Мўътабар Тожибоева АСАТ-France нуфузли мукофотининг илк лауреати бўлди
“Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоевабош қароргоҳи Францияда жойлашган АСАТ-France (“Қийноқларга қарши насронийлар ҳаракати”)нинг нуфузли Энджел-Тертр номли мукофотининг илк лауреати бўлди.
Бу ҳақда АСАТ-France (“Қийноқларга қарши насронийлар ҳаракати”) инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотининг раҳбарияти Мўътабар Тожибоевага 15 октябрь, чоршанба куни маълум қилди.
“Сизни довюраклик ва жасурлик кўрсатганингиз билан табриклаймиз. Менинг энг самимий тилакларимни қабул қилиб олсангиз”, – дея ёзган Мўътабар Тожибоева номига йўллаган мактубида АСАТ жамғармасининг раиси Франсуа Вальтер.
Ўзбек ҳуқуқ фаолини Энджел-Тертр мукофоти билан тақдирлаш маросими жорий йилнинг 15 ноябрь куни Париж Католик Институтидаги тадбир доирасида ўтказилади. АСАТ-France мукофот эгасини пул билан ҳам тақдирлайди.
Энджел-Тертр мукофоти инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида фаолият юритувчи жасур инсонларга берилади. Бу мукофот АСАТ-France ташкилоти томонидан биринчи маротаба берилмоқда, шунинг учун ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоева унинг илк совриндори бўлишга муяссар бўлди.
Энджел-Тертр мукофоти 1974 йили АСАТ-France (“Қийноқларга қарши насронийлар ҳаракати”) ташкилотига асос солган икки аёл – Хелен Энджел (Hélène Engel) ва Эдит Тертр (Edith du Tertre) номига атаб қўйилган. Эслатиб ўтиш жоизки, бу йили АСАТ-France ўзининг 40 йилигини нишонлайди.
Бундан аввалроқ АСАТ-France ташкилоти Мўътабар Тожибоевани дунё бўйлаб қийноқларга қарши курашувчи 40 нафар фаол инсонлар рўйхатига киритганди.
“Жараён” таҳририяти “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотининг раҳбари Мўътабар Тожибоевани ушбу нуфузли мукофотнинг лауреати бўлгани билан самимий табриклайди ва унинг касбий фаолиятида улкан ютуқлар тилаб қолади!
This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.
Fikr bildirish