Абдулазиз Маҳмудов: Тойиба Тўлаганованинг ҳаёти ва мамоти
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси собиқ депутати Тойиба Тўлаганованинг сиёсий фаолияти ва бевақт вафоти ҳақида жамиятимизда ҳалигача турли хил тахминлар юради.
Шу боис “Жараён” мухбири вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида унинг яқинлари билан учрашишга қарор қилди.
У билан суҳбатда Тойиба Тўлаганованинг синфдоши ва дугонаси, аввал Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмасининг метрология бўлими мудираси лавозимида ишлаб келган Машҳура Абдураҳмонова қуйидагиларни гапириб берди:
“Мен Тойиба билан бир синфда ўқиганман. У фақат аъло баҳоларга ўқирди. Қайси фан бўлишидан қатъий назар – математиками, адабиётми, чизмачиликми, расмми ёки меҳнат дарсими – ҳаммасидан беш оларди. Ва у бошқа бир синфдошимиз, дарсларни ёдлаб оладиган Матлубадан фарқли ўлароқ, бунга ҳеч бир қийинчиликсиз эришарди. Олтинчи синфда математика бўйича контрол иши ёзганимиз эсимда. Бўйи пастроқ бўлган Тойиба биринчи қаторда ўтиришни маъқул кўрарди, мен эса унинг ортидаги партада ўтирардим. Мен контрол ишга тайёрланмагандим, шунинг учун Тойибага: “Ёрдамлашвор!” деб шивирладим. У ўз топшириғини бир четга қўйиб, дарров менга жавоб ёзиб берди. Биласизми, мен контрол ишини зўр қилиб ёздим ва Тойиба сингари аъло баҳо олдим… Тойиба бунга чин юракдан хурсанд бўлди. У беғараз одам эди.
Унинг онаси ҳам мулойим ва беғараз аёл эди. У оқила ва ҳаддан зиёд меҳнаткаш инсон бўлиб, йил бўйи ҳовлисида гул ўстириш билан шуғулланарди. Уларнинг оиласи шу гул сотишдан тушган пул ҳисобидан тирикчилик қиларди. Тойиба онасини яхши кўрарди ва унинг оилани боқиш, фарзандларини тарбиялаш ва ўқитиш ҳаракатларини игна билан қудуқ қазишга ўхшатишини айтарди. Мен уларнинг ҳовлисига тез-тез бориб турардим ва онасининг дам олиб ўтирган пайтларда “Уруш ва тинчлик” ёки ўша пайтда оммабоп бўлган турли газеталарни ўқиб ўтирганини кўрардим… Уят бўлса ҳам айтай – Лев Толстойни мен ҳалигача ўқимаганман. Унинг отаси мактаб ўқитувчиси эди, аммо Тойиба у ҳақида кам гапирарди. Ўша пайтда у ҳавас қиладиган одам онаси эди…
Тойибанинг биринчи турмушидан икки боласи бор эди. Эри тез-тез ичиб турар ва баъзан уни урарди. Шунинг учун улар ажрашиб кетишган. Тойибани депутатликка кўрсатиш учун ташвиқот олиб бораётган пайтимизда эркаклар унга: “Яхши хотиннинг эри кетиб қолмайди…” дейишганини эслайман. Бу гапдан у қаттиқ ранжиганди ва шундан кейин у узоқ вақт сиқилиб юрди. Афсуски, бизнинг жамиятда оиладаги кўнгилсизликлар учун аёлни айбдор қилиш одат тусига кирган.
У жамиятга фойдаси тегишдек самимий истак билан депутат бўлганди… Тойибани Олий кенгашнинг янги тузилган Ошкораликни ҳимоя қилиш қўмитасига котиба қилиб сайлаганларида, у юқоридагиларнинг мамлакатда чинакамига қонунни барқарор қилмоқчи бўлганларига ишонди ва енг шимариб, ишга киришиб кетди. Унинг хатоси шу эди. Олий Мажлисдаги ишининг дастлабки кунлариданоқ эркаклар Тойибага қарши жипслашиб, унинг ишидан камчилик қидира бошлашди. Ва табиийки, қандайдир камчиликларни топдилар. Яхшилаб қидирса, қуёшдан ҳам доғ топиш мумкин. Тойибани фақат икки депутат – Аҳмадали Асқаров ва Жаҳонгир Маматов очиқчасига қўллаб чиқди.
Ошкораликни ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Эркин Воҳидов эса, худди бу ишнинг унга ҳечам дахли йўқдек, балиқ бўлиб олганди. У юқори минбардан туриб амалдорларни танқид қилганида, мен унга кўпинча: “Бас қил! Уларнинг ортида аймоқлар ва кўп йиллик таниш-билишлари турибди, сенинг ортингда эса ҳеч ким йўқ…” дердим. У эса менга: “Менинг ортимда халқим, сайловчиларим турибди”, деб жавоб қиларди. Аммо таъқиб-тазйиқлар бошланган пайтда ҳамма четга чиқиб олди ва у ўзига бор-йўғи беш тарафдор тополди, холос. Бутун “халқ” дегани шугина бўлди”.
Абдулазиз Маҳмудов: Айтинг-чи, Машҳурахон, Тойибанинг дугонаси сифатида уни қўллаган ўша беш кишининг бири сиз бўлган бўлсангиз керак?
Машҳура Абдураҳмонова: Йўқ, мен уни қўллаганим йўқ. Бу бефойда иш эди, шунинг учун мен адолат истаб, турли идораларга югуриш учун вақт сарфлашга рози бўлмадим. Шу туфайли у узоқ вақт мендан хафа бўлиб юрди. Олий Кенгашда уни жазолашганидан кейин, Тойибани ўқитувчи бўлиб ишлаб келган университетнинг фалсафа кафедрасида ҳам сиқиштира бошлашди.
У иккинчи марта синфдошимиз Абдураззоққа турмушга чиқди. У мусиқачи эди. Рубоб ё танбур чаларди шекилли. У ўз гуруҳи билан тўйларга борар ва Тойибани қаттиқ рашк қиларди… Бир сафар мен унинг рашк қилганига гувоҳ бўлувдим. Ўшанда мен унга: “Абдураззоқ, сенинг бу рашкингни қандай тушуниш мумкин, ахир сен ўзинг Тойибани тунги соат учда ипподромга савдо қилиш учун олиб бориб қўясан-ку?!” дедим. Бунга жавобан у хижолатнамо кулиб қўйган…
Тойиба яхши уйда яшашни, тўқ ва фаровон ҳаёт кечиришни орзу қиларди, шунинг учун ҳар қандай ишни ҳам бажариб кетаверарди. Аммо у бойлик ва қашшоқлик тақдирдан эканини тушунмасди. Бу Худо томонидан бир синов сифатида берилади. Бойлик билан синаш, қашшоқлик билан синаш бор ва бунда бирор-бир нарсани ўзгартириш инсоннинг қўлида эмас. Аммо Тойиба менга: “Наҳот мен ўз қобилиятим билан кўпчилик, ҳатто унча ўқимишли бўлмаган одамлар ҳам уддалай оладиган ишни эплай олмайман”, деб қўярди. У маиший хизмат фирмасини рўйхатдан ўтказди, бир уйнинг биринчи қаватидаги жойни ижарага олди.
Битта хонасида сартарошхона, иккинчисида эса чевархона очди. Бундан ташқари, у тижорат билан ҳам шуғулланарди. Бир куни мен унинг ипподромда пойабзал сотаётганини кўрдим. Бошқа бир сафар кийим-кечак сотиб турганини кўрдим. Чунки эри жуда кам пул топарди ва у биринчи никоҳидан фарзандлари бўлган собиқ хотинига ҳам ёрдам бериб турарди. Мен Абдураззоқни ёмонламоқчи эмасман, у яхши инсон, аммо у ва Тойиба бир-биридан жуда узоқ бўлган икки олам эди. Одатда, бизда Тойибага ўхшаган аёллар ўзларига муносиб жуфт тополмайдилар.
Абдулазиз Маҳмудов: Унинг касали ҳақида гапириб берсангиз, бу қачон бошланди?
Машҳура Абдураҳмонова: Мен бу ҳақда эшитган биринчи инсон эдим. Адашмасам, 1994 йил эди. Бир сафар уйига меҳмон бўлиб борсам, у менга хавотир ва таажжуб билан кўкрагидаги кичкина шишни кўрсатди. Шиш нўхатдек кичкина эди. Бироз вақт ўтгач, текширувдан ўтиш учун у билан онкологик диспансерга бордик. Унга: “Бу ёмон сифатли шиш”, дейишди ва қайдга олиб қўйишди. У институтда ва мактабда ишлашни давом эттирар, чевархонасини бошқарар, ипподромда савдо қилар, докторлик диссертациясини ёзар, беш вақт намоз ўқир, шу билан бирга, эри ва уч фарзандига ғамхўрлик қиларди, яъни уйдаги барча ишларни бажарарди.
Мен баъзан унинг уйига келиб қолганимда, Тойиба мен билан гаплашиш баробарида болаларининг кийимини ямаб ўтирар ва бундан хижолат бўлиб, узр сўрарди. Мен кўпинча унга: “Тойиба, дам олсанг-чи, сен касалсан ва ўзингни кўп уринтирмаслигинг керак”, дердим. Бунга жавобан у: “Тана – бу ўз эгаси бўлмиш руҳнинг истагини бажариши керак бўлган жисмоний қобиқ, холос. Одам ўз қобиғига эрк бериб юбормаслиги керак”, дерди. Тойиба нимжон ва нозик аёл бўлишига қарамасдан, руҳи жуда бақувват эди.
Кейин нўхатдек шиш ёнғоқдек бўлди, шиш товуқ тухумидек катталикка етганида жарроҳлик амалиёти ўтказиб, кўкрагини олиб ташлашди. Шундан сўнг, у енгил тортгандек бўлди ва тузала бошлади. Ва ниҳоят у Абдураззоқ билан янги уй сотиб олишга муваффақ бўлди, аммо бу уй улар ўртасига низо уруғини сочди. Менимча, бу охир-оқибат уларнинг ажрашишларига ҳам сабаб бўлди. Улар ўртасида келишмовчилик анчадан буён бор эди, аммо уйни безаш, уни режалаштириш ва таъмирлаш бўйича охирги ишлар уларнинг ораларига бутунлай совуқчилик тушириб қўйди.
Тойиба истеъдодли инсон эди. У кийим андазасини ўзи тайёрлаб, ўзи бичарди, ахир унга бекордан-бекорга расм ва чизмачиликдан аъло баҳолар қўйишмаган. Ўзи истаганда ундан жуда яхши дизайнер чиқиши мумкин эди, шунинг учун у уйини ўзи истаганча таъмирлаган. Бу унинг эрига ёқмасди. Мен ундан: “Сенга нимаси ёқмаяпти, Абдураззоқ? Уйларингиз яхши ва замонавий бўлса?” деб сўрагандим. У бўлса менга: “У мен билан маслаҳатлашгани йўқ, ўз билганича қилди”, деб жавоб берганди.
Тойиба менга тез-тез фарзандлари учун нимадир қолдириши зарурлигини айтиб турарди, балки у ўз уйи, ўз бизнесини назарда тутгандир. Ажрашгандан кейин у даволанди, кейин ётиб қолди, кўчада кам кўринарди…
Тойиба Тўлаганованинг опаси, инглиз тили ўқитувчиси Шоира опа ҳикояси:
“У болаликдан жуда ақлли эди, ёлғонни ёмон кўрар ва доим адолат учун курашарди. Биз унга кўпинча унинг хатти-ҳаракатлари ўзбекчиликка тўғри келмаслигини, дипломатроқ бўлиш, инсонларнинг хатоларини кечира олиш ва уларнинг камчиликлари ҳақида очиқ айтмаслик кераклигини айтардик. У бўлса бизга жавобан: “Дипломатроқ бўлиш бу ёлғон гапириш дегани, улар нотўғри иш қилса, қандай қилиб мен уларни кечиришим мумкин”, дерди. Албатта, у қайсар инсон эди. Аллоҳ уни раҳматига олган бўлсин. Қайсар деганим – у ҳеч қачон ўз принципларидан қайтмасди”.
Абдулазиз Маҳмудов: Депутат бўлиб сайлангач, у Ошкораликни ҳимоя қилиш қўмитасида ишлай бошлаган. Сиз унинг ўша даврдаги фаолияти ҳақида бирор нарса биласизми?
Шоира опа: Йўқ, ҳеч нарса билмайман. У, одатда, жуда ҳам банд бўлар ва биз билан ҳеч қачон Олий Кенгашдаги фаолиятига оид муаммоларни муҳокама қилмаган. Депутатлик мандати тугагач эса у политехника институтида ишлади. Кейин ўрта мактабда тарихдан дарс берди.
Абдулазиз Маҳмудов: У билан Олий Мажлисда ишлаган одамларнинг айтишича, Тойибага юқоридан босим ўтказишган. Сиз бу ҳақда бирор нарса эшитганмисиз?
Шоира опа: Йўқ, ҳеч нарса эшитмаганман. Биз унга кўпинча: “Сен бекор депутат бўлдинг, қариндошлар билан гаплашишга ҳам вақтинг йўқ”, дердик. У эса: “Мени айнан халқимга хизмат қилишим учун сайлашди, мен шу ишни қилишга ҳаракат қилаяпман”, дерди. Мен унга босим ўтказишгани ҳақида ҳеч қачон эшитмаганман.
Абдулазиз Маҳмудов: Бу ҳақда у билан Олий Мажлисда бирга ишлаган одамлар айтишаяпти. У ошкораликни ҳимоя қилиш қўмитасида котиба бўлиб ишлаган. Қўмитага кўплаб фуқароларимиз номидан шикоятлар келиб тушарди ва Тойибахон уларни ошкор қиларди. Бу эса баъзиларга ёқмасди.
Шоира опа: Йўқ! У бизга ҳеч нима демаган. Биз унга доим: “Сенга бунинг нима кераги бор?” дердик. Шахсан мен унга: “Синглим, нима қиласан бошқаларнинг муаммоси устида бош қотириб, фарзандларинг билан бир коса маставангни тинчгина ичиб юравермайсанми, бировларнинг ишига аралашмай”, дердим. Балки шунинг учун у бизга ҳеч нимани айтмасди. Бизнинг оиламизда аёл уй юмушлари, фарзанд тарбияси, маиший муаммолар билан банд бўлиши керак, деган фикр устун туради.У эса бошқача эди…
Абдулазиз Маҳмудов: Ўзбекистон Конституциясида эркаклар ва аёллар тенг ҳуқуқли экани кўрсатилган. Сиз бунга қандай қарайсиз?
Шоира опа: Мен аёллар эркаклардан бир поғона пастроқ туриши керак, деб ўйлайман… Қонунлар қандай бўлишидан қатъий назар – аёл ўз эридан кўра пастроқ туриши керак. Отанинг ўз ўрни бор, онанинг эса алоҳида ўрни бўлиши керак. Аёл киши ҳеч қачон эркак билан тенг бўлолмайди, эркакдан баландроқ туриш ҳақида-ку гапирмай қўя қолай.
Абдулазиз Маҳмудов: Майли, баланд бўлмасин, аммо, ҳеч бўлмаганда, у жамиятда эркак билан баравар туриши мумкин-ку?
Шоира опа: Мен аёллар ҳатто эркаклар билан бир поғонада туришини ҳам истамаган бўлардим. Аёл киши аёл эканини, эркак эса эркак эканини тушуниши керак. Мен аёллар кўпроқ фарзанд тарбияси, уй юмушлари билан шуғулланиши керак, деб ўйлайман. Мен келинларим ва қизларимга: “Кўпроқ болаларингиз тарбияси билан шуғулланинг”, дейман.
Абдулазиз Маҳмудов: Масалан, эркак кишининг иши йўқ ёки маоши жуда оз ва бу болаларни боқиш учун етарли бўлмаса, нима қилиш керак? Бунақа пайтда аёл киши ишлаб, эрига ёрдам бериши керак эмасми?
Шоира опа: Албатта, аёл киши ишлаши керак! Аёл кишининг касби ва ҳатто маълумоти ҳам бўлиши керак. Маълумоти бўлмаса, болаларга қандай қилиб тўғри тарбия бера олади? Аммо у иш билан овора бўлиб, оиласи ва фарзандлари ҳақида унутиб қўймаслиги керак. Мен бозорда савдо қилаётган аёлларга осон тутмайман. Балки улар шунга мажбурдир, лекин моддий манфаат биринчи ўринда турмаслиги керак.
Масалан, келиним ўқитувчи бўлиб ишлайди. Мен унга: “Фақат бир ставка дарс олинг, шунинг ўзи етади”, дейман. Мен бир умр ўқитувчи бўлиб ишлаганман. Ва менга, масалан, ҳозир нафақамнинг ўзи етаяпти. Аёл киши оила боқувчисига айланиб олмаслиги керак. Оила ва бола-чақасини ташлаб қўйиб, ишлаши керак эмас…
Абдулазиз Маҳмудов: Университетнинг фалсафа кафедрасида ҳам Тойибахонга босим ўтказишган экан… Бу ҳақда унинг ўзи менга интервью берган пайтда айтиб берганди. Сиз бу ҳақда унинг ўзидан эшитганмисиз?
Шоира опа: Йўқ, эшитмаганман.
Абдулазиз Маҳмудов: Тойибанинг тадбиркорлик фаолияти ҳақида гапириб берсангиз.
Шоира опа: Мен бу ҳақда билмайман. Билмаслигимнинг сабаби, у биз билан ҳатто ўз касали ҳақида ҳам гаплашмас эди. Биз бу ҳақда касали ўтиб кетганидан кейингина билдик. Балки у бизни хавотирга солгиси келмагандир. Нима бўлганда ҳам у ҳеч қачон қариндош-уруғларига арзланган эмас. Ҳаммамиз Тойибанинг касаллигидан хабар топганимиздан кейин ҳам у ота-онамизни, ака-опаларини тинчлантирар ва: “Хавотир олманглар, мен ўзимни ўзим даволашни ўргандим, яқинда ҳаммаси ўтиб кетади…” дерди. Мисол учун, мен шанба ва якшанба кунлари Тойибанинг ҳолидан хабар олардим. У менга бир аёл берган китобни кўрсатиб, ўша китоб ёрдамида ўзини қандай даволаётгани ҳақида гапириб берди. Тасаввур қилаяпсизми! У ҳатто сўнгги кунлари, ўлимига оз қолганда ҳам ўлим ҳақида гапирмаган. Одатда, одамлар ўлим олдидан умидни йўқотадилар, ҳафсаласи пир бўлиб, ўз ичига беркиниб оладилар, чорасизликдан азият чекадилар. Умрининг сўнгги дақиқаларида мен онам билан унинг тўшаги олдида йиғлаб ўтиргандик, у бўлса, муттасил бизни тинчлантиришга уринарди. Тойиба бизга: “Йиғламанглар, мана кўрасизлар, мен яқинда тузалиб кетаман”, дерди.
Тойиба Тўлаганованинг акаси, шарқшунос ва институтнинг собиқ ўқитувчиси Ҳамдамжон ака ҳикояси:
“Тойибахон 1956 йилнинг 9 октябрь куни Қорасарой маҳалласида ўқитувчи оиласида дунёга келди. 1966 йилги зилзиладан сўнг оиламиз Акмал Икромов туманининг Октябрь мавзесида жойлашган “Кўркамобод” маҳалласига (ҳозирда Тошкентнинг Оқтепа туманидаги Ёзиқули Худойбердиев маҳалласи – “Жараён”) кўчиб ўтган. У 123-сонли ўрта мактабни тамомлаган. Мактабни битиргач, Тойиба Тошкент Давлат университетининг фалсафа факультетини тамомлади. Турмушга чиқди. Ўқишни битиргач, Тойиба университетнинг фалсафа кафедрасида ўқитувчи бўлиб ишлай бошлади, кандидатлик диссертациясини ҳимоя қилди ва Тақачи бекати олди жойлашган Нашриёт кўчасидаги 212-уйда яшай бошлади.
Афсуски, унинг биринчи турмуши бузилди ва у икки боласи билан ёлғиз қолди. Ўғли Беҳзод ва қизи Зиёда билан. 1990 йили унинг номзодини Ёзиқули Худойбердиев маҳалласи томонидан депутатликка кўрсатишди. Округ мажлисида ўз рақиби, Фахрийлар кенгаши раиси Расул Ғуломов устидан ғалаба қозонган Тойиба Олий Мажлисга депутат бўлди ва Ошкораликни ҳимоя қилиш қўмитасида котиба бўлиб ишлай бошлади”.
Абдулазиз Маҳмудов: Сиз унинг қўмитадаги фаолияти ҳақида батафсилроқ гапириб бера оласизми?
Ҳамдамжон ака: Афсуски, мен унинг Олий Мажлисдаги фаолиятига оид тафсилотларни билмайман. Депутат бўлиб сайлангач, у ўзининг синфдоши, мусиқачи Абдураззоққа турмушга чиқди. У миллий ансамблда рубоб ва танбур чалади. Бу турмушидан унинг ўғли Абдурауф дунёга келди. 1995 йили унда бедаво дард аломатлари пайдо бўлди. У муттасил даволанарди, аммо бу даволаниш натижа бермади. 1998 йили у кўчага ҳам чиқмай қўйди. Тойибахон 2000 йили 44 ёшида вафот этди. У Тақачи бекати олдидаги Ваққос ота қабристонида дафн этилган.
Абдулазиз Маҳмудов: Айтинг-чи, у кундалик тутганмиди? Балки унинг қандайдир ёзувлари сақланиб қолгандир?
Ҳамдамжон ака: Тойиба докторлик диссертациясини ёзаётганди, аммо уни ёқлашга улгурмади… Ўлимидан бир неча дақиқа олдин у гапи-гапига қовушмай, бир неча бор: “ертўлани қаранглар”, “ертўлани қаранглар”, деди, холос.
Абдулазиз Маҳмудов: Ертўлани қарадингларми?
Ҳамдамжон ака: Ҳа, ертўлани қараб чиқдик, аммо у ердан бир дунё китобдан бошқа ҳеч нарса тополмадик. Улар рус тилидаги тарих ва фалсафа китоблари эди.
Абдулазиз Маҳмудов: Бу китоблар ҳозир қаёқда?
Ҳамдамжон ака: Писта сотадиганларга бериб юборганмиз…
Тойиба Тўлаганованинг яқинлари билан Абдулазиз МАҲМУДОВ суҳбатлашди.
Fikr bildirish