Германияда Солижон Абдураҳмоновни нуфузли мукофот билан тақдирлашмоқда

Бугун Германиянинг Шорндорф шаҳрида мустақил журналист Солижон Абдураҳмоновни Палм жамғармасининг Сўз ва матбуот эркинлиги – 2014 мукофоти билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтади. 

Бугун, 30 ноябр куни, Германиянинг Шорндорф шаҳрида Йоханн-Филипп Палм номидаги жамғарманинг Сўз ва матбуот эркинлиги – 2014 мукофоти билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтади. 64 яшар қорақалпоғистонлик мустақил журналист Солижон Абдураҳмонов унинг лауреатларидан биридир.

“Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотининг раҳбари Мўътабар Тожибоева Солижон Абдураҳмоновни ушбу нуфузли мукофот билан тақдирлаш маросимида иштирок этиш учун Германияга йўл олди. Мен учун Палм жамғармасининг мукофоти билан тақдирлаш маросимида иштирок этиш мен учун катта шараф, дейди “Жараён”га ҳуқуқ фаоли.

– Палм жамғармаси мукофотининг айнан журналист Солижон Абдураҳмоновга берилиши жуда муҳим қарор ва Ўзбекистон фуқаролик жамияти учун жуда қаттиқ кўмак. Мен Ғарбнинг демократик жамоатчилиги Ўзбекистон расмийларига самарали таъсир ўтказиб, жуда қисқа муддат ичида журналистни қамоқдан озод қилишга муваффақ бўлишига жуда қаттиқ умид қиламан, – дейди Мўътабар Тожибоева.

Ҳуқуқ фаолига кўра, уни Солижон Абдураҳмонов билан бирлаштирувчи жиҳатлар кўп.

– Биз иккимиз ҳам Ўзбекистонда озодлик ва адолат ўрнатилиши учун авторитар режимга қарши курашдик ва ҳозиргача унга қаршилик кўрсатиб келмоқдамиз. Биз иккимиз ҳам бу режимнинг қурбонларига айландик, ўз танамизда қийноқ ва ғайриинсоний муносабатнинг турли шаклларини ҳис қилдик. Бугунги кунда эса тақдирларимиздаги ўхшашлик шундан иборатки, Ғарбнинг, мазкур ҳолатда эса Германиянинг эрксевар жамоатчилиги Солижон Абдураҳмоновнинг қамоқдалик пайтида унинг қаҳрамонлиги ва инсоний матонатини тан олди, бу ҳудди мен билан 2008 йили, мен қамоқдалик пайтимда менга Мартин Эннелс номидаги мукофотнинг берилгани каби ҳолатга жуда ўхшаш, – деди Мўътабар Тожибоева.

Палм мукофоти билан тақдирлаш маросими арафасида матбуот ва журналистлар эркинлигини ҳимоя қилувчи “Чегара билмас мухбирар” ташкилоти Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга йўлланган петицияни эълон қилиб, давлат раҳбаридан мустақил журналист Солижон Абдураҳмоновни қамоқдан озод қилишни сўради.

Бундан ташқари, қатор инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар Германия канцлери Ангела Меркелга ёзма мурожаат билан чиқиб, ундан Ислом Каримовга қўнғироқ қилишни ва Ўзбекистон президентидан 64 яшар журналистни қамоқдан озод қилишни сўрашини илтимос қилишди.

Эслатиб ўтсак, мустақил журналист Солижон Абдураҳмонов 2008 йили Нукус шаҳрида катта миқдорда гиёҳванд моддаларини сақлаш ва тарқатишда айбланиб, қўлга олинганди. Судда журналистнинг айби ўз тасдиғини топмаган. Бироқ шунга қарамай ўзбек суди Солижон Абдураҳмоновни ўн йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарганди.

Суд жараёнини кузатиб борган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотлари журналистга қарши билдирилган айбловлар сохталаштирилганини иддао қилишганди.

Айни пайтда Солижон Абдураҳмонов Қарши шаҳридаги 64/51-сонли колонияда қамоқ жазосини ўтамоқда. Олти йилдан ошиқ муддат давомида қамоқда қолаётган журналист ошқозон ярасидан азият чекиб келади.

Америкалик сенаторар бир неча маротаба Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримовга мурожаат қилишиб, ундан бир нечта сиёсий маҳбусни, шу жумладан Солижон Абдураҳмоновни ҳам қамоқдан озод қилишни сўрашган эди.

 

София ДАВРОНОВА

 

P.S. “Жараён” таҳририяти ходимлари Солижон АбдураҳмоновниЙоханн-Филипп Палм мукофотининг лауреати бўлгани муносабати билан чин кўнгилдан табриклашади. Ҳурматли Солижон ака, Сизга мустаҳкам соғлиқ ва Ўзбекистон қамоқхонасидан тез кунларда озод бўлишингизни тилаб қоламиз!

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.