган ва беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.
Унинг яқинлари «Жаслиқ» қамоқхонасида қийноқларга солинаётгани ҳақида кўп марта хабар беришган.
51 ёшли шоир Юсуф Жума 1980-йилларида шеъриятга кириб келган, унинг «Ҳақиқатнинг олтин олмаси» номли илк шеърий тўплами 1984 йилда чоп этилган.
Мухолифатдаги «Бирлик» халқ ҳаракати фаолларидан бўлган шоир 2001 йилда бир туркум шеърлари учун «давлат тузумига тажовуз қилиш»да айбланиб, қамоққа ташланган.
Юсуф Жума ва оиласи Президент Ислом Каримовнинг сиёсатини очиқ танқид қилганлари ва амалдаги тузумга нисбатан фаол фуқаролик мавқеъини эгаллаганликлари учун таъқиб қилинганликларини айтишади.
Шоирнинг аёли ва уч ўғли таъқиблардан қочиб, Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлганлар ва АҚШдан бошпана топганлар.
Юсуф Жума озод этилгани ҳақидаги хабарлар борасида «Эзгулик» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти фаоли Абдураҳмон Ташанов билан суҳбат.
Юсуф Жума ҳам Ўзбек ҳукумати учун ‘олди-берди’ объектига айландими?
Fikr bildirish