Каримова уйи олдига борган Тожибоева ҳаракатида жиноят унсури топилмади

Швейцария прокуратурасиБМТнинг Женева бўлими қошидаги Ўзбекистон миссияси ходими Денис Макаров шикоят аризаси бўйича “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева ва унинг ҳамроҳларига қарши жиноят иши очиш учун асос йўқ, деган қарорга келди.

Бу ҳақда швейцариялик ҳуқуқ-тартиботчиларнинг шу йил 9 апрель куни Ўзбекистон миссияси ходими Денис Макаровга йўллаган билдиришномасида айтилади.

Эслатиб ўтамиз,2 март куни ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоева, даниялик журналист Майкл Андерсен, собиқ элчи Крейг Мюррей, “Хьюман Райтс Вотч”нинг собиқ вакили Игорь Воронцов ҳамда женевалик журналист Андре Лорш Женеванинг ўта бой кишилар турадиган Колонья мавзеидаги Гулнора Каримова уйи олдига боргандилар.

Тожибоева хоним аввалроқ бу ташриф чоғида ўзи ва ҳамроҳлари томонидан бирор ноқонуний хатти-ҳаракат содир этилмагани, улар Каримовага тегишли экани айтиладиган кошонадан чиққан киши билан сўзлашиб, почта қутисига ўз ташриф қоғозини ташлаб келганларини айтганди.

Бу воқеадан кейиноқ Женева полициясига БМТнинг Женева бўлими қошидаги Ўзбекистон дипломатик миссиясида атташе лавозимида ишловчи Денис Макаровдан шикоят аризаси тушган. Мазкур аризада ўзбекистонлик дипломат Мўътабар Тожибоева ва яна бир неча шахсни дипломатик мақомга эга бўлган кишиларнинг шахсий ҳудуди ва мулкига тажовуз қилиб, ноқонуний равишда уларнинг уйига киришга уринганликда айблаган.

Аризани ўрганишга киришган женевалик ҳуқуқ-тартиботчилар ҳодиса иштирокчилари, хусусан, аризачи Денис Макаров ва у томонидан тажовузкорликда айбланмиш Мўътабар Тожибоева билан савол-жавоб ўтказган.

Иккала томон кўрсатмаларини эшитган швейцариялик масъуллар мазкур воқеада жиноят унсури йўқ, деган хулосага келишган ва бу хулосадан томонларни хабардор қилишган.

Прокуратура хулосасида ташрифчилар “дипломатик мақомга эга бўлган кишиларнинг шахсий ҳудуди ва мулкига тажовуз қилиб, ноқонуний равишда уларнинг уйига киришга уринганлиги” ўз исботини топмагани, бинобарин, Макаровнинг шикояти асоссизлиги урғуланади.

Женевалик прокурорлар хулосаси билан танишган Мўътабар Тожибоева эндиликда қиладиган биринчи иши мазкур иш бўйича ҳужжатлардан нусха олиш эканини айтади.

– 12 март куни Женева полициясида бўлиб ўтган савол-жавоб чоғида менга кейинроқ бу шикоятга тегишли барча ҳужжатлардан нусха олиш ҳуқуқимдан фойдалана олишим мумкинлигини айтишганди. Энди мен ана шу имкониятдан фойдаланган ҳолда ҳужжатлардан нусхалар олмоқчиман. Ҳужжатларни ўрганиб чиққандан кейин эса бу борада қўйиладиган галдаги қадамлар бўйича якуний бир хулосага келамиз, – деди “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева.

Женева прокуратураси билдиришномасида шикоятчи мазкур хулоса юзасидан 10 кун ичида шикоят аризаси топшириши мумкинлиги айтилган.

Download attachments: No-proceedings_order_-_09.04.13.pdf

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.