Тожикистонлик яна бир маҳкум ўзини осди
Тожикистоннинг Ваҳдат шаҳридаги “Кирпичний” жазони ижро этиш муассасада сақланган яна бир маҳкум ўзини осиш билан ҳаётига нуқта қўйди.
Дарвоз туманининг Қалъаи Хум қишлоқ фуқароси бўлган маҳбус Файзулло Мансуров 30 декабр куни ўз жонига қасд қилган, аммо унинг ўлими борасидаги хабар тожик жамиятига куни кеча ошкор қилинди.
Марҳумнинг яқинларидан бири Маҳмудулло Шафиев жасадни қабул қилиб олганида унда қийноқ излари топилмагани айтиб, “Файзулло нега ўзини осиб қўйгани бизга номаълум”, деган.
Бу мамлакат қамоқхоналарини назорат қилиш Бош бошқармаси масъуллари маҳбус ўлими сабаблари ўрганилиб, матбуотда очиқланишини билдирган.
Собиқ маҳбуснинг қамоқдаги дўстлари маҳаллий журналистларга “у қамоқхонадаги зулмга ва бу ердаги оғир шароитга чидай олмагани ортидан ўз жонига қасд қилгани” ни айтганлар.
Маълумотларга кўра, Файзулло Мансуров Тожикистон Жиноят кодексининг 104-моддаси, яъни қотилликда айбланиб, 25 йил озодликдан маҳрум этилганди.
Ўтган йилнинг 16 сентябр куни Душанбе шаҳридаги 1-қамоқхонада маҳкум Ҳамза Икромзода ҳалок бўлган эди. Яқинларининг иддаосича, “Ҳамза дазмол билан куйдириш оқибатида жон таслим қилган”.
Бироқ расмий хулосада “Ҳамза Икромов қамоқхона панжарасига ўзини кўйлаги билан осиб қўйган”и билдирилган эди.
Марҳумнинг яқинлари унинг қийноқлардан пажмурда бўлган баданини суратга олиб, жамоатчиликка ошкор қилганидан кейин республика зиндонларида маҳбусларга нисбатан қийноқлар қўлланилиши 2012 йилнинг асосий мавзусига айланди.
Фарзандлари турли йилларга қамалган тожикистонлик ота-оналар жигарбандлари қамоқхоналарда зулм қурбони бўлаётганидан норозилик билдириб, Тожикистон Олий Суди ва Бош прокуратураси биноси қошида норозилик намойишлари ўтказгандилар.
Ўтган йили ЕХҲТнинг Варшавада бўлиб ўтган инсон ҳақларига оид йиллик йиғилишида сўз олган тожикистонлик ҳуқуқ фаоли Сергей Романов мамлакат ҳибсхоналарида маҳкумларнинг “Сангтўда” ва “Роғун” деб номланадиган қийноқ машиналарида “айбларига иқрор” қилиниши ҳақида баёнот берган.
Бироқ Тожикистон расмийлари мамлакат ҳибсхоналарида маҳбусларнинг қийноққа солинаётганига оид иддаолар асоссизлигини таъкидлашдан чарчамайди. Маҳкумларга нисбатан ғайриинсоний муносабат ва қийноқлар мавзусига ҳатто республика Ислом маркази уламолар кенгаши раҳбари ҳам аралашди.
Тожикистон муфтийси Саидмукаррам Абдулқодирзода Душанбе шаҳридаги қамоқхоналардаги вазият билан бевосита танишиб чиққанини билдириб, қамоқхоналарда маҳбусларнинг қийноққа солинаётганига оид маълумотлар оммавий ахборот воситаларининг “асосланмаган ва уюштирилган иғвоси”, дея баёнот берди.
Бундан икки йил аввал тақдир тақозоси билан Душанбе шаҳрига бориб қолган ва БМТнинг Қочқинлар билан ишлаш маркази биноси ёнида Тожикистон хавфсизлик ходимлари томонидан ўғирлаб кетилган, айни пайтда Туркияда яшаб турган қирғизистонлик қочқин Неъматулло Бўтақўзиев хавфсизлик ходимлари томонидан уч кун давомида қийноққа солинганини гапириб берди.
“Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси муовини “буни яхшилаб обработка қилинглар”, деб буйруқ берди. Беш киши дубинкасимон резина калтакда уч кун калтаклади, қўлларим кишанланган эди. Ҳатто биттаси терга тушиб, ҳансираб ўтириб қолди”, дея эслайди ўша кунларни Неъматулло.
Суҳбатдош ўзини қийнаганларга Қуръондан “Залзала” сурасини ўқиб берганидан кейин қутилиб қолганини айтди.
“Улар мен роса калтаклашди, ҳушимдан кетиб, оёқларимда тура олмай қолдим. Кейин уларга: “Мени бекорга ураяпсизлар, лекин у дунёда агар дўзахда бўлсангиз ҳам кириб ҳаққимни оламан”, дедим. Улар “сен Қуръондан хабаринг бўлса, бирор сура ўқиб бер-чи”, деди. Мен “Залзала” сурасини қироат қилиб бердим. Улардан бири ҳатто йиғлаб юборди. Ўшандан кейин мени қийнамадилар”, дейди “Жараён” билан суҳбатда Неъматулло Бўтақўзиев.
Тожикистондаги расмий манбаларга кўра, Ваҳдат шаҳридаги ЯС 3/2 ёки жамиятда “Кирпичний” номи билан танилган қамоқхонадан биргина ўтган йили уч нафар маҳбус ўз жонига қасд қилган.
Ўтган йил бошларида Тожикистон Жиноят кодексига қийноқ учун жазолашни кўзда тутган махсус банд киритилган эди.
Тожикистон Бош прокурори Шерхон Салимзода Жиноят Кодексига қийноқ учун жазоловчи алоҳида модданинг киритилиши жазонинг ҳам қаттиқроқ бўлишига имконият беришини ва “бу эса ҳуқуқ-тартибот органларида тергов ишларига масъул бўлган шахсларининг ўз фаолияти давомида қийноқларга йўл қўймасликка ҳаракат қилишлари учун жиддий сигнал” эканини урғулаган эди.
Бош прокурорнинг билдиришича, янги қонунга биноан гумонланувчини қўлга олиш ва уни тергов қилиш чоғида қийноққа солган шахс катта миқдорда жаримага тортилади. Гумонланувчига оғир тан жароҳати етказилган тақдирда терговчи ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум этилади.
Тожикистон Бош прокуратураси томонидан ўтган йили тарқатилган хабарномада қийноқлар билан боғлиқ юздан ортиқ ариза тушгани ва улардан бештаси ўз тасдиғини топгани маълум қилинган бўлса-да, уч нафар милиция ходимининг вазифасида четлатилгани ёки ҳайфсан олганини назарга олмайдиган бўлсак, шу кунгача қийноқ қўллаган ҳуқуқ-тартибот идора ходимларидан бирор киши қаттиқроқ жазога ҳукм қилингани кузатилмади.
Тожикистонлик таҳлилчилар фикрича, янги қонун ҳам аввалгилари сингари “хўжакўрсин” учун қабул қилинган, холос.
Fikr bildirish