Шуҳрат Мусин ишига ўзбек махфий хизматлари аралашган бўлиши мумкин
Қирғизистондаги айрим ўзбек қочқинлари жорий йилнинг 18 февраль куни Бишкек шаҳрида андижонлик қочқин Шуҳрат Мусиннинг бедарак йўқолишини Қирғизистонга Қўқондан келган бошқа бир қочқиннинг ташрифи билан боғламоқдалар.
26 февраль куни “Жараён” мухбири билан Бишкекда яшаётган ўзбекистонлик бир қочқин боғланди. Хавфсизлик важидан исми ошкор қилинмаслигини сўраган бу суҳбатдошимизнинг айтишича, 2012 йил қишида Абдурауф Раҳмонов исмли Ўзбекистон фуқароси аввалроқ АҚШдан бошпана олган қариндошлари билан бирлашиш ниятида Бишкекка келади ва бу ердаги диндор қочқинлар билан яқиндан мулоқотда бўла бошлайди.
– Абдурауф ҳаммага ватанда уни диний сабаблар туфайли таъқиб қилишганини, шунинг учун Бишкекка қочишга мажбур бўлганини айтган. Унинг оиласи Америкага кетган ва у БМТ Қочқинлар иши бўйича олий комиссарлиги махсус дастури орқали улар билан бирлашмоқчи бўлган. Бу ерда диндор қочқинлар диндор қочқинлар билан, сиёсий сабаб қочиб келганлар эса сиёсий қочқинлар билан яқиндан алоқада бўлиши кузатилади.
Шундай қилиб, Абдурауф Раҳмонов кўпчилик диндор қочқинлар билан, жумладан, Шуҳрат Мусин билан дўстлашган. Абдурауф уларнинг уйларига бориб турган, улар ҳаммалари биргалашиб Жумъа намозига чиқишган. Кейин эса биз Абдурауф Олмаотага кетмоқчи бўлганини, бироқ Ўзбекистонга кетиб қолганини эшитдик. Унинг Бишкекдаги қочқинлардан бўлган қариндошларининг айтишича, у ерда Абдурауфни махфий хизмат ходимлари қўлга олишган ва сўроқ давомида у мамлакатдан қочган бу ердаги ўзбекистонликлар ҳақида ҳаммасини айтиб берган, – дейди ўзбек қочқини.
Унга кўра, шундан сўнг Қирғизистондаги кўп қочқинлар хавфсизлик мақсадида турар-жойларини алмаштиришга мажбур бўлишган.
– Бу ердаги ҳамма диндор қочқинлар деярли бир мавзеда яшашади. Абдурауф Раҳмонов Шуҳрат Мусин билан яқин муносабатда бўлган ва шунинг учун у ўзбек махфий хизматларига унинг Қирғизистондаги ҳаёти, қаерда яшаганини айтиб берган бўлиши мумкин. Биз Раҳмонов бу ердаги бошқа қочқинлар ҳақида ҳам айтиб берган бўлиши мумкинлигидан хавотирланаяпмиз, – дейди ўзбек қочқини.
Аввалроқ “Жараён” жорий йилнинг 18 февраль куни Қирғизистон пойтахтида Ўзбекистон фуқароси бўлмиш Шуҳрат Мусин бедарак йўқолгани ҳақида ёзганди. У БМТ Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссарлигининг Бишкекдаги ваколатхонаси томонидан берилган қочқинлик мандатига эга бўлиб, беш йилдан бери шу мамлакатда оиласи билан бирга яшаб келарди.
Мусин 2010 йил октябрида Ўзбекистон расмийларининг экстрадицион талабномаси бўйича Бишкекда Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари томонидан қўлга олинган, бироқ 2011 йил февралида қўйиб юборилган.
Расмий Тошкент уни конституциявий тузумга тажовуз қилганлик ва Ўзбекистон исломий ҳаракатига (ЎИҲ) аъзоликда айблаган.
Тўққиз кун муқаддам Шуҳрат Мусиннинг қўл телефонига кимдир қўнғироқ қилган. Шундан кейин у кўчага чиқиб кетиб, шу кетганча қайтиб келмаган. Эртаси куни унинг хотини Барно ўзи яшаб турган Бишкек шаҳрининг Свердлов туман Ички ишлар туман бўлимига ариза билан мурожаат қилган.
– Аммо милиция ҳозиргача Шуҳрат ҳақида ҳеч қандай маълумот бермаяпти. Барно Ички ишлар туман бўлимига борганида терговчи Интернетдан Шуҳратни террорчи деб кўрсатилган материалларни олиб, ишга тикиб қўйганини кўрибди. Ўйлашимча, милиция уни қидиришдан манфаатдор эмас. Биз у йўқолгандан бери унинг қўл телефонига қўнғироқ қиламиз. Аппарат доимо ўчиқ эди. Бироқ сўнгги кунларда қўл телефони икки маротаба ёқилди. Бизга бу ҳақда СМСлар келди. Аммо биз қайтиб қўнғироқ қилганимизда унинг қўл телефони яна ўчиқ эди, – деди ўзбек қочқини.
Айрим ҳуқуқ фаоллари Шуҳрат Мусинни ўзбек махфий хизматлари олиб қочган бўлиши мумкинлигидан хавотирланишмоқда.
26 февраль куни Ҳюман Райтс Вотч инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти ҳам Шуҳрат Мусин вазиятидан хавотир билдирди. Ташкилот веб-сайтида эълон қилинган баёнотда Қирғизистон қўшни Ўзбекистондаги диний ва бошқа таъқиблардан қочиб келаётган қочқинлар ва бошпана изловчи шахсларни ҳимоя қилиш бўйича обрў-эътибори яхши эмаслиги айтилади.
Шунингдек, ташкилот қирғиз расмийлари қочқин ва бошпана изловчи шахсларнинг соғ-саломат юриши ва хавфсизлиги учун жавобгар эканликлари, жумладан, қочқинларни Қирғизистонда жабран бедарак йўқолишдан ҳимоя қилишлари ҳамда қийноқ ва бошқа таъқибларга дучор бўлишлари мумкин бўлган жойларга қайтариб юбормасликлари лозим, деб ҳисоблайди.
Fikr bildirish