Оиладаги зўравонлик тожикистонлик аёлларни жонидан тўйдирмоқда

Тожикистонда оилавий зўравонлик масаласи долзарблигича қолаётир. Шунга қарамай, “Оиладаги зўравонликка  қарши кураш  тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳали ҳам парламент муҳокамасидан ўтгани йўқ.

Тожик жамиятида аёллар ва болалар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ишлаётган нодавлат ташкилотлари маълумотларига кўра, жорий йилнинг тўққиз ойи мобайнида бу мамлакатда аёлларга нисбатан зўравонлик ўтган йилларга нисбатан кўпроқ қайдга олинган.

Тасдиқланган маълумотларга кўра, 2011 йилда биргина Тожикистон шимолида икки юздан ортиқ аёл ўз жонига қасд қилган. Шундан етмиш нафари айнан оиладаги зўравонлик туфайли ўз ҳаётига нуқта қўйишга қарор қилгани аниқланган.

Жонидан тўйган аёл қиссаси

Рудакий туманида истиқомат қилаётган Маҳлиёхон (аёлнинг илтимосига биноан унга шартли исм қўйилди – Жараён) эри ва қайноғасининг ўзига нисбатан зулмидан сабр косаси тўлиб, икки марта ўз жонига қасд қилишга уринган.

“Сентябр ойида Суриядан қайтган қайноғам мени тўрт боламдан айириб, алоҳида уйга уч кун қамаб қўйди. “Нега бундай қиласиз?” деб сўрасам, миқ этмайди. Уч кундан кейин эрим Россиядан келди. Мен ва болаларимга нисбатан ҳақиқий зулм ўшандан кейин бошланди”, дейди Маҳлиёхон.

Аёлнинг айтишича, эри унинг оёқларини ёпишқоқ елим тасма билан боғлаб, қоронғу хонада аёвсиз дўппослаган. Ҳушсиз ва аянчли аҳволдаги аёлини ярим тунда туман касалхонасига олиб борган эр шифокорлар сўровига: “зинапоядан тушиб кетди”, дея жавоб берган.

“Орадан ҳеч қанча ўтмай яна урди. Бошимни оёқлари орасига қисиб муштлади. “Мен Россиядалигимда кимга телефон қилдинг, бирор ким билан учрашдингми?” деб тергади. Болаларим ҳузурида бўлмағур сўзлар билан ҳақоратлади. Жонимдан тўйиб кетдим, ўттизта ҳапдорини бирданига ичиб юбордим”, дейди Маҳлиёхон.

Аёлнинг яқинларидан бири Гулсинойнинг айтишича, 20 сентябр тунида Рудакий туман касалхонасига заҳарланиш ташхиси билан ётқизилган Маҳлиёни ҳаётга қайтариш учун шифокорлар кўп уринган. Суҳбатдошимизнинг гапига ишонадиган бўлсак, синглисининг бинойидек турмушига рашк соя солган.

Маҳлиёхоннинг турмуш ўртоғи “Жараён” мухбирининг саволларига жавоб беришни истамади ва буни оиласидаги можаро матбуотда ўз аксини топишига хоҳламаслиги билан изоҳлади.

Нега қонун йўқ?

Тожикистонда зўравонлик асосан оилада кузатилади. Жамиятда аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари мавжудлиги жамоатчиликка сир эмас, чунки бу мавзу тожик матбуотида анчадан буён ёритиб келинади. Аммо республика ҳуқуқ-тартибот органлари масъуллари ҳам, оддий фуқаролар ҳам бу масалага “оилавий муаммо”, деб қарашади.

Шу боис бўлса керак, аксар ҳолларда оилада зўравонлик қурбони бўлган аёллар маҳалла-кўйнинг гап-сўзидан чўчиб, бирор идорага арз қилишдан андишаланади.

“Бошқа томондан, – дейди тожикистонлик ҳуқуқшунос Қимматгул Розиева, – аёллар ҳуқуқ-тартибот идораларининг хотинини урган эркакларга нисбатан жиддийроқ чора кўришига ишонмайди. Аслини олганда ҳам шундай”.

Бундан тўққиз йил аввал Тожикистондаги нодавлат ташкилотлар “Оиладаги зўравонликка қарши кураш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, парламент муҳокамасига тақдим қилганди.

Бироқ қонун лойиҳаси муаллифларидан бири, “Модар” нодавлат ташкилоти раисаси Гулчеҳра Мирзоеванинг таъкидлашича, орадан шунча вақт ўтган бўлишига қарамай, ҳали ҳам қонун қабул қилингани йўқ.

Парламентда Тожикистон Халқ демократик партиясидан вакил Хайринисо Юсуфий билан суҳбатдан маълум бўлишича, лойиҳа 2012 йил охиригача давлатнинг тегишли идора ва вазирликлари томонидан ўрганилиб, хулосалар жамланганидан сўнг парламент муҳокамасидан ўтиши  кўзда тутилган.

“Жараён” мухбирига интервью берган “Ҳуқуқшунос аёллар лигаси” нодавлат ташкилоти вакиласи Мавлуда Ҳусейнова мазкур қонун қабул қилинса, тожик жамиятида аёлга нисбатан зўравонлик муаммоси ўз ечимини топишига ишонишини айтди.

Эр – ярим пирми?

Жамиятшунослар фикрича, жамиятда шундай бир қонунга талаб йўқлиги боис қонун лойиҳаси лойиҳалигича қолмоқда.

“Эри томонидан дўппосланиш аёлларимиз учун одат тусига кирган. Хусусан, ўзбек ва тожик аёллари “эр – ярим пир” деган ақидага қаттиқ риоя қилади. Ҳатто эр аёлини пичоқлаб, ярим жон қилиб ташлаганда ҳам, можаро ўзаро ҳал қилиниб, милиция ходимлари умуман бу ишга жалб қилинмаганига шахсан гувоҳ бўлганман. Аксарият аёллар фарзандларнинг келажагини ўйлаб ҳам эрининг зулмига чидаб яшайди. Шундан келиб чиққан ҳолда, бирор аёл мамлакатда шундай қонуннинг қабул қилинишини талаб қилмайди, деб ўйлайман”, дейди жамиятшунос Шамсия Абдураззоқова.

“Переспектива+” жамоатчилик ташкилот раиси Ойниҳол Бобоназарова фикрича, “Оиладаги зўравонликка қарши кураш тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилинмаётганига молиявий имкониятлар йўқлиги ҳам сабаб бўлмоқда.

“Жамиятда шундай қонун ишга тушар экан, бунинг ортидан тегишли вазирликлар ҳузурида аёллар билан ишлаш бўлимлари тузилиши, зўравонликка дучор бўлган аёлларга вақтинчалик бошпана бериш марказлари ташкил қилиниши лозим бўлади. Улар билан ишлайдиган мутахассисларга эса иш ҳақи бериш керак. Яъни бунинг бариси учун жуда катта маблағ лозим. Аммо Тожикистон ҳукуматида бундай молиявий имконият йўқлиги сабабли ҳозиргача бизда оилада зўравонлик қурбони бўлаётган аёллар ва болалар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялайдиган ана шундай бир қонун йўқ”, дейди Бобоназарова.

Шу боис, “Переспектива+” ташкилот раҳбарининг фикрича, тожик оилаларида аёлга нисбатан куч ишлатиш ҳолатларига барҳам бериш ҳақида орзу қилишга ҳали анча эрта.

“Янги қонун қабул қилиниб, амалда қўллана бошлагунича ҳали кўплаб Маҳлиёхонлар зўравонлик қурбони бўлишига шубҳам йўқ”, дейди Ойниҳол Бобоназарова.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.