Женева полицияси: «Ўзбек дипломатларининг машинасига ҳужум сиёсий эмас»

Женева полицияси 19 март куни Ўзбекистоннинг БМТдаги ваколатхонаси машинасига уюштирилган ҳужум ортида сиёсий сабаблар йўқлигини айтди.

Полиция вакили шунингдек, ҳодисанинг аввалроқ Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий миссияси раҳбари Гулнора Каримова даъво қилганидек, «Ўзбекистоннинг БМТ Миссияси ҳудудидаги ер ости гаражида» эмас, балки Женева халқаро аэропорти яқинидаги автостоянкалардан бирида юз берганини айтди.

Номи эълон қилинишини истамаган полиция мулозимига кўра, автостоянка Ўзбекистон миссияси жойлашган БМТ идорасидан 3 чақирим узоқдаги Pre-bois кўчасида жойлашган ва у фақат дипломатлар эмас, оддий ҳайдовчилар ҳам фойдаланадиган жамоат жойидир.

Полиция вакилининг Би-би-сига айтишича, ҳодисада фақат ўзбек дипломатларининг эмас, балки яна бир дипломатик ҳамда бошқа 8 та автоуловнинг ойналари синдирилган.

Женева полицияси вакили Pre-bois кўчасида юз берган ҳодисани сиёсий эмас, балки жиноий ҳодиса сифатида текшираётганликларини таъкидлади.

«Ҳар куни Женевада ўнлаб машиналарнинг ойналари синдирилади ва ашёлар ўғирланади», – деди номини эълон қилмасликни сўраган полиция вакили Би-би-си билан суҳбатда.

Полиция мулозимига кўра, ҳозирда жиноий текширув бошланган, аммо полиция хали ҳеч кимни ҳибсга олмаган.

У Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий миссияси ҳужум юзасидан Женева полициясига ариза билан мурожаат этганини тасдиқлади.

Аммо полиция вакилининг билдиришича, ўзбек дипломатлари ўз аризаларида ҳужум ортида ким турган бўлиши мумкинлиги борасида расман ҳеч қандай фаразни баён қилишмаган.

«Қўрқитиш»

Женевадаги «ўзбек дипломатларининг машинасига ҳужум» ҳақида биринчи бўлиб Ўзбекистон ваколатхонаси раҳбари бўлган Гулнора Каримова ўз блогида хабар тарқатди.

«Пул тўлаетганларнинг асаби бардош бера олмаганда …» деб сарлавҳа қўйилган блогда Каримова хоним ҳодисани ўзини ёмонотлиқ қилишга қаратилган кампаниянинг бир қисми сифатида талқин қилган.

«Сени қўрқитишни бошлашади (инглизча айтганда blackmail))), бизнинг ҳолатда умуман «қўрқмасдан», чунки жазосиз Ўзбекистоннинг БМТ Миссияси ҳудудидаги ер ости гаражидаги хизмат машинасининг ойналарини чилпарчин қилишмоқда»,- деб ёзади Каримова хоним gkarimova.wordpress.com саҳифасида.

Унинг даъво қилишича, ўзбек дипломатларининг машинаси ойналарининг синдирилиши билан аввалроқ бир гуруҳ ўзбек фаолларининг унинг Женевадаги уйига кутилмаган ташрифи орасида боғлиқлик бор.

«Швейцарияда содир бўлаётган воқеада турли кучларнинг манфаатлари бирлашди – бирлари буюртма беришса, бошқалари пул тўлаб, ижод қилишади, қолганлари эса ижро этадилар…».

Шу йилнинг 1 март куни Гулнора Каримованинг Женевадаги ҳашаматли мавзелардан бири бўлмиш Колоньяда жойлашган уйига ташриф буюрган бир гуруҳ фаоллар «ўзбек диктаторининг тўнғич қизи қандай дабдабали ҳаёт кечириши» ҳақида ўзбекистонликларни огоҳ қилиш мақсадини кўзлаганликларини айтишган.

«Гулнора Каримованинг кўп миллион долларлик кошонасини кўришга уринишимиз Ўзбекистон халқи томонидан ишлаб топилган ёки ундан ўғирланган миллионлаб долларлар қаёққа сарфланаётгани ҳақида маълумот олиш истагидан келиб чиққанди», деб айтган Парижда яшаётган таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли Мўътабар Тожибоева.

Гулнора Каримова ораларида Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррей ҳам бўлган фаолларнинг ташрифидан ғазабга келган.

Каримова хоним сўнгги мақоласида унинг уйини суратга туширишга уринган фаоллар уйнинг хат қутисига «ғалати буюмлар»ни ташлашганини ҳам айтган, аммо уларнинг қандай буюмлар эканига аниқлик киритмаган.

«Европа мамлакатлари ва АҚШда жиноий жавобгарликка тортиладиган ҳатти-ҳаракат – почта қутисига ғалати буюмларни ташлаш (дарвоқе, бу ҳақида ўзининг тўпорилиги ва жазосиз қолишини билган ижрочиларнинг ўзлари – жаноб Мюррей ва хоним Тожибоева ҳатти-ҳаракатлари ҳақида полицияга расман хабар берилганидан сўнг, тезкорлик билан Женевани тарк этиб раҳнамолари томонидан қисқа фурсат – атиги 2 кун ичида тезликда LeTemps газетасида уюштирилган интервьюларида маълум қилишган)», деб ёзади Каримова хоним ўз блогида.

Мўътабар Тожибоева сўнгги ҳодисага ўзларининг бирон-бир шаклда алоқалари йўқлигини айтган.

У шунингдек, Каримова хонимнинг уйи хат қутисига «ғалати буюмлар» эмас, балки ўзларининг ташриф қоғозларини қолдирганликларини айтади.

Ўзбекистон дипломатик ваколатхонаси ходимининг расмий мурожаати ортидан Женева полицияси 1 март кунги ташриф юзасидан Мўътабар Тожибоева билан суҳбатлашган.

Женева полициясининг Би-би-сига маълум қилишича, сўнгги бир ойда ўзбек дипломатлари полицияга уч марта ариза билан мурожаат этганлар.

Полиция мулозимига кўра, 7 март куни ўзбек дипломатлари Ўзбекистон ваколатхонаси идораси олдида бир гуруҳ одамларнинг тўпланганидан хавотирга тушиб, полиция чақиришган.

Аммо воқеа жойига борган полиция дипломатларга қарши бирон-бир ҳаракат содир этилганини аниқламаган.

Женева полицияси – «Ўзбек дипломатларининг машинасига ҳужум сиёсий эмас»

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.