Бобомурод Раззоқов: Касалликни енгишга уриндим

Қамоқда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фаоли Бобомурод Раззоқовнинг аҳволи оғирлашди.

Бу ҳақда жамоатчиликка Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг Бухоро вилояти бўлими раиси, қамоқ жазосини ўтаётган 62 яшар фермер Бобомурод Раззоқовнинг ўғли Шуҳратга ёзган мактубидан маълум бўлди.

Ўз мактубида Бобомурод Раззоқов жигар, буйрак ва юрак етишмовчилиги хасталиклари билан оғриётганини ёзган.

Ўз навбатида, отасининг мактубини ҳуқуқ фаолининг ўғли “Эзгулик” вакилларига топширган.

“…Энди мендан сўрасанг, аҳволимни уканг келганда билиб кетган эди. Ҳали ҳам ўша-ўша, орқага ташлаб бораяпти. Дори-дармонлар негадир наф бермаяпти, тушунмаяпман. Бу аҳволдаги бетоблик билан бир ердан қўним топиш қийин. Зонада бўламанми ёки сангороддами, номаълум. Чунки касаллик қачон хуруж қилиши аниқ эмас.

Сизларга қийин бўляпти ўғлим, сизларни жуда қийнаб қўйдим. Билмадим бу ёғи қандай бўлади?… Олиб келган овқатингни ташлаб юборишимга тўғри келди. Сабаби сангороддан чиққан кунимда ҳам соғлиқ яхши эмас эди. Яъни 5-6 килодан ортиқ юк кўтара олмасдим. Шундай қилиб тушунаётган бўлсанг муаммо жуда жиддий… Сен келган кунинг мен зонада бўламанми, йўқми, Худо билади. Қисқаси, келиб кетишингни маслаҳат беролмайман ўғлим, мени кечиринглар…”, деб ёзади ўз мактубида Бобомурод Раззоқов.

Эслатиб ўтсак, ҳуқуқ фаоли Бобомурод Раззоқов Тошкент вилоятининг Товоқсой поселкасидаги 64/3-сонли муассасасида жазо муддатини ўтамоқда.

“Эзгулик” маълумотларига кўра, ҳуқуқ фаоли жигар, буйрак ва юрак етишмовчилиги хасталиклари билан оғригани сабабли жорий йилнинг сентябрь ойида сангородга (Тошкентда жойлашган УЯ 64/18-сонли қамоқ касалхонаси – “Жараён”) келтирилганди.

Бобомурод Раззоқовнинг жамоатчи ҳимоячиси Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, Бобомурод Раззоқов ҳеч вақт ўзини реклама қилишни ёқтирмаган ва  доимо ҳаёт қийинчиликларини матонат билан енгиб борган.

Аммо ҳозир, дейди Ташанов, бухоролик ҳамкасбининг соғлиғи чиндан ҳам оғирлашган ва шу сабабли, унга кўра, ўзбек расмийлари ҳамда “Хьюман Райтс Вотч” ва Амнести Интернешнл каби инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотлари Бобомурод Раззоқовнинг қамоқдан чиқарган мактубига жиддий ёндошишлари керак.

– Бобомурод ака ўз мактубида янги йилгача бормасам керак, дебдилар. Агар инсон ҳуқуқлари масаласи ростданам дунё сиёсатида қандайдир қийматга эга бўлса, халқаро ташкилотлар ва жамоатчилик унинг озодлиги учун курашиши керак, – дейди Абдураҳмон Ташанов.

Унинг айтишича, озодлик пайтида Бухоро вилоятидаги давлат тузилмаларида порахўрлик ва коррупция ҳолатларини ўрганиб борган Бобомурод Раззоқовнинг ҳибсга олиниши ва қамоқ жазосига ҳукм қилиниши бошдан-оёқ буюртма бўлган.

Бундан ташқари, Ташановга кўра, айни пайтда Раззоқовнинг қамалишини ташкил қилган Бухоро вилояти ИИБ жиноят қидирув ва терроризмга қарши кураш бўлими бошлиғи Алишер Андаев ҳибсга олинган ва уни узоқ йиллик қамоқ кутмоқда.

– Шу фактнинг ўзиёқ Бобомурод Раззоқов ишининг қайта кўрилиши, унинг реаблитациясига асос бўлиши мумкин эди, – дейди Абдураҳмон Ташанов.

“Эзгулик” фаоли Бобомурод Раззоқов 2013 йилнинг 24 сентябрида жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 135-моддаси (“Одам савдоси”) билан айбланган ва 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Ўтган йилнинг 19 ноябрь куни ҳуқуқ фаоли тайинланган жазони ўташ учун Тошкент вилоятининг Товоқсой зонасига этап қилинганди.

Эслатиб ўтсак, жорий йилнинг июнь ойида қамоқдан озод бўлганидан бир неч кун ўтиб, 58 ёшда “Эзгулик” жамиятининг яна бир фаоли Абдурасул Худойназаров ҳаётдан кўз юмганди. Қамоқда у ҳудди Бобомурод Раззоқов каби оғир хасталиклар билан оғриган ва малакали тиббий ёрдамга муҳтож эди.

Бироқ ўзбек қамоқхонаси маъмурияти Абдурасул Худойназаровнинг оғир вазиятига эътиборсилик билан ёндашган, нутижада ҳуқуқ фаолининг соғлиги оғирлашган ва бироз муддатдан сўнг у ҳаётдан кўз юмганди.

 

Тимур АҲМЕДОВ

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.