ББС: Ўзбекистон билан бизнес ҳамкорлиги учун энди Норвегиянинг Telenorи танқид остида
Норвегия расмийлари мамлакатнинг давлат акцияларига эга Telenor мобил алоқа ширкатидан Ўзбекистон билан ҳамкорлиги борасида тушунтириш талаб қилмоқдалар.
Telenor акциялар пакетининг 54 фоизи давлатга тегишли ва ширкат Россиянинг «ВымпелКом» мобил алоқа компаниясининг 35 фоизининг эгаси ҳисобланади.
Шунингдек, Telenor «ВымпелКом» бошқарувида 43 фоизлик овозга эга.
«ВымпелКом» эса Ўзбекистонда «Билайн» бренди остида фаолият юритади.
Норвегия матбуотида Telenorнинг Марказий Осиёдаги бизнесига бағишланган қатор мақолалар эълон қилинди, бу мақолалар ортидан мобил алоқа ширкатидан изоҳ талаб қилинмоқда.
Мақолаларда Ўзбекистондаги мобил телефонлардаги сўзлашувлар яширинча тингланиши ва хорижий мобил алоқа ширкатлари мамлакатдаги авторитар режимни мустаҳкамлашга хизмат қилаётганлари даъволари илгари сурилади.
Хусусан, Норвегиянинг Dagens Næringsliv рўзномаси билан суҳбатда Франциядан сиёсий бошпана олган таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Мўътабар Тожибоева Ўзбекистондалиги пайтида махсус хизматлар телефон суҳбатларини махсус хизматлар мунтазам тинглагани ва доимо мобил телефонининг SIM-кардини алмаштириб юришга мажбур бўлгани ҳақида айтган.
Норвегиянинг Саноат вазири Тронд Гиске Telenor ижрочи директори Фредрик Баксаасдан матбуотда илгари сурилаётган даъволар нақадар асосли эканини тушунтириб беришни сўраган.
Telenorнинг бошқарув ҳайъати ҳам яқин орада ушбу масалани муҳокама этишга бағишланган мажлис ўтказиш режасида эканини маълум қилган.
Норвегиядаги мобил ширкат можароси Швеция журналистларининг Швециянинг TeliaSonera компанияси Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов тўнғич қизи Гулнора Каримовага яқин шахсларга пора бергани ҳақидаги даъволари ортидан бошланган.
Швед журналистларининг текширувларига кўра, TeliaSonera ширкати Ўзбекистонда фаолият юритиш учун 2007 йилда Гибралтардаги Takilant Ltd ширкатига 2 миллиард 200 миллион Швед крони ёки 370 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ тўлаган.
Sveriges Television телеканалига кўра, орадан уч йил ўтиб, 2010 йилда Teliasonera Ўзбекистонда 4G лицензиясидан фойдаланиш ҳуқуқини сотиб олиш учун яна Takilant га 370 миллион Швед крони(55 миллион АҚШ доллари) тўлаган.
Швеция ахборот агентлиги мухбирлари эса Ўзбекистондаги бизнес фаолияти саволларни туғдираётган фақат Teliasonera ширкати эмаслигини айтиб чиқдилар.
Журналистлар даъво қилишларича, Россиянинг МТС, «ВымпелКом» ширкатлари ҳам Ўзбекистон мобил алоқа бозорига кириш учун Гибралтарда рўйхатдан ўтган Takilant ва Swissdorn ширкатлари билан олди-берди қилишган.
Швед журналистлари қўлга киритган «ВымпелКом» йиллик ҳисоботларидан бирида Takilant ҳам, Swissdorn ҳам Гибралтарда бир манзилда рўйхатдан ўтгани кўрсатилган.
«Swissdorn» ширкатининг раҳбари деб Рустам Мадумаров кўрсатилган.
У, ишонишларича, Гулнора Каримованинг энг яқин одамларидан бўлиб, «Дадо» поп-гуруҳининг мусиқачисидир.
Ушбу даъволар юзасидан Швеция прокуратураси тергов бошлаган.
Takilant ширкатининг Швециядаги ҳисобларини музлатиб қўйишга қарор қилинган.
Ўзбекистон билан бизнес ҳамкорлиги учун энди Норвегиянинг Telenorи танқид остида
Fikr bildirish