Россия паспорти диндор қочқинни Ўзбекистонга экстрадиция қилинишдан сақлаб қолди

Кузатувчилар қарийб бир йил давомида Бишкекдаги тергов изоляторида сақланган диндор қочқин Аблахат Итохунов фақатгина Россия фуқароси бўлгани учунгина Ўзбекистонга экстрадиция қилинмаганини айтишмоқда.

Жорий йилнинг 6 ноябр куни Қирғизистон Бош прокуратураси экстрадиция муддати тугагани ва “Қирғизистон Республикасининг халқаро шартномаларида кўзда тутилган бошқа сабаблар мавжудлиги туфайли” диндор қочқин Аблахат Итохуновни Ўзбекистонга экстрадиция қилишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилди.   

Қарийб бир йил давомида Бишкекдаги тергов изоляторида сақланган Итохунов ушбу қарор қабул қилинган куннинг ўзидаёқ ҳибсдан озод қилинди ва 8 ноябр куни Россиянинг Бишкекдаги дипломатик ваколатхонаси вакиллари ҳамроҳлигида Қирғизистонни тарк этди.

Эслатиб ўтсак, 42 яшар Россия фуқароси Аблахат Итохунов 2013 йилнинг 28 ноябр куни Қирғизистон Давлат хавфсизлик қўмитаси ходимлари томонидан Қора-Болта шаҳрида халқаро қидирувга берилган шахс сифатида қўлга олинганди.

Расмий Тошкент Аблахат Итохуновга мамлакат Жиноят кодексининг 159-моддаси 1 банди (“Конституциявий тузумга тажовуз қилиш”) ва 244-2 моддаси 1 банди (“Таъқиқланган диний-экстремистик ташкилот фаолиятида иштирок этиш”) асосида айблов билдириб, Қирғизистон расмийларидан қочқинни Ўзбекистонга экстрадиция қилишни сўраганди.

Бироқ ҳуқуқ фаоллари қочқинга нисбатан билдирилган бу айбловлар сохталаштирилганини таъкидлаб келгандилар.

Қирғизистонда туғилиб ўсган, аммо 90-йилларда бир муддат Тошкент вилоятида яшаган Аблахат Итохуновнинг ўзи эса оддий мусулмон бўлгани ва ҳеч қандай экстремистик ташкилот фаолиятида иштирок этмаганини айтиб келган.

Кузатувчилар эса Итохуновнинг Тошкентга экстрадиция қилинмаганида сўнгги йиллари ўзбек-қирғиз давлатлари ўртасида кузатилаётган совуқ муносабатлар катта роль ўйнаганини билдиришмоқда.

МДҲ давлатларидаги ўзбекистонлик қочқинлар доимо Тошкентга экстрадиция қилиниш хавфи остида яшаб келадилар. Қайд этиш жоизки, ўзбек расмийларининг қўшни мамлакатларда бошпана излаётган фуқароларини мажбуран юртга қайтариш урунишлари ҳамиша муваффақиятли якун топади.

Бироқ Аблахат Итохуновнинг озод қилинишига катта ҳисса қўшган россиялик ҳуқуқ фаоли Виталий Пономарев Итохунов ишининг ижобий ҳал қилинишида унинг Россия фуқароси бўлгани катта роль ўйнаганини айтади.

– Масалан, Аблахат Итохуновнинг Россия фуқароси экани ҳам бунга таъсир қилган бўлиши мумкин. Айниқса, охир-оқибат Россия ҳукумати Қирғизистон томонига расмий талабнома юборган бўлса. Нима бўлганда ҳам Итохуновнинг ҳимоячилари энг сўнгги кунгача унинг Тошкентга бериб юборилишидан хавотирда эдилар, – дейди Виталий Пономарев ва диндор қочқиннинг Тошкентга бериб юборилмаганига Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги таранг муносабатлар ва қочқин ишининг оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилгани ҳам таъсир қилган бўлиши мумкинлигини қўшимча қилади.

Айни пайтда Голландияда қочқинликда яшаётган ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Фарҳодхон Мухторовнинг “Жараён”га айтишича, Каримов режими ва Қирғизистон расмийлари ўртасидаги муносабатларнинг яхшиланиши аксар ҳолларда қўшни мамлакатда яшаётган ўзбек қочқинларининг вазиятига салбий таъсир этади.

Аммо сўнгги пайтларда кузатилаётгани каби бу муносабатларнинг ёмонлашиши ҳам Қирғизистонда қочқинликда яшаётган ўзбек қочқинлари вазиятининг ижобий томонга ўзгаришига олиб келгани йўқ, дея ҳисоблайди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Мухторов Аблахат Итохунов Россия фуқароси бўлгани сабабли унинг Тошкентга экстрадиция қилиниши амалга ошмай қолганини айтади. Баъзи маълумотларга кўра, диндор қочқиннинг иши Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг қирғизистонлик ҳамкасблари билан телефон сўзлашуви пайтида муҳокама қилинган.

– Итохуновнинг озод қилинишида эса бу алоқаларнинг ҳозирги ҳолати эмас, балки Россия Федерацияси ташқи ишлар вазирлигининг аралашуви муҳимроқ роль ўйнади, деб ҳисоблайман. Россия ўзининг барча фуқароларини, қолаверса барча русийзабонларни ҳимоя қилишга қодир буюк давлат сифатида кўрсатмоқчи охирги пайтларда. Бу сиёсат анча хавфли бўлса-да, аммо Итохуновнинг тақдирида у ижобий роль ўйнаганидан  хурсандман, – деди “Жараён”га сўз якунида ҳуқуқ ҳимоячиси Фарҳодхон Мухторов.

Асад БОЙМУРОДОВ

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир
  • Related Posts

    Жаноб Президент ПФ-4624 сонли ғайриқонуний Фармонни бекор қилинг ва Толиб Ёқубовни Она Ватанга қайтаринг!
    • Mart 13, 2018

    ЎЗБЕКИСТОН  РЕСПУБЛИКАСИ  ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВГА МУРОЖААТНОМА Муҳтарам Президент жаноблари! Биз, бугунги кунда дунёнинг турли бурчагига тариқдек сочилиб кетган ҳамда мамлакат ичкарисида фаолият юритаётган фуқаролик жамияти вакиллари, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ғояларига тамал тошини қўйган,…

    Тавсия этинг / Поделиться / Share:
    • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
    • Facebook
    • Twitter
    • Blogger
    • email
    • PDF
    • Print
    • RSS
    • Одноклассники
    • Add to favorites
    • В закладки Google
    • LiveJournal
    • Мой Мир

    Continue reading
    Мўътабар Тожибоева: Бухоролик қийноқ қурбони Ибодовлар ишида кескин бурилишлар содир бўлмоқда!
    • Mart 10, 2018

    https://www.youtube.com/watch?v=lfQohilBcOM Бухоролик тадбиркорлар ака ука Илхом ва Раҳим Ибодовларга нисбатан Бухоро вилоятидаги кучишлатар тизимлари мансабдорлари томонидан қўлланилган ваҳшиёна қийноқлар натижасида Илҳом Ибодовнинг вафот этгани, уларнинг оила аъзоларини ҳуқуқлари тикланмагани боисидан…

    Тавсия этинг / Поделиться / Share:
    • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
    • Facebook
    • Twitter
    • Blogger
    • email
    • PDF
    • Print
    • RSS
    • Одноклассники
    • Add to favorites
    • В закладки Google
    • LiveJournal
    • Мой Мир

    Continue reading