“Хьюман Райтс Вотч” ўзбек расмийларини сиёсий маҳбусларни амнистия қилишга чорлади

Ўзбекистон констутуцияси қабул қилинганининг 21 йиллиги нишонланиши арафасида “Хьюман Райтс Вотч” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти мамлакат расмийларини сиёсий маҳбусларни амнистия қилиш ва қийноқ амалиётига барҳам беришга чақирди.

Шу йилнинг 7 декабрида қароргоҳи АҚШда жойлашган “Хьюман Райтс Вотч” халқаро ташкилоти “Ўзбекистон: Сиёсий маҳбуслар озод қилинсин, қийноқларга чек қўйилсин” деб номланган матбуот варақчасини эълон қилди.

Унда айтилишича, “Хьюман Райтс Вотч” Ўзбекистон ҳукумати Конституция қабул қилинганининг 21 йиллиги байрам қилинадиган 8 декабрь куни муносабати билан сиёсий  сабабларга кўра қамоқхоналарда сақланаётган маҳбусларнинг барчасини озод қилиши ва қийноқларга барҳам бериши лозим. Ташкилот экспертлари мулоҳазасича, бу каби қадамлар ўзбек расмийларининг мамлакатда кўз-кўз қилинаётган ислоҳотларга ҳақиқатан содиқ эканини кўрсатган бўларди.

“Журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари, ёзувчилар, мухолифат фаоллари ва диндорлар ўзларининг тинч фаолиятлари туфайли панжара ортида азият чекмоқдалар ва уларнинг кўпчилиги қийноқ ёки аёвсиз муносабатга дучор қилинган. Конституция куни муносабати билан сиёсий маҳбусларнинг озод этилиши президент Ислом Каримов учун унинг ислоҳотларга жиддий ёндошаётганини намойиш қилиш имконияти бўлиши мумкин эди”, – деб ҳисоблайди “Хьюман Райтс Вотч”нинг Марказий Осиёдаги ходими Стив Свердлов.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти Ўзбекистон расмийлари ҳар йили Конституция куни муносабати билан амнистия эълон қилиб, минглаб одамни қамоқдан озод қилишини эслатиб ўтади. “Аммо сиёсий сабабларга кўра қамалганлар қарийб ҳеч қачон озодликка чиқарилмаган”, деб ҳисоблайди ташкилот экспертлари.

Қамоқхона маъмурлари кўпинча у ёки бу сиёсий маҳбуснинг жазо муддати тугашига бир неча ой қолганда уни жазо изоляторига ташлаб, бу чора маҳбус томонидан жазо муассасасининг ички тартиби бузилгани туфайли кўрилганини даъво қиладилар.

Ўз матбуот варақчасида “Хьюман Райтс Вотч” октябрь ойи охирида БМТ Қийноқларга қарши қўмитасининг ўн нафар мустақил эксперти Женевада Ўзбекистон делегациясининг қийноқлар ва муомаланинг аёвсиз, ғайриинсоний ва инсон шаънини таҳқирловчи бошқа турларини таъқиқловчи БМТ конвенцияси бажарилиши ҳақидаги ҳисоботини кўриб чиққанини ёдга солган.

“Улар Ўзбекистонда қийноқ ва аёвсиз муносабат қўлланилиши бўйича “кўплаб, тўхтамай давом этаётган ва системали ҳолатлар” муносабати билан ташвиш изҳор қилдилар. Қўмита 2011 йили инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди бу мамлакатда қийноқ ва аёвсиз муносабат “систематик” равишда қўлланилгани, бу ҳолатлар “жазосиз” қолгани ҳамда “ҳуқуқ-тартибот идоралари ва махсус хизматлар томонидан рағбатлантирилгани”ни аниқлаганини ҳам қайд этади”, деб ёзади “Хьюман Райтс Вотч”.

Матбуот варақчаси мазкур ташкилот Ўзбекистон қамоқхоналарида қолаётган ва аёвсиз қийноқларга дучор қилинаётган ҳуқуқ фаоллари вазиятига ҳам алоҳида эътибор қаратади. Улардан бири 2006 йили қамалган ва ҳозирги пайтда Жаслиқ деб номланмиш УЯ 64/71 колониясида жазо муддатини ўтаётган Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамиятининг Сирдарё вилоят бўлими раиси Азам Фармонов бўлиб ҳисобланади.

“Хьюман Райтс Вотч” экспертлари фикрича, ҳозирги пайтда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ аянчли вазиятни ўнглаш учун мамлакат расмийларига жиддий босим ўтказиш зарур ва Ўзбекистон конституцияси 21 йиллигининг нишонланиши бундай қадамларни бошлаш учун яхши важ бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Ўз баёнотида нуфузли инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилиш ташкилоти Ўзбекистон қамоқхоналарида қолаётган сиёсий маҳбуслар рўйхатини ҳам келтирган:

Касбий фаолияти туфайли озодликдан маҳрум қилинган ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари – Солижон Абдураҳмонов, Азам Фармонов, Меҳринисо Ҳамдамова, Зулхумор Ҳамдамова, Исроилжон Холдоров, Насим Исоқов, Ғайбулло Жалилов, Тўрабой Жўрабоев, Абдурасул Худойназаров, Ғанихон Маматхонов, Чўян Маматқулов, Зафаржон Раҳимов, Йўлдош Расулов, Бобомурод Раззоқов, Дилмурод Саййид, Неъматжон Сиддиқов ва Ағзам Турғунов.

Сиёсий сабабларга кўра очилган ишлар бўйича қамалган ўзбек ёзувчилари, зиёлилари ва мухолифатчилари – Муҳаммад Бекжон, Ботирбек Эшқўзиев, Руҳиддин Фахруддинов, Хайрулла Ҳамидов, Баҳром Иброҳимов, Мурод Жўраев, Даврон Қобилов, Матлуба Каримова, Самандар Қўқонов, Ғайрат Меҳлибоев, Эркин Мусаев, Юсуф Рўзимуродов, Қудратбек Расулов​​, Рустам Усмонов, Равшанбек Вафоев ва Акром Йўлдошев.

“Хьюман Райтс Вотч” маълумотларига кўра, сиёсий сабабларга кўра озодликдан маҳрум қилинган маҳкумлардан 24 нафарининг аҳволи оғир, камида яна шунча маҳкум қамоқхоналардаги қийноқ ва аёвсиз муносабатдан жабр кўрган.

Ташкилотнинг қайд этишича, юқорида исмлари келтирилган фаоллардан ташқари Ўзбекистон ҳукумати ўзининг мустақил қарашига эга бўлган яна минглаб мусулмонлар ва бошқа диндорларни қамаган ҳамда уларга “диний экстремизм”, “конституциявий тузумни ағдаришга уринганлик” ва “ноқонуний диний адабиёт сақлаганлик” каби мужмал айбловларни қўйганлар.

 

Мубина САФАРОВА

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.