«Ўзбек диктаторининг қизи билан бекинмачоқ ўйини»
Париж, Франция 2013 йилнинг 21 майи – «Ўтюраклар клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти Mulberry Медиа билан биргаликда сизнинг эътиборингизга 2013 йилнинг 2 март куни Гулнора Каримованинг Женевадаги кошонасига (қиймати 15 миллион евро) ташриф чоғида содир бўлмиш воқеалар акс этган видеони ҳавола қилади.
Эсингизда бўлса, Гулнора ўз блогида бизни унинг уйига бостириб киришга уринишда айблаганди, кейин эса буни БМТнинг Ўзбекистондаги миссияси биноси гаражида хизмат автомобилига шикаст етказилиш ҳодисаси билан боғлаганди.
Мана Гулноранинг ўз блогида ёзган сўзлари: «Женевадаги уйимизга келган бу одамлар баҳор келиши билан бизни қутламоқчи бўлишганми, бақир-чақир қилиб норозиликларини билдиришди, ё мен, ёки синлим Лола очиқ мулоқотга чиқишини талаб қилишди. Улар сурбетларча уйга кирмоқчи бўлиб, уй атрофида юриб, камерага суратга олишга ҳаракат қилганлар. Биз полицияга ҳабар беришга, қолаверса, ўзларини “инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси” дея таништирувчи бу шахсларнинг бундай ҳаракатларини ўзимиз видеога мухрлашга мажбур бўлдик».
Фильмни томоша қилиш асносида сиз Гулнора ёлғон гапираётганига ва биз уй ичига бостириб киришга уринмаганимизга гувоҳ бўлишингиз мумкин. Ўша пайтда биз ҳатто бу уйнинг кимга қарашли эканини ҳам аниқ билмасдик. Бизнинг асосий мақсадимиз унинг уйи қурилиши учун сарфланган пул – 15 миллион евро – ўзбек халқидан ўғирланганини исботлаш эди. Женева Бош прокурори Оливье Жорнот Гулноранинг айбловлари асоссизлиги юзасидан якуний қарор қабул қилди ва ишни ёпди.
Расмий Тошкент ҳам унинг ўзини тутишини ўта ножўя, деб топди ва афтидан, у эндиликда БМТнинг Женева ваколатхонасидаги Ўзбекистон элчиси лавозимидан мосуво бўлган. Биз ўша кун ҳодисалари муҳрланган унинг видео версиясини ҳам кўришга умид қиламиз.
Гулноранинг бизга қарши ёлғон айбловларидан кейин мен ҳамкасбларим ва ҳуқуқшунослар билан туҳмат қилгани учун диктаторнинг қизини судга бериш масаласини муҳокама қилаяпман.
Фильмни бу ерда – https://www.youtube.com/watch?v=9JNvo__Pu3I томоша қилишингиз мумкин.
Мўътабар Тожибоева
«Ўтюраклар клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти президенти
Мулоқот учун манзил ва телефонлар:
Мўътабар Тожибоева – fieryhearts.paris@gmail.com ёки 0033679233927
Биз билан michaelandersencentralasia@yahoo.com манзили ёки 0034 697 787 041 телефони орқали ҳам боғланишингиз мумкин.
Fikr bildirish