Абдулқуддус Мирзаев: «Халқ диний туйғулари туфайли исён қилмайди»
2007 йилнинг 26 сентябрь куни Cаудия Арабистонида юз берган автоҳалокат туфайли машҳур ўзбек диний олими Абдулвали қори Мирзаевнинг рафиқаси Шарифахон опа, ўғли Абдулқуддус Мирзаев ҳамда невараси Абдулвадуд ҳалок бўлган.
Бугун эътиборингизга биз Абдулқуддус Мирзаевнинг сўнгги интервьюни ҳавола этамиз.
Абдували қори Мирзаевнинг дом-дараксиз йўқолганига шу йилнинг 29 август куни 17 йил бўлади.
……
Шу ўринда Абдували Мирзаев тўғрисида қисқача маълумот:
У 1950 йилда Андижон шаҳрида туғилган. Диний илмни асли қўқонлик, Тожикистонда яшаган Муҳаммаджон домла Ҳиндистонийдан олган.
Ошкоралик даври бошланган 1989 йилда Андижонда қайтадан иш бошлаган жомеъ масжидида имом хатиб бўлиб, ваъз ўқий бошлаган.
Абдували қори 1995 йилнинг 29 август куни Тошкент аэропортидан Москвага учиш арафасида йўқолган. Яқинлари унинг Ўзбекистон махсус хизматлари томонидан ўғирлангани ва авахтага ташланганини таъкидлайдилар. Ўзбек расмийлари эса, Абдували қори Мирзаевнинг йўқолишига алоқалари борлигини рад этадилар. Айни пайтда машҳур уламонинг қаерда экани номаълумлигича қолмоқда.
…….
Абдували қорининг ўғли Абдулқуддус Мирзаев Саудия Арабистонида диний мактабни битиргач, Москва Давлат Халқаро алоқалар институтида ўқиган.
Марҳум билан унинг ўлимидан аввалроқ бўлган суҳбатда, у дадаси – Абдували қори Мирзаев фарзандининг дипломат бўлишини орзу қилганини айтган эди.
Абдували қори ўғирлаб кетилгандан уч йил ўтиб, 1998 йили Абдулқуддус Мирзаев уйланган. Ҳозир марҳумнинг ортидан уч нафар фарзанд қолди (автоҳалокатда ҳалок бўлган ўғли Абдулвадуд тўнғич фарзанд эди). Абдулқуддус оилада якка ўғил бўлган, олтита синглиси бор. Абдулқуддус Мирзаев Москвадан қайтгандан кейин йиллар мобайнида расмийлар кузатувида бўлган.
2005 йилнинг 13 май куни юз берган Андижон воқеаларидан кейин уни ҳам қамашга ҳаракат бўлиб, бир ярим суткадан ошиқроқ муддат Андижон турмасида сақланган. Шундан кейин у Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган ва Умра сафарига қадар қўшни Қирғизистонда БМТ мандати асосида қочқин ўлароқ яшаётган эди.
Ташқарига чиққандан кейин ҳам Абдулқуддусга нисбатан “ов” тўхтагани йўқ. Унинг Андижонда қолган оиласи тинимсиз махсус идораларга чақиртирилиб, тергов қилинмоқда. Машҳур олимнинг ўғлини Ўзбекистонга қайтариш учун махсус гуруҳ тузилиб, бу ишга сафарбар қилинган. Айни пайтда Ўзбекистон махсус хизматлари томонидан Абдулқуддус билан алоқада бўлган кишиларни аниқлаш амалиётлари давом этмоқда.
Марҳум Абдулқуддус Мирзаев билан уламо Абдували Мирзаев тўғрисида суҳбат ўқувчиларга 90-йилларда минтақада мусулмонларга нисбатан бошланган тазйиқ ва таъқиблар манзарасини ойдинроқ тасаввур қилишга ёрдам беради деган умиддамиз.
……
Алишер Соипов: Дадангизга Совет даврида ҳам тазйиқлар бўлганми?
Абдулқуддус Мирзаев: Тазйиқлар Совет Иттифоқи даврида ҳам бўлган. Эски даврни эслайдиган бўлсак, 1981 йили дадамнинг ҳамдарс биродари Раҳматуллоҳ Аллома автоҳалокат уюштириб ўлдирилган. Бахтли тасодиф сабабли дадам бу ҳалокатдан қутулиб қолган. 1982 йили эса беш кунга қамалган.
Бундан ташқари ўша вақтдаги КГБ идорасига доимий равишда чақиртирилган. Лекин, Совет Иттифоқи атеизм-динсизлик асосига қурилган давлат бўлгани сабабли бу нарса ўша тизимга ярашаверадиган ҳолат эди.
Қандайдир диний фаолият олиб борган, деган айб билан прокурорнинг санкциясига мувофиқ қамоққа олинган. Лекин, бу айблар исботланмагани сабабли, беш кундан кейин узр сўраб, сўнг чиқариб юборишган. Ўзбекистон мустақил бўлгандан кейин бу тазйиқлар маълум бир фурсат, бирор йил атрофида тўхтаган.
Алишер Соипов: Ўзбекистон мустақилликка эришгандан кейин тазйиқлар қай тарзда давом этди?
Абдулқуддус Мирзаев: 1992 йилда Тошкентда Ўзбекистон Ислом Уйғониш партиясининг раиси Абдулла Ўтаев ўғирлангандан бошлаб, дадамга ҳам бевосита тазйиқлар, кузатувлар давом этган.
1993 йили қиш фаслининг тунида биз яшаб турган ҳовли сирли равишда ёқиб юборилган. Уй йигирма дақиқа давомида бутунлай ёниб тугаган. Аллоҳ сақлаб, барча оила аъзоларимиз соғ-саломат қолган, лекин, барча мол-мулк ёниб битган. Сирли равишда ёқиб юборилган дейишимга сабаб, ўша куни бир ёнғин хавфсизлик хизматининг телефони ишламаган, бундан ташқари, ўша пайтда гўё ўт ўчирувчиларнинг махсус топшириқлари бўлиб, ўз вақтида етиб келмаганлар.
1995 йилнинг 29 августига қадар вазифасидан кечиб, уйдан ҳеч қаёққа чиқмай, ўзини эҳтиёт қилиш ҳақида дадамга турли жойлардан, ҳам дўстлар, ҳам душманлар томонидан бевосита ва билвосита огоҳлантиришлар бўлган. 29 август куни Тошкент шаҳар марказий аэропортидан ўғирлаб, сирли равишда олиб кетишган. Ўғирлаб деб айтишга етарли асосимиз бор, бу шунчаки аламзадалик устида айтилаётган гап эмас.
Ўзбекистон ҳукумати шу кунга қадар бу мудҳиш жиноятга алоқадорлигини инкор қилиб келади. Ўзбекистон ҳукуматининг бу ишга алоқадор эканига бизнинг етарли асосларимиз бор. Чунки Абдували қорини кимлар олиб кетгани, Миллий Хавфсизлик Хизматининг (МХХ) қайси бўлими бу ишга бошчилик қилгани, бу амалиётни шахсан ким бошқаргани, қандай русумдаги машиналарда олиб кетилгани, дастлабки ушлаб турилган жойлар, дастлабки тергов мазмунлари, дастлабки тергов қилган шахслар ҳақида тўла, ишончли маълумотларга эгамиз.
Алишер Соипов: Яъни, Сиз дадангизнинг ўғирланиш тафсилотларини биласиз, шундайми?
Абдулқуддус Мирзаев: Абдували қори Андижон аэропортидан Тошкентга 155-йўналиш билан учиб боради. Тошкентдан Москва йўналиши бўйича учмоқчи бўлган. Барча текширув рўйхатларидан ва ниҳоят паспорт текшируви — охирги текширувдан ўтиб, самолёт трапи олдига келганда, МХХ ходимлари томонидан яна қўшимча текширув учун олиб кетилган ва шу билан қайтиб чиқмаган.
Абдували қори 1995 йили, 29 август куни Тошкент шаҳар марказий аэропортида Москвага кетаётган, у ерда халқаро анжуманда иштирок этиб, нутқ сўзлаши керак бўлган. Бу нарса анжуман кун тартибига киритилган эди.
Москвадаги анжуман тугагандан кейин, Европа мамлакатларининг бирида бутун Европа мусулмонлари қандайдир бир диний анжуман ўтказиш қарорига келишишган ва бу анжуманга ҳам у кишини таклиф қилишган. Москва анжуманидан кейин Абдували қори у ерга бориш-бормасликни ҳал қилмоқчи эди.
Мен дадам ўғирланган вақтда Москвада бўлганман. Москвадан Лондонга бориш керак эди. Мен Москвага боргандан кейин бирга Лондонга бориш учун ҳатто маърузаларни тайёрлаб турган эдим. Дадамнинг Москвага келмаганидан хавотирландим. Уйга телефон қилсам, аям “икки кун илгари кетган”, деди. Ҳолбуки, анжуман тугади. Икки кун илгари кетган деяпти аям, аэропортда кутиб олгани чиққан одамлар бўлган. Улар рейсни охиригача кутиб, кейин “ичкарида ушланиб қолмадимикан?” деб танишларни киритиб чиқарган.
Расмларини кўрсатишганда стюардессалар ҳам самолётга бундай одам чиқмаган деб, айтишган. Андижондан самолётда бирга учиб келган бир одам ўзини четга олиб, Москвага учиб бориб қайтиб келган. Бизга ўша одам дадам Тошкентда олиб қолинганини айтган.
Мен дадамни излаш учун десам хато бўлади, озод қилиш учун Ўзбекистон республикаси президенти ва бош вазирдан бошқа барча амалдорлар, ИИВ, МХХ раҳбарлари, республика бош прокурори билан учрашдим. Улар билан бўлган суҳбатдан шуни тушундимки, бу масала уларга боғлиқ эмас. Бу ишни ҳал қилиш уларнинг қўлида эмаслигини менга қандайдир маънода билдиришди. Яъни бу масала Ўзбекистон республикаси президентига қадалиб бориши, у 1992 йилдаги Наманган воқеасидан ўта таъсирланганини билдирдилар. Албатта, бош вазир билан учрашишга ҳаракат қилмадим, чунки Ўзбекистонда бош вазир фақат иқтисодий масалалар билан шуғулланади, унинг ваколатлари қисқа бўлгани учун учрашишга ҳаракат қилмадим.
Ҳозир шу ишга алоқадор одамлар, уларнинг ичида ҳам виждони қийналадиган ёки пул учун ишлайдиган одамлар бор, бизга шу кунга қадар дадамиз қандай ҳолатда эканини, жуда аниқ айтилмаса-да қайси жойларда сақланаётгани, хусусан тергов мазмуни, тергов қилган шахслар ҳақида маълумот етказиб туришади. Биздаги маълумотларга кўра, ҳозир Абдували қори Ўзбекистонда, Тошкент вилоятида сақланяпти. Соғлиғи ёмонлашиб, бундан 4-5 йил муқаддам хасталанган. Ҳарбий шифокорлар қараб, соғлиғи тикланган.
Алишер Соипов: Аммо Ўзбекистон ҳукумати Абдували қорининг турмада сақланаётганини қандайдир тарзда изоҳладими? Чунки ҳукумат бу ишга алоқадорлигини доим рад қилиб келган.
Абдулқуддус Мирзаев: 1995 йилдан 1999 йилга қадар Абдували қори Мирзаевга нисбатан Ўзбекистон ҳукумати томонидан бедарак йўқолган шахс сифатида қидирув эълон қилинган. Аммо, бирор марта бирорта оммавий ахборот воситасида суратини кўрсатиб, бедарак йўқолгани ҳақида эълон қилинган эмас. Балки бунга МХХ тўла қаршилик қилиб келган.
1999 йилда 16 февраль воқеалари, аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, 16 февраль томошалари қўйилгандан кейин, Абдували қори Мирзаевга нисбатан Ўзбекистонда ўта хавфли жиноятчи сифатида қидирув эълон қилинган. Қизиқки, салкам уч йил мобайнида бедарак йўқолган одам сифатида қидирилиб, уч йилдан кейин 16 февраль куни қўйилган томошага алоқадор деб топилиб, хавфли жиноятчи сифатида қидирувга берилган.
Бу биринчи томони, иккинчи томони эса шундай қидирув эълон қилингандан кейин Ўзбекистоннинг турли бурчакларида, аэропортлар, чегара ўринларида қуролланган хавфли рецидивист, жиноятчи деб, расмлари ёпиштирилиб қўйилган.
Биз илгари шу нарсани бедарак йўқолган одам сифатида ёпиштиришни талаб қилганимизда расмийлар унашмаган эди. Кейин қарабсизки, ўзларига керак бўлганда бу ишни қилишди. Ўзбекистон қонунларига кўра, худди жаҳон қонунларидаги каби жиноятчининг айбини то суд исботлаб, қарор чиқармагунга қадар жиноятчи дейиш мумкин эмас. Лекин, Абдували қори Мирзаев ҳали суд қилинмасдан туриб жиноятчи, хавфли рецидивист, “ваҳҳобий”лик оқимининг асосчиси ва ҳоказо айблар билан айбланмоқда.
Алишер Соипов: Сиз дадангизни озод қилиш учун йиллар давомида ҳаракат қилганингизни айтдингиз. Расмийларнинг бунга муносабати қандай бўлди?
Абдулқуддус Мирзаев: Табиийки, Абдували қори Мирзаевнинг бутун оила аъзолари ҳам жиноятчининг оиласи сифатида мана салкам ўн бир йил давомида Ўзбекистон ҳукуматининг МХХ, ИИВ, прокуратура каби ташкилотлари томонидан аёвсиз ва тинимсиз равишда тазйиқларга учраб келган ва бу тазйиқлар ҳозир ҳам давом этмоқда. Биз бу нарсаларнинг тафсилотини айтсак, узоқ гапиришга тўғри келади. Энг аҳамиятли ва мен урғу беришим керак бўлган томони шуки, маълум бир диндор оилаларга маҳаллий идоралар томонидан тазйиқлар бўлган бўлса, бизнинг оиламиз ҳам маҳаллий, ҳам марказий ҳукумат томонидан умумий тазйиққа учраб келган.
Дастлаб, Ўзбекистон ҳукумати биздан бу нарсани сиёсийлаштирмасликни сўради. Биз албатта, аввалда айтганимдек, оз бўлсада сиёсий билим олганимиз учун аввал Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бедарак йўқолганлар билан шуғулланиш бўлимига мурожаат қилдик, кейин Европа мамлакатларидан Англия, Германия, Америка элчихоналари билан мустаҳкам алоқа ўрнатдик.
Халқаро инсон ҳуқуқлари билан шуғулланувчи “Хьюман Райтс Вотч”, Россиядаги “Мемориал” каби ташкилотлар билан алоқа ўрнатиб, бу ишга сиёсий тус ҳам бердик ва бу оддий бир кишининг йўқолиб қолишига ўхшаш эмаслигини кўрсатишга ҳаракат қилдик. Бу нарса Ўзбекистоннинг тобора тўкилиб бораётган ҳурматини яна яхшигина тўкди.
Амалдорлар бизни бошида яхшилик билан бу нарсаларни қилмасликка, дадамизнинг орқасидан ҳар хил чиқишлар қилмасликка чақирди. Биз бунга қулоқ солмаганимиздан кейин бизнинг оиламизга, шахсан менга, асосан қариндошларимизга тазйиқлар бошланди. Деярли ўн йил мобайнида бизни чақирмаган ходим, чақирмаган ташкилот қолмади. Қайсидир бир раҳбар янгиланса, биринчи бўлиб биз билан суҳбат қурди. Қандай воқеа бўлишидан қатъий назар бизни шунга боғлашга ҳаракат қилди. 1999 йил, 2002 йил, 2003 йил портлашларига ҳам дадамизни алоқадор қилишга ҳаракат қилдилар. Ўнлаб марта уйларимиз тинтув қилинди.
Алишер Соипов: Расмийларнинг “Абдували қори “ваҳҳобийлик”ни тарғиб қилган” деган иддаоларида қанчалик жон бор?
Абдулқуддус Мирзаев: Абдували қори аслида ким ўзи? Бу одам Ўрта Осиё ёки Андижон, Ўзбекистондагина эмас, балки бутун дунёда, Ислом оламида ўз ўрнига эга бўлган, буни дўсти ҳам, душмани ҳам тан олишга мажбур инсон.
Иккинчи томони, Абдували қори диний, Исломий йўналишда қайси йўлда бўлган? Ўзи ошкор эълон қилган – “Мен Аҳли Сунна вал Жамоа эътиқодининг Ҳанафий мазҳаби йўналишидаман” деб. Бу одамни кўпчилик, ҳукуматнинг таъбири билан айтганда, “ваҳҳобийларнинг отаси” деб билади. Нима учун бу кишига бундай ном қўйилган? Энг катта сабаблардан бири, Абдували қори ўзининг диний фаолиятини олиб борган вақтда ҳеч кимга умуман диндан тирикчилик мақсадида фойдаланишга йўл бермаган.
Ҳукумат идораларига, ҳукумат ходимларига диндан ўз ёвуз сиёсатларини оқлаш мақсадида фойдаланишга йўл бермаган. Мисол учун, бошқа масжидлардаги каби, Ўзбекистон ҳукуматининг олиб бораётган сиёсати, президент фармонларининг ҳаётга аҳамиятлилиги ҳақида бўлган маърузалар масжидда ўқилишига йўл қўймаган.
“Бизнинг давлатимизда дин давлатдан ажратилган. Демак, давлат сиёсатини масжидга киритмаслик бизнинг ҳаққимиз. Бу ерда фақат Аллоҳнинг сиёсати, Аллоҳнинг сўзи айтилади, дунёвий сиёсат ҳақида гап юритилмайди”, деб йўл қўймаган. Табиийки, бу нарса давлат арбобларига ёқмаган, чунки улар ўзларининг нуфузларини Андижон жомеъ масжидида тиклаш ҳаракатида жуда кўп уринишган, аммо, бунга ўзларининг қонунларидан жавоб олишган.
Абдували қорининг диндан тирикчилик мақсадида фойдаланишга йўл бермагани замондош имомларга ҳам ёқмаган. Чунки, жаноза ўқиганда пул олмаслиги, никоҳ ўқигани учун пул олмаслиги, бу нарсалар Исломда холис қилинадиган амаллар эканини тушуна бошлагандан кейин одамларнинг кўз ўнгида дин уламолари ҳам иккига бўлина бошлаган. Уламолар диний қарашларда содиқ турган ва диний қарашларни пуллайдиган тоифага бўлинган. Мана шу иккинчи тоифага мансуб — диндан тирикчилик сифатида фойдаланадиган “имомлар” Абдували қорига “ваҳҳобий” тамғасини босишган.
Андижондаги Абдували қорининг имом бўлган жомеъ масжиди ҳақида сўз юритадиган бўлсак, бу масжид 1989 йилдан 1995 йилнинг охирги ой кунига қадар фаолият олиб борди. Шу вақт мобайнида жуда кўп хулқий-ахлоқий жиҳатдан бузуқ кишилар бу масжидда тарбият топди. Одамларнинг ҳаққини ўғирлаб, ўғирлик билан кун кўрган, безори бўлган, киссовур, ҳар хил ўтмиши қоронғу кимсалар шу масжидга келиб, бу ерда шариатни, Ислом динини, Аллоҳнинг сўзини, пайғамбарнинг ҳадисларини эшитиб, ўрганиб, таъсирланиб, Ҳақ йўлига кирган. Масжид фаолияти даврида жамият ичида хулқий-ахлоқий, маънавий ислоҳот олиб борилган. Буни ҳар қандай инсофли одам тасдиқлайди.
Алишер Соипов: Ўзбекистон Исломий Ҳаракати етакчиси Тоҳир Йўлдошев ўз чиқишларида Абдували қори, Обидхон қориларни устозлари сифатида таърифлаган. Сиз бунга қандай қарайсиз?
Абдулқуддус Мирзаев: Абдували қорини кимдир устоз деб айтса, бунга Абдували қори жавобгар эмас. Чунки, бир одам ўзидан кўра динда пешқадам илмли кишини устоз деб айтиши албатта, шу одам уни ўқитганни билдирмайди. Ўзбекистон Исломий Ҳаракати раҳнамолари, маълум бир аъзолари ўша масжидда ибодат қилган бўлиши мумкин.
Иккинчидан, устоз шогирдлар учун жавобгар эмас.
Учинчидан, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати 1995 йилга қадар қаерлардадир фаолият юритган бўлсада, унгача Ўзбекистонга нисбатан очиқ-ошкора ўзининг ҳужумкор сиёсатини қаратган эмас. Чунки, бунга Абдували қорига ўхшаган етук олимлар йўл бермаган.
Абдували қори имомлик қилиб юрган вақтида масжидда рўй берган ишларга, масжидда айтилган сўзларга албатта, ўзи жавоб беради. Лекин, у кишидан кейин бўлган ҳаракатлар, сўзларга у киши жавобгар эмас. Шу жумладан, Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига ҳам. Лекин, кимдир қаердадир у кишини “бизнинг устозимиз” деб гапирса, буни ҳурмат нуқтаи назаридан деб тушуниш керак.
Алишер Соипов: Дадангиз Тоҳир Йўлдош билан шахсан таниш бўлганми, учрашганми?
Абдулқуддус Мирзаев: Абдували қори Тоҳир Йўлдош билан таниш бўлиши мумкин. Сабаби, 1991 йилнинг декабрь ойида Наманган шаҳрида Ўзбекистон республикаси президенти ўта ноқулай шароитга тушиб, ўша даврдаги “Адолат” халқ ҳаракати томонидан эгаллаб олинган бино ичида халқ қуршовида қолганда, айнан Абдували қори бориб халқни тинчитган. Бу хатти-ҳаракатлар Исломга тўла мувофиқ эмаслигини, Исломий манфаатларга путур етказишини тушунтириб, ўша машҳур Тоҳир Йўлдошга ҳам бу нарсани уқтириб, президентни тинчлик билан ажратиб олиб чиққан. Олдинда президентлик сайловлари кутилаётган эди.
Бу воқеага собиқ муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф келган. Дадамдан бошқа ҳамма келиб, тинчита олмаган. Дадам машинада келиб, бир хонадонга тушганда у ерда Исмоил Жўрабеков, Зокир Алматов, ўша вақтдаги МХХ бошлиғи Алиев каби ўттизтача давлат арбоблари бўлган. У ерга Тоҳир ҳам ўнтача одам билан келган. Дадам кириб Тоҳирга, “сиз бу ишни кимдан рухсат олиб, кимнинг рухсати билан бошладингиз?”, деб сўраганда Тоҳир индамаган. “Бу қилаётган ишингиз шариатга, мусулмонларга зиён иш, тезда тарқалинглар” деган. Алматов ва Жўрабековдан “шу ишда иштирок этган бирорта одам жиноий жавобгарликка тортилмайди” мазмунида ёзма тилхат ёздириб олган.
Шундан кейин Тоҳир Йўлдош чиқиб, “бу қилган ишимиз олимларимиз билан бемаслаҳат бўлган экан, бу ишни тўхтатамиз” деб айтган. Бунга неча кунлаб овора бўлишган, Тоҳир ҳеч кимнинг гапини олмаган. Шунда президент Ислом Каримов “нима учун бу одам битта гапи билан тарқатиб юборди, эртага нимага битта сўзи билан чақиролмайди?” дея ўзи учун хулоса чиқариб олган.
Аслида манбалар шуни кўрсатадики, Ўзбекистон раҳбарияти Абдували қорининг келишини илтимос қилган. Аммо Абдували қори ҳукумат илтимосига биноан эмас, балки, халқ манфаати учун, яъни бормаса, ноҳақ қон тўкилиши, одамлар қурбон бўлишининг олдини олиш диний манфаатларни кўзлаб борган. Бу Абдували қорининг халқ ўртасидаги обрўсидан, иккинчидан, тинчликпарвар инсон сифатида фаолият юритганидан далолатдир.
Шунга ўхшаш жойларда Тоҳир Йўлдош билан юзма-юз кўришган бўлиши мумкин. Бу фақат Ўзбекистон давлати ҳудуди ичида бўлган бўлиши мумкин. Чунки, у киши имом, ҳамма ўзининг дарди, талаби, истагини айтиб келадиган киши бўлган. Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва бошқа ҳаракатларга Абдували қорининг алоқаси бўлган эмас. У нафақат Тоҳир Йўлдошни, айтиб ўтганимиздек, давлат ходимларини, расмий имомлардан тортиб оддий халқни, умуман ҳаммани қабул қилган.
Алишер Соипов: Минтақада ўтган 15 йил давомида турли диний гуруҳларга нисбатан расмийлар юритган таъқиб ва тазйиқлар гўё авж олаётган диний экстремизмни жиловлашда кутилган самарани бермади. Сизнингча, бунинг сабаби нимада?
Абдулқуддус Мирзаев: Ўзбекистон ҳукумати Абдували қорини ўғирлаб кетгандан кейин Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига рақобат қила оладиган куч қолмади. Шундан кейин Ўзбекистонда нафақат Ўзбекистон Исломий Ҳаракати, балки, “Ҳизб-ут-Таҳрир”, “Акромия” ва ҳ. к. оқимлар кескин суръатда ривожлана бошлади.
Мисол учун, одамлар “Ҳизб-ут-Таҳрир” ташвиқот қилса келиб, Абдували қоридан сўраган – “бизни фалон оқим даъват қиляпти, қандай муносабат билдиришимиз керак?” деб. У киши “бу оқим мана бундай оқим, унинг тўғри томонлари мана бу, мана бу томонлари эса нотўғри, демак бизга тўғри келмайди”, деб жавоб бера олган ва энг муҳими халқ бу жавобдан қониққан. Ҳозир ҳам Ўзбекистон расмий имомлари “Ҳизб-ут-Таҳрир” ҳақида ёки бошқа оқимлар ҳақида фикрларни баён қилади. Аммо, уларни халқ қабул қилмайди, чунки улар халқ ўртасида шуҳратга эга бўлмаган одамлардир.
Шу нуқтаи назардан у кишини бундай ҳаракатларга алоқадор дейиш нафақат ақлан, мантиқан нотўғри, чунки, бу ҳаракатлар ривожи бу кишидан кейин бошланди. Бу кишини йўқотиш оқибатида бошланди, десак тўғрироқ бўлади. Аслида Абдували қорига ўхшаган, халқ орасида ўзининг сўзига эга бўлган машҳур кишилар бундай нотўғри оқим ва ҳаракатларининг ривожланишига йўл бермаган эди. У киши ўғирлангандан кейин, умумий Исломий тўғри таълимот йўқотилгандан кейин, одамларнинг динда адашиши бошланди. Давлатнинг ўзи шундай бўлишини хоҳлаган ва буни ўзи уюштирган.
Ўзбекистон ҳукумати учун шундай ҳаракат ва оқимлар керак эди аслида. Ўзининг ёвуз сиёсатини Ғарб давлатлари олдида оқлаш учун шундай ҳаракатларни пайдо қилиш керак эди. Чунки, Ғарбдан бўлаётган танқидларнинг оқлаш учун, “бизда мана бундай ҳаракатлар пайдо бўлган, буларга агар мен тегмасам, булар кейинчалик Европага ҳам кириб боради, чегара бу ер, мен билан тўхтамайди, сизларга ҳам боради”, деган фикрни кўндаланг қилиб қўйиш учун керак эди. Аввал буни пайдо қилиш учун Абдували қорига ўхшаган шахслар, уларнинг халқ орасидаги обрўлари йўл бермаган.
Алишер Соипов: 90-йилларда Исломий олимлар минтақада оммани сафарбар қилиш салоҳиятига эга бўлган. Уламоларда ҳозир ҳам бу салоҳият борми?
Абдулқуддус Мирзаев: Ҳозир Ўзбекистонда халқни кўчага олиб чиқадиган омил бу — иқтисодий ҳолат. Ўзбекистондаги иқтисодий ҳолатни инсон фараз қила олмайди. Одамлар Африка мамлакатлари, қашшоқ мамлакатлардаги вазиятни бевосита оммавий ахборот воситаларида кўрсатилгани учун фараз қилиши мумкин. Лекин, Ўзбекистондаги баъзи ҳолатлар Африканинг ночор давлатларидан қолишмайди. Бу халқни кўчага бошлаб чиқиши мумкин бўлган биринчи омил. Иккинчи омил, ҳозирги Ўзбекистонда ўта чегарадан чиқиб кетган раҳбариятнинг зулми.
Чунки, ҳар қайси жойда маҳаллий раҳбар ўзини хондек сезади. Бу нарса халқни етарли даражада аламга тўлдириб борди. Диний омилга келадиган бўлсак, ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг ичида халқни оёққа турғаза оладиган шахс, менинг назаримда йўқ. Балки бир вақтлар, қачондир бўлгандир.
Лекин, ўша бўлган кишилар, мисол учун, Абдували қорига ўхшаган одамлар бу нарсани қилиши мумкин бўлганда ҳам қилмаган. Балки, бунинг аксини, халқни тарқатиш, тинчлантиришга харакат қилган. Шунинг учун халқни диний туйғулар кўтариб чиқмайди. Диний пешво бўлса, бўлиши мумкин. Лекин, унга ҳали етиб бориш керак. Диндан бошқа иқтисодий, сиёсий омиллар бартараф бўлса, балки диний сафарбарлик бошланиши мумкин.
Алишер Соипов
Fikr bildirish