Қозоғистон: маҳкама ўзбек қочқинини Ўзбекистонга топширишга қарор қилди
Хайрулло Турсунов 9 ойдан бери Ақтўбе шаҳар вақтинчалик тергов изоляторида ушлаб турилибди.
У Ўзбекистонда конституцион тузумга тажовуз қилиш ва диний экстремистик ташкилотларга аъзоликда айбланмоқда.
Ҳуқуқ ҳимоячилари Турсуновни Ўзбекистонда қийноқлар тутилиши ва адолатсизликка дучор бўлишидан хавотир билдирмоқда.
Ақтўбе вилоят маҳкамаси Қозоғистон Бош прокуратураси томонидан чиқарилган Хайрулло Турсуновни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш қароририни ўз кучида қолдириш ҳақида ҳукм чиқарди.
«Маҳкамада таржимон, прокурор, адвокат ва Турсуновнинг ўзи иштирок этди. Биз Хайрулло Турсуновни Ўзбекистонга бериб юбормасликни ва у истаган давлатига чиқиб кетиши учун суд залидан озод қилишни сўрадик. Бироқ ҳакам Нуриля Сатибалдина уни Ўзбекистонга бериб юбориш ҳақида қарор чиқарди», – дейди адвокат Кенес Жусупов.
Адвокатганинг илова қилишича, Қозоғистон қонунчилиги бўйича, экстрадиция масалаларида вилоят маҳкамаси энг сўнгги инстанция ҳисобланади.
Турсунов ҳимоясида фаол иштирок этган ва адвокатга маблағ ажратган «Ўтюраклар клуби» раҳбари Мўтабар Тожибоева Қозоғистон маҳкамасининг ушбу қароридан афсусда эканини айтди.
«Қозоғистон БМТнинг инсон ҳуқуқлари қўмитаси аъзо бўлишига қарамасдан, яна бир қочқинни Ўзбекистонга экстрадиция қилишга қарор чиқарди. Бу жуда ҳам ачинарли ҳолат», – деди Мўътабар Тожибоева.
Ҳуқуқбонга кўра, инсон ҳуқуқлари мунтазам бузилувчи Ўзбекистонга Қозоғистон 2011 йили 29 қочқинни бериб юборган эди.
Аммо ушбу адолатсиз ечимга қарамасдан Қозоғистон БМТнинг инсон ҳуқуқлари қўмитасига аъзо ўлароқ сайланди.
2011 йили эса Оврўпада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотига раислик қилди.
«Бундан шу нарса англашилаяптики, Ўзбекистондаги репрессив режим олдида иложсиз қолаётган инсонларнинг тақдири масаласи, Европа Иттифоқи, ОХҲТ, БМТ ҳам кўз юмаётганга ўхшаб туйилаяпти», – дейди Мўътабар Тожибоева.
«Ўтюраклар клуби» ушбу эътиборсизликка қарамасдан, БМТнинг Қийноқлар Қўмитасига Турсунов номидан уни экстрадиция қилмасликларини сўраб, шикоят хати тайёрлаган.
«Бугун Турсунов Хайруллонинг Ўзбекистонга экстрадиция қилинишга қаршилик билдириш мақсади-да, БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитасига Турсунов Хайруллонинг индивидуал шикоятини ёзиб тайёрладик. Тўғрисини айтадиган бўлсам, Турсунов Хайрулло Ўзбекистонга бериб юборилишига тўсқинлик қила оладиган куч борлигига мен ишонмайман. Лекин шундай бўлса ҳам, инсон бор умид билан ҳаракатни қилавериши керак. Шунинг учун Турсунов иши бўйича ҳаракатни давом эттираверамиз», – дейди Мўътабар Тожибоева.
Хайрулло Турсунов муқаддам Ўзбекистонда судланган, аммо 2005 йилнинг феврал ойида умумий авфга илиниб озодликка чиққан.
Бироқ 2009 йилнинг август ойида маҳкама қарори билан қисқа муддатга ҳибсга олинган, ўша вақти уни ҳибсда ушлаб турган МХХ ходимлари қийноқлар қўллаб, ҳуқуқ ҳимоячиси Ғайбулла Жалиловни топиб беришни талаб қилишган.
Турсунов 2009 йили ҳибсдан чиқиши билан Россияга қочиб кетади. Кейинчалик Ўзбекистондан қочиб чиқишга мажбур бўлган турмуш ўртоғи Нодира Бўриева ва болаларининг олдига Олма ота шаҳрига келиб БМТдан қочқинлик мақоми сўрайди.
Ўзбекистон унга нисбатан мамлакатда экстремистик-террористик гуруҳ дея тан олинган Ўзбекистон Исломий ҳаракатига аъзолик ва Қозоғистон ҳудудида жиноий тил бириктириб, диний жамоа тузишда айблаган.
Қозоғистон – Маҳкама ўзбек қочқинини Ўзбекистонга топширишга қарор қилди
Fikr bildirish