Тожикистон: Зиндон деворлари ортидаги сир
Сўнгги икки йил ичида Тожикистон қамоқхоналарида маҳбуслар қийноққа солинаётгани ва бу уларнинг ўлими билан тугаётганига оид хабарлар халқаро майдонда баҳсларга сабаб бўлмоқда.
Тожик расмийлари, жумладан, Тожикистон Адлия тизими масъуллари иддаосига кўра, мамлакат қамоқхоналаридаги вазият қониқарли. Расмийларнинг таъкидлашларича, ҳибсхоналарда қийноқлар мавжудлигига оид халқаро ташкилотлар ҳисоботларида кўрсатилаётган маълумотлар “қуруқ бўҳтон ва уйдирмадир”.
“Жараён” яқинда озодликка чиққан тожикистонлик маҳбус билан бу мамлакат қамоқхоналарининг биридаги вазият борасида суҳбат қилди.
Сайдали Казаков Тожикистон Республикаси Жиноят Кодексининг “таъмагирлик” моддаси билан етти йилга кесилган ва жазо муддатини Душанбе шаҳридаги 1-қамоқхонада ўтаган.
Суҳбат бошида Сайдали Казаков ўзига қўйилган айблов буюртма бўлганини таъкидлади.
“Аслида мен ноқонуний қурол сақлаганликда гумонланиб ҳибсга олинсам, дурустроқ бўларди. Чунки ҳақиқатан менда ҳеч қаерда қайдга олинмаган тўппонча бор эди. Аммо мени ўзларига хизмат қилдиролмаган криминал гуруҳ, уларнинг бошлиғи – ҳозирда қамоқда сақланаётган Рустам Ҳайитов шахсий адоват туфайли шу моддани бўйнимга қўйдирди”, дейди суҳбатдош.
Жараён: Одатда, жазо ислоҳ учун тайинланиши айтилади. Тожикистон қамоқхоналарида маҳбусларнинг ислоҳ бўлиб, соғлом ҳаётга қайтиш имкони борми?
Казаков: Йўқ. Шахсан мен етти йил ўтириб чиққан зиндонда маҳбусга нисбатан ҳайвондек муносабатда бўлинарди. Озодликка чиққан кунимдан бери тунлари онам мени уйқумдан уйғотаяпти, чунки уйқумда дод-фарёд қилаётган эканман. У ерда (қамоқхонада – “Жараён”) ҳеч ким яхши тарбия олмайди, соғлом қайтмайди ҳам. Мен қамоқдалигимда бронхит бўлдим. Бошимга роса калтак еганим сабабли ҳозирда ҳам кучли оғриқ бор. Уч йил спецкритийда ўтирдим. У ерга асосан умрбод қамоқ жазоси олганларни ташлайди. Ўша спецбудда мен билан бирга ўтирган етмишдан ортиқ маҳбуснинг айримлари қамоқда, баъзилари эса озодликка чиққач, вафот этди. Ҳатто зиндон нозирлари бизни “дўзахийлар”, деб аташарди.
Жараён: Қамоқхонанинг Сиз уч йил ўтирган шу қисмига бирор марта халқаро ташкилотлар ёки республика Бош прокуратураси вакиллари борганми?
Казаков: Йўқ, у ерга ҳеч ким қадам қўймайди. У ер худди қийноқлар оролчасига ўхшайди. Ҳатто қамоқхона прокурори Анвар Салимов эшик ортидан: “Менга шикоят борми? Фақат калтак еганингиздан шикоят қилманг, бу мен учун янгилик эмас”, дер эди. Яқинда ўша прокурорнинг ўзи ҳам порахўрликда айбланиб, саккиз йилга қамалди. Биз унга: “Қамоқда аҳволинг қалай, прокурор?” деб хат ёздик. У: “Мен ҳаммасини энди тушундим”, деб жавоб ёзди.
Жараён: Кўп ҳолларда маҳкумлар ўзига нисбатан адолатсиз ҳукм чиқарилганидан зорланади. Бу борада қандай фикрдасиз?
Казаков: Тожикистон қамоқхоналарига ташланган маҳбусларнинг қарийб 70 фоизи, хусусан, номусга тажовузда айбланганлар сохта айблов билан ўтирибди. Мен озодликка чиққанимдан кейин номусига тажовуз қилинган уч-тўртта “жабрдийда” билан учрашдим. Улар ёлғон кўрсатма бергани ва бу эса айрим кишиларнинг махсус буюртмаси асосида бўлганини айтдилар. Қизлар ҳаётлари таҳлика остида эканидан ташвиш билдирди.
Жараён: Қамоқхонада аёл маҳбусларга нисбатан муомала қандайлигидан ҳам хабарингиз борми?
Казаков: Бор, аммо аёллар қамоқхонаси шаҳар ташқарисида бўлгани учун етарли маълумотга эга эмасман. Лекин, шуни айтишим мумкинки, аёллар, хусусан, диний экстремистик ташкилотга аъзолик айби билан ҳибсга олинган аёллар СИЗОдаёқ қийноққа солинади. Ҳатто ўшандай аёллардан бири номусига тажовуз қилингани, хўрланганини айтиб берганди.
Жараён: Бундан бир ойча илгари Душанбе шаҳридаги 1-қамоқхонадан маҳкум Ҳамза Икромовнинг жасади чиқди. Маҳбуснинг яқинлари у қийноқлардан ўлганини иддао қилишмоқда. Расмийлар эса буни инкор қилди. Бу борада нима дейсиз?
Казаков: Албатта хабарим бор. У ерда фақат Ҳамза Икромов эмас, ҳамма калтакланади. Етти йил давомида Ҳамзадан ташқари мен жазони ўтаган қамоқхонадан 16 нафар маҳбуснинг қийноқдан, махсус юқтирилган касалдан ўлиги чиқди. Ўша Ҳамза жон таслим қилган кеча мен ҳожатхонага чиқдим ва нозирлар уни уриб, махсус хонага олиб кираётганларини кўрдим. Калтак зарбидан Ҳамзанинг жигари ёрилган. Кейин нозирлар “ўлиб қолди” деб қўрқишган ва баданига иссиқ сув тўлдирилган бакалажка босган. Расмийларнинг Ҳамза ўзини осиб ўлдиргани ҳақидаги маълумотлари ғирт ёлғон.
Жараён: Тожикистон Адлия ва Ички ишлар вазирликлари расмийлари қийноқларнинг олдини олиш мақсадида вақтинча сақлаш ҳибсхоналари ва қамоқхоналарнинг ҳаммасига камералар ўрнатилганини айтади. Сиз жазони ўтаган қамоқхонада ҳам шундай камералар бормиди?
Казаков: Камералар фақат қамоқхона ҳовлиси ва йўлакларга ўрнатилган. Маҳбуслар сақланадиган хоналарда, нозирларнинг махсус хоналарида эса бундай камералар ўрнатилмаган. Зиндон нозирлари маҳбусларни кунига бир марта калтакламаса, тинчланмайди. Чунки улар шу касалга дучор бўлган. Уларнинг аксарияти ҳуқуқий саводсиз. Шифокорларнинг кўпи ветеринар. Улар орасида данғараликлар кўп. Масалан, Шерафкан, Рустам, Музаффар, Убайд ва Акбар – булар ўша спецкритий нозирлари. Улар мени ҳам калтаклашган. Уч марта ҳушсиз ҳолатгача калтак еганман. Эътироз маъносида қон томиримни кесдим ва зиндон масъулларига яна калтак есам, ўзимни ўлдиришимни айтдим. Нозирлар ўша спецкритийдаги сирнинг ташқарига чиқишини истамайди. Шунинг учун маҳбусларни уриб, қўрқитиб олади.
Жараён: Бугун озодликка чиққан маҳбуслардан биринчи бўлиб Сиз зиндонлар девори ортидаги сирларни матбуот орқали жамиятга ошкор қилаяпсиз…
Казаков: Фарзанди қамоқда азобланаётган, ўлиги чиқаётган тожикистонлик оналарга раҳмим келганидан мен шу ишга қўл урдим. Албатта озодликка чиқишдан аввал зиндон нозирларига бирор ерда овоз чиқармасликка ваъда берган эдим. Лекин, менимча, қийноқларга барҳам бериш мавзуси қаршисида жим қолишимиз нотўғри. Менимча, бундан президент Имомали Раҳмоннинг хабари йўқ. Агар давлат раҳбари бундан хабардор топса, маҳбусларга муносабат албатта ўзгаради, деб ўйлайман. Менга қамоқхонадан жуда кўп телефон бўлаяпти. Мен билан бирга бир камерада ўтирганлар: “Сен юқоридагиларга қарши уруш эълон қилдинг, қўрқмайсанми?” деб сўрашади. Қамоқхона нозирлари эса менга таҳдид қилишаяпти. Лекин мен қўрқмайман, чунки бирор жиноят қилганим йўқ. Аксинча, қамоқхоналарда мавжуд ҳақиқатдан жамоатчиликни огоҳлантираяпман, холос.
Fikr bildirish