Тожикистон: Ҳибсхонадаги мухолифатчи адвокати билан учрашди
Тожикистон Ислом уйғониш партиясининг Хоруғдаги лидерларидан бири Шерик Карамхудоев анча саъй-ҳаракатлардан кейин адвокати билан учраштирилди.
Исломий партия вакили икки ойдан буён Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг вақтинча сақлаш ҳибсхонасида ушлаб турилибди.
“Ҳимоямдаги Карамхудоевнинг саломатлиги ёмонлашган. Унинг боши калтак зарбидан жароҳатланган. Хавфсизлик ходимлари ҳузурида ўтказилган учрашувимизда Карамхудоев Хоруғдан Душанбе шаҳрига олиб келингунича мунтазам равишда калтаклангани маълум бўлди”, – дея билдирди 25 сентябр куни маҳаллий ахборот агентликларидан айримларига гапирган адвокат Бобохон Ёқубов.
Мухолифатдаги партия фаоли Шерик Карамхудоев шу йилнинг 24 июл куни Хоруғ шаҳрида ҳукумат кучларининг ноқонуний гуруҳларга қарши бошлаган махсус амалиёти чоғида бедарак йўқолган эди. Кейинчалик у хавфсизлик ходимлари томонидан ҳибсга олингани маълум бўлганди.
Тожикистон Ислом уйғониш партиясининг яна икки фаоли – Имомназар Имомназаров ва Сабзали Мамадризоев Хоруғ шаҳрида ҳукумат кучлари ўтказган махсус амалиёт чоғида ўлдирилганди.
Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Карамхудоев ва унинг сафдошларини ҳукумат кучларига қуролли қаршилик кўрсатганликда айбламоқда.
Республика Бош прокуратураси иддаосига кўра, Тожикистон шарқида шу йилнинг ёзида юз берган қуролли тўқнашувларда Ислом уйғониш партиясининг ҳам ҳиссаси бўлган.
Тожикистон Ислом уйғониш партияси Марказий Осиёда рўйхатдан ўтган ягона диний партиядир.
Сентябр ойи бошларида Freedom House халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Тожикистон расмийларини мухолифатчиларга босим ўтказишни тўхтатиш талаби билан баёнот тарқатганди.
Бу нуфузли ташкилотнинг мазкур баёнотида тожик расмийларининг Ислом уйғониш партиясига босимни кучайтиргани юзасидан хавотир билдирилганди.
Fikr bildirish